Бирлашмаган Миллатлар Ташкилоти

Бирлашмаган Миллатлар Ташкилоти
91 views
09 October 2012 - 11:36

Абдурраҳмон Муҳаммад

9 октябрь 2012 йил

БМТ Босниядаги қатлиом учун дунё жамоатчилигидан узр сўради…
БМТ Суриядаги қатлиом учун дунё жамоатчилигидан ҳозирча узр сўрагани йўқ…
БМТ Ироқдаги, Афғонистондаги қатлиом учун ҳам дунё жамоатчилигидан ҳозирча узр сўрагани йўқ…

Бу ташкилот Бирлашган Миллатлар Ташкилотими ёки Бирлашмаган Миллатлар Ташкилотими?

БМТ иккинчи жаҳон урушидан кейин қурилган эди. Унинг қурилиш ғояси ер юзида тинчликни ҳоким қилиш ва дунё халқлари ўртасида ҳамкорликни йўлган қўйишдан иборат эди. Кейинги ўн йилликларда БМТ ўзининг бу ғоя ва мақсадидан узоқлашмадими? Совуқ уруш йилларида БМТнинг ишлари осонроқ эди шекилли. Чунки уруш совуқ эди, томонлар бир бирларини қўрқитиш ва қурол йиғишда бир бирларидан ўзишга уринишарди. Аммо совуқ уруш тугаб, иссиқ урушлар бошланиб кетиши БМТни анча қийин аҳволга солиб қўйди. Ва бу ташкилот ўз вазифасини бажара олмагани учун дунё халқларидан узр сўрай бошлади…

БМТ нинг асосий ишчи органи Хавфсизлик Кенгашидир. Бу кенгашга эса бор йўғи 5 давлат, яъни АҚШ, Русия, Хитой, Франция ва Англия аъзодир. Бирлашган ёки бирлашмаган миллатлар ташкилотида мана шу 5 давлатнинг дегани дегандир. Масалан, Сурия масаласида бу беш давлат ҳамфикр бўлмагани учун ҳам яқинда БМТ бу давлатдаги қатлиом туфайли дунё жамоатчилигидан узр сўрашга мажбур бўлиши мумкин. Чунки Суриядаги Асад режимининг диктаторлик эканлиги, бу золим режим ўз халқини дунёнинг кўзи ўнгида қатлиом қилаётганини ҳамма билади. Аммо нега БМТ бу масалада қатъий қарор олиб, бу қатлиомга чек қўймайди. Бу оддий саволдир, аммо унинг жавоби оддий эмас. Бу жавобни тушунтириш учун бир мақола эмас, балки бир асар ёки бир неча асар ёзиш керакдир. Энг яхшиси БМТни бирлашган эмас, бирлашмаган миллатлар ташкилоти, дея эълон қилишдир.

БМТ тажрибаси дунё тарихида илк тажриба бўлганлиги учун ҳам шундай бўлмоқдами? Чунки БМТ қурилишидан олдин дунёни ҳар ким ўзича бошқаришга уринарди. Усмонли давлати, Наполеон, Ҳитлер дунёни бошқаришга уриниб кўрган эдилар. Улардан ҳар бирининг бу ишда ўз муваффақиятлари борлиги маълум. Бу масалада кимнингдир зафарини қўштирноқсиз, бошқалариники эса қўштирноқга олиб изоҳлаш мумкиндир…

Аммо бугун БМТ бор, борликка бору аммо унинг бирлашган ёки бирлашмаган миллатлар ташкилоти эканлигини тобора мавҳум бўлиб бормоқда. Дунёда 200га яқин давлат бор, аммо БМТ асосий қарорлари унинг Хавфсизлик Кенгашида олинади. БМТдаги 200га яқин давлат кун тартибларидаги масалаларни дейлик бир давлатнинг парламенти каби муҳокама қилиб, оддий овоз бериш йўли билан қарорга боғласа бўлмайдими? Жавоб аниқ, бўмайди. Нега? Чунки масалан бу ташкилотга аъзо бўлган Хитой ва Ҳиндистон каби давлатларнинг аҳоли 1 миллиарддан кўп, дейлик Люксембургники эса 500 мингга ҳам етмайди. Бу ҳолда аҳоли сонига кўра ҳар давлатга бир овоз бериш адолатсизликка ўхшайди. Давлатларни бошқа таснифлаб (синф синфга бўлиб), овоз беришни йўлга қўйса бўлмайдими? Масалан, мусулмон давлатлар бир томонда, христиан давлатлар бир томонда, атеист давлат бир томонда… Жавоб, яна бўлмайди. Нега? Бўлмайди, тамом вассалом! Бўлганда эди аллақачон шу ёки шунга ўхшаш қарорлар олинган бўларди…

БМТни умуман тарқатиб юборса бўлмайдими? Бўлмайди, чунки бу ташкилот номигагина бўлса ҳам мавжуд бўлиб туриши керак. Ҳеч қурмаса бирор масалада қайси давлатнинг қандай мақомда (позицияда) эканлигини билиш учун ҳам бу ташкилотга эҳтиёж бор.