Швеция суди Takilant ҳисоб рақамини музлатди

Швеция суди Takilant ҳисоб рақамини музлатди
45 views
16 October 2012 - 7:51

ЎХҲ хабар маркази

Швеция суди TeliaSonera ширкатидан пора олганликда гумонланаётган Takilant компанияси банк ҳисоб рақамларини музлатиш қарорини маъқуллади ва унда ўзбекистонлик икки фуқарони “пул ювганлик”да гумонлаш учун барча асослар борлигини билдирди, дея хабар тарқатди Озодлик радиоси.

Душанба куни Швеция суди Гибралтарда рўйхатга олинган Takilant ширкати икки вакили Гаяне Авакян ва Алишер Эргашевнинг “пул ювганликда айбдор” дея тахмин қилиш учун ўзида барча асослар борлигини маълум қилди. Айни пайтда суд бу ишга оид тафсилотларни очиқламаётир.
Швеция суди томонидан тақдим этилган ҳужжатларда Гаяне Авакян ва Алишер Эргашевнинг адвокатлари ўз мижозларига қўйилаётган айбловларни инкор қилгани ҳам қайд этилади.
Суд, агар Takilant ширкатининг Nordea банкидаги ҳисоб рақамлари музлатилмайдиган бўлса, бу икковлон пулларни олиб чиқиб кетиши мумкинлигини билдирди ва мазкур ширкатга қарашли 30 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағни музлатиб қўйиш бўйича прокуратура қарорини тасдиқлади.
Швеция прокуратураси август ойида швед телевидениеси Takilant Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага алоқадорлиги ҳақида кўрсатув намойиш қилганидан сўнг 2007 йилда мазкур ширкат ва TeliaSonera ўртасида лицензия олди-соттиси юзасидан дастлабки текширувларни бошлаганди.
Текширув бошланиши биланоқ прокуратура ходимлари Takilant вакиллари порахўрлик ва пул ювишга алоқадорликда гумонланаётганини асос қилиб олган ҳолда, суддан ширкатнинг 1,5 миллиард крон миқдоридаги маблағини музлатиб қўйишни сўраган, аммо швед суди порахўрлик билан боғлиқ ишларни кўриш салоҳиятига эга эмаслигини билдирганди.
TeliaSonera Ўзбекистонда 3G мобил телефон алоқа хизматини йўлга қўйиш учун рухсат олиш эвазига Гибралтарда қайд қилинган Takilant Ltd ширкатига жами 320 миллион доллар пул ўтказгани айтилади.
Қисман Швеция давлати қарашли бўлган TeliaSonera бу пулларни пора ўлароқ берганликка оид айбловларни инкор қилиб келмоқда. Ширкат Ўзбекистонда 3G-лицензиясини сотиб олишда ноқонуний бирор иш содир этилмаганини даъво қилган ва 2,3 миллиард кронлик (тақрибан 344 миллион долларлик) бу битимни текшириш учун мустақил аудиторларни жалб қилган. Mannheimer Swartling юридик фирмаси томонидан олиб борилаётган текширувлар натижаси шу йил охирида чиқиши кутилмоқда.
TeliaSonera бош директори Ларс Нюберг ширкатга нисбатан илгари сурилаётган айбловлар тасдиқланган тақдирда, истеъфо беришини билдирган.