Сайтимни ўғри урди, кимлигини айтмайман

Сайтимни ўғри урди, кимлигини айтмайман
81 views
20 October 2012 - 10:28

Куни кеча Юсуф Расуловнинг ёзганини ўқиб қолдим:

“Куни кеча, 18 октябдан 19 октябрга ўтар кечаси ”Янги Дунё”га ҳужум уюштирилди. Натижада икки ҳафтадан буён жойлаштирилган барча материаллар ўчиб кетди.
Бу каби кибер ҳужумлар кимлар томонидан амалга оширилаётгани ҳозирча бизга маълум эмас.
Тахминларимиз бор, холос.
Таҳририят

Интернет сайти ва хавфсизлиги мавзусидан озгина хабари бор одам учун таҳририятнинг бундай баёноти, очиғини айтганда, кулгили.

Сайтга ҳужум техник жиҳатдан бунақа уюштирилмайди. Ҳужумчи, ё сайт паролларини синдириб (ўзгартириб), муҳаррир умуман киролмайдиган қилади, ёки бошқа бир сайт манзилига йўллаб REDIRECT қилади ёки бутунлай тўхтатиб биргина HACKED маъносидаги бирор статик саҳифа қолдиради, жуда нари борса DDOS ҳужуми уюштириб сайт тезлигини пасайтиради, холос.

Биринчидан, бу ерда бу ҳужум аломатларининг бирортаси йўқ. Бор-йўғи “икки ҳафтадан буён жойлаштирилган барча материаллар ўчиб кетган” холос. Аниқки, бу ерда ҳеч қандай “ҳужум” йўқ.

Иккинчидан, таҳририятнинг охирги жумласи диққатга сазовор: “Бу каби кибер ҳужумлар кимлар томонидан амалга оширилаётгани ҳозирча бизга маълум эмас. Тахминларимиз бор, холос”. Ва остига бу “ҳужум”да яна ЎХҲни айбловчи изоҳлар чоп этишидан кўриниб турибдики, Ю.Расулов эски бадгумонларини ҳали-бери ташлайдиган эмас.

Яқиндагина “Янги Дунё” сайтга киролмай қолганида, Ю.Расулов ҳеч бир далил-исботсиз ЎХҲнинг қўли бор дея иддао қилиб чиққан эди. Бу туҳмат тезда фош бўлгач, Ҳаракат раҳбаридан кечирим сўрагани ҳам бор гап. Аммо бу билан “Янги Дунё” муҳаррирлигига барибир тиклана олмаганидан тушуниладики, энди кечирим хатидан зудлик билан халос бўлиш керак. Бунинг энг қулай йўли – зудлик билан сайтга “ҳужум” уюштириш, ҳам кераксиз материалдан қутуласан, ҳам ЎХҲни айблаш учун баҳона!

Биз ўз навбатида шуни айтамизки, ЎХҲ учун Ю.Расулнинг иғвохонасидан бошқа муҳимроқ ва қизиқарлироқ  ишлар ҳам бор дунёда. Очиғини айтганда, сайт юритишни эплолмасанг, демакки пешона, бирор далил бўлмаса, ЎХҲ ёки “учинчи кучлар” каби шикоятлар бефойда. Ҳеч қандай “ҳужум” бўлмагани шундоғам кўриниб турибди, фақат “Таҳририят”нинг жазавадаги чиранишлари холос.

Икки ҳафталик материаллар ҳаммаси тикланади, балки яна-да кучлироқ жазавада давом ҳам эттирилади. Фақат М.Солиҳдан кечирим мақоласи қайтиб тикланмайди. Акс ҳолда “ҳужум” чўпчагининг маъноси ҳам қолмайди-да, тўғрими, жаноб Расулов?

Сўзимиз якунида Исмат Хушевнинг бир гапини келтирамиз: “Соддадил, камсавод одамлар ҳар қандай эртакка ишонаверади, қабилида иш тутиш, ўзбек миллатини, жамиятимизни камситишдан ўзга нарса эмас”.

Юсуф Хўжа
yangidunyo.com