Усмон Ҳақназаров: Ўзбекистонда ҳокимият учун курашаётган кимлар?

Бугун Ўзбекистонда ҳокимият учун маҳаллий кланлар ҳамда ўзбек мухолифати ўртасида пардаорти, аммо муросасиз кураш давом этмоқда. Бир тарафдан, Ислом Каримов давлат бошқарувини қизи Гулнора Каримовага топширишни истаса, бошқа тарафдан, қолган иштирокчилар бу режага халал беришга интилмоқдалар.

Усмон Ҳақназаров: Ўзбекистонда ҳокимият учун курашаётган кимлар?
137 views
21 October 2012 - 10:11

Усмон Ҳақназаров
сиёсатшунос

Бугунги кунда Ўзбекистонда сиёсий ҳокимият учун маҳаллий кланлар ҳамда ўзбек мухолифати ўртасида пардаорти, аммо муросасиз кураш давом этмоқда.

Бир тарафдан, Ислом Каримов давлат бошқарувини қизи Гулнора Каримовага топширишни истаса, бошқа тарафдан, қолган иштирокчилар президентнинг бундай режаларига халал беришга интилмоқдалар.

Ушбу масала ҳам ўзбек, ҳам хорижий жамоатчиликни қизиқтиришидан келиб чиқиб, биз бу ўта жиддий кураш ҳақида батафсил ҳикоя қилишга қарор қилдик. Шундай қилиб…

Яширин кураш ва унинг иштирокчилари

Олдинги мақолаларимизда, Ўзбекистондаги сиёсий ҳокимиятни Гулнора Каримовага ўтказиш бўйича ҳокимият тарафидан мафхий режа ишлаб чиқилгани ва амалга оширила бошлаганини хабар қилган эдик. Бугунги кунга келиб, ушбу махфий лойиҳанинг баъзи моддалари Президент аппарати, Хавфсизлик Кенгаши ҳамда бошқа юқори инстанциялардан фармон ва топшириқлар шаклида давлат бошқарув органлари ҳамда оммавий ахборот воситаларига юклатила бошланди.

Таъкидлаш лозимки, бу режа амалга оширилишининг илк босқичларидаёқ нафақат давлат бошқарув органларида қизғин муҳокама этила бошлади, балки Ўзбекистон сиёсий элитасининг кўпчилигида яширин норозиликка ҳам сабаб бўлди. Жумладан, мамлакат бошқаруви Г.Каримовага ўтишини истамаётганлар,  бу – МХХ раиси Рустам Иноятов бошлиқ Тошкент аймоғи вакилларидир.  Бу масалага, гарчи орасида Г.Каримованинг келишини истаган алоҳида вакиллар бор бўлса-да, Самарқанд аймоғи ҳам айни муносабатдадир.

Махфий режага очиқ қаршилар Тошкент аймоғи вакиллари орасида мавжуд. Улар Г.Каримованинг тахтга келишидан сўнг, фитначи отасининг таълимига риоя қилиб, Тошкент аймоғи йирик вакилларини нафақат сиёсий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам бартараф этишидан хавотирдалар. Ўз келажагидан МХХ раиси Р.Иноятов энг кўп хавотирда, у Ўзбекистон бўйлаб кўпсонли завод, фабрика, банк ва сармоя фондларидан иборат хусусий империяга эга. Бу, масалан, Олмалиқ тоғ-металлургия комбинати, банк карточкалари ишлаб-чиқаришдаги монополист бўлган “Benif” қўшма корхонаси, «Ипотека-банк», «Габус» ипотека-инвестиция компанияси ва б. Шунинг учун Р.Иноятов бошлиқ тошкентликлар кўпдан бери Г.Каримова ҳамда отасини йўқ қилиш режасини ташимоқдалар. Шундай қилиб…

Тошкент аймоғи Гулнора Каримова ҳамда отасига қарши

Рустам Иноятов ҳокимиятни қизига топширишни умид қилган Ислом Каримовнинг орзу-ҳавасларига жиддий таҳлика пайдо эта оладиган ўзига хос вақт бомбасини режалаб қўйган. Иноятов режасига кўра, Тошкент аймоғининг ҳокимиятни қўлга олиши, жорий президент ўз ваколатларидан расман бўшаган ҳамда янги президент – Гулнора Каримова – номи эълон қилиниши оралиғида бошланиши керак.

Шу йилнинг февраль ойида Рустам Иноятов истеъфо аризаси ёзиб, шу йўл билан келажакда Гулнора Каримова ҳамда отасининг йўқ қилинишига расмий алоқаси йўқ мақомда ўзига хос “сув тубига” кетмоқчи бўлди. Бироқ И.Каримов бу аризани қабул этмади, ҳатто бош МХХчининг соғлиғи ўта ёмонлашгани, ўнг оёғида гангрена бошлангани ва ш.к ҳақидаги  узрларини тинглашни ҳам истамади.  “Иккимиз бирга кетамиз, ёки сиз олдин кетасиз, фақат истеъфога эмас, турмага, ундан кейин, ўзингиз биласиз, қаёққа” – деган эди ўшанда И.Каримов. Ўша пайтдан буён Тошкент аймоғи бошлиғи, президентдан ажралолмаслигини англаб, ўз режасини амалга оширишга пухта ҳозирлик кўра бошлади.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Р.Иноятов “контора”си кўпдан бери Г.Каримовага қарши хуфёна юриш қилиб келади. Жумладан, Г.Каримованинг Тошкент аймоғидаги омадли тадбиркорлар бизнесини тортиб олишда қутуриб кетгани ўша 2007-2009 йилларда МХХ Г.Каримовани обрўсизлантиришни йўлга қўйишга уриниш қилган эди. Р.Иноятовнинг топшириғига кўра, “контора”даги одамлар Г.Каримовага қарши компромат-мақолалар ёзиш учун аввалига журналистларни ёллаб, кейинроқ эса бу мақолаларни хорижий ОАВда муттасил чоп этишни бошлагандилар. Эслатиб ўтамиз, ўша вақтдаёқ ўзбек чекистлари “баронесса”нинг (МХХдагилар Г.Каримовани шундай аташади) жинсий бузуқликлари, тунги интим саргузаштлари ҳақида фото ва видеоматериаллар билан тўлиқ “қуролланган” эди. Кейинроқ, бизга номаълум сабабларга кўра, бу лойиҳага “отбой” берилди.

Швейцарияда Г.Каримовага яқин кишиларнинг ҳибсга олиниши, унинг Гибралтар, Британия ва бошқа давлатлардаги банк ҳисоблари ҳақидаги маълумотларнинг “тўсатдан” сизиб чиқиши ортида ҳам, «Telia Sonera» операторидан ундирилган “откат”ларга боғлиқ бугунги воқеалар ортида ҳам айнан Рустам Иноятов ва унинг “контора”си туради.

Айнан Иноятов бу маълумотларнинг аввал яқин хорижга “сизиб чиқиши”ни таъминлаб берган, у ердан Ғарб инстанцияларига йўлланишига эришганди.

Афтидан, АҚШнинг Г.Каримовага “яшил чироқ” беришидан хавотирга тушган Иноятов, 2009 йилда тўхтатилган Гулнора Каримовани обрўсизлантириш “махсус тадбир”ини янгидан жонлантириш қарорини берган кўринади.

Чоп этилаётган компроматнинг резонанси ва воқеалар ривожига қараганда, “махсус тадбир”нинг олиб борилиши унчалик ҳам ёмон эмас. Бизнинг тахминларга кўра, яқин келажакда Р.Иноятов “контора”си яқин хориж махсус хизматларини Г.Каримованинг накотикларга боғлиқлиги, шаҳвоний саргузаштлари, тунги клубма-клуб дайдишлари ҳақидаги фото ва видеоматериаллар билан таъминлайди.

Агар Р. Иноятовнинг “махсус тадбир”и ҳозирги суръатини сақлаб қоладиган бўлса, ҳокимият учун курашда мисли кўрилмаган фитналарга, бу курашда барча рақибларини доғда қолдиришга қодир бўлган И.Каримов ҳамда қизи учун майдонда сиёсий кураш ҳеч ҳам осон кечмаслиги аниқ.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг сиёсий полицияси раҳбарининг қўлида нафақат Гулнора Каримова ҳамда отасига қарши, балки бундан бошқа ҳам улкан “козирь” мавжуд. Шундай қилиб…

Президент Хавфсизлиги Хизмати (ПХХ) кимга бўйсунади?

Бу савол мамлакат ичкарисида ҳам, ташқарисида ҳам кўпчиликни қизиқтиради, аммо  ҳатто Президент Хавфсизлиги Хизмати (ПХХ) раҳбарлари ҳам унга жавоб топа олган эмас. Бу саволга ҳатто мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб, ушбу тизимнинг профессионализм жиҳатларини шакллантиришда муҳим роль ўйнаган шахслар ҳам иккиланиб жавоб беришади. Бу тизимнинг бугунги раҳбарлари ва ходимлари эса, бу саволга жавоб бериш у ёқда турсин, уни эшитишдан ҳам қўрқишади. Чунки, илгари бу саволга қизиқкан ташкилот раҳбарлари ишдан бўшатилган ва баъзилари ҳатто таъқиб остига олинганлар. Хозир ҳам бу масалага озгина қизиқиш кўрсатиш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.

Гап шундаки, “ПХХ кимга бўйсунади?” деган савол муҳокaмасига қўйилган таъқиқ тамғаси МХХ раҳбари Рустам Иноятовга оиддир. Айнан Иноятов ташаббуси билан узоқ йиллар давомида бу масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилган шахслар зудлик билан ишдан олинди ва ҳатто органларда ҳарбий хизматни давом эттириш имкониятидан ҳам маҳрум этилдилар.  Бунга мисол сифатида ПХХнинг собиқ раҳбарлари генерал В. Баҳриддинов ва Р.Хўжаевлар тақдирини келтириш мумкин. Бу шахслар ПХХнинг МХХ қарамоғидан чиқиши борасида айтган шахсий фикрлари учун азият чекдилар. Хусусан, Р.Хўжаев 1999 йил феврал портлашларидан сўнг шунга эҳтиёж борлигини кўрди, бу фикрга у юз берган бешта портлашнинг ҳаммаси МХХ тарафидан И.Каримовнинг Вазирлар Кенгашида маъруза қилиши муносабати билан махсус уюштирилганига амин бўлганидан сўнг келди. ПХХнинг тўғридан-тўғри президентга бўйсуниши тарафдорлари ичида МХХнинг ҳозирги ходимлари ҳам бор. Масалан, ПХХ Иккинчи Бўлимининг (Тезкор Мухофаза гуруҳи) кўпчилик ходимлари ушбу бўлинманинг фақат президентга бўйсуниши кераклигига қаттиқ ишонадилар. Аммо аслида, ушбу тизимнинг кадрлар таъминоти масаласи билан фақат МХХ раҳбари Р.Иноятов шуғулланади.

Шундай пайтлар ҳам бўлдики, президент қўриқчиларининг биринчи, иккинчи ва учинчи халқасига оид қўриқчиларни танлаш иши билан анчагача президентнинг хотини Татьяна Акбаровна Каримова шуғулланиб келди. Кейинчалик бу иш билан “баронесса” Гулнора Исламовна Каримова шуғуллана бошлади. ПХХ раҳбарига эса,  президент муҳофазасининг фақат расмиятчилик қисмини бажариш қолган, у фақат кундалик иш графигини тузиш, турли ҳужжатларга имзо чекиш, биронта ҳужжатни имзолатиш учун президентга олиб бориш ишлари билангина машғул бўлади. Шунинг учун ҳам МХХ раҳбарлари ва ходимлари ПХХ раҳбарини “Қўғирчоқ” деб аташади. “Қўғирчоқ” лақаби ҳақиқатан ҳам ПХХ раҳбарининг вазияти ва мавқеини аниқ ифода этади.

МХХ раҳбарига тўла бўйсунувчи ПХХ бошлиғига фақат президентнинг “кўча” қўриқчиларини танлаш иши топширилган. “ПХХнинг фаолияти шундай шаклда ташкил этилиши кимга ва нимага керак”? деган савол туғилади. Иш тартибининг бундай шаклда йўлга қўйилгани сири – президент И.Каримов (Самарканд аймоғи) ва МХХ раиси Р.Иноятов (Тошкент аймоғи) ўртасидаги куч мувозанатини сақлашдадир. Бундай тартиб икки тарафга ҳам маъқул келади, кучларнинг бундай тақсимланиши шарофати билан икки тараф ҳам тинч ухлайди. Ўзбекистонни оилавий пудратга айлантирган Каримов ва Иноятов барча жабҳада бир-бири билан боғлангандир. Бир тарафдан, анчагина фитналар заҳирасига эга бўлган ва  керагидан ортиқ айёр ва маккор бўлган И.Каримовдан Р.Иноятов хавфсирайди, иккинчи тарафдан, президентнинг барча ҳаракатларинин ўз  назорати остида сақлаган МХХ раҳбари, ўз навбатида, президентга қарши кучли зарба бериб, мамлакат раҳбари ва унинг яқинлари тақдирини ҳал қилишга доимо тайёр туради.

Каримов ва Иноятов ўртасида “ҳужум қилмаслик” ҳақида жентельменча битим имзоланган бўлса ҳам, улар “биринчи бўлиш” принципи бўйича бир-бирларининг бўғизини ғажишга доим тайёр турадилар. Уларнинг иккови ҳам ўзлари яшаётган “ҳаёт тарзи тушунчалари”га мос равишда бирининг мутлоқ ҳокимиятни қўлга киритиши учун иккинчисининг ўйиндан чиқиши лозимлигини яхши билади. Шунинг учун ҳам, бундай мувозанат касб этаётган хатарни яхши тушунган И.Каримов  то реал ҳокимият расмий тарзда Гулнора Каримова қўлига берилгунига қадар Р.Иноятовга қарши конкрет тадбирлардан ўзини тийиб келмоқда.

Буни Ўзбекистоннинг бош чекисти жуда яхши тушунади. Биз юқорида таъкидлаганимиздек, у жорий президент ваколатини топшириб, янгисининг номи эълон қилиниши пайтига мўлжалланган ўзининг “махсус тадбир”ини ҳозирламоқда. Унгача Р.Иноятов фақат Г.Каримова ҳақида худди швед телефон оператори «Telia Sonera»дан пул ювиш воқеаси каби “компроматлар сизиши”ни ташкил этиш билан чекланиб туради холос.

“Қўғирчоқ”, МХХнинг Ўзини Қўриқлаш Бошқармасининг чекланмаган имкониятлари ҳамда И.Каримов ва оиласининг барча телефон суҳбатларини назорат этиш воситасида Р.Иноятов, вазиятни ўз назорати остида тутиб келади. МХХнинг Тезкор-Техник Бошқарув (ТТБ) имкониятлари орқали И.Каримовнинг ётоғидан бошлаб, то иш кабинетидаги ва ҳатто махсус “Мерседес-Бенц” машинасига қадар ҳамма сўзлашувларини назорат қилади.

Шуни ҳам таъкидлаш лозимки, Р.Иноятовнинг ўзи Ўзбекистон президенти лавозимини эгалламоқчи эмас, ҳатто қулай вазият юзага келганида ҳам. Агар бундай қулай вазият юзага келса, бу мансабни Тошкент аймоғига мансуб ва Иноятовга тобеъ бошқа шахс эгаллаши керак. Агар, албатта, тошкентликларнинг бу махфий режасига учинчи тараф халал бериб қолмаса. Шундай қилиб…

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати

Маҳаллий ва хорижий жамоатчилик янги мухолиф иттифоқни, яъни Ўзбекистон Халқ Ҳаракатини (ЎХҲ) ҳозирча Ўзбекистонда ҳокимият учун курашиш салоҳиятига эга, деб ҳисобламайди. Аммо яқин хорижнинг махсус хизматлари бу ташкилот ҳақида бошқача фикрдалар. Улар ЎХҲни шитоб билан куч тўплаётган ва Ўзбекистонда ҳокимият учун курашга қодир бўлган ташкилот ўлароқ кўрадилар. Қуйида Хитой махсус хизмати ҳозирлаган ва 2012 йилнинг март ойида ШҲТнинг Тошкентдаги аксил-террор кураш марказига юборган таҳлилий ҳужжатидан парча келтирамиз:

“ШҲТга аъзо давлатлар ЎХҲга алоҳида эътибор қаратишлари керак. Чунки бу мухолиф ташкилот Ўзбекистонда вазиятни беқарорлаштириш ва сиёсий ҳокимиятни қўлга киритиш учун етарли салоҳиятга эга. Бу мухолиф ҳаракат яширин йўллар билан Ўзбекистон ҳудудида вазиятни ўзгартириш учун шитоб билан ўз аъзолари сонини орттириб бормоқда. Биздаги маълумотларга кўра, ЎХҲ Ўзбекистонда бўлгани каби Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда ҳам ўзининг яширин шўъбаларига эга. ЎХҲнинг бундай бўлимларига аъзо бўлаётганлар, асосан бу давлатларга пул топиш учун борган Ўзбекистон фуқаролари ва бу давлатлардаги ўзбек миллатининг вакилларидир.

ЎХҲ нафақат инсоний кучга, балки Миср ва бошқа араб ўлкаларида ҳукуматларнинг ағдарилиши билан якунлаган “инқилобларга” ўхшаш қўзғолонни моддий жиҳатдан таъминлаш кучига ҳам эгадир. Яна шуни ҳам маълум қиламизки, кейинги пайтларда ЎХҲнинг сафларига бу ҳаракат раҳбари Муҳаммад Солиҳга хайрихоҳ бўлган Ўзбекистон хафвсизлик ва куч ишлатар тизимларининг вакиллари ҳам қўшилмоқда. Хитой Халқ Республикаси таҳлилий гуруҳида МХХ, Ички Ишлар ва Мудофаа Вазирлигида ЎХҲни мамлакат куч ишлатиш тизимларида ва Президент идорасидаги долзарб ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар билан таъминлаб турувчи номаълум гуруҳ борлиги ҳақида маълумотлар бор”.

Бунга қўшимча сифатида таъкидламоқчимизки, ҳақиқатан ҳам ўзбек куч ишлатар тизимларида фақат Муҳаммад Солиҳга хайрихоҳ эмас, балки Каримов режими билан курашишда ЎХҲга ёрдам берадиган кишилар бор. Бундай кишиларнинг фикрича, Рустам Иноятов назоратида бўлганларнинг ҳокимиятга келиши, республикада демократия қоидаларининг ғалабасини таъминламаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам улар ЎХҲни сиёсий курашда нафақат ҳокимиятга келиши мумкин бўлган, балки Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни амалга ошира оладиган ягона тараф, дея ҳисоблайдилар. Қолаверса, Ўзбекистон куч ишлатар тизимларидаги ЎХҲ хайрихоҳлари Муҳаммад Солиҳни бир сўзли, мамлакат ичкарисида ва хорижда обрўга эга бўлган сиёсатчи ўлароқ кўрадилар. Шунинг учун ҳам бу “номаълум гуруҳ”  ЎХҲни  мамлакат куч ишлатиш тизимларида ва Президент идорасидаги долзарб ўзгаришлар ҳақидаги маълумотлар билан таъминлаб туради.

Биз олдинги мақолаларимизда Ислом Каримов Хавфсизлик Кенгашининг сўнгги йиғилишида мухолифат ҳақида гапираркан, фақатгина мана шу Ҳаракатга тўхталганини ва МХХ раиси Р.Иноятовга ЎХҲ раиси Муҳаммад Солиҳни обрўсизлантириш, шунингдек, бу ҳаракатнинг моддий манбаларини кесиш учун янги “каналлар” (воситалар ва усуллар) ихтиро қилишни топширганини айтгандик. МХХ раиси Каримовнинг бу топшириғини мамнуният билан бажармоқда. Чунки ЎХҲ нафақат ҳокимиятнинг Гулнора Каримовага топширилишига, балки Тошкент аймоғининг жорий президент ваколатининг тугаши ва янги президент номининг эълон қилиниши жараёнида Каримов оиласини сирли равишда йўқ қилиш режаларига ҳам тўсиқ бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам Каримов ва Иноятов сиёсий ҳокимият учун курашда бир-бирини йўқ қилишни истасалар-да, улар ЎХҲга қарши курашда ҳамфикрдирлар.

Энди Ўзбекистонда ҳокимият учун махфий курашнинг асосий иштирокчиси бўлган ва аслида бу курашда биринчи ўрин берилган ва бошдан бери бу курашда улкан имкониятларга эга бўлган аёл ҳақида тўхталамиз. Шундай қилиб…

Каримов аймоғининг вакили Гулнора Каримова

Олдинги мақолаларимизда Каримовнинг ҳокимиятни тўнғич қизига топширишнинг махфий режасини амалга ошира бошлагани ва Гулнора Каримованинг номзоди учун АҚШнинг қўллаб-қувватлашига эришгани ҳақида батафсил маълумот бергандик. Шунинг учун ҳам бугунги мақолада бу масалага тўхталиб ўтирмаймиз. Фақат бу ерда ушбу махфий режани амалга оширишда ҳозирда қилинаётган ишлар ҳақида сўз боради.

Шу йилнинг октябрь ойида давлат тили бўлган ўзбек тилидан саводи йўқ “президенликка номзод шахс” Гулнора Каримова учун ўзбек тилини ўрганиш махсус дарслари бошланди. Тарих такаррур қилмоқда: ўз вақтида (Ўзбекистондаги илк президентлик сайловлари арафасида) Ислом Каримовнинг ўзи ҳам она тили репетиторидан (Б.Назаров) худди ҳозирда қизи Гулнора каби дарслар олганди.

Фақат ўзбек тилини ўрганишга жиддий ёндошган отасига ўхшамаган қизи Гулнора бу масалада ялқовлик қилмоқда. “Малика” душанба, чоршанба ва жума кунлари соат 11.00 да бошланадиган ўзбек тили дарсларига одатда келмайди. Бунинг сабаби, тунларни айш-ишрат клубларида дайдиб ўтказадиган Гулнора ўзбек тилини ўрганиш соатларида хўррак отиб ётган бўлади.

Аммо бошқа жиҳатларда, фитна уюштириш, қўл остидаги ходимларни таҳқирлаш ва рақибларини йўқ қилишда Гулнора отасига жудаям ўхшаб кетади. Г. Каримованинг келажакда ўзи бошқарадиган Вазирлар Маҳкамасини тузиш учун отаси билан бирга ишлаб чиққани пухта режалари бордир. Ҳозирги вақтда у “бобой тили” дея ҳақоратомуз атайдиган ўзбек тилини ўрганиш ўрнига ишнинг мана шу томони билан жиддий шуғулланмоқда. Шундай қилиб…

Гулнора Каримованинг келажакдаги ҳукумат лойиҳаси

Гулнора Каримова келажакдаги ҳукумат учун вакиллар танлашни МХХ раиси Рустам Иноятов шахси атрофида фитна уюштиришдан бошлади. Бу ишда у албатта фитна ва фасодда учига чиққан отанинг кўрсатмаларига амал қилади. Чунки Ислом Каримовнинг “парчалаб, ҳукмронлик қил”, “биринчи шахсларни иккинчилар воситасида бошқар” каби фитна ва фасод усуллари билан ҳаёт кечириши маълум…

Ота ва қиз МХХда ўзлари учун жуда муҳим бир кадрни, яъни Рустам Иноятовнинг ўринбосари бўлган генерал Шуҳрат Ғуломовни “кашф” қилишди. Улар бу генералга Гулнора отасининг ўрнига ўтириши билан, МХХ раиси лавозимини эгаллашини ваъда қилганлар. Бундай ваъдадан илҳомланган Ш.Ғуломов ўз раҳбари Рустам Иноятовнинг босган ҳар қадамини ўлчайдиган мутахассисга айланди.

Каримовлар оиласи Бош Вазирлик лавозимига “Несун” (ташувчи) лақабли ҳозирги Бош Вазир ўринбосари Рустам Азимовни (уни Иноятовнинг одамлари чет эллик самоядорлардан катта миқдорда пора олиб, уни Президент Каримовга олиб бораётганда қўлга туширишган, аммо у Каримовнинг қўнғироғи билан у озод қилинганди) мўлжаллашмоқда.

Ислом Каримов ва қизи томонидан режалаштирилаётган ҳукуматда “Гугуша”нинг рўйхатида бўлишни орзу қилаётган ҳозирги Бош Вазир Шавкат Мирзиёвга ўрин ажратилмаган. Шуниндек, бу рўйхатда ҳозирда юксак лавозимда бўлган кўпгина кадрларга ҳам ўрин йўқ. Бу лойиҳага кўра, ҳозирда ҳокимиятда бўлган кўпчилик раҳбарлар МХХ Раиси Иноятов билан бирга халтага солиб, улоқтирилиши керак.

Бундай қисматга биринчи навбатда Иноятовдан кейинги асосий ролни ўйновчи, Каримов оиласи ва юқори лавозимли мансабдорлар ҳақида “олтин” маълумотларга эга бўлган МХХнинг Хавфсизлик бўлими бошлиғи генерал Ҳаёт Шарофхўжаев ҳам лойиқ кўрилиши мумкин. Шунинг учун ҳам МХХ раисининг биринчи ўринбосари ва бу ташкилотнинг хавфсизлик бўлими бошлиғи ҳақида атрофлича тўхталиш лозим деб ўйлаймиз. Шундай қилиб…

Шуҳрат Ғуломов – МХХ раисининг биринчи ўринбосари

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, икки генерал бир-бирига қарши бўлган икки гуруҳда турибди: Ш.Ғуломов – Каримов оиласи легерида бўлса, Х. Шарифхўжаев – Рустам Иноятов тўдасида. МХХ раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломов ўзининг “кўтарилиши”ни Сурхондарё вилояти МХХ бошқармаси бошлиғи лавозимидан бошлаган.  МХХ ва Хавфсизлик кенгашида у Афғонистон ва Тожикистон бўйича мутахассис ҳисобланган. 2005 йилда Андижон шаҳрида норозилик митинги ўтказаётган халойиқни шафқатсизларча ўққа тутилишидан сўнг Ислом Каримовнинг эътиборига тушган. Айнан Шуҳрат Ғуломов  биринчилардан бўлиб тинч намойишчиларни ҳануз Ўзбекистон ҳукумати республика ҳудудларида сақлаётган бузғунчи тожик полковниги Маҳмуд Худойбердиев жангарилари қўли билан отишни Рустам Иноятов ва Ислом Каримовга таклиф қилган.

Андижондаги норозиликни бостиришда Шуҳрат Ғуломов тинч намойишчиларга ўзининг қанчалик шафқатсиз эканлигини кўрсатаркан, у тезкорлик билан М.Худойбердиев жангариларининг ҳаракатларини бошқариб, мувофиқлаштириб турди. Ислом Каримовга унинг айнан мана шу раҳмсиз ва шафқатсизлик сифати ёқди.  Андижон фожеаларидан сўнг у Ўзбекистоннинг энг юксан унвони – Ўзбекистон қаҳрамони  унвонига сазовор бўлган.

Шуҳрат Ғуломов 2000 йилда Маҳмуд Худойбердиев ва унинг жангариларини Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида анча шов-шувга сабаб бўлган воқелардан буён бошқариб келади. Бу воқеалар ҳақида ўз вақтида мақолаларимизда ёзгандик.

Бу генерал ўз “қўл остидагиларни” ўзининг бошқа хизматдошларидан “рашк қилиб”, арзимас масалалар бўйича ҳам М.Худойбердиев ва унинг жангарилари олдига, улар қаерда бўлмасин,  шахсан ўзи боради.

Масалан, 2000 йиллар бошида Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги Тожикистон билан чегарадош қишлоқларнинг бирида маҳаллий аҳоли билан М.Худойбердиев жангарилари орасида низо чиқади. Ўшанда воқеа жойига жангарилар орасида “тушунтириш ишлари” олиб бориш учун Ш. Ғуломовнинг шахсан ўзи борганди.

Гап шундаки, М.Худойбердиевнинг Зомин туманида дислокация этилган бир ярим мингдан ортиқ жангарилари маҳаллий қишлоқ аҳолисининг тўйларига бостириб кирадиган ва қишлоқнинг чиройли қизларини ўзларининг горнизонларига олиб кетадиган одат чиқаришганди. Жиззахликлар ўша даврдаги вилоят ҳокими Шавкат Мирзиёев ва ҳокимнинг биринчи муовини У.Ёмонқуловга мурожаат қилишган. Бироқ улар тоғ қишлоқларида яшовчи аҳолидан тушаётган кўплаб шикоятларга қандай жавоб беришни билишмасди. Улар Тошкентдан (МХХ раҳбариятидан) махсус кўрсатмалар келгунича бу сирли горнизондагиларга қарши бирор чора кўришга журъат этолмади.

Дарвоқе, ўшанда Ш.Ғуломов Жиззахга МХХ нинг хавфсизлик бошқармаси бошлиғи бўлган Х.Шарифхўжаев билан бирга келган.

Улар иккиси биргаликда шахсан М.Худойбердиев, ҳамда баъзи жангарилари билан горнизоннинг сирли қолиши, хавфсизлиги ва уларнинг хабари оммага тарқалиб кетмаслигини таъминлаш ҳақида гаплашди.

Ш.Ғуломов ва у бошқарадиган М.Худойбердиев “зондеркоманда”сининг энг сўнги шов-шувли “хизмати” – бу Ўшдаги қонли воқеалар бўлди. Ўшанда М.Худойбердиевнинг жангарилари юзлаб тинч ўзбекларни ўққа тутиб, бу миллатлараро қирғинга “ўт қўйиб” беришганди.

Ўша қатлиомнинг асосий ташкилотчиси бўлган қирғиз миллатчиси Мелис Мирзакматовнинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга хушомад қилиши бежиз эмас: Мирзакматов Ўшга маҳаллий ўзбекларни ўққа тута бошлаган соқоллилар отрядини ким юборганини жуда яхши билади. Бундан ташқари Мирзакматов ва Каримовлар ўзбек миллатига нисбатан нафратида ҳам бирдай.

Ш.Ғуломов ўзининг “кураторлик”  ваколатларини ҳалигача топширгани йўқ. Энди унинг шахсан ўзи Ислом Каримов ва оила аъзоларининг махфий топшириқларини бажарадиган М.Худойбердиев “зондеркомандаси” фаолиятини назорат қилади.  Кейинги дамларда Ўзбекистон МХХ раисининг биринчи муовини шу қадар Каримовнинг ишончига кириб кетдики, у энди “зондеркоманда” жангариларини президент Каримовнинг биринчи, иккинчи ва учинчи халқа ҳимоясига, ҳамда унинг оила аъзолари ҳимоясига тайинлаш ва номзод кўрсатишга ўтди.  Буни ҳозир у Ўзбекистонда ўзининг президентга садоқатида ва ҳарбий тайёргарликда М.Худойбердиевга тенг келадиган ҳеч ким қолмагани билан изоҳлайди. Албатта бунда у ҳақ: бир ярим минг жангаридан ташкил топган “зондеркоманда” ҳам одатий ҳам тоғли ҳудудларда жанг олиб боришда катта тажрибага эга.

“Зондеркоманда”дан етишиб чиққан тансоқчилардан Гулнора Каримова ҳам мамнун ва келгусида айнан мана шу тоифа одамлардан ўзининг шахсий соқчилари сафини тўлдиришни ҳам режалаб қўйган.  Куратор Ш.Ғуломов ҳам айнан мана шу орзу билан яшаяпти. У эса ҳукуматнинг тезроқ Гулнора Каримова қўлига ўтишидан ва МХХ раиси лавозими унга берилишидан умидвор. Каримовлар оиласининг ишочини сўндирмаслик учун МХХ раисининг биринчи муовини ўзи Гулнора Каримованинг ва бутун оиланинг бизнес империясини шахсан оталиққа олиб, ҳимоя қилиб келади.  Хусусан у Гулнора Каримова томонидан таъсис этилган «FMN-logistic» компанияси фаолиятини бошқариб боради, бу компания Афғонистондан Ўзбекистонга ва Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларга халқ истеъмоли моллари транзитини ташкиллаштиришга (аслида эса Афғонистондан гиёҳванд моддалари ва Афғонистонга героин тайёрлаш учун зарур бўлган кимёвий воситаларни ташишга) ихтисослашган.

Айнан Шуҳрат Ғуломов Гулнора Каримовага Ғофур Раҳимов бизнесининг тортиб олишида катта хизмат кўрсатди. Бу ҳақда биз келгуси мақолаларимизнинг бирида батафсил тўхталиб ўтамиз. Ҳозирча эса Ш.Ғуломов ва М.Худойбердиев алоқаларига қайтайлик.

Ш.Ғуломов М.Худойбердиев жангариларининг Афғонистон ва Тожикистондан ўтказадиган гиёҳванд моддалари транзитини назорат қилади. Шу ўринда алоҳида қайд этмоқ жоизки, ИИВ ва МХХ нинг жойлардаги хизматчилари томонидан республикага ўтадиган героин йўлини қирқиш ва фош этиш учун олиб борилган уринишларнинг бир нечтаси муваффақиятсизлик билан тугади. Ҳар сафар иш МХХ раҳбариятининг махсус таъқиқига келиб тўхтаб қолаверди. Улар ўзларининг бу ҳаракатларини Россия Федерацияси ва бошқа мамлакатлар билан биргаликда Марказий Осиё ва Европа мамлакатлари ўртасида йирик наркобаронларга қарши махсус амалиёт ўтказилаётгани билан изоҳлашади.  Шу тарзда йирик ҳажмдаги “юклари” билан ИИВ нинг “йўл ҳаракат хавфсизлиги” патруллари ёрдамида бемалол манзил томон ҳаракатларини давом эттиради.

Ўзбекистон ҳудудидан бу шаклда гиёҳванд моддалар олиб ўтилишига катта қизиқиш билдирган махсус хизматлар ва ички ишлар офицерлари ва бу ҳақда маълумотга эга бўлган бошқа мутасаддилар Ш. Ғуломовнинг шахсий топшириғи билан “йўқолиб” қолади, йўл транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлади ёки заҳарланиб ўлган бўладилар.

Бундай “гувоҳларни” йўқ қилиш вазифаси яна М. Худойбердиевнинг “зондеркоманда”сига топширилган. Баъзан бундай ишларга қизиқиб қолган офицерлар аввал вазифасидан четлатилади, кейин улар устидан жиноий иш очилиб, қамоққа ташланади. Одатда Ш. Ғуломов бундай жиноятларни содир этишда МХХнинг қўриқлаш бўлимининг бошлиғи Х. Шарифхўжаевнинг ёрдамидан фойдаланади. Чунки бу генерал МХХ офицерлари ва турли поғонадаги раҳбарлари ҳақида қораловчи материалларга (компроматларга) эгадир. Шундай қилиб…

МХХнинг Ўзини Қўриқлаш бўлимининг бошлиғи Ҳаёт Шарифхўжаев

Бу генерал МХХ офицерлари ва турли поғонадаги раҳбарлар ҳақида қораловчи материалларга (компроматларга) эга бўлган иккинчи раҳбар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам МХХнинг барча ходимлари, биринчи навбатда, Шарифхўжаевдан, ундан кейин эса МХХ Раиси Иноятовдан қўрқишади. Бу одам Ўзбекистон суд органлари ва прокуратурасида VIP-персона (ўта муҳим шахс) ҳисобланади: Шарифхўжаев имзолаган тергов материаллари муҳокама қилинмайди. Жиноий-процессуал ишларда нормаларга амал қилиш учун одатда судланувчиларни хўжакўрсинга ҳимоя қиладиган навбатчи адвокатларга вазифа берилади. МХХнинг ўзини қўриқлаш бўлими билан яқин алоқада бўлган бу “адвокатлар” иши терговга тушган кишиларга ҳуқуқий ёрдам беришни ваъда қилиб, ишга алоқадор қўшимча маълумотларни тўплайди ва  ишни судланувчиларнинг зарари томонга ҳам буриб юбораверадилар.

Шунинг учун ҳам ҳозирги вақтда ўзбек чекистлари муҳим ишларни олиш ва бажаришда, айниқса гиёҳванд моддалар оқимига алоқадор ишларни текширишга қўл уришга журъат қила олишмайди. МХХнинг ўзини қўриш бўлими бошлиғининг ноқонуний ва адолатсиз ишлари натижасида ҳозирги кунда МХХнинг виждонли ва илғор ходимлари ўз ихтиёрлари билан ишдан бўшаб кетмоқдалар.

Шунингдек, генерал Шарифхўжаев қора бозорда ўзбек сўмини нақд пулга айлантириш  ишларини ҳам назорат қилади. Генерал Шарифхўжаевнинг бу ишини амалга оширадиган фирма ва компанияларнинг йиллик даромадлари деярли бир триллион сўмни ташкил этади. Генералнинг бу ишдаги ходимлари жазосиз фаолият кўрсатади ва пул бозорига  рақибларнинг киришларига рухсат бермайдилар. Бундай ҳолларда тегишли маълумот дарҳол генерал Шарифхўжаевга етказилади ва у пул бозоридаги кутилмаган рақибларни йўқ қилишга киришилади.

Генерал Шарифхўжаевнинг келажакда МХХ Раиси бўлиш эҳтимоли умуман йўқлигини яна бир марта эслатамиз. Чунки у мамлакатда раҳбар бўладиганларнинг рўйхатига киритилмаган. Шунинг учун ҳам янги раҳбарлар иш бошлаганда, унинг учун энг яхши эҳтимол “орқа планга” ўтиш, ёмон эҳтимол эса, унинг иши М. Худайбердиев “зондеркомандасига“ берилиши бўлади. У ҳолда Гулнора Каримова бошчилигидаги янги раҳбарият  Ҳ. Шарифхўжаевга нисбатан “кўп билган одам – зарарли одам” ўйинини қилишлари мумкин.

Хулоса

Фикримизча, биз ўқувчиларга Каримов оиласи, Тошкент аймоғи ва ўзбек мухолифатининг мамлакатда сиёсий ҳокимият учун олиб бораётган яширин кураши ҳақида етарли маълумотларни бердик. Бу мавзу яна икки-уч йил долзарб бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам биз бу кураш ва ундаги қатнашчиларнинг куч нисбатларидаги ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида маълумот бериб боришга ҳаракат қиламиз.

Мақола рус тилидан ЎХҲ сайти таҳририяти тарафидан таржима этилди.