Алишер Эргашев ва Шохруҳ Собировнинг тақдири нима бўлади?

Агар Алишер Эргашев и Шохруҳ Собиров Швейцария прокурорларига керагидан ортиқ маълумотлар берилган бўлса, жиноят кемасининг пастки қаватидан жой оладилар. Аммо улар Гулнорага вафо қилиб, Швейцария прокурорларига унга қарши маълумот бермаган бўлсалар-да, барибир жойлари яна МХХ ертўласи бўлади.

Алишер Эргашев ва Шохруҳ Собировнинг тақдири нима бўлади?
27 views
22 October 2012 - 13:02

Бу икки ўзбек йигити Ўзбекистон диктатори Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Швейцариядаги пул махинациялари иштирокчиси сифатида бу мамлакатда қўлга олинганди. Бундан бир ҳафта аввал Алишер Эргашев ва Шохруҳ Собиров пул гарови эвазига Швецария маҳкамаси тарафидан озод қилинди. Гаров пулининг қанчалиги маълум эмас. Шунингдек, бу икки йигит озод қилингандан кейин уларга нима бўлганини ҳам ҳеч ким билмайди…

Диктатор Каримов режимининг ўзига хос қонунларидан бири, бу режимнинг жиноятларига шериклик қилганларнинг осонгина «кемадан» тушиб қола олмаслигидир. Яъни, диктатор ва унинг ахлоқсиз қизига хизмат қилганлар бирор сабабни рўкач қилиб, ариза ёки истеъфо бериб, ўз лавозимни тарк қила олмайдилар. Чунки, улар режимнинг жиноятларини билади, уларнинг осонгина озодликка чиқиб кетиши диктатор ва унинг оиласининг осонгина фош қилиниши ҳам демакдир.

Айтишларича, айнан шу сабаб туфайли МХХ раиси Рустам Иноятовнинг оёғи гангрена бўлишига қарамай, унинг истеъфосини Каримов қабул қилмаган. Чунки, жиноят кемасига тушганлар юқорида айтганимиз каби, осонгина ўзлари истаган соҳилда бу кемадан тушиб қола олмайдилар. Уларнинг тақдири, нари борса, кеманинг қоронғу, яъни энг пастдаги қаватидан жой олиш бўлади. Маълум бўлгани каби, диктатор Каримов кемасининг бу қоронғу қаватига тушганларнинг ҳолига маймунлар йиғлайди..

Шу ҳақиқатдан келиб чиқиб айтишимиз мумкинки,  ҳозирда Алишер Эргашев и Шохруҳ Собиров МХХ ертўласида сўроқ қилинаётган бўлишлари мумкин. Улар Гулнора Каримованинг жаллодларига ўзларининг Швейцариядаги эътирофлари ҳақида «рапорт» беришга мажбурлар. Уларнинг тақдирини ҳам мана шу «рапортлар» белгилайди. Агар  Алишер Эргашев и Шохруҳ Собиров Швейцария прокурорларига керагидан ортиқ маълумотлар берилган бўлса, жиноят кемасининг пастки қаватидан жой оладилар. Аммо улар Гулнорага вафо қилиб, Швейцария прокурорларига унга қарши маълумот бермаган бўлсалар-да, барибир жойлари яна МХХ ертўласи бўлади. Чунки, улар Гулноранинг жиноий сирларига воқифлар.

Шунинг учун ҳам Гулнорага яхшилик ёки ёмонлик қилишларига қарамай, уларнинг тақдирида ўзгариш бўлмайди. Улар қозонга яқин юрганлар. Гулнора Каримованинг қозонида эса заҳардан бошқа нарса қайнамайди…

Фарҳодбек
2012 йил 23 октябрь