Қачонгача зулм ва ўлим ҳукмрон?

Қачонгача зулм ва ўлим ҳукмрон?
28 views
28 October 2012 - 10:48

Адолат Қурбонова

Ватанимизда инсон қадрсизлиги, хўрликка маҳкумлик, сўз бошқа-ю, иш бошқа, матбуот бошқа-ю, ҳаёт бошқалиги, натижасиз даво ва гулдек қизимдан айрилиб чеккан қайғуларим ичимни кемириб еди. Бошимга тушганларни душманимга ҳам раво кўрмайман.

 Илгарироқ, қайси сонида эканлиги эсимда йўқ, “Даракчи” газетасида Республика онкология касалхонаси қайсидир бўлими бошлиғининг “Бизларда ҳамма хизмат бепул”, деган гапларини беришди. Телевизорлар-ку, мақтанишдан бўшамайди. Бу ёлғонлар ва касалхонада ётиб, ўз кўзим билан кўрганларим мени ушбу мақолани ёзишга мажбур қилди. Фойдаси бўлмаслигини билиб турсам ҳам қўлимга қалам олдим.

 Онкология касалхонасининг кровати билан овқати (отини овқат дейиш мумкин бўлса) бепул, холос. Докторларнинг бир оғиз ҳол сўрашидан тортиб, укол-дори, ҳатто шприц билан арзимаган бинт ва уколда ишлатиладиган бир чимдим пахтаси ҳам пул.

 Қизимга олинган тўртта химиянинг ҳар бирига етти юз сўмдан тортиб, бир миллион икки юз минггача пул тўладик. Иликлар учун ҳар ойда бир марта олинадиган, тўрт грамм турадиган “Зомета” деган дорининг ҳар бирини саккиз юз эллик мингдан тортиб, бир миллион бир юз минг сўмгача олишга мажбур бўлдик. Дорини керак пайтида ҳеч қаёқдан топа олмай, зору сарсон бўлганларимизни айтмай қўя қолай. Дорихоналар ҳам кундан-кунга қадрларини ошириб, нўхатдек дорини бир миллион саккиз юз мингга ҳам чиқаришди. “Отанг яхши, онанг яхши”, –деб зўрға бир миллиону юз мингга олганмиз ўшанда.

 Фарзандингга кетган пулларни ҳисоб-китоб қилиб ўтириш, дили вайрон онаизорнинг иши эмас. Агар тирик қолиши учун жоним керак бўлса, жонимни ҳам аямасдим. Бечора қизимнинг бор танаси илма-тешик бўлганига куйиб кетяпман.

 Ҳар бир муолажадан сўнг тўрт кунгача тинмай қусган қизимга “химия”сининг, ҳар ойда олган бир миллионлик “Зомета”сининг тирноқдек ҳам фойдаси бўлмади. Беморнинг ташхисини аниқ билган дўхтирлар унга нима фойда-ю, ниманинг нафъи тегмаслигини нима учун олдиндан билишмайди? Кераксиз нарсалар учун, бир тийинга қиммат тавсиялари билан нега беморни бадтар қийнашади?

 Республика онкология касалликлари шифохонаси бош врачининг химиявий муолажа ҳақидаги китобчасини ўқисангиз, астағфируллоҳ, соғ одам ҳам касал бўлгинг келади. Шунақаям ёлғон-яшиқларга тўлаки…

 Қизим икки марта шу касалхонада ётиб чиқди. Азоб тортиб ётган қизимга бирон марта оғриқ қолдирувчи укол қилишгани йўқ. Қийноқларга чидолмай тўлғанаётган қизимга :

 –Дўхтир чақирайми, –десам:
–Опа, нима фойдаси бор, “касалингиздан-де”, –дейишдан нарига ўтишмайди улар, –деди инграниб.

 1985 йилда отам шу касаллик билан оғриган эди. Унинг биронта муолажасига пул тўлаган эмасмиз. “Морфин” деган оғриқ қолдирувчи қимматбаҳо дорини ҳар ойда касалхонага ўзим бориб, дафтарларига имзо чекиб, бепул олиб келардим. Нега ҳозир ўша “бепул” деган нарса анқонинг уруғи бўлиб қолган.

 Республика онкологиясининг “Бош-бўйин” бўлимида ётганимизда унинг дўхтирлари қизимга умуман эътибор беришгани йўқ. Беш кун ётгандан сўнг, “бизлар ўзи бу ерда нима учун ётибмиз, биронта одам “ҳолинг нима” деб сўрамаса”, деб дўхтирларга айтмасдан, касалхонадан чиқиб кетдик. Ишонасизми, на биронта дўхтир, на ҳамшира “қаёққа боряпсизлар”, демади. Қизим бечора нафси оч дўхтирларнинг муносабатидан жуда дили оғриган ўшанда.

 Ҳозир мен бу гапларни кўзларимда шашқатор ёшлар билан ёзяпман. Бизнинг жамиятда инсон қадри шунчалик пастми? Барибир ўлади, деб инсонни шу қадар ерга уришадими, беморни сўнги нафасигача шилиб, талашадими?

 Қизимнинг томоғидан ҳеч нарса ўтмай қолганидан кейин, бизлар шаҳар онкология касалхонасининг ошқозон бўлимига ётиб, “стома” деган нарсасини қўйдиришга мажбур бўлдик. Ҳамма ёғи тешилиб, адойи тамом бўлган қизим, афсуски, йигирма кун яшади, холос.

 “Таъмир ишлари бошланади”, деб икки ой овқат емай, мадорсизланиб қолган қизимга икки кунгина жонлантирувчи дорилардан қуйишди-да, шошиб-пишиб, операция қилишди. Биринчи операциядан кейин қон кетиб қолиб, эртасига яна қайта операция бўлди. Касалхонада бир ҳафта ётган бўлсак, мени қийнаётган нарса –ўлим тўшагида ётган беморларга тирноқдек ҳам ёрдам ва мурувват кўрсатилмаганлиги. Уларнинг текин кроватига ким зор, бепул бериладиган ёвғонини ким ҳам оғзига олади, дейсиз.

 Ҳар кунги муолажадан сўнг менга учта катта дафтарга имзо қўйдиришади. На бинт, на пахта, на шприц, арзимаган нарсаларни ҳам ўзларимизга олдириб, тағин нима учун бир эмас, икки эмас, учта дафтарга қўл қўйдиришади. Сизга у дафтарнинг юзини кўрсатишмайди ҳам. Фақат имзо чекадиган жойингизни бармоғи билан ушлаб туришади.

 Бир куни қўл қўйдиришга келган ҳамширадан сўрадим:

–Ҳамма нарсани ўзларимиз олиб келаётган бўлсак, имзони нима учун қўйяпмиз, десам, “Мана “свой”, деб ёзиб қўйибди, шунинг учун қўйяпсиз”, деди. Мен тушунмай яна дедим: “Ҳамма нарсани ўзим олиб келдим, касалхонадан тирноқча ҳам ёрдам бўлмади”, деб ёзилганми, деб ўйлабман.

 Менинг эшитишимча, медицина ходимларининг баъзи бирлари укол-дориларни ортиғи билан буюриб, кейин келишилган баҳода ўзининг таниш дорихонасига топшираркан. Раҳматлик қизим шу гапларни айтиб, роса куйиб-ёнди.

 “Қўявер, болам, бундайларга ҳам боққан бало бордир, ҳаром луқманинг бир кун тешиб чиқиши бор, Худонинг ўзи вакти келиб, улар билан ҳисоб-китоб қилади”, –деб уни тинчлантирдиму, бироқ, ўзимнинг ичимдан қиринди ўтиб, дилим вайрон бўлди. Без бўлиб, операциянинг нархини юзингизга айта оладиган одамнинг бу ишни қилишга виждони қийналади, деб ўйлайсизми…

 Касалхона ходимларининг айтишича, тез-тез тафтишчилар келиб, ҳар бир ишлатиб турилган нарсаларни ипидан-игнасигача текширишар эмиш. Қайси ишлатилиб турилган нарсаларни текширишаркан, ишлатилиб турилган нарсанинг ўзи бўлмаса. Яна қайтараман, касалхона бемор учун уч тийин ҳам тўламади. Бир йил мобайнида ҳар ойига уч миллионлаб пулни сарфлаб, охир-оқибат қизим шу дўхтирларнинг қўлида жон берди. Пулни қизимнинг химиядан сўнг тинмай қусишлари учун тўладимми, болагинамнинг таналари тешилиб, адойи тамом бўлиши учун тўладимми… Қайси она бу аҳволни кўриб-билиб туриб, индамай қараб ўтиради. Гулдек қизим тупроқнинг тагида ётганда, қайсидир гапларни айтилиши мумкин эмас, деб ҳадиксираб, қўл қовуштириб ўтирайми.

 Газеталарда чет эл хайрия ташкилотларидан катта миқдордаги ёрдам пуллари келаётганлигини, кўкрак саратонининг олдини олиш учун ҳар хил тадбирлар ўтиб ётганини ўқиймиз, эшитамиз, кўрамиз. Қани шу ёрдамлар, пуллар?

 Республика онкология касалхонасида оғриқлардан азоб чекиб ётган қизимга на Республика, на шаҳар касалхонасида ҳеч бўлмаса, оғриқларини вақтинча қолдириш учун қарзга бўлса-да, дори-дармон беришгани йўқ. Дўхтирлар шунақа бешафқат бўлиб кетишганки, ўлими яқинлашиб қолган беморни ҳам бепул операция қилишмайди, “дод” деб бошингни деворларга урсанг ҳам, уларнинг бир туки тўкилмайди. Бундай “дод-вой”ларни кўравериб, уларнинг дийдалари қотиб кетган. Биронтаси, “касалга қараш бу менинг вазифам, пулингизни қўйинг, етим қолаётган уч нафар боласига ишлатинг”, деган эмас. Ҳатто, уйга чақирилган дўхтир ҳам чўнтагига солган пулимни индамасдан олиб, эрига унинг саноқли кунлари қолганини айтган. Пулларни даволаш учун эмас, қизимнинг ўлаётганини айтгани учун олдими, уятсиз, виждонсиз! Битта невропатолог дўхтирга кўра: “Врачлар ичида онкологлар энг ашаддий пулпарастлар экан”. Демак, ҳадеб текширишга келувчилар ҳам “нега кўпроқ олмаяпсизлар”, деб азоб берса керак-да.

Гарчи медицинага алоқам бўлмаса ҳам, болам туфайли баъзи китобларни титкиладим. Ибн Сино: “Безга қўл теккизмаслик керак”, деган экан. Қизимнинг айтишича, унинг бези ниҳоятда чандир бўлиб, боламни бўкиртириб, безнинг бир қисмини кесиб олишган. Бир онколог-табиб китобида, “Биопсия олишдан ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак”, деб ёзибди. Ўша “ниҳоятда” сўзининг маъносига бу жаллодлар тушунишармикан? Агар менинг қизимга нисбатан ўша айтилган эҳтиёткорлик бўлганида эди, балки қизим ҳозир ҳаёт бўлармиди…

 Алам қиладигани, қачон шунчалик ёвузликка юз тутдик? Бир замонлардаги қўли гул, беминнат шифокорлар қаерда? Наҳотки инсон кўз кўринки ўлиб кетаверади? Ўлмай нима қилсин, инсон умри, қадри бир пулга қиммат жойда зулм, ўлим ҳукмрон бўлмай, бахт-саодат гуркирасинми?