Ангрен лицейи пахта теримида қатнашмаганларни ўқишдан ҳайдамоқда!

Ангрен лицейи пахта теримида қатнашмаганларни ўқишдан ҳайдамоқда!
75 views
30 October 2012 - 11:59

Ангрен академик лицей ўқувчиларини пахта ҳосилини теришда иштирок этмаганликлари учун ўқишдан ҳайдаш билан таҳдид солишмоқда.

29 октябр куни Ангрен академик лицейи директори Муҳаммаджон Эшонқулов ва унинг ўринбосари Баҳринисо Йўлчиевалар Пахта-2012 теримида иштирок этишдан бош тортган ўқувчиларнинг ота оналарини чақиришди.

Ота оналарга муаммонинг ечими учун икки вариантни таклиф этишди: Болаларининг теримда иштирок этмагани учун 300 минг сўмдан (тахминан 110 АҚШ доллари) олиб келиш ёки 1-ноябрдан ҳужжатларини лицейдан олиш.

Бу воқеа пахта кампанияси бошланганидан бери давом этмоқда.

Ангренда болаларни пахтага олиб чиқилишидан тахминан икки ҳафта илгари, шаҳардаги барча коллежлар пахтага олиб чиқилади, қобилиятли болалар ўқиётган академик лицей ўқувчиларини эса олиб чиқишмайди, деган миш-миш тарқалганди.

70 минг сўмдан

Кейинчалик ўқувчиларга, уларнинг ҳар бири 70 000 сўмдан (30 доллар атрофида) беришлари кераклиги ҳақида “юқоридан” топшириқ бўлгани, гўёки бу бадал сифатида пахтакорларга ёрдам учун жўнатилиши, унинг эвазига пахтага чиқмаслик мумкинлигини айтишди.

“Ангрен коллежларида пахта теримидан қолишнинг ўртача нархи бу йил 300-400 минг сўм (100-140 доллар) бўлгани учун, 70 минг билан солиштирганда бу пул мўмайгина”, – дейди пул топширган ота оналарнинг бири.

Ушбу сумма, ҳатто соғлиғига кўра пахтадан озод этилувчи тиббиёт маълумотномасига эга бўлган ўқувчилардан ҳам ундирилган.

8-10 сентябр кунлари пахтага Ангрендаги барча ўқувчиларни олиб чиқишди, бироқ академик лицейга ҳақиқатан ҳам тегишмади.

Бироқ озроқ вақт ўтиб, 14-15 сентябрда, 70 минг гаров пули тўлаб қўйишганига қарамай лицейни ҳам пахтага олиб чиқишди. Бу пулларни ота оналарга қайтаришни ваъда қилишди, бироқ ханузгача тўлашмади.

Ўқув муассаси рахбарлари, ота оналардан ўз фарзандларини пахтага жўнатишлари билан ватанпарварлик намунасини кўрсатишни талаб қилишди.

Тўлов – 300 мингга чиқди

Болаларини далага жўнатишни истамагангалга, теримни муқобили сифатида лицей маъмуриятига 300 минг сўм топшириш таклиф этилди.

Пул тўлаш ва фарзандини пахтага жўнатишдан бош тортган ота оналарга, ўқувчини лицейдан ҳайдаш хатари кутилмоқда.

Айни пайтда лицей маъмурияти лицейга ҳужжат топшириш пайтида ота оналардан олинган тилхатдаги “фарзандларини кўнгилли равишда пахтага жўнатиш” мажбуриятини писанда қилмоқда.

Бундай тилхатсиз лицейга ҳужжат қабул қилишмаган ва ота оналар уни имзолашга мажбур бўлишган.

Айрим ўқувчиларнинг ота оналари, пахта зўровонлигидан ўз фарзандларини ҳимоя қилишга уриниб, лицей директорига Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йилги “Ўзбекистон республикаси томонидан ратификация қилинган ишга ёллашнинг минимал ёши ва болалар меҳнатининг энг ёмон кўринишларини бартараф қилиш ҳақидаги конвенцияни амалга ошириш чора тадбирлари” тўғрисидаги қарорни кўрсатишга уринишган”.

Бунга жавобан улар директор Эшонқуловнинг, бу ҳужжатлар лицей маъмурияти учун ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга эмас ва ҳеч қандай аҳамият касб этмаслиги ҳақидаги гапини эшитишган.

Айни пайтда лицей рахбарияти Тошкент вилоят ҳокимининг қарори, Ангрен шаҳар милицияси ва прокуратурасининг болаларни пахтага сафарбарлик қилиш ҳақидаги буйруғини писанда қилган.

Бир ярим ойи ичида ота оналарникига икки марта келишган ва бир неча бор лицей ўқитувчилари томонидан қўнғироқ қилиниб пахта масаласини ҳал қилиш талаби қўйилган.

Пул ёки ҳайдалиш

29 октябр куни навбатдаги “гиламга” чақириқ бўлди. Тағин пул товлаш бошланди.

Лицей директори ота оналардан, фарзандлари паспорти ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларини олиб келиш талаб қилинди. Айни пайтда директор бунинг нимага кераклигига изоҳ бермади.

Узоқ вақт давом этган “музокаралар”, ота оналар учун ҳеч бир натижа бермагач, 1 ноябрдан бошлаб улар ўз фарзандлари ҳужжатини олиб кетишларини билдиришди.

Айрим ота оналар, бу зиддиятдан кейин ўқишда болаларига нисбатан муаммолар ортишидан қўрқиб, уларни бошқа ўқув даргоҳларига кўчиришга қарор қилишди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерация кенгаши ва Ўзбекистон республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги қўшма баёнотининг №6 моддасида айтилганки:

“Ким бўлишидан қатъий назар, жумладан уларга ёки уларнинг ота оналарига жазо қўллаш таҳдиди билан, болаларни меҳнатга мажбурлашнинг ҳар қандай шакли, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ тақиқланади ва жавобгарликка тортиладиган ҳолат ҳисобланади”.

 

uznews.net