Ҳақ жазо келганда…

Ҳақ жазо келганда…
117 views
31 October 2012 - 10:28

Намоз Нормўмин

31.10. 2012

Дунёдаги ҳеч бир амал, бу амални шахслар ёки жамиятлар (давлатлар) содир қилишдан, яхшилик ёки ёмонлик бўлишидан қатъий назар жавобсиз қолмайди. Яхши амаллар мевали дарахтлар каби яхши “мевалар” берадилар. Ёмон амалларни қилганлар эса якка ёки умумий ҳолда бу амаллари учун жавоб берадилар…

Ислом динига кўра бирор жойга Аллоҳ таолонинг жазоси келадиган бўлса, мўминлар дарров тавба истиғфор қилиб бошлайдилар. Бунинг учун жазо айнан мўминларга берилган бўлиши шарт эмас. Илоҳий жазо кофирлар, динсизлар, мушриклар бошига келган бўлса, мўминлар бундан хурсанд бўла олмайдилар, буни байрам қила олмайдилар. Чунки гап жазо кимга берилгани ҳақида эмас, оламларнинг Парвардигорининг қаҳри ҳақида кетади. Аллоҳ таоло қаҳр қилганда эса инсонлар даҳшатга тушиб қоладилар ва худди Зилзила сурасида айтилгандек, “Инсонлар ерга нима бўлаяпти, дея” қайғуга тушадилар.

Ривоятларда айтилишича, Расулуллоҳ (сав) саҳобалар билан сафардан қайтар эканлар, бир маконга ишорат қилиб шундай деганлар: Бу ердан йиғлаб ўтингизлар, чунки бу ерда бир қавмга Аллоҳнинг жазоси тушган эди…

Ўтган йили Японида зилзила ва тцунами бўлиб, шаҳарлар хонавайрон бўлиб, мингларча инсонлар ўлганида баъзи мусулмонларнинг бундан хурсанд бўлганларини эшитиб, ўзимча мусулмону, аммо жоҳил инсонлар экан, деган ха ёлга боргандим. Чунки бундай ҳолда жазоланувчининг ҳолига кулиш эмас, жазо берувчининг қаҳридан қўрқиб йиғлаш лозим бўлади.

Шуни унутмаслик керакки, Аллоҳнинг жазоси келганда мўмин кофир демай, барчанинг бошига айни мусибат ҳам тушиши мумкин. Айниқса бугунги дунёмизда, унинг турли бурчакларида мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар аралаш қуралаш бўлиб яшайдиган муҳитда умумий жазодан хеч ким қутулиб қолмаслиги мумкин. Аммо яна такрор айтамиз, муҳими жазоланувчиларнинг, улар ким бўлишидан қатъий назар, устидан кулиш эмас, тенгиз кучга соҳиб бўлган Роббимизнинг қаҳридан қўрқишдир.

Бугун АҚШ халқининг бошига шундай буюк мусибат, жазо келганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Нью Йорк мэрининг айтишича ҳозирги авлодлар бундай кулфатни бошларидан кечирмаган эканлар. Шубҳасиз, бу АҚШнинг дунё бўйлаб эстирган ва эстираётган террорига Роббимизнинг қаҳридир. Шу билан бирга бу илоҳий огоҳлантириш, АҚШ халқи ва давлатини ёмонликлардан, дунёда олиб бораётган зулм сиёсатидан воз кечишга ундашдир. Етарки бу давлатнинг инсонлари ва унинг ўзи бу мусибатдан зарурий хулосалар чиқарсинлар…