Нодира Аминовадан мактуб келди

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтига Нодира Аминова номидан имзоланган бир мактуб келиб тушди. Мактуб ЎХҲ фаоли, журналист Тўлқин Қораевга мурожаатдан иборат эди. Биз мазкур мурожаатни шахсан Тўлқин акага йўллаб, унга ўз муносабатини билдиришни илтимос қилдик.

Нодира Аминовадан мактуб келди
94 views
01 November 2012 - 12:47

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтига Нодира Аминова номидан имзоланган бир мактуб келиб тушди. Мактуб ЎХҲ фаоли, журналист Тўлқин Қораевга мурожаатдан иборат эди. Биз мазкур мурожаатни шахсан Тўлқин акага йўллаб, унга ўз муносабатини билдиришни илтимос қилдик. Қўйида Нодира Аминованинг мурожаати ва унга Тўлқин Қораевнинг жавобини тўлиқ ҳолда келтирамиз.

ЎХҲ таҳририяти 

***

Нодира Аминова мактуби (имло сақланган ҳолда келтирилмоқда)

Ассалому алейкум, хурматли Узбекистон Халк Харакати веб-сахифа тахририяти!

Веб-сахифадаги маколаларда шахсий маълумотлар чоп этилганлиги боис, хавфли булса-да, тушунишингизга умид килиб, узим сизга мурожаат килишга карор килдим. Шахсан журналист – Тулки Кораевга куйидагиларни баён этмокчиман. Тушунишимча, халкаро журналистика конунига асосан, жиноятда шубхаланаётган шахслар номи оммага эълон килинмайди. Худди мана шу коида Швеция матбуоти томонидан каттик хурмат килинади ва унга амал килинилади.

Менинг Швецияга келишимдан максадим хамма Узбек ёшлари каби орзу килинган чет эт таълимини олиш ва ёруг юз билан ватанга кайтиш булган. Худди мана ниятимдан хали хам кайтганим йук. Чунки бизни уйда кавми-кариндошлар сабрсизлик билан кутиб туришибди.

Асли хам хаётда бир нарсага эришишим кийин булган. Бутун хаётимни хикоя килиб ёзсам уни охирига етказиб укишга сабрингиз чидамаса керак. Омадсизлигим ва ким нима сураса ёрдамимни аямаганим туфайли мана шу каби холатга тушиб утирибман. Аслида вокеани менинг кузим билан куришга харакат килсангиз мени яхши тушунган булардингиз. Сиз мен биринчи булиб узим мурожаат килаетган журналистсиз. Вокеанинг факат коралов томонини эмас, оклов томонини урганиб чикишга хеч харакат килдингизми? Йук. Хеч ким хатто кизиккани хам йук. Мен хам бировга уз хикоямни айтиб бергим келади ахир. Мен хам жиноятчиларга хар доим ёмон куз билан караганман, шунинг учун хамманинг нафратини яхши тушунаман. Аммо бу каби адолатсизлик, бу каби омадсизлик, бу каби шармандачиликка хеч ким жим караб туролмайди. Агар интернет янгиликларидаги хамма нарса хакикат булганида эди, майли тугри айтишяпти деган булар эдим. Асосан, банк хисобимдаги пуллар тугрисидаги миш-мишлар жуда ачинарли… Хозир булар менинг барча тинчимга, барча орзу хавасларимга, келажакдаги режаларимга нукта куйиб куйди.

Келинг яхшиси, агар сиз тушунадиган инсон булсангиз, суд карорига мурожаат килайлик. Айбсиз деб топилгандан кейин хам шахсий маълумотлар хали хам сайтларда ошкора, суд карори адолатсиз эмиш. Мен сизни жуда хам тугри тушунаман. Сиз Узбекистонга кайтадиган инсонга ухшамайсиз. Лекин мен талаба булганим сабабли, Швециядан бир кун эмас бир кун чикиб кетишим керак булади. Шунда уйдан бошка каерга хам борардик. Швед конуни токи инсонда жиноят содир этиш нияти булмаса, уни айбсиз деб топаркан, Аллохга шукур. Бизнинг мехмондорчилигимиздан фойдаланиб, мана шу балоларга гирифтор килган одамларга минг лаънат айтамиз, биз уларнинг ниятини хакикатан хам билмаганмиз.

Бизнинг исмимиз токи сиз тахрир килмас экансиз, 100 йилдан кейин хам интернетда пайдо булаверади. Кейинги суд карорини кутаётган булсангиз, уша карор айбдор деб топса, бемалол нимани истасангиз чоп этаверинг – агар хакикатан хам айбдор булсам, мени келажагим кизиктирмас эди. Бу сайтдаги маълумотлар, нафакат менинг балки фарзандимнинг хам келажагига путур етказади. Илтимос, шуларни инобатга олинг ва мени тугри тушунинг.

Хар кандай саволингиз булса, ёки вокеани оклов томонини янада чукуррок урганмокчи булсангиз, бемалол мурожаат килаверинг. Жавобингизни кутиб коламан.

Хурмат билан,
Нодира Аминова

***

Тўлқин Қораев жавоби

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати веб саҳифасига камина, Тўлқин Қораев номига бир мактуб келиб тушди. Мактуб 2012 йилнинг 22 февраль куни Обид қори Назаровга ўқ узган қотилга ёрдам берганликда гумонланган шахслардан бири Нодира Аминовадан экан. Мактуб муаллифи каминани халқаро журналистика этикаларига амал қилмаганликда, унинг шахсига оид маълумотларни ошкор қилганлигимда мулзам қилишга уринган. Албатта, бу мактуб менинг электрон манзилимга эмас, балки ЎХҲ сайтига келганидан, муаллиф жавобимни кутиб қолишини билдирган бўлса-да, Нодирахонга айтадиган сўзларимизни оммага ҳам билдиришга қарор бердик. Энди мактубга ўтсак.

Веб-сахифадаги маколаларда шахсий маълумотлар чоп этилганлиги боис, хавфли булса-да, тушунишингизга умид килиб, узим сизга мурожаат килишга карор килдим. Шахсан журналист – Тулкин Кораевга куйидагиларни баён этмокчиман. Тушунишимча, халкаро журналистика конунига асосан, жиноятда шубхаланаётган шахслар номи оммага эълон килинмайди. Худди мана шу коида Швеция матбуоти томонидан каттик хурмат килинади ва унга амал килинилади.

Нодирахон, сизнинг шахсингиз қаердан ошкора бўлиб қолганлигини мен билмайман. Интернет саҳифаларида Юрий Жуковский деб аталаётган киллерга яқиндан кўмак берганлардан бири Нодира Аминова ва унинг эри Баҳодир Пўлатов эканлиги очиқлангач, камина бу маълумотдан фойдаланганман. Яъни мен бундай қилишга тўлиқ ҳақли эдим. Швецияда ҳам бу қонун амал қилади ва мен уни ҳурмат қиламан.

Аммо сизнинг амалга оширган жиноятингиз ўзбек халқининг, миллатнинг кўксига урилган найза бўлди. Буни албатта англасангиз керак ва шу сабаб ҳам саҳифамизга мактуб йўллаб, мени мулзам қилишга уринибсиз. Менга Швециядаги жорий тартиблар ва қонунларни писанда қилишдан олдин, уни ўзингиз содир қилган жиноят билан қиёслаб кўрсангиз яхшироқ бўларди. Ҳар неки, мен сизнинг жонингизга қасд қилмадим. Ёзган мақолаларимдан эса асло хижолат бўлманг. Бу шунчаки ўтиб кетади. Давр ахир кимлардан ўтмади?

 

Менинг Швецияга келишимдан максадим хамма Узбек ёшлари каби орзу килинган чет эт таълимини олиш ва ёруг юз билан ватанга кайтиш булган. Худди мана ниятимдан хали хам кайтганим йук. Чунки бизни уйда кавми-кариндошлар сабрсизлик билан кутиб туришибди.

 

Нодирахон, сиз бироз янгилишаяпсиз, шекилли. Ўзбек ёшларининг ҳаммаси ҳам чет элда ўқишни орзу қилаётгани йўқ. Баъзи бировлар буни хаёлининг кўчасидан ҳам ўтказмайди. Чунки бундай имконият бармоқ билан санарлик ёшларга насиб этади, шунда ҳам унинг “каттаконлардан” отаси бўлса. Буни инкор қилмасангиз керак, албатта. Уйингизда сизни кутишаётганликларига ишончим комил. Яқинлар, қариндошлар ва дўстлар. Албатта МХХ даги кураторингиз ҳам. Ва албатта сиз улар билан учрашасиз. Хотирингиз жам бўлсин!

Асли хам хаётда бир нарсага эришишим кийин булган. Бутун хаётимни хикоя килиб ёзсам уни охирига етказиб укишга сабрингиз чидамаса керак. Омадсизлигим ва ким нима сураса ёрдамимни аямаганим туфайли мана шу каби холатга тушиб утирибман. Аслида вокеани менинг кузим билан куришга харакат килсангиз мени яхши тушунган булардингиз.

 

Одамлар ўз ўтмишидаги қийинчиларни ҳикоя қилишдан мароқланишади. Қандай қийинчиликлар билан қандайдир бир орзу этганлигини ва ҳоказо, ҳоказолар ҳақида китоб ёзганлар ҳам оз эмас. Агарда ҳар бир ўзбек ёзувчи  бўлганида эди, дунёни ўзбекларнинг хотира китоблари босиб кетган бўларди.  Бир куни келиб, сиз ҳам китоб ёзиб қоларсиз. Ўша қийналиб ўсган ўтмишингиз ва эришган ютуқларингиз ҳақида. Аммо сизнинг хотира китобингизда Обид қорига нисбатан суиқасдда шерик бўлганингиз кирмай қолишига ҳам ишонаман.

 

Сиз мен биринчи булиб узим мурожаат килаетган журналистсиз. Вокеанинг факат коралов томонини эмас, оклов томонини урганиб чикишга хеч харакат килдингизми? Йук. Хеч ким хатто кизиккани хам йук. Мен хам бировга уз хикоямни айтиб бергим келади ахир. Мен хам жиноятчиларга хар доим ёмон куз билан караганман, шунинг учун хамманинг нафратини яхши тушунаман. Аммо бу каби адолатсизлик, бу каби омадсизлик, бу каби шармандачиликка хеч ким жим караб туролмайди. Агар интернет янгиликларидаги хамма нарса хакикат булганида эди, майли тугри айтишяпти деган булар эдим. Асосан, банк хисобимдаги пуллар тугрисидаги миш-мишлар жуда ачинарли… Хозир булар менинг барча тинчимга, барча орзу хавасларимга, келажакдаги режаларимга нукта куйиб куйди.

 

Нодирахон, каминага мурожаат қилибсиз, демак лойиқ топибсиз. Бунинг учун миннадорман. Бу ҳаракатингизни илтифотингиз деб қабул қилган бўлардим, лекин начора, ундай дея олмайман. Сабабини ўзингиз биласиз, албатта. Воқеанинг қоралов томонини эмас, оқлов томонини ҳам ўрганишимиз лозим эди. Сизнинг жуда қимматбаҳо адвокатингиз бор эди. Нега ундан мен билан учрашишини талаб қилмадингиз? Ўзингиз учун ҳам мени топиш қийин эмасди боз устига. Исмини ўзгартирган Обид қорини топа оласиз-у, исми-фамилияси ўзгармаган Тўлқин Қораевни топа олмайсизми? Йўқ дея олмасангиз керак.

Ҳамманинг нафаратини тушунганингиз учун эса сизга раҳмат. Ҳар қалай, тушунаркансиз-ку. Аммо Обид қорига нисбатан уюштирилаётган суиқасд олдидан ҳам тушунганингизда қандай яхши бўлган бўларди. Шу жумладан сиз учун ҳам!  Ҳикоянгизни эса айтишингиз мумкин бўлган одамлар кам эмас. Шу жумладан, мен ҳам бажонидил тинглашим мумкин. Лекин бундан сизга бирор наф бўлишига ишонмайман.

Интернет янгиликларига шубҳа билдирибсиз. Унда ҳамма гап рост бўлмайди. Бу фикрингизга қўшаламан, албатта. Масалан, интернетда Ислом Абдуғаниевичнинг адолатли, инсонпарвар эканлиги ҳақида ҳам материаллар тиқилиб кетган. Айниқса, Ўзбекистон мабуоти, Исроил матбуоти бу ҳақида оғзи кўпириб ёзади. Булар аслида ғирт ёлғон. Аммо сиз учун бу гапларнинг ҳаммаси рост. Чунки сиз шу режим хизматидасиз ва уни қоралай олмайсиз. Кўплаб журналистлар ёзишди. Швед журналистлари ҳам, ҳар ҳолда бундан ташвишга тушмаган бўлсангиз-да.

Аммо сизни ташвишга солгани ўзбек журналистларининг мақолалари бўлган. Нима учун? Тўғри тушунган бўлсам, буни ўзбекларнинг ҳаммаси тушуна олади ва улар Обид қорига нисбатан уюштирилган суиқасдга берган кўмагингиз учун пешонангиздан силамайди. Боз устига, режим учун ҳам кераксиз одамга айланиб бўлдингиз.  Келгусида мухолифат ичига кириб бориш имкониятингиз ҳам йўқ энди. Чунки ортингиздан ёлланма қотил келиб кимнидир отиб кетиши мумкин.

Орзу-ҳаваслар ва келажак ҳақида қайғуриб жуда тўғри қилибсиз. Бу қисматни танлаган сиз ўзингиз бўласиз. Биров мажбурлагани йўқдир, менимча. Демакки, бу оғир юкни энди умрингиз охиригача кўтариб юрасиз. Бир кун келади, Каримов режими ҳам тугайди ва ҳамма нарса ўз ўрнига кела бошлайди. Сизни ва эрингизни қотилга кўмак берганингиз учун балки жазолашмас ҳам, аммо эл нафрати сизларни доимо таъқиб этиб боради. Фарзандларингиз ҳам сизнинг болангиз бўлгани учун таҳқирланиб қолишади. Бу қисматни ўзингиз яратдингиз. Инкор қилишингизга ҳам ишонаман. “Мен билмагандим унинг бунақа мақсади борлигини!” деб швед судларини ишонтира олдингиз. Бироқ мен швед суди эмасман-ку. Менга тушунарли-ку нима бўлгани ва нега ёлғон билан қутулиб қолганингиз. Йўқ, суд сизни айбдор деб топмади, балки прокурор айбдорлигингизга етарли далил келтира олмади. Шунинг учун қутулиб қолдингиз! Бу сизнинг айбдор эмаслигингиз далили эмас, балки айбингиз исботланмагани холос. Ҳар неки, Тошкентга борганда, МХХ, ИИБ дагиларга айтинг. Зора, уларга ҳам инсоф битса-ю, одамларни ноҳақдан ноҳақ судлашдан тийилишса.

Келинг яхшиси, агар сиз тушунадиган инсон булсангиз, суд карорига мурожаат килайлик. Айбсиз деб топилгандан кейин хам шахсий маълумотлар хали хам сайтларда ошкора, суд карори адолатсиз эмиш. Мен сизни жуда хам тугри тушунаман. Сиз Узбекистонга кайтадиган инсонга ухшамайсиз. Лекин мен талаба булганим сабабли, Швециядан бир кун эмас бир кун чикиб кетишим керак булади. Шунда уйдан бошка каерга хам борардик. Швед конуни токи инсонда жиноят содир этиш нияти булмаса, уни айбсиз деб топаркан, Аллохга шукур. Бизнинг мехмондорчилигимиздан фойдаланиб, мана шу балоларга гирифтор килган одамларга минг лаънат айтамиз, биз уларнинг ниятини хакикатан хам билмаганмиз.

 

Нодирахон, бу гапларингизни Европаликларга айтсангиз, тиззаларини шаппатлаб эшитишади. Фақат мен ишона олмаяпман. Ўзбекларимиз меҳмондўстлигини биламан, аммо яна шуни ҳам биламанки, улар манфаатдор бўлишганларида, жуда меҳмондўстликлари тутиб кетади. Манфаат бўлмаса “меҳмон учинчи кундаёқ сасийди” ва кўча эшигини кўрсатиб қўйишади унга. Сиз мени жуда тўғри тушунишингизни ёзибсиз-у, лекин Ўзбекистонга қайтмаслигимни ҳам келтирибсиз! Демак мени мутлақо тушунмайсиз. Камина Ўзбекистонга қайтаман. Шу кун келишидан умидворман ва биринчи имкониятимдаёқ ўз ватанимда йўл оламан. Ҳозирда Каримов режимини Исроил ва АҚШ қўллаб турибди ва Ўзбекистон муҳожирлари ватанга ҳам қайта олмаяпди. Ишонинг, бу режим абадий қолмайди. Бироз умри чўзилиши мумкин, албатта, лекин абадий эмас. Обид қорига сиз учовлон уюштирган суиқасддан кўзланган мақсад ҳам режимнинг умирини чўзиш эди. Балки буни тушунмассиз. Сизни фақат режимдан келадиган пуллар қизиқтирган бўлса ажаб эмас.

Бизнинг исмимиз токи сиз тахрир килмас экансиз, 100 йилдан кейин хам интернетда пайдо булаверади. Кейинги суд карорини кутаётган булсангиз, уша карор айбдор деб топса, бемалол нимани истасангиз чоп этаверинг – агар хакикатан хам айбдор булсам, мени келажагим кизиктирмас эди. Бу сайтдаги маълумотлар, нафакат менинг балки фарзандимнинг хам келажагига путур етказади. Илтимос, шуларни инобатга олинг ва мени тугри тушунинг.

 

Нодирахон, сизнинг исмингизни келтириб мақола битган ёлғиз мен эмасман ва сизни оқлаб бирор нарса ёзсам ҳам, бу билан номингиз оқланиб қолмайди. Кейинги суд қарори ҳам сизни айбдор деб топмаслигига ишонаман, лекин юқорида айтиб ўтганимдек, мен суд қарорига ишонмайман. Улар сизни манфаат кўриб қўйиб юборганларига ҳам ишончим йўқ, албатта. Шунчаки, юқорида айтиб ўтганимдек, прокурорда етарлича исбот йўқлиги учун ҳам қутулиб қолдингиз. Сизни, фарзандларингизнинг келажагини ўйлаб сизни оппоқ қилишнинг эса имкони йўқ. Сиз ўйладингизми, Обид қорининг фарзандлари, набиралари борлигини? Йўқ! Атрофидаги одамларни қанчалар ғам-қайғуга солганингизни-чи? Яна йўқ! Нима истайсиз мендан, Нодирахон? Элнинг ҳурматида бўлган бир инсон февраль ойидан бери ўлим билан олишиб ётибди. Сиз уни ҳаётга қайтара оласизми? Йўқ! Демак, мен ҳам исмингизни сиз айтганчалик таҳрир қила олмас эканман. Агар сизни оқлаб чиқсам, ўзимга хиёнат қилган бўламан. Судда ҳар қанча гапирганингиз билан ҳам, судни ишонтирдингиз, аммо мени ишонтира олганингиз йўқ. Марҳамат, мени ҳам, бошқаларни ҳам ишонтиринг. Кейин номингиздаги доғларни олиб ташлашга уринсак бўлар. Фақат суд қарорини пеш қилманг! Унга мен ишонмайман.

Хар кандай саволингиз булса, ёки вокеани оклов томонини янада чукуррок урганмокчи булсангиз, бемалол мурожаат килаверинг. Жавобингизни кутиб коламан.

Хурмат билан,
Нодира Аминова

 

Нодирахон, мактубни менинг номимга ўз адресимга юборганингизда хатингизга хат билан жавоб берган бўлардим. Лекин сиз сайтга ёзибсиз ва жавобни ҳам саҳифадан олаяпсиз. Саволларим жуда кўп. Истасангиз, саҳифага қўйиб борай, сиз жавоб бериб боринг.

Ҳумат ила
Тўлқин Қораев