Мирсаидов вафот этди, Каримов ҳам…

Мирсаидов вафот этди, Каримов ҳам…
217 views
03 November 2012 - 9:32

Намоз Нормўмин

3 ноябрь 2012 йил.

Ушбу мақоланинг мақсади бировлар тахмин қиладиганидек, Мирсаидовнинг ўлимини баҳона қилиб Каримовга ҳам ўлим тилашдан иборат эмас. Мақсад ҳар бир жон борки, ўлимга маҳкумдир, мана шу ҳақиқатни таъкидлашдан иборат. “Ҳар жон ўлимни татиб кўради”, ояти каримаси мана шу ҳақиқатнинг асоси ҳисобланади. Демак, ҳар инсон, жумладан ушбу сатрларнинг муаллифи ҳам вақти келганда ўлим ҳақиқатини татиб кўради…

Шукрулло Мирсаидов вафот этди. Бу янги, мустақил Ўзбекистон тарихида президент Каримов билан ёнма ён турган, янги давлат қурилишида маълум масъулиятларни ўз зиммасига олган, кейинчалик бу масъулиятлардан “Тиз чўкиб яшагандан кўра, тик туриб ўлган маъқул”, дея воз кечган давлатнинг собиқ юқори лавозимли раҳбарларидан бирининг ўлимидир. Аллоҳ яқинларига сабр берсин…

Мирсаидовнинг исми юқорида таъкидлаганимиздек, янги Ўзбекистон давлатининг қурилиши билан боғлиқдир. Шукрулло Мирсаидов Ўзбекистоннинг собиқ Бош Вазири, биринчи вице президенти, Каримов командасидан катта шов шувлар билан истеъфо қилгандан кейин мухолифат сафига ўтишган уринган, “Ўзбекистон Демократик кучлари Форумининг” иштирокчиларидан бири бўлган сиёсат ва давлат арбоби эди…

Шукрулло Мирсаидов Ислом Каримов диктатурасига унинг бошланиш босқичида қарши чиққанди. Унинг бу амали ҳақиқатан ҳам ҳар қандай диктутарага қарши бўлганиданми ёки ўз ҳокимиятини ўрнатиш учун қилинган ҳамла бўлганми, биз буни аниқ билмаймиз. Ўша пайтда ҳокимият манбаларига яқин бўлган журналист Исмат Хушевнинг айтишича Шукрулло Мирсаидов Бош Вазирликка тайинлангандан кейин ҳукуматда ўз ҳукмронлигини ўрнатишга ҳаракат қилган, натижада Президент ва Бош Вазир идораси орасида тушунмовчиликлар, икки ҳокимиятчилик ўрта чиққан.

1990 йилларнинг бошланишида, СССР тугатилиши, унинг ўрнига янги мустақил давлатлар тузилиши жараёнида бундай тушунмовчиликлар фақатгина Ўзбекистонга хос эмас эди. Русияда ГКЧП га қарши демократияни танк устида туриб ҳимоя қилган Борис Елцин кейинчалик яна танклардаги ҳарбийларга ўз сафдошларидан тузилган Русия парламенти “Оқ уйни” ўққа тутишга буйруқ берган ва бу мана шундай янги давлат ва янги жамият қурилишдаги тушунмовчиликнинг бир асари эди. Худди шундай тушунмовчилик кейинчалик Тожикистонда фуқаролар урушига ва ўн минглаб кишиларнинг ўлимига олиб келганди….

Мустақиллик мана шундай ижтимоий ва сиёсий тушунмовчиликлар гирдобида туғилганди. Бу гирдобга бир аниқлик киритилиши, жамият ва давлат тараққиётининг барқарор бир йўли топилиши керак эди. Бу осон бўлмаган масала эди. Бунга эришиш учун жамиятнинг янгиланиши, ижтимоий жараёнларнинг ҳақ динга, эркин сиёсатга, ҳуқуққа, иқтисодга, таълим тарбияга асосланган тараққиёти йўлга қўйилиши керак эди…

Мана шундай муҳим босқичда Президент Ислом Каримов Ўзбекистондаги сиёсат саҳнасининг марказида ўрин олди. Бугунги кунга келиб шу нарса маълум бўлдики, Ислом Каримов 1990 йилларнинг илк йилларида янги жамият ва янги давлат қуришнинг асослари ҳақида аниқ фикрга, аниқ дастурга эга бўлмаган экан. У янги жамият ва янги давлат қуриш жараёнидаги тушунмовчиликлар гирдобини ўзича талқин қилди ва ҳеч қандай янги жамият қурмаслик ҳақида қатъий фикрга келганди. Диктатор Каримов ўзининг бу собит фикрини ўша пайтлар машҳур бўлган “Янги уй қурмасдан эскисини бузма” шиори билан асослашга уринарди. Аслида эса унинг янги уй қуриш нияти ва режаси умуман бўлмаганига бугун гувоҳ бўлиб турибмиз. Аммо у эски уйдаги тартиб интизомни яхши биларди ва шунинг учун ҳам ишни Ўзбекистон КГБсини ўзига бўйсундириш билан бошлади. Кейин Ички Ишлар Вазирилиги ва Прократура бевосита Президентга бўйсундирилди. Олий Мажлисдаги тушунмовчиликларга тўла машҳур сессиядан кейин Мирсаидов истеъфога кетди. Бу машҳур сессияда “қаҳрамонлик” кўрсатганларнинг баъзиларини Каримов мансаб тузоғи билан сийлади. Масқсад бироз бўлсада мамлакат ҳаётига “сокинлик” келтириш эди. Кейин иш аввал сиёсий, сўнгра эса диний мухолифатни тор мор келтириш билан якунланди. Натижа эса кўп ўтмай маълум бўлди: Ўзбекистон деган давлат ва унинг халқи Каримов исмидаги бир жоҳил ва ғаддор диктаторга асир тушди. Бу оммавий тутқинлик инсонлардаги ҳар қандай эътиқодий, сиёсий, фикрий, адабий уринишни йўққа чиқаргани каби жамиятда умумий зулмни, ахлоқсизликни, сотқинликни, давлат раҳбарларининг ўзаро душманлигини, уларнинг фожеавий оқибатларини ёйди. Ушбу жоҳилият ва зулм тузумида фаолият олиб борган Исмат Хушевнинг ушбу сатрлари сўзларимизнинг яққол далилидир:

Шундоқ ўтиб кетар экан, во ажаб,
Бир ҳовуч кул бўлиб ўт ва исёнлар.
Энди биздаги бу сотқинлик сабаб,
Қайта туғилмайди бундай инсонлар…

(dunyouzbeklari.com)

Ҳа, бугунга келиб Ўзбекистондаги умумий аҳволни мана шу бир сўз билан изоҳлаш мумкин: Сотқин давлат раҳбари, сотқин раҳбарлар, сотқин малика ва уларнинг сотқин югурдаклари…
Инсоният, шу жумладан инсонлар ўртага чиқарган давлатчилик тарихига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг ҳаётида дин (эътиқод, мафкура), сиёсат, ҳуқуқ, адолат, иқтисод, таълим тарбия, маданият, адабиёт каби омилларинг ҳал қилувчи эканлигини кўрамиз. Мен шахсан Шукрулло Мирсаидовнинг Ўзбекистонда янги давлат ва янги жамият қуриш учун ушбу омилларга қандай амал қилиш кераклиги ҳақидаги фикрлари билан таниш эмасман. У кишининг бу масалаларда аниқ фикрлари бўлганми, бўлмаганми, буни ҳам билмайман. Чунки Мирсаидовнинг бу масалалардаги фикрлари ифодаланган асарини кўрганимиз йўқ. Аммо Каримовга қарши чиққанлигини, мухолифат сафларига ўтиб, унинг фаолиятига ҳисса қўшишга уринганини, бу йўлда ўз фирқасини тузганини, матбуотга, шу жумладан ўзбек тилида дастур олиб борадиган чет эл радиоларига баёнотлар берганлигини эътиборга олиб Шукрулло Мирсаидовнинг Ислом Каримовга қараганда либерал (эркинликка мойил) сиёсатчи бўлганлигини тахмин қилишимиз мумкин. Диктатор Каримов, гарчи янги давлат ва янги жамият қуриш масаласида қиймати бир тийинга арзимайдиган китоблар ёзган (лаганбордорларига ёздирган) бўлсада, бу маънода Мирсаидовга нисбатан янада жоҳиллироқ шахсиятдир…

Шукрулло Мирсаидов вафоти муносабати билан Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йилдан кўпроқ тажрибасига назар соладиган бўлсак, давлат бошқарувида унинг раҳбарларининг эътиқод, адолат ва маърифатни ўзларига байроқ қилиб олишлари ўта муҳим эканлигига ишонч келтирамиз. Яъни, жамият ва мамлакат тараққиётида Давлат Раисининг (Президентнинг) шахсиятида мана шу қадриятларнинг бўлиши жамият ва давлатни ҳақиқий маънода тараққиётга етаклаши шубҳасиздир. Яна давлатнинг тараққий қилиши учун Давлат Раиси шахсиятидаги ижобий қирралар биран бирга жамиятда диннинг, сиёсатнинг, ҳуқуқнинг ўрнини аниқ белгилаш, уларнинг инсон ва жамият ҳаётида мутаносиб ўрин олишига эришиш, бу туфайли қонун чиқарадиган (Парламент), қонунларни ижро қиладиган ( ҳукуматнинг марказий ва маҳаллий органлари) ва маҳкаманинг (Суд) фаолиятини тўғри йўлга қўйиш асосий аҳамиятга эгадир. Афсуски, бугунги кунда ушбу қадриятлар ҳам, давлатнинг нормал ишлашини таъминлайдиган ҳокимият тармоқларининг (парламент, ижро ва маҳкаманинг) мутаносиб фаолияти ҳам йўққа чиқарилган ва ҳамма нарса диктаторнинг бир оғиз гапига қараб қолган.

Шукрулло Мирсаидов вафот этди. Эртага ажали келганда диктатор Каримов ҳам, бу сатрларнинг муаллифи ҳам вафот этадилар. Аммо Ўзбекистонда янги жамият ва янги давлат қуриш масаласи ўз долзарблигини асло йўқотмайди. Диктатор Каримовнинг вафоти мана шу масалада янги бир имкон бўлиши мумкин. Бу имкон албатта диктаторнинг вафотига алоқадар бўлмаслиги ҳам мумкин. Чунки бундай мутлақ қоида йўқ. Эртага янги кундир, янги куннинг бизга нималар олиб келишини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди. Энг камида биз халқимизнинг мана шундай имконга эришишини истаймиз. Бу имконни ишлатишда эса Ўзбекистон мустақиллиги, Каримов диктатураси ва унинг оммавий қатағонидан (худди Сталин қатағонлари каби) чиқариладиган хулосалар, Шукрулло Мирсаидов каби давлат ва сиёсат арбобларининг ҳаёт тажрибаси албатта қўл келади. Ушбу янги имкон албатта “Янги уй қурмасдан эскисини бузма” сафсатасини ўзига шиор қилиб ололмайди. Чунки Ислом Каримов диктатураси бузиши мумкин бўлган барча нарсани бузиб бўлди. Эндиги вазифа эса жамият ва давлат ҳаётини тамоман янги мафкуравий (эътиқодий), сиёсий, ҳуқуқий, маънавий, тарбиявий ва адабий асосларга қуришдадир…