Ўзбек миллати риёкорлик ва мунофиқликдан қутилиши керак

Ўзбек миллати риёкорлик ва мунофиқликдан қутилиши керак
73 views
06 November 2012 - 9:20

Тўлқин Қораев
Швеция

Ўзбекистонда диктатура!

Ватанимиздаги дикторлик режими отадан қизга ўтиш арафасида турибмиз ва бу яқин икки йил ичида содир бўлади. Дунёнинг энг тараққий этган демократик давлати бўлмиш АҚШ бу ҳокимият алмашинувига қандай муносабат билдиришини аллақачон билиб олдик. Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида Каримов салтанати сирларини дунёга маълум қилаётган гуруҳ ўз мақоласида бу ҳақида маълум қилди.

АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Роберт Блейкнинг август ойида Астана ва Бишкекка сафарини бекор қилиб, Тошкентда бир неча кун қолиб кетиши давомида Ислом Каримов билан суҳбат ўтказар экан, ҳокимият отадан қизига ўтишида АҚШ бу давлат алмашинувини ботинан қўлласа-да, зоҳиран тек туради. Бугун бемалол айтишимиз мумкинки, Исроил ҳазратлари ҳам Ўзбекистондаги ҳукумат алмашинувини қўш-қўллаб, агар қўш қўли озлик қилса, икки оёғини ҳам кўтариш билан бўлса-да, уни маъқуллайди. Исроил шундай қилибдими, демак Европа ҳам айни мана шу фикрда деяверинг.

Демак, Ўзбекистоннинг келгуси Президенти Гулнора Каримова қирқ ёшда эканлигини инобатга олсак, яқин қирқ йил ичида ҳам ўзбекнинг косаси оқармайди ва унинг тағин икки авлоди Россияда мардикор бўлиб яшайди.

Савол туғилади: ўзбеклар шунга лойиқми? Жавоб эса шу: Ҳа, шунга лойиқ миллат ва шунга лойиқ халқ. Аниқроғи, шунга лойиқ оломон!

Ўзбекистондан келаётган хабарлар оқимига назар ташларканмиз, худонинг берган хар бир кунида кимнинг ноҳақ қамалгани, кимнингдир ўлдирилгани, яна бировнинг уйи бузилгани каби “хушхабарларни” олаяпмиз. Олдинда қиш турибди ва бу мавсумда миллатимиз анчагина фарзандларидан, анчагина қарияларидан ажралиб қолади. Қиш мавсуми ватанимизда одамларнинг совуқдан ўлиши мавсуми ҳамдир. Бироқ миллат жим, элат жим, гўёки шундай бўлиши керакдек.

Ўзбекистонда ҳокимиятни отадан қизига ўтиши олдидан “ота” атрофни “душманлардан” тозалаб олиши керак, токи қизи бемалол ҳукмронлик қила олсин. Душман ким? Душман ул зотки, режимдан норози! Албатта, режимдан 95% одам норози, шунда ҳам режимга қарши курашадиган, ўз ҳаққини талаб қиладиганларгина режим думанларидир! Режим душманлари сафига эса нафақат мухолиф сиёсатчиларни, балки мустақил журналистларни ҳам, инсон ҳуқуқлари курашчиларини ҳам, қолаверса, кимки ҳурфикрлик экан, ўшаларнинг ҳаммасини қўшиб санаш мумкин. Аммо, бу сингари одамлар жуда озчилик ва бу режим учун хавф солувчилар ҳамдир.

Режим яқин ойлар ичида нима қилади? Албатта, одатдагидек, кимларнидир ўлдириш билан машғул бўлади. Кимлар бу рўйхатга кирган, ўзлари яхши билишади, албатта. Швециянинг Стромсунд шаҳрида шу йилнинг 22 февраль кунида Юрий Жуковский томонидан отилган Обид қори Назаров ҳам режимнинг тозалаш амалиёти қурбонларидан бири бўлди. Ваҳоланки, ёлланма қотил имомни ўлдира олмаган бўлса-да, лекин унинг сиёсий, ижтимоий фаолиятига нуқта қўя олди. Нуқта!

Бу билан мақсадга эришилганлигини ҳаттоки Стромсунддаги суд ҳам, ёлланма қотилга яқиндан ёрдам берганликда гумонланган эр-хотин Баҳодир Пўлатов ва Нодира Аминоваларни сўроқ қиларкан, шундай қарорга келганди. Шундай бўлса-да, суд уларни озод қилди.

Яқинда ЎХҲ веб-саҳифасига, каминанинг номига Нодира Аминовадан мактуб келгани мухлисларимизга маълум, албатта. Унда Нодира Аинова суд қарорни рўкач қилиб, бизни халқаро журналистика этикаларига риоя қилмаганликда айблади. Уларнинг номларини гарчи швед суди эълон қилмаган бўлса-да, ўзбек журналистлари очиқлаганлигини келтириб ўтганди (http://www.uzxalqharakati.com/archives/14129#comment-3644).

Тағин у ҳар қандай савол бўлса, жавоб беришга тайёрлигини ва кимгадир ҳикоясини айтмоқчи эканлигини маълум қилди. Шунга кўра, камина Нодира Аминова билан электрон почта орқали мулоқотга киришдим. Нодирахон бунинг учун алоҳида почта қутиси очган ва фақат ўша почтага мактуб юбораман ва у ҳам ўша почтадан жавоб беради. Ҳар неки, айнан шу аёл билан ёзишаётганимга ишонч ҳосил бўлди.

Нодирахон ўзининг ҳаётдаги баъзи мушкулотларини ҳам маълум қилди. Ота-онаси ажрашгач, ўгай ота қўлида қолгани, кейинроқ онаси вафот этгач, тағин яна ўгай оналик ҳам бўлгани ва унинг учун фақат акаси ғамхўр бўлгани каби ҳолатлар унинг мактубидан маълум бўлди. Айнан ўша акаси Юрий Жуковскийни унинг уйига меҳмонга юборган экан.

Бироқ Нодирахондан ҳар қанча илтимос қилмайлик, саволлар беришимизга ва унга жавоб йўллашига рози бўлмади. Демак, ўзи билан боғлиқ бўлган вазият ойдинлашишини ҳам истамайди. Унинг ўзи ЎХҲ веб-саҳифасига йўллаган мактубида истаган саволларимизга жавоб беришга тайёр эканлигини таъкидлаган бўлса-да, интервью содир бўлмади!

Обид қори хориждаги ўлдирилиши керак бўлган яккаю-ягона одам эмаслигидан келиб чиқадиган бўлсак, ҳали яна кимлардир отилиши керак. Юқорида эслаб ўтганимиздек, ҳокимият отадан қизига топширилади ва ота ҳамма ёқни тозалаб бермоғи зарур. Акс ҳолда, қизи ҳокимиятни эплай олмай қолса-чи?

Ўзбекистон ўзининг геополитик жойлашуви билан дунёнинг тараққий этган барча мамлакатларини қизиқтиради. Бунда Россиянинг ҳам, АҚШнинг ҳам, Хитой ва Эроннинг ҳам ўз қизиқишлари бор. Бу қизиқишлари замирида ўзбек халқи қурбон бўлиб кетаётганлиги бировни ташвишга солмайди. Ҳаттоки ўша ернинг ҳақиқий эгаси бўлган халқни ҳам ташвишлантирмаяпти. Худди қимор ўйинига ўхшайди. Атрофда бир қанча қиморбозлар соққа ташлашаяпти. Ўртага қўйилган – биз, ўзбеклармиз. Ҳар неки, бизга қайишадиганроғи ютсин, деб орзу қиламиз. Аммо бу ўйинчилар фақат ўз мақсадларини, ўзларининг очкўз ҳирсларини қондиришни ўйлашади, холос. Ўзбек эса ютқазади. Умуман олганда, бу миллат фақат Амир Темир даврида боши кўтарилган миллат бўлганди. Тарихининг қолган қисмида эса фақат мағлуб бўлиб келган миллатдир бу.

Тағин бош кўтармоқ фурсати келмадимикан? Ҳозир ўзбекдан бир жаҳаонгир чиқиб, дунёни забт этиши талаб қилинмаяпти, бор-йўғи ўз ҳуқуқи учун курашиши талаб этилмоқда ва бу миллат шунга ҳам қодир эмасдек. Илгарилари ҳам бу мавзуни кўтарганлар кам бўлмаганди, бироқ “буюк оға” олдидаги қўқув ўзбекларимизни бош кўтаришга ундай олмади. Энди эса “буюк ҳукмдор” олдида уларнинг оёқлари зир-зир титрайди. Баъзилар айтардики, миллат динидан узоқлашиб кетгани учун шу куйга тушган. Мана, бугун миллат динига содиқ(?), нега ҳали ҳам ўзгармади? Демак гап динда эмас экан-да. Гап ўтакаси ўн бўлган миллатнинг ўзлигида.

Обид қори отилди, лекин ўзбекларимиз пашша қўриб ўтирибди. Нимага? Эртага сизнинг ҳар бирингиз ортингиздан ёлланма қотил келади ва асфаласофилинга кетасиз! Буни улар тушунмайди! Икки қўли самога кўтарилади ва дейди: “Тақдир Аллоҳдан, биз бир бандамиз”. Қачонгача банда бўласиз, ўзбеклар? Банда дегани – ўзбек тилида ҚУЛ деганидир. Майли, Аллоҳга қул бўлинг, лекин сиз кўпроқ бандасига қул бўлиб юрганларга ўхшайсиз. Мусулмонлар бир-бирига биродардирлар! Қани ўша биродарлик? Биродарингиз қамоқда азобланиб ётибди, сиз эса таралла-бедод, ҳали у машинани минасиз, ҳали бунисини. Истасангиз ҳаж, истасангиз умра. Сизнинг ҳажингиз, ёки умрангиз қабул бўлдимикин. Ўйлаб кўрдингизми? Аммо сизга буниси муҳим эмас. Сизга кўплар оғзи ланг очилиб, “қаранглар, фалончи ҳожи бўлиб келибди” деса шуниси афзал. Ёки нотўғри тушундимми? Ўзбек миллати риёкорлик ва мунофиқликдан қутилиши керакка ўхшайди. Бироқ биров ўтирган ўрнини совутгиси келмайди. Қани сиздаги бирлик ва сиздаги биродарлик? Йўқ!

Ўзбекистон халқ ҳаракати дунёнинг турли мамлакатларида Россия элчихонаси олдида Юрий Жуковскийнинг Швецияга экстрадиция қилиниши талабини илгари суриб пикетлар уюштиришни ниятида. Ёлланма қотил шу йилнинг октябрь ойида Москвада ушланган, лекин унинг Швецияда экстрадиция қилиниши ҳал бўлмай турибди. Демак унинг эктрадициясини биз ўзбеклар талаб қилишимиз керак. Ўтакаси ўн миллат албатта бу каби тадбирга чиқа олмайди. Швециядаги асосий ўзбек қочқинлари мусулмонлар(?) экан, демак ЎХҲ фақат улардан умид қилади.

Ерга бош эгиб яшаш даври ўтиб кетган, дуо билан ҳамма нарса тўғирланиб кетаверишига ишонманг! Ёки Пайғамбаримиз с.а.в. фақат дуо билан Макка кофирларини фатҳ этганликларига ҳужжатингиз борми? Бор бўлса, келтиринг ва кураш майдонига чиқмаслигингиз учун зарурий важ шу бўлсин. Акс ҳолда мусулмонликка даъвогарлик қилманг! Ислом дини сиздан мард бўлишни талаб қилади!