Россияда яна бир ўзбекистонлик қочқин ғойиб бўлди

Россияда яна бир ўзбекистонлик қочқин ғойиб бўлди
49 views
08 November 2012 - 10:48

Россиялик ҳуқуқбонларнинг маълум қилишларича, Нижний Новгород шаҳрида ҳибсда ушлаб турилган Азаматжон Эрмаков ғойиб бўлган. Асли Андижонлик Эрмаковнинг ҳимоячилари, унинг Ўзбекистон томонига бериб юборилгани ёда ўғирлаб кетилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Шу йил 2 ноябр куни Азаматжон Эрмаковнинг ишини маҳкамада 2009 йилдан бери тақдим этиб келган ҳимоячиси Нижний Новгород ҳибсхонасида у билан учрашувга борган. Лекин ўша куни ҳибсхона ходимлари дам олиш куни эканлиги баҳонаси билан учрашувга рухсат бермайдилар.

 Келгуси куни эса ҳимоячига Эрмаков 2 ноябр куни озод этилгани маълум қилинган. Ўша кундан бери Эрмаков на ўз яқинлари ва на ҳимоячилари билан алоқага чиққан.

Ҳимоячиларнинг айтишларича, озодликка чиқарилишидан бир ҳафтача аввал Эрмаков озодликка чиқарилиши билан ўғирлаб кетилиши мумкинлигидан хавотирда эканлигини айтган.

Ҳимоячиларга кўра, Ўзбекистонга чиқариб юборилиши хавфидан қўрқиб Азаматжон Эрмаковнинг ўзи яширинган бўлиши мумкинлиги эҳтимолдан узоқ.

Ҳозирда Азаматжон Эрмаковнинг ҳимоячилари унинг ғойиб бўлиши ҳодисасини текшириш ва унга қарши жиноий амал содир этилганлиги аниқланса бунинг юзасидан жиноий иш очишни сўраб Нижний Новгород маҳаллий милиция бўлими ва шаҳар прокуратурасига ариза билан мурожаат қилишган.

Россия Ички Ишлар Вазирлиги ва Бош Прокуратурасига унинг қаерда эканлигини аниқлаш учун зудлик билан чоралар кўриш талаби ҳам жўнатилган.

Бундан ташқари Федерал Хавфсизлик Хизматидан Эрмаковнинг Россия чегарасини кесиб ўтганми йўқлиги, агарда кесиб ўтган бўлса қачон ва қай ҳолатда кесиб ўтганлиги ҳақида маълумот бериш ҳам сўралган.

Азаматжон Эрмаков дастлаб 2009 йил ноябр ойида Ўзбекистон ҳукуматининг талаби билан Россияда ҳибсга олинган. Ўзбекистон расмийлари унинг диний-сиёсий айбловлар асосида қидирувда эканлигини айтганлар.

Кейинчалик Россия Бош Прокуратураси Эрмаковни Ўзбекистонга чиқариб юбориш ҳақида ҳукм чиқарган.

Лекин Оврўпо Иттифоқининг Инсон Ҳуқуқлари бўйича маҳкамаси Ўзбекистоннинг қийноқлар кенг қўлланиши айтилган мамлакат эканлигини назарда тутиб ва унга нисбатан экстрадиция ҳукмининг чиқарилиши жараёнида процессуал қонун-қоидалар бузилганлиги асосида унинг чиқариб юборилишини тўхтатиб қолган. Шундан сўнг Эрмаков 2011 йил май ойида озодликка чиқарилган.

Аммо бундан икки ой ҳам ўтмай гўёки ёнида гранта олиб юрганлиги айби билан яна ҳисбга олинади. Эрмаковнинг айтишича, грантани уни ёнинга пинҳона солиб қўйганлар.

Азаматжон Эрмаковни Оврўпо маҳкамасида ишини тақдим қилаётган ҳимоячи Надежда Ермолаеванинг айтишича, охирги 1.5-2 йил мобайнида қочқинларни ўғирлаб кетиш ҳоллари кўпайди.

Ҳимоячига кўра, авваллари ҳам Оврўпо Маҳкамаси томонидан чиқариб юбориш мумкин эмаслиги айтилган ҳолларда ҳам қочқинларни ўғирлаб кетиш ёда мажбуран бериб юбориш ҳоллари бўлган. Оврўпо маҳкамаси Россия томонини жаримага тортиш, товон тўлаш ва ҳаттоки қочқинни қайтариш кераклиги ҳақида ҳукм чиқарган вақтлари бўлган.

 

bbc.co.uk/uzbek