Мустақил ватанимизда қонун, ҳуқуқ ва маънавиятни ўлдирганлар

Мустақил ватанимизда қонун, ҳуқуқ ва маънавиятни ўлдирганлар
46 views
10 November 2012 - 14:05

Эй, ўзбеклар!

Ушбу расмдаги икки “сиймони” яхши таниб олайлик! Улардан бири Ўзбекистоннинг золим ва ғаддор “президенти” диктатор Ислом Каримов, иккинчиси эса унинг маддоҳи, Ўзбекистондаги диктатура режимига билвосита ва бевосита ёрдам бериб келаётган сарой шоири Абдулла Ориповдир!

Нега президентни қўштирноқ ичида, шоирни эса қўштирноқсиз ёзмоқдамиз?

Чунки Ислом Каримовнинг Президентлик муддати 2000 йилда тугаган эди. У 1991 йилда муқобиллик асосида Президентликка сайланган ва кўпи билан икки марта, яъни 2000 йилгача Президент бўлиши керак эди. Аммо Ислом Каримов зўровонлик, инсон ҳуқуқларини паймол қилиш, миллатимизнинг овозини ўчириш, халқни оммавий қатоғон қилиш ва қатлиом қилиш (Андижонда 2005 йилда) билан Президентлик мансабини ноқонуний шаклдда эгаллаб ўтирибди. Ислом Каримовнинг диктатор, яъни ноқонуний президент эканлиги кўплаб халқаро ва маҳаллий ташкилотлар тарафидан далиллар билан исботланган.

Абдулла Орипов ҳақиқатан ҳам шоирдир. Аммо шоирлар икки хил бўлиши ҳам ҳақиқат: Улардан, биринчилари хаёлий, ўзлари ҳам ишонмайдиган, амал қилмайдиган шеърлар ёзадиган, эътиқодсиз ва маънавиятсиз одамлардир. Иккинчилари эса, ижодини ҳаётига тадбиқ қилишга, яъни ёзган нарсасига аввало ўзи амал қиладиган, ижодида акс эттирган ғоя ва мақсадлари учун курашадиган эътиқодли, имонли кишилардир.

Адбулла Орипов ижодининг бошланғичида яхши, чуқур лирик туйғуларга асосланган шеърлар ёзган ва жамоатчиликнинг назарига тушганди. Аммо у кўп ўтмасдан сарой шоирига айланди. Аввал Коммунистик партиянинг пинжига кириб, бу динсиз диёнатсиз (атеист) партияни “Нажот қалъаси”, дея кўкларга кўтарди. Кейин Ўзбекистонда Каримов диктатураси ўрнатилгандан кейин бу золим диктаторни “Орол денгизи қуриса нима бўпти, унинг ўрнига Ислом акамиз” борларку, дея маддоҳликда илғорликка интилди. Абдулла Орипов ва унга ўхшаш сарой ижодкорлари Ўзбекистон мустақил бўлгандан кейин Каримов режимига бирон марта, номига бўлса ҳам қарши чиқмадилар. Ўзбекисонда инсон ҳуқуқлари топталаяпти, инсонлар бекорга қамалиб кетаяпти, сиёсий мухолифатга, диндорларга зулм қилинаяпти, демадилар. Ижодкорлар учун мутлақ зарур бўлган сўз, фикр, матбуот ва эътиқод эркинлигининг диктатор ва ҳамтовоқлаари томонидан топталишига қарши чиқмадилар. Яъни, улар адабиёт ва санъат аҳли учун ўта муҳим бўлган маънавий қадриятларни, инсоннинг эркинлигини, ижтимоий адолатни ҳимоя қилмадилар.

Хуллас, ноқонуний президент, яъни диктатор Ислом Каримов ва унинг сиёсий командаси Ўзбекистонда ҳуқуқ ва қонунчиликни ўлдирган бўлсалар, сарой шоири Абдулла Орипов ва унга ўхшаш “ижодкорлар” ватанимизда маънавиятни ўлдирдилар. Афсуслар бўлсин сизга, эй миллат пешволигини иддоа қилиб, ўз ҳавойи нафсига қул бўлган бечоралар!

 

Намоз Нормўмин,

10 ноябрь 2012 йил.