ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ҲАРАКАТИ ЖИПСЛАШИШ ЙЎЛИДА

ЎХҲ тузилганигига бугун роппа роса 70 кун бўлди. Ҳаракатимизнинг ўртага чиқиши тарихий зарурат эканлиги бу кунлар ичида қилинган амалий ишлар билан тасдиқланиб бормоқда. Аввало шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда ҳам, хорижий давлатларда ҳам ЎХҲнинг тузилиши катта акс садо берди.

ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ҲАРАКАТИ ЖИПСЛАШИШ ЙЎЛИДА
20 views
04 August 2011 - 15:10

ЎХҲ тузилганигига бугун роппа роса 70 кун бўлди. Ҳаракатимизнинг ўртага чиқиши тарихий зарурат эканлиги бу кунлар ичида қилинган амалий ишлар билан тасдиқланиб бормоқда. Аввало шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда ҳам, хорижий давлатларда ҳам ЎХҲнинг тузилиши катта акс садо берди. Қисқа муддатда мингларча хайриҳохлар ҳаракатга келиб қўшилдилар ёки унинг фаолияти ҳақида ижобий фикр билдирдилар. Бу қисқа муддатда ЎХҲнинг ватанимизда бир неча бўлимлари ташкил қилинди. Бошқача сўз билан айтганда аввалда мамлакатимиздаги И.Каримовнинг диктатура режимига мухолифатда бўлган кучлар ҳаракатимизга келиб қўшилдилар ва қўшилмоқдалар. Албатта, Ўзбекистон ЎХҲнинг асосий фаолият майдонидир, аммо мавжуд мустабид ва ҳатто айтиш мумкинки давлат террори шартларида ҳаракатни ватанимизда жонлантириш осон эмаслиги ўз ўзидан аён бўлса керак. Шунингдек, бу муддат ичида ЎХҲнинг Финландия, Норвегия, Швеция, Туркия, Канада, АҚШ, Австралия, Чехия бўлимлари тузилди ва фаолиятга бошлади. Айни пайтда Русия ва Қозоғистонда инсонларимизни ҳаракат фаолиятига жалб қилиш ишлари давом эттирилмоқда.

ЎХҲнинг қисқа вақтда мамлакатда ва хорижда бу шаклда оммавийлашиши албатта бесабаб эмасдир. Бунинг негизи аввало ЎХҲнинг тўғри мафкуравий ва ижтимоий сиёсий тамалга ўтиртилганлигидадир. Яъни, ЎХҲнинг ўз дастурида эркин, ҳуқуқий, адолатли фуқаровий жамият тузишни мақсад қилиб олиши шубҳасиз инсонларимиз қалбларида ижобий акс садо берди. Бу орқали ҳозирги кунда халқимиз орасида турли тушунча ва ижтимоий қатламларни ўз ичига олган гуруҳларнинг мафкуравий ва ижтимиой-сиёсий талаблари қондирилган бўлди. Яъни, ҳаракатга қўшилган бутун гуруҳлар аввало Ўзбекистондаги мавжуд диктатура тузумини ўртадан қолдириш, бу орқали мазлумларнинг озодлигига эришиш, халқимизни ташкил қиладиган турли табақаларининг эътиқодий ва миллий қадриятларини ўз ичига оладиган мўътадил адолатли жамиятни барпо этиш масаласида ҳамфикрликка эришдилар. Зеро, ЎХҲнинг тузулиш ғояси зулм тузумини бартараф қилиб, адолатга асосланган жамият қуришдан иборатдир. Бу масалада ЎХҲ Муассислар Мажлиси Раиси ҳурматли Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонда келажакда барпо этиладиган жамият шакли ҳақидаги ушбу дастурий баҳолари алоҳида аҳамият касб этади:
Шавкатбек: ..Ўзбекистонда тузум қурмоқчи бўлсангиз, қанақа тузум бўлади у? У Исломга, шариатга асосланган бўладими ëки бўлмаса демократик, одамларни инсон ҳуқуқлари бўйича таъминлайдиган қанақа давлат бўлади?
Муҳаммад Солиҳ: ..Бизнинг программамизни ўқиган бўлсангиз, Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг программасида очиқ ва ойдин ëзилган. Биз ҳуқуққа асосланган фуқаровий жамият қурамиз, дейилган, бунда қонун устуворлиги, ҳуқуқ устуворлиги, адолат устуворлиги бўлади. Идеал давлат, идеал адолатга асосланган давлат бўлади. Уни демократик деб атайсизми, диктаторлик деб атайсизми ëки хонлик, подшолик деб атайсизми адолати йўқ давлат золим бир давлат бўлади. Биз золим давлатнинг 20 йилдан бери ўлкани нимага айлантирганини кўраяпмиз. Шунинг учун бу тажрибадан келиб чиқиб, биз озодлик, ҳур фикрлилик ва адолат тарафдори бўламиз ва биз қуришни орзулаган давлатимиз ҳам ана шу принципларга, ана шу қадриятларга асосланган давлат бўлади. (Қаранг: Озодлик Радиоси Ўзбек бўлими Эркин Микрофон дастури)

Ушбу иқтибосда ЎХҲнинг ижтимоий-сиёсий мақсади аниқ акс эттирилган. Яъни, аввалги вазифа диктатура режимининг тугатилиши, мазлумларнинг озод қилиниши ва халқимизнинг янги жамиятга мафкуравий ва ижтимоий-сиёсий портлашларсиз ўтиши учун замин яратилишидир. Бошқача сўз билан айтганда, ЎХҲнинг мақсадлари амалга ошадиган бўлса, халқимизни ташкил қиладиган турли миллат вакилларининг ва барча ижтимоий табақаларнинг талабларига жавоб берадиган эркин, ҳуқуқий, адолатли жамият шакли ўртага чиқади, инша Аллоҳ.
ЎХҲ ўзининг мана шундай олижаноб мақсадига эришиш учун турли соҳаларда фаолиятларини йўлга қўйишга ҳаракат қилиб келмоқда. Юқорида ҳаракатнинг ташкилий соҳада амалга оширган ишларини қисқача изоҳлаб ўтдик. Шу билан бирга ЎХҲ ўз фаолиятида ташвиқот ва тарғибот ишларига алоҳида эътибор қаратгандир. Бу мақсадда ҳаракатнинг веб саҳифаси, файсбок саҳифаси, Туркистон интернет телевидение тармоғи, Эркин Юрт газетаси ташкил қилинди. Ушбу ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларида ЎХҲнинг дастурий ғоялари билан бирга мамлакатимиз ва дунё халқлари ҳаётига оид турли хабарлар ва таҳлилий мақолалар ўрин олган.
ЎХҲнинг ватанимизда ва хориждаги фаолияти мавжуд диктатура режимини ва бу режимга хизмат қилаётган сохта мухолифатчиларни қўрқувга солиб қўйгани ҳам бир ҳақиқатдир. Бунинг далили сифатида Ислом Каримовнинг диктатура режимига хизмат қилиб келаётган оммавий ахборот воситаларида, ўзларини БИРЛИК ва БИРДАМЛИК ҳаракатлари, деб атайдиган аслида эса халқимизнинг бирлик ва бирдамлигининг душманлари бўлган жоҳил гуруҳларга оид интернет саҳифаларида ЎХҲ ва унинг вакилларини ҳеч қандай далилсиз радикализм ва терроризмда айблашларини мисол ўрнида кўрсатиш мумкиндир. Бундай айбловлар шунчалик жоҳилано ва асоссиз ки, уларни ўқиган инсон кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмай қолади. Масалан, ўзини БИРДАМЛИК ҳаракати раҳбари, дея танитиб юрган киши ЎХҲ вакилларини исломий радикаллар, дея айблайди ва Ислом динини эса қулдорлик тузуми, дея баҳолайди. Ўзининг пала-партиш сиёсий эҳтиросига берилган бу кимса бу сўзлари орқали имон ташқарисига чиқиб кетганлигини билармикин? Динимизни ҳақоратлаш наҳотки сиёсий кураш усули бўлса?
Юқорида таъкидлангани каби, ЎХҲнинг ўртача чиқиши халқимиз ҳаётида мафкуравий ва ижтимоий жиҳатдан тарихий воқеаликдир. Буни ҳаракатимизнинг мақсадлари ва амалга ошириб келаётган ишларидан мисоллар келтириш билан далиллашга уриндик. Шу ўринда ЎХҲ ижобий мақсадларини амалга ошириш йўлида ўзининг бирлигини қандай қўрий олади, деган савол туғилиши табиийдир.
ЎХҲ кирган барча гуруҳлар бу ҳаракатни ўзлари учун қадар бирлиги ўрнида кўришлари лозим бўлади. ЎХҲ кирган гуруҳлар бугунга қадар турли йўналишларда мавжуд диктатура режимига қарши курашиб келган эдилар. ЎХҲ тузилиши билан ўзбек мухолифати умумий мафкуравий ва ижтимоий-сиёсий йўналишга эга бўлди. ЎХҲ мақсади – фақат диктатура режимидан қутилиш эмас, бу режим ўрнига янги, адолатли режимни таъсис қилиш ҳамдир. Бу эса йиллар давомида амалга ошадиган ижтимоий сиёсий жараёндир. Чунки диктатурани ўртадан кўтариб ташлаш нақадар машаққатли бўлса, унинг ўрнига янги жамият қуриш ҳам шу қадар машаққатлидир. Ўзбекситондаги мавжуд диктатура режими йиқилгандан сўнг ЎХҲ кирган турли гуруҳлар янги тузум қуришдан мукаллаф(масъул)дирлар. Албатта, бу мажбурият эмас, масъулиятдир.
ЎХҲнинг вакиллари халқимизнинг эркинлиги ва ватанимизнинг тараққиёти учун курашар эканлар, буни ўзларининг шахсий ва гуруҳий манфаатлари йўлида эмас, Ҳақ розилиги йўлида амалга оширмоқдалар. Зеро, аввало Ҳақ розилиги бўлмасдан, халқ розилиги ҳақида ҳам, инсон розилиги ҳақида гапириб бўлмайди.
НАМОЗ НОРМЎМИН,
ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси.