Диктаторликнинг “Ўзбек модели”

Диктаторликнинг “Ўзбек модели”
15 views
20 November 2012 - 8:30

Эй Ўзбегимнинг бугунда ҳаёт ёши улуғлари, мўътабар отахон ва онахонлар!

Биз, миллатнинг сизга тенгдош ва замондош бир гуруҳ фуқаролари,  зиммамиздаги юк, масъулият, бурч амрига кўра, Сизга, қадрли замондошларимизга (ўзимизда чиқишнинг иложи йўқлигидан ЎХҲ сайти орқали) мурожаат қилмоқдамиз. Сиз-у, биз бир неча сиёсатларни кўрганмиз, миллат тарихининг неча бузиб-тузиб, яна бузиб ёзилишларига гувоҳмиз.

Ҳозирда Ўзбекистонда ёлғон ва ўғирлик, порахўрлик, қотилликка  асосланган шундай бир сиёсат амал қилмоқдаки, бу мурғак авлодларимиз онгини аллақачон заҳарлаб  бошлади. Чунки собиқлардан сарқит мафкуранинг “ўзбек модели” ўтган асрнинг “Сталин отамиз, Соясида ётамиз…” қабилидаги шахсга сиғиниш руҳида шакллантирилганлиги тарихдан хабардор катта авлод учун кундай равшандир.

21 аср Ватанимизда қуллик уруғларини “боғча ва мактаб далалари”га сепиш ва экишдан бошланган эди. Бу хиёнаткорона сиёсат келажакни “туғилган заҳоти”даноқ бўғишга каратилганлиги айни кунда ўз натижаларини бермоқда. Советча манқуртликнинг диктаторча истиқболи мурғакларимиз онгидаги кўринмас  ҚЎРҚУВ – ўзидан кучлироққа тобеълик, ялтоқланишга мойилликда кўринмоқда.

Биз ўтган йиллар, курашлар, ижтимоий-сиёсий қарашлар, “Бирлик”, “Эрк” халқ Ҳаракатлари юзага чиққан,  Миллатнинг уйғониш даври – 80-90-йиллар аччиқ-чучугини татиган, даврларни қиёсий таққослаб, тўғри хулосалар чиқаришга қодир авлод вакилларимиз. Шундоқ экан, ёшларимизни бугунги бузғунчилик сиёсатининг қурбони бўлиб кетишдан асраш, уларга Ҳақиқатни етказиш сиз-у бизнинг бурчимиздир.

У қандай Ҳақиқат экан, дейсизми?

У ўзингиз билганингиздай, ўтган асрнинг 20- йилларида Қизил империя томонидан синдирилган Миллий Мустақиллик Ҳақиқати бўлиб, 90-йилларда, иккинчи бор қад тикаётган паллада, такрор алданиб қолган Мустақиллигимиз Ҳақиқати эди. Келинглар, биргаликда 20 йил орқага назар ташлайлик.

1991 йилда Президентнинг Қуръон ва Конституцияга қўлини қўйиб, Халқи, Ватани, депутатлар олдида, Аллоҳ гувоҳлигида қасамёд қилганларини эслайлик.

Бу ҳайрон қоларлик, аламлик, фавқулодда бир ҳол эди. Ахир бу одам куни кечагина Мустақиллик учун курашда анча танилиб, халқ назарига тушган “Бирлик”, “Эрк” ҳаракатларига, Сўз ва Матбуот эркинлиги, Миллатнинг Собиқ Иттифоқ таркибидан ажралиб чиқиш талабларига  тиш-тирноғи билан мутлақо қарши эди-ку.

Мана, унинг сайланиш тарихи қандай эди: Аввало, ҳаммадан қўрқинчлиси, ўша вақтларда жойлардаги мансабларнинг деярли  90 фоизи “советча кадрлар” қўлида эди. Улар ҳали Муҳаммад Солиҳ, Отаназар Орифлар бошлиқ зиёлилар билан бир қозонда қайнашга, янгича Низом ва Программа асосида иш юритишга тайёр эмасдилар. Агар Миллий Ҳаракат Давлат тепасига чиқар бўлса, мансабдан ажралиб қолишдан қўрқардилар. Бу қўрқув сайловлар жараёнида уларни бирлаштирди. Ва кечирилмас хиёнат содир бўлди, Мустақилликка ташна халқ овози сотқинлар қўли билан сохта овозларга алмаштириб қўйилди.

Давлатнинг катта-кичик курсиларини эгаллаб олган бир гала собиқлар қўлловида Президент лавозимини эгаллаган эски Диктатор – қўй терисини ёпинган бўри ишни мунофиқликдан бошлади.  Биз кекса авлод бунга гувоҳмиз. Бунинг исботи шуки, сайловда Муҳаммад Солиҳ номзодини ёқлашда жонкуярлик қилган барча Номлар аста-секинлик билан мансаблардан четлаштирилди, курашга бел боғлаганларнингг эса ҳаёти хавф остида қолди…

Шундай қилиб Диктатор мустаҳкам ўрнашиб олгач, томоша кўрсатишда,  хиёнаткорликда давом этди. Ҳақ  йўлдан юрганларни ўққа тутганларини, соқол қўйган йигитларни, масжидга чиққан талабаларни, авратини ёпган мастура аёлларни диний экстеримизмга алоқадорликда айблаб, шафқатсиз жазолаганлари, турмаларни бегуноҳ одамлар билан тўлдирганларини, турмалар торлик қилиб, қуш учмас жойлардан темир-бетондан қуйма турмалар қурдирганларини эслайлик.

Йигирма йилдирки, ўғирлик ва коррупцияга асосланган мунофиқ Диктатор давлатининг ўз халқига хиёнаткорона сиёсати айни кунда бутун дунёга маълум бўлгани ҳолда, аксарият ёшларимиз тўғри ахборотдан маҳрум, тирикчилик билан андармон бўлиб, илм-фандан узоқ, ижтимоий-сиёсий муҳит таҳлилидан ожиздирлар. Кўриниб турибдики,  Давлатни ўз меросхўрига топширишни мўлжаллаган  Диктатор учун халқни кўрлик ва хўрликда тутиш айни муддаодир.

Матбуоти ўлган, телерадиоси масхарабозлик ва  раққосликдан, карнай-сурнай, чойхона ош, лўттибозлик, бошлиқларига хушомаддан ортмайдиган, қишлоқлар аҳолисининг ёзда сувсиз,  соясиз, қишда чироқсиз, ўтсиз-оловсиз ўтириш-туришига маймунлар йиғлайдиган мамлакатнинг қуллари додини эшитадиган қулоқ, аҳволини кўрадиган кўз йўқлиги ҳам исбот талаб қилмайдиган маълум ҳақиқатдир.

…Ҳақиқатни авлодларга етказиш, ёзиб қолдириш, сўзлаб бериш ва ҳақ йўлга даъват қилиш иймонга ҳаловат, виждонга роҳат, охиратга хужжат-у, далолат экан, биз– бугуннинг катта авлоди бу йўлда ҳамон собитмиз. Ишонамизки, халқимиз, фарзандларимиз, муҳожиротдаги дўстларимиз бир ёқадан бош чиқариб, кураш йўлига киражаклар, эрта-индин ўз Ўзбекистонига ўзлари эга бўлажаклар ва биз ҳам уларга ҳамнафасмиз, иншааллоҳ.

Омонликда кўришгаймиз, деб кўп саломлар билан
ўзбегимнинг бир гуруҳ
КАТТА АВЛОД  ВАКИЛЛАРИ ёздик.