Ўзбекистонда “ПОЛИЦИЯ” ҳақида қонун қачон қабул қилинади?

Ўзбекистонда “ПОЛИЦИЯ” ҳақида қонун қачон қабул қилинади?
64 views
23 November 2012 - 8:32

Куни-кеча Сурхондарё вилоятининг Бойсун туман хокимиятида Ўзбекистон Республикасининг Сенатор ва депутатлари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув кун тартибида битта масала  -“Жойларда қонун нормалари қандай бажарилмоқда?” масаласи кўрилди.  Ушбу масала юзасидан Бойсун туман  ИИБининг ходими, майор Шуҳрат Эсанов маъруза қилди.

“Муҳтарам, сенатор ва депуталар! Ўзбекистонда қачон “полиция”, “миршаб”, ёки бўлмаса, “милиция” тўғрисида қонун ишлаб чиқасизлар? Биз ҳозирги кунгача 1977 йилда собиқ Иттифоқ давридан қолиб кетган, милиция тўғрисидаги қонун билан ишлаб келмоқдамиз. Собиқ СССР парчаланиб кетганига ҳам 23 йил бўлди. МДҲ давлатлари ичида Ўзбекистон хамон эски қонун билан ишлаб келмоқда. Россия, Қозоғистон ва бошқа МДҲ давлатлари “уже” полиция тизимига ўтиб бўлди. Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини эълон қилганидан кейин, мен туман ИИБга ишга келганман. Ўша вақтда “милиция” тўғрисида қонун қабул қилинади” деб айтилган эди. Ҳамма соҳаларда қонунлар қабул қилинди. Эндиги навбат фақат милиция тўғрисида қонун қабул қилиниши керак…”

Тошкент шаҳридан келган сенатор ва депутатлар, миршабнинг маърузасини эшитиб бўлгач, “Ҳали бу масала кун тартибида қўйилган эмас. Ўзбекистон ИИВ бизларга талаб ва таклифлар билан киришлари керак. Қолаверса, юқорининг маҳсус топшириғи бўлмагунича, бу масала кўриб чиқилмайди” деб жавоб берган “меҳмон” “мезбон”нинг афт-ангорига қараб, юзини буруштириб қўйди-да,  залдан шаҳдам қадам билан чиқиб кетишди.

Энди шу ўринда савол туғилади. Хўш, Ўзбекистонда милиция тўғрисида қонун йўқ экан. Унда ИИБ ходими қайси қонунга асосланиб ишламоқда? Аввал милиция ходимлари ўзларининг касблари юзасидан қонун қабул қилишлари керак эди-ку? Ундан сўнг, бошқаларни шу қонунга бўйсидириш учун, “даъват” қилишлари мумкин. Афсуски…

Ўзбекистонда фаолият кўрсатиб келаётган ИИБ ходимлари ноқонуний равишда фаоллик кўрсатар эканлар. Бу ерда қонун тўғрисда сўз бўлиши ҳам мумкин эмас. Энди бундай шароитда фуқароларимиз ИИБ ходимидан қандай ҳолатда ўзларини ҳимоя қилишлари мумкин?!

Биринчидан: Фуқарони ИИБга олиб кетишларидан олдин, ҳар бир фуқаро ўз ҳуқуқларидан келиб чиққан ҳолда, яъни Конституциявий талабларига кўра, унинг номи ва исми шарифи ёзилган (ИИБ, Прокуратура, МҲҲ) органларининг маҳсус штамп ва муҳр асосида “чақурув қоғози” (повестка) бўлиши шарт.

Агар фуқаро “гумон” сифатида қўлга олинса, унда фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 47-моддаси асосида суриштурувчи, терговчи, прокуратура ходимлари жиноят содир этганликда “гумон” қилиш юзасидан, дарҳол қарор чиқармоғи лозим.

Шу ўринда савол туғилади. “Гумон” қилинувчи шахс ким бўлиши мумкин? “Гумон” остида қўлга олинган шаҳс – жиноят содир этгани тўғрисида маълумотлар бор бўлса-да, бу маълумотлар унинг ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишига жалб қилиш учун, етарли бўлмаган шахсдир.

Иккинчидан: Фуқарони ИИБга олиб кетишга тайёрланаётган  милиция ходими, ўзини таништириши, ИИВазирлиги томонидан берилган, “гувоҳнома”сини албатта фуқарога кўрсатмоғи шарт.

Учинчидан: Милиция ходими фуқарони ИИБига олиб келганидан сўнг, фуқарони қайси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органида ушлаб турилгани тўғрисида унинг адвокати, ишончли вакили ёки, яқин қариндошларига хабар бермоғи мажбурийдир. Агар маълум қилмаса, ИИБнинг ходими Ўзбекистон Республикаси ЖПК ва бошқа қонунларни очиқдан-очиқ оёқ-ости қилган бўлади. Ундай “ишчи” ходимга нисбатан чора кўрилмоғи даркор.

Агар фуқаро “жиноий иш” билан, “Айбланувчи”сифатида қўлга олинган бўлса, унда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 45 моддаси асосида айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниши ҳақида қарор чиқарилиши керак.

Яна бир масала – “гувоҳ!” масаласидир.  Жиноятни содир этган бўлса, унда “гувоҳ” деб топилган шаҳс жиноят юзасидан ўзининг кўрган-кечирганларини ИИБга айтиши мумкин. Ҳар қандай ҳолда ҳам,  ҳар қандай шаҳс гувоҳ сифатида ўтиши мумкин. Бироқ… Гувоҳ ўша фуқарони жиноят содир этганлигини рўй-рост айтиши ва ўз кўзи билан кўргани, “ушлагани” тўғрисида айтмоғи лозим.  Бу ерда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 65 моддасига асосан иш тутилмоғи керак.

Тўртинчидан: “Маъмурий иш” ёки, “жиноий иш” очилишидан олдин, фуқарога суриштурувчи  яъни терговчи, прокурор Ўзбекистон Республикаси Қонунларидан келиб чиққан ҳолда, фуқарога  Ўзбекистон Республикаси МЖТКси ва ЖКнинг “шу-шу  моддалари билан айбланмоқдасиз!” деб кўрсатма бермоғи керак. Ҳар бир фуқароимиз қайси моддалар билан айбланаётганлигини терговчи, прокурордан сўраб-суриштиришлари керак. Чунки, ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳақ-ҳуқуқидир.

Бешинчидан: Фуқаро қилган жинояти  юзасидан “тушунтириш хати” ёзиб бериш мажбурий эмас. Чунки, Ҳалқаро ташкилотларнинг қонунларида бундай ҳолатлар йўқ. Лекин Ўзбекистон қонунларида ҳали бу тўғрисида бирон бир сўз келтирилмаган. Собиқ Иттифоқ давридан қолиб кетган, «объяснения»   фуқаронинг тақдирини ҳал қилолмайди. Яъни фуқаро мажбурий равишда “тушунтириш хати” ёзиб бериши мажбур қилинмайди. Агар терговчи тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилса, унда фуқаро ўзига қарши “тушунтириш хати” бермаслиги керак.  Терговчи “тушунтириш хати” ёзиб олиш учун, фуқарони қийноқ асосида мажбурласа, унда мансабдор шаҳсга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 235-моддасида кўрсатилган талаблар бузилган бўлади. Куч ишлатувчи орган ходимлари фуқарога нисбатан тергов давомида “куч” ишлатса, унда фуқарога етказилган тан жароҳати хужжатлаштирилиб, тиббий кўрикдан ўтказилади. Бу тўғрисида  фуқаро дарҳол адвокати ёки яқин-қариндошларига тиббий кўрикдан ўтганлиги тўғрисида хужжатни бериши мумкин.

Олтинчидан: Фуқаро ИИБининг ёки терговчининг талабларига бўйсунмаса, унга нисбатан Ўзбекистон МЖТКсининг 194 моддаси 1 ва 2 қисми билан айбланиши мумкин. Яъни, “милиция ходимининг талабларини бажармагани учун…” деб жарима солинади. Бироқ… фуқаро 3,5,15 (сутка)гача “маъмурий қамоқ” жазосига тортилиши ҳам мумкин. Аммо… суднинг қарори асосида амалга оширилади. Лекин… Суд “иш”ида фуқаро ўзи содир этган жиноятини исботлаш учун, унинг ҳимоячиси далиллий ашёларга таянган холда асослаб бермоғи керак. Фуқаронинг содир этган жиноятига нисбатан  фақат одил суд “баҳо” беради.

Еттинчидан: Фуқарога нисбатан қўлланилган модда ва бандлар асосида тузилган “протокол”га имзо чекиш ва чекмаслик ҳам, фуқаронинг иҳтиёридадир. Бунда адвокати ёки ишончли вакили иштирокида хамда гувоҳлар иштирокида “фуқаро протоколга имзо чекишдан бош тортди” деган мазмунда “далолатнома” тузилади. “Далолатнома” эса, фуқаронинг талабларидан келиб чиққан холда тузулмоғи даркор.

Саккизинчидан: Агар фуқаронинг “суриштурув” давомида  содир этган жинояти аниқланган бўлса, унда Ўзбекистон ЖПКнинг 221-моддаси асосида 72 соат давомида  ушлаб турилиши мумкин. Шунда ҳам, фуқаронинг юқорида қайд қилинган талаблари бажарилган бўлса. Фуқаронинг адвокати, ишончли вакили шу 72 соат ичида келмаса, унда фуқаро ўша худдуда ушланган жойнинг ўзида яъни прокуратура органларига ёзма равишда мурожаат қилмоғи лозим.

Тўққизинчидан: Агар фуқарога нисбатан “маъмурий иш” қўзғатилган бўлса, унда Ўзбекистон МЖТКсининг 283 моддасига кўра, 3 соат ичида ИИБда ушлаб турилиши айтилган. Бундан ортиқ ушлаб туриш қонунга зид хисобланади.

1992 йил Ўзбекистон Республикаси БМТга аъзо бўлиб кирган. Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон деклерациясига қўшилган. Демак Ўзбекистон Республикаси унинг барча талабларини тан олган. Шу деклерациянинг 11-моддасида “Жиноят содир этилганликда айбланган ҳар бир инсон ҳимоя учун барча имкониятлар таъминланган ҳолда, очиқ суд мажлиси йўли билан унинг айби қонуний тартибда аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланишига ҳақлидир” дейилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26 моддасида “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча, у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиши учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас. Ҳеч кимда унинг розилигисиз тиббий ёки илмий тажрибалар ўтқазилиши мумкин эмас…”

1996 йилда Ўзбекистон Республикаси томонидан фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги ҳалқаро пакт ратификация қилинди. Демак Ўзбекистон Республикаси ушбу хужжатда эътироф этилган ҳуқуқларни ўз ҳудудида яшаётган барча инсонлар учун таъминлаш мажбуриятини олган. Фуқаролар ўз ҳуқуқларига риоя этилишини талаб қилишлари мумкин…

 

Фахриддин Тиллаев.

Ўзбекистон “ЭРК” Демократик партиясининг Марказий Кенгаш аъзоси.

fahriddin2009@gmail.ru,

fahriddin71@mail.ru,

fahriddintillo@yandex.ru,

www.Facebook.com/Fahriddin.Tilloev

mobile  +998901224581