Ўзбек сиёсий элитасидаги японча кураш

Ўзбек сиёсий элитасидаги японча кураш
30 views
24 November 2012 - 15:53

Яқинда Ўзбекистон Халқ Ҳаракати расмий сайтида босилган У.Ҳақназаровнинг “Ким Ўзбекистонда ҳукумат учун курашмоқда” сарлавҳали мақоласи ҳукумат органларида ҳозирги пайтда ишлаётган ва ҳар хил даврларда ишдан четлатилган собиқ раҳбар ходимлар орасида катта эътиборга сазовор бўлди. Шу билан бирга кўпчилик юртдошларимиз пойтахт кланининг яқин сиёсий келажакдаги ўрни ва тақдири ҳақидаги мақола муаллифининг фикрига қўшилишини билдиришади. Ўз номини айтишни истамаган собиқ сенаторлардан бири, ҳақиқатдан ҳам И.Каримов қизи “баронесса Гугуша”нинг 2015 йилда давлат тепасига келмасдан туриб, пойтахт кланини йўқотиш режаларини бошлаши соғлом фикрга тўғри келмаслигини таъкидлади.  Маълумки, рақиб ҳисобланмиш пойтахт клани қўлида яна бир жуда муҳим бўлган давлат ичидаги давлат – МХХ борлиги, бу эса ҳукуматнинг бутун ҳамма (истисносиз) жабҳалари фаолиятининг асосий кафили ва калити ҳисобланишидир.

Шундай қилиб  собиқ сенаторнинг таҳлилига кўра, ҳозирги мавжуд вазият Ўрта Осиёнинг энг муғомбир инсони бўлмиш ва халқ ичида “Оқсоқол” номини олган И.Каримовдан  қизи Гулноранинг давлат тепасига келишининг биринчи босқичи якунига қадар Тошкент кланининг алоҳида вакилларини катта лавозимлар туҳфа қилиш каби ёлғон ваъдалар билан лақиллатиб туришни ва назорат остида ушлаб туришни талаб қилади. “Иш битиб, эшак сувдан ўтгач” оқсоқол Гулноранинг қўли билан Жиу-житсу деб аталувчи қадимги япон курашининг қоидаларига монанд ўзининг анчадан буён режалаштирган найрангини ишлатиши кўзда тутилган. Маълумки, Жиу-житсунинг асосий тамоили рақибнинг хужумларига ўзини қўйиб бермаслик, ғалаба қилиш учун мутлақо қаршилик кўрсатмаслик, балки душман ҳаракатларидан ўзини усталик билан четга олиб, айнан шу пайтнинг ўзида уни тузоққа тушириш учун исталган томонларга йўналтириб толиқтириш ва қулай вазият келганида, душманнинг бутун кучини енгиш учун унинг ўзига қарши ишлатишдадир.

Сенаторнинг фикрича, нашр этилган мақолада кўпчилик инсонлар ўта даражада пихини ёрган муғомбир И.Каримовнинг навбатдаги хийла ва найрангини амалга ошираётганлигига ишонч хосил қилиб, айниқса унинг кўзда тутган яширин режаларини вазиятга нисбатан мантиқий “тўғрилигини”, илгаригиларига қараганда  жуда усталик билан режалаштирилганини қайд этишмоқда.  Шу билан бирга суҳбатдошимиз босилган мақоланинг айрим қисмларига тўхталиб, ҳақиқатдан ҳам осий полковник М.Худойбердиев 1998 йилда Тожикистонга қилган ҳужумидан олдин  ўз жангарилари билан Ш.Мирзиёев ҳокимлиги пайтида Жиззах вилоятининг Зомин туманида жанговор тайёргарликдан ўтганлигини тасдиқлади.  Унинг гапига қараганда аввалига маҳаллий ҳокимият вакиллари халқ ичида тожикистонлик жангарилар ва уларнинг хулқ-атворига  нисбатан тобора ўсиб бораётган оммавий норозиликлар ва шикоятларга нисбатан қандай чора кўришни билишмас эди. Кейинчалик эса бу масала вилоят ҳокимлиги даражасида кўриб чиқилганлигини билдирди. Ўша пайтдаги вилоят ҳокими бўлган Ш.Мирзиёев масалани кўриб чиқиб маҳаллий ҳокимиятларга тезлик билан оломон ичида керакли тушунтириш ишларини олиб боришни юклаб, вилоят МХХ бошқармаси раиси генерал Алижоновга эса тегишли кўрсатма берганлигини маълум қилганлигини эслатиб ўтди.

Суҳбат давомида собиқ сенатор ўша даврда  масалани тезроқ ҳал қилинишини таъминлаш борасида Тошкент шаҳридан хатто жангариларнинг хомийлари ҳам келишга мажбур бўлишганини ва бу ҳақда аниқ маълумотни унга айнан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бирида ишлаган турмуш ўртоғининг укаси (қайниси) орқали маълум бўлганлигини  айтди. Кураторлар ҳисобланмиш майор Шуҳрат Ғуломов ва Ҳаёт  Шарифхўжаевлар эса МХХ раиси Р.Иноятовнинг фавқулодда кўрсатмаси билан М.Худойбердиев бошчилигидаги жангарилар томонидан маҳаллий халқ орасида безориликга оид ҳатти ҳаракатларга чек қўйиш юзасидан ишни олиб боришда бир неча кун қолиб кетганларини ҳам ҳикоя қилди.

Кўпчилик раҳбарларнинг фикрига қараганда, Тожикистонлик осий полковник М.Худойбердиев ва унинг қўл остидаги минглаб жангариларни Ўзбекистон ҳудудида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тайёргарликдан ўтказиш, қурол яроғ билан таъминлаб қўшни давлатга оммавий тартибсизликлар учун жўнатиш ва кейинчалик уларни махсус тадбирларда яширинча ишлатиш ғояси асли ҳозирда МХХ раисининг биринчи ўринбосари бўлган Ш.Ғуломовга тегишли бўлган. Аммо жангариларнинг 1998 йилда қўшни давлатда шармандаларча мағлубиятга учраганига қарамасдан бундай ғояга нисбатан Ўзбекистон президентидаги ҳақиқий қизиқиш 2005 йилда бўлиб ўтган Андижон воқеаларидан сўнг кескин ортиб кетган.

Яқин келажакда сиёсий майдонга чиқувчи Ўзбекистоннинг янги раҳбарлари мавзусида сенатор ўзининг ва бошқалар раҳбар ходимларнинг мақола муаллифи билан Ўхшаш фикрдалигини билдирди. Уларнинг фикрича, Ўзбекистонда бўладиган раҳбарлар алмашинуви АҚШ ўз ҳарбийларини Афғонистондан чиқаришни мўлжаллаган санадан олдин ҳам рўй бериши мумкин, чунки 2014 йилдан кейин И.Каримов ўз қўлида ҳозирги пайтда мавжуд бўлган Оқ Уйни ўз мақсадлари йўлида зўрлашга ва сиёсий шантаж қилишга доир имкониятларини бутунлай бой бериши ҳақидаги гумонлар хеч кимга сир эмас.

Натижада Оқ Уйнинг тўғрида-тўғри қўллаб қувватлаши боис Ўзбекистон президенти лавозимини Г.Каримова, вақтинчалик МХХ раислигини шак-шубҳасиз генерал Ш.Ғуломов эгаллашлари мумкин. Бош Вазир лавозимини эса пойтахт клани етакчиларидан бўлган Рустам Азимов эгаллаб, тезлик билан МХХ билан ҳамкорликда ота-бола Каримовларни  тахтдан ағдариш бўйича ишларни амалга оширади ва шундан сўнг бўлиб ўтадиган сайловга қадар ўтиш даври президенти этиб сайланади. Ҳукуматга яқин доиралардаги манбаларнинг хабар беришича Р.Азимов догматик И.Каримовдан ўзининг либерал дунёқарашлари ва ҳар томонлама кенг кўламдаги қарама-қаршилиги билан ажралиб туради. Энг асосийси шундаки, бугунги кунда унинг қўлида яқин келажакда давлат миқёсида амалга ошириладиган кучли стратегик ва тактик режалар мавжудлигидир. Бу режалар, аввало, Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи мамлакатлар ва барча ишбилармон доираларида алоҳида ҳурматга сазовор бўлганлиги билан кўпчилик эътиборини тортган.

Х.Шарифхўжаев номзоди ҳақида гап кетганда ҳукуматдаги раҳбар ходимларнинг аксарияти бир хил фикрга эгадирлар, яъни унинг бугунги кунда Ўзбекистонда мисли кўрилмаган даражадаги юқори обрў-эътибори ва ҳамма соҳалардаги таъсири  тескари натижаларга олиб келиши мумкин. Аксинча бу ҳолнинг сабабларини бир қанча мисолларда кўриш мумкин, масалан шарқона тушунчаларга биноан, бир соҳада икки лидер бўлмаслиги ёки “бир қозонда икки қўчқорнинг боши қайнамаслиги” каби мақол ҳам кўрсатиб турибди. Қолаверса генерал Ш.Ғуломов ўзининг вақтинчалик ўйинчоқлигини билмаган ҳолда И.Каримов билан бўлиб ўтган навбатдаги суҳбатда Х.Шарифхўжаевдан ўз вақтида халос бўлиш умумий мақсад йўлида ижобий кўрсаткичларга эришишда муҳим  ахамиятга эгалигини эътироф этган. Бундан ташқари МХХ раҳбариятига яқин манбалар таъкидлашича, Х.Шарифхўжаев ўз махсус имкониятларидан ғаразли мақсадларда фойдаланганлиги ва кўплаб соҳаларда вужудга келган муаммоларга бевосита алоқадорлиги сезилиб қолган. Унинг фаолиятининг давоми  муҳим ўтиш даврида  салбий оқибатларга олиб келиши ҳам қайд этилган.

Шуни айтиш жоизки, яъни парда ортидаги бошланиб кетган тошкентлик ва самарқандлик кланлар ўртасидаги  яширин кураш оқибатида мамлакатнинг миллионлаб вакиллари орасида ким бу “ўйинчиларга” давлат тақдирини халқдан сўрамасдан ўзбошимчалик билан хал қилиш ҳуқуқини берганлиги ҳақида қизиқиш ва бахслар тобора ортиб  бормоқда. Жумладан, нима учун И.Каримов ҳукуматни ўз қизига бериши керак, ёки Ўзбекистон унинг хусусий мулки эмаслиги ҳақидаги бахс ва мунозараларни хар қадамда эшитиш мумкин. Бундан ташқари нима учун Бош жаллод Р.Иноятов давлат бошқарув органларига ўз одамларини жойлаштириши керак деган саволлар мамлакатдаги ёшу қарияларнинг кундалик актуал мавзусига айланган. Аммо жавоб битта: қатор йиллар давомида ушбу клан бошлиқлари ва уларнинг қариндош уруғлари ноқонуний равишда бир неча юзлаб миллион доллардан ортиқ миқдоридаги бойликка эга бўлишган. Энди улар жиноий йўл билан топилган миллионларни хазм қилолмасдан оввора… Президент И.Каримовнинг алоҳида кўрсатмаси билан Х.Шарифхўжаев томонидан  аниқлаган маълумотларга қараганда, жумладан уларнинг қўлида ўнлаб фаолият курсатаётган фирма ва банклар, чет эллардаги ҳашаматли иморатлар ва виллалар тақдири уларга ҳеч хам тинчлик бермаётганлиги кўриниб турибди. Натижада улардаги тўхтовсиз давом этаётган хавотир ва очкўзликдан келиб чиққан нотинчлик ким биринчи қабилида тезрок ўз рақибларини бўғизидан тишлашга мажбурламоқда… Албатта, бу ҳаммаси бир кун келиб, ўз якунини топади, аммо улар орасида озмунча қон тўкилмаслиги кўриниб турибди…

 

Темур Исломов,
Ўзбекистон