Хар тўққиз йилда бир марта ақли кирадиган “Бирлик” муовини

Пўлат Охуновнинг “Ислом Каримов нимани танлайди: шармандаликними ёки шон-шавкатними?” мақоласини ўқиб, муаллиф ҳар 9 йилда бир «ақли кирар» экан, деган фикрга келдим.

Хар тўққиз йилда бир марта ақли кирадиган “Бирлик” муовини
178 views
28 November 2012 - 16:11

“Бирлик” партияси раиси ўринбосари Пўлат Охуновнинг “Ислом Каримов нимани танлайди: шармандаликними ёки шон-шавкатними?” сарлавҳали (2012 йил 7 ноябрь fergananews.com) мақоласини ўқиб, мақола муаллифи ҳар тўққиз йилда бир марта «ақли кирар» экан, деган фикрга келдим.

Узоқ кутилган “ақл кириши

Ўзбекистон президенти, гўёки, диктатор эмас, авторитар (қаттиққўл) ҳукмдор эканлиги ҳақида гапираётиб, Пўлат Охунов: “Мен ҳам бошқа муҳолифатчиларга ўхшаб, арзон обрў изидан қувишим, Ислом Каримовни дунёдаги энг бешафқат мустабид деб эълон қилишим ва диктаторлар сафига киритишим мумкин эди. Аммо мен бундай қилолмайман, чунки сиёсат билан шуғулланяпман. Менимча, ҳозирги ҳокимиятни батамом бурчакка тақаб, унга ҳаракатланиш учун макон қолдирмасликнинг кераги йўқ”, – деб ёзган.

Демак, Ислом Каримовни мустабид ва диктатор дея атаётган ўзбек муxолифати (“Бирлик” партияси улардан мустасно), инсон ҳуқуқлари бўйича кўплаб маҳаллий ва хорижий ташкилотлар, Франция маҳқамаси “арзон обрў изидан қувиб”, Ўзбекистон президентини мустабид дея атаётган эканлар. Демак, Каримовни мустабид дея атаётган ўзбек халқи ҳам “шуҳратпараст” ва “обрўпараст” экан-да?!

Мухолифатчи дегани халқнинг олдида юриб, унга бош ва етакчи бўлиши керак эмасми? Аммо П.Охуновнинг юқоридаги гапларидан кўриниб турибдики, “Бирлик” ва унинг раҳбарлари ўзбек халқидан шунчалар ортда колибди-ки, халқнинг боши эмас, думига айланишган. 

“Бирлик” раиси ўринбосарининг “ҳозирги ҳокимиятни батамом бурчакка тақаб, унга ҳаракатланиш учун макон қолдирмасликнинг кераги йўқ” деган гаплари эса одамнинг кулгисини қистайди… Охуновнинг фикрига кулишни ҳам билмайсан, йиғлашни ҳам! 

Каримов ўз шаънига бундай “мақтов”ларни 20 йилдан бери эшитиб келмоқда. Бироқ Каримов ҳокимияти томонидан ўзбек халқига нисбатан ўтказилаётган зулмнинг давом этаётганлигига қараганда, расмий Тошкент ҳеч қачон маконий ноқулайлик сезмаган. 2005 йилги Андижон қатлиомидан кейин БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ҳам, АҚШ Давлат департаменти ҳам, Оврўпа Иттифоқи ҳам Каримовни бурчакка тақай олишмаган.

Аммо “Бирлик” раиси ўринбосари Каримовни диктатор деб атасам, уни бурчакка тақаб қўйишим мумкин, “унга ҳаракатланиш учун макон қолдирмаслигим” мумкин, дейди. Аслида Охунов нарсаларни ўз номи билан атаса, аксинча, Каримов Охуновнинг тирлигига кушиб, “бирлиги”ни ҳам бурчакка тиқиб қўйишидан қўрқади.

 “Ислом Каримовнинг халқ олдидаги охирги бурчи – янги президент сайловларини ҳалол ўтказишга имкон бериш ва ҳокимятни бошқа шахсга бериб, шавкат билан кетиши керак..”, – дейди яна Ахунов.

Самодаги “муҳолифатчи”

Ўзини муҳолифатчи деб ҳисоблайдиган одамнинг Ислом Каримовдан ҳали ҳам ҳалол ва шавкатли ишлар кутаётганини кўриш кулигилидир.

Каримов ва унинг югурдаклари ҳеч қачон ўз ихтиёрлари билан Ўзбекистондаги ҳокимиятни бировга топширишмайди, давлат бошқарувини ҳалол равишда бошқаларга беришга қодир эмаслар. Каримов шармандаликни танласа танлайдики, Ўзбекистонда фуқаролар урушини бошласа бошлайдики, лекин ҳеч қачон қўлидаги ҳокимиятни халқ танлаган одамларга бермайди.

“Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, биз Ислом Каримовга шон-шавкат билан кетишга имконият беришимиз керак, деб ҳисоблайман”, – деб ёзади Пўлат Охунов.

“Бирлик” раисининг ўринбосари осмонлардан ерга тушиши, туш кўришни бас қилиб, бугунги борлиққа нигоҳ ташлаши керак: ўша “биз” (Охунов ва “Бирлик”) қаттиқ истасалар ҳам, Каримовга ҳеч қандай имконият бера олишмайди. Чунки уларда бундай имкониятнинг ўзи йўқ. Аксинча, Каримовда шундай имконият бор. У Охунов ва бошқа “бирликчи”ларга умрларининг охирларини осойишта яшаб, нариги дунёга ўз ажаллари билан кетишларига имконият бериши мумкин.

Ҳозирги молия вазири Рустам Азимовни мақтаб ҳамда Ўзбекистон президентининг вориси ҳисоблаб, Пўлат Охунов “хаёлдагини амалда бор қилиб кўрсатиш” қабилида шундай деб ёзади: “Агар Рустам Азимов Ўзбекистонни демократлаштириш бўйича амалий қадамлар ташласа, “Бирлик” партияси демократик муҳолиф гуруҳ сифатида бу борада Рустам Азимов билан ҳамкорлик қилишга тайёр”. Ҳа, орзуга айб йўқ, дейишади!

Рустам Азимов президент Ислом Каримовнинг шаҳсий пора ташувчиси бўлиб, йирик хорижий инвесторларни талаш бўйича Каримов оиласига воситачилик қилади. Президентнинг асосий пора ташувчиси “Ўзбекистонни демократлаштириш бўйича амалий қадамлар” ташлашига умид билдириш аҳмоқликдан бошқа нарса эмас!

Ўзбекистон президенти бўлгач Рустам Азимов “Бирлик” билан ҳамкорлик қилиши ҳақидаги хом хаёлларга бориш эса ҳақиқий калтабинликдир. Нимага у бундай қилиши керак? Узоқ кутилган ҳокимиятни энди қўлга киритганда Рустам Азимовга мухолифат билан ҳамокорлик қилишнинг нима кераги бор? “Бирлик”нинг халқ ичида бирор тарафдори ва ёки дастаги йўқ-ки, ундан Рустам Азимов қурқса!

Мақола сўнгидагина “Бирлик” раисининг ўринбосари: “Ислом Каримовнинг даври ўтди! Каримов ҳокимиятни топшириши керак! Биз ўзгаришларни истаймиз!” – деб, тўгри ёзган.

Охуновнинг 9 йил аввалги “ашулалари”

Аммо Пўлат Охунов бу ҳақиқатга роппа-роса 9 йил деганда эмаклаб келди. 2003 йил ноябрь ойида Тошкентда “Бирлик” томонидан ўтказилган “Ўзбекистон: кеча, бугун ва эртага” деб номланган анжуманда бошқа муҳолиф гуруҳлар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг истеъфосини тарғиб қилиш зарурлиги ҳақидаги таклифига айнан шу Охунов қарши чиққанди.

Таниқли ҳуқуқбон Елена Урлаеваннинг “Каримов режими билан мунозарага ҳам, муҳокамага ҳам бориб бўлмайди, Ўзбекистондаги диктатура ҳеч қачон муxолифат ва халқ билан муроса қилмайди”, деган гапларини Пўлат Охунов бўлиб, ҳуқуқбондан сиёсий баёнотларни бас қилишни талаб қилгани ўша анжуман иштирокчиларининг ҳали ҳам эсида.

Aнжуманда “нутқ” сўзлаган Пўлат Охунов уялмасдан: “Ўзбекистондаги режим диктатура эмас, демократия. Агар Ўзбекистонда диктатура ҳукм сурганида, бугун биз, муҳолифатчилар, бу ерда йиғилиб, ўз фикрларимизни очиқ айта олмасдик”, – деганди.

Ҳа, бундан 9 йил илгари Пўлат Охунов шундай “ашулалар куйларди”.

Кимда ким ушбу сатрларнинг ростлигига шубҳаланса, 9 йил аввал centrasia.ru веб саҳифасида эълон қилинган “Тошкентда муҳолифат анжумани ўтказилди. Президент истеъфоси масаласи муҳокама қилинди” деган хабарни www.centrasia.ru сайтидан ўқиб олишлари мумкин.

Сиёсий иккиюзламачиликнинг навбатдаги “хуружи”

Бу ҳолат Пўлат Охуновнинг қарашлари ва хулқ-атворидаги ўзгаришлар эмас. Бу “Бирлик” раиси ўринбосарига хос бўлган сиёсий иккиюзламачиликнинг навбатдаги “хуружи”. 2005 йил ёзида бутун жаҳон ҳамжамияти Андижон воқеаларини тинч аҳолининг қатлиоми дея баҳолаб, бу борада халқаро текширув ўтказишни талаб қилганда, Пўлат Охунов бу воқеаларни ҳижолатланмасдан диний экстремистларнинг исёни деб атаб, Каримов ҳарбийлари, гўёки, тинч аҳолини эмас, акромийларни отиб ташлагани ҳақида баёнот берганди.

Андижон воқеаларига бағишланган “Акромийларнинг исёними ёки демократик кучларнинг чиқишими?” деган мақоласида “Бирлик” раисининг ўринбосари Оврўпа Иттифоқи ва АҚШнинг Андижон қатлиоми борасидаги баҳоларини шошилинч ва нотўғри деб айтганди.

2008 йил 11 июль куни эълон қилинган “Пўлат Охунов “Андижон ҳақиқати”га қарши” сарлавҳали мақолада uznews.net веб саҳифаси “Бирлик” раисининг ўринбосари ҳақида шундай фикрларни билдирган:

“Гап шундаки, у доим иккиюзламачилик қилиб, муҳолифат минбаридан туриб Ислом Каримов режимини қўллаб-қувватларди, фақат “Эрк” демократик партиясидаги муҳолифатчиларни, Ўзбекистон ҳукуматидан норози журналистларни ва ҳуқуқбонларни қораларди. 2005 йил май ойида содир бўлган Андижон қатлиомидан сўнг эса Охунов Каримов режимини янада катта иштиёқ ва ташаббус билан ҳимоя қила бошлади”.

Ушбу мақолани ёзган uznews.net журналисти Пўлат Охуновнинг иккиюзламачилигини ва кунгабоқарлигини, сиёсий ўзгарувчанлигини ва фоҳишалигини юмшоқ тарзда ифода этган. Лекин мақола сўнггида uznews.net ходими ҳам ушбу “бирликчи” томонга мантиқий киноя қилишдан ўзини тия олмаган:

“Пўлат Охуновнинг фикрлари бўйича олиб қаралса, унинг ушланиши, “Андижон ҳақиқати”да унга қарши чиқарилган мақола учун Каримов режимини қоралаш эмас, аксинча, олқишлаш керак, Каримов ҳукуматининг ҳар бир аъзосига мукофот тариқасида биттадан пряник бериб чиқиш талаб этилади”.

Ўша пайтда, яъни 2005 йилда, П. Охунов янги, муддатсиз фуқаролик паспорти олиши керак эди, шу паспорт ўлгурни Ўзбекистон ҳукуматидан таҳминан икки-уч йилдан кейин олиши кутилаётганди. Шунинг учун ҳам “Бирлик” раисининг ўринбосари, uznews.net веб саҳифаси ёзганидек, “Каримов режимини янада катта иштиёқ ва ташаббус билан ҳимоя қила бошлаганди”, яъни отиб ташланган тинч андижонликларни акромийлар ва диний экстремистлар деб атаганди.

Ҳа-а-а! Ўзи ҳар қандай вазиятда, шундоқ ҳам берилиши аниқ бўлган паспортни олиш учун Пўлат Охунов шу виждонсиз ишга қўл уриб, Ислом Каримов диктатураси хизматидаги бир малай эканлигини кўрсатганди. Агар Каримов режими П. Охуновга ўз ҳукуматидан бирор бир лавозимни таклиф қилгудек бўлса, “Бирлик” раиси ўринбосарининг нима қилишини тасаввур қилаверинг. Менимча, Охунов қўлига Калашников автоматини олиб, тинч аҳолини отишга ўзи ҳам чиқса керак!

Муxолифатга қарши курашаётган “муxолифатчи”

Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига, айниқса, унинг лидери Муҳаммад Солиҳга қарши чиқишларида ҳам П.Охунов ўзининг иккиюзламачилигини ва муттаҳамлигини намойиш қилиб, Каримов ҳукуматининг хизматидаги бир югурдак ва ялоқхўр эканлигини исботламоқда.

2012 йил 2 июль куни fergananews.com веб саҳифасида эълон қилинган “Мусулмон биродарлар”: биродарларми ёки йўқми?” мақоласида П. Охунов “демократик” тарзда исломдан қўрқишини ва сиёсий исломдан нафратланишини кўрсатган. Бунга ҳайрон бўлишнинг ҳожати йўқ, чунки бу иллатга “Бирлик” раҳбарларининг ҳаммасига чалинган. П. Охуновнинг фикрича, исломий партияларнинг сиёсий ҳокимиятга келишига қарши ҳар бир мамлакатда қаттиқ курашмоқ керак экан.

Аммо бу иддаони илгари сурар экан, “Ўзбекистоннинг ягона демократик муҳолиф партияси”дан чиққан “ягона демократ”: “Агар халқлар айнан исломий партияларни сайлашса, нима қилиш керак?!” – деган саволни ўртага ташламайди. Демократия – бу халқ ҳокимияти: халқ кимни сайласа, шу ҳокимиятга келади.

Пўлат Охуновнинг фикрига кўра, халқлар исломийларни сайламасликлари керак экан, фақат дунёвий ва миллатчиларга овоз беришлари зарур экан. Кечирасиз, жаноб Охунов, бир неча ўн йиллар давомида халқлар Ғарб андозаларидаги дунёвий демократларни сайлаб келишди ва халқларга улардан фойда келмади. Келган бўлса, фақат дунёвий характердаги алдов ва талончилик келди.

“Мен “Мусулмон биродарлар”ни ўз фойдасини кўзлаб иш қиладиган, исломдан фақат ўзларининг сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланадиган иккиюзламачилар, деб ҳисоблайман”, – дея ёзади П. Охунов. Ҳали одамлар Мисрдаги “Мусулмон биродарлар”нинг иккиюзламачилик қилганига гувоҳ бўлишгани йўқ. Аммо Ўзбекистондаги Пўлат Охуновнинг ўз фойдаси (оддий паспорт олиш) учун иккиюзламачилик қилганини кўришди!

Аксилдемократик табиатли “демократ”

Пўлат Охунов ўзининг исламофобиясини ва сиёсий исломга нисбатан нафратини яширмайди ҳам. “Мусулмон биродарлар”: биродарларми ёки йўқми?” мақоласида у Миср халқи томонидан сайланган парламентни тарқатиб юборишни таклиф қилган.

“Парламентни тарқатиш – исломийларнинг ушбу мамлакатдаги сиёсий ҳаётга таъсирини чеклаш йўлидаги биринчи қадам. Иккинчи қадам эса конституцияни ишлаб чиқиш учун тузилган комиссияни тарқатиб юборишдир, чунки бу комиссия ҳам исломийлардан ташкил топган”, – деб ёзади “Бирлик” раисининг ўринбосари.

Пўлат Охунов Мисрдаги “парламент сайловлари ҳақидаги қонунчилик ҳам кескин ўзгартирилиб, исломийларнинг парламентда қонуний кўпчиликни ташкил этиш имкониятларини чеклаш зарур”лиги тўғрисида “умид” билдирган.

Диктатура нимадан бошланади? Диктатура халқ сайлаган парламентни тарқатишдан, сиёсий рақибларнинг имкониятларини чеклаш мақсадида сайлов қонунчилигига ўзгартиришлар киритишдан бошланади. Мана нималарни таклиф қиляпти “Ўзбекистоннинг ягона демократик муxолиф партияси”дан чиққан “ягона демократ”!

Пўлат Охуновнинг “Мусулмон биродарлар”: биродарларми ёки йўқ?” мақоласининг тилидан ва баён этиш усулларидан Ўзбекистон махсус хизматларидаги ахборот-таҳлилий бошқарманинг ҳиди келяпти. Бундан ташқари, “Бирлик” раисининг қўрқоқ ва калтафаҳм ўринбосари қутбийлик ва бошқа исломий оқимлар ҳақида материаллар ўқиб чиққанига ишонмайман.

Пўлат Охуновнинг “биорағбатчилари”

Яқинда Усмон Ҳақназаровнинг “Каримов Марказий Осиёда Россияга қарши коалиция тузмоқчи” сарлавҳали мақоласини ўқиб чиқдим. Унда Каримов диктатураси Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбари Муҳаммад Солиҳни ўзбек муҳолифати вакилларининг қўли билан обрўсизлантириш режаларини тузгани ҳақида гап кетган. Пўлат Охуновнинг Муҳаммад Солиҳга қарши янги бир шиддат билан чиқаётгани ҳисобга олинса, ўзбек махсус хизматларининг ушбу операцияси фаол босқичга кира бошлаган.

9 йилдан кейин “Ислом Каримовнинг даври ўтди!” деган хулосага келган Пўлат Охунов “даври ўтган” Ислом Каримовга ғайрат билан хизмат қилиб, ўз фикрлари ҳамда ҳатти-ҳаракатларидаги зиддиятларни фош қилаётганини узоқ вақт тушунмаса керак. Энди Пўлат Охуновнинг ақли яна 9 йилдан кейин киради, демак 2021 йилни кутишга мажбурмиз.

Шу кетишда тўла “ақлга кириши” ва нарсаларни ўз номи билан айтиши учун “Бирлик” раисининг ўринбосарига икки одамнинг умри ҳам етмайди. Менимча, Пўлат Охунов яна бир нарсани – ўз мақолаларига имзо чекаётиб, “Собиқ СССР халқ депутати (Ҳудудлараро депутатлик гуруҳининг аъзоси)” деган сўзларни ҳар сафар ёзавериб, ҳали ҳам ўзининг “депутатлик” ўтмиши, 30 йил олдинги “ҳудудлараро” хотиралари билан яшаётганини билдириб қўяётганини ҳам умрининг охиригача англаб етмаса керак.

 Абдураҳмон САИДОВ

windows 10 kaufen office 2019 kaufen office 365 kaufen windows 10 home kaufen windows 10 enterprise kaufen office 2019 home and business kaufen office 2016 kaufen windows 10 education kaufen visio professional 2019 kaufen project 2019 kaufen project 2016 kaufen visio 2016 kaufen windows server 2012 kaufen windows server 2016 kaufen windows server 2019 kaufen betriebssysteme office software windows server softhier instagram türk takipçi satın al instagram türk beğeni satın al instagram görüntülenme satın al instagram otomatik beğeni satın al facebook türk beğeni satın al facebook sayfa beğenisi satın al facebook türk takipçi satın al twitter türk takipçi satın al twitter türk beğeni satın al twitter retweet satın al youtube türk izlenme satın al youtube türk abone satın al takipçi hilesi