Европа Путинга “пахта” қўйишни бошлади, демак, қиш совуқ келади…

Европа Путинга “пахта” қўйишни бошлади, демак, қиш совуқ келади…
51 views
29 November 2012 - 9:26

Германияда нашр этиладиган ва нуфузли саналган «Frankfurter Allgemeine Zeitung» газетасида, немисларнинг собиқ канцлери  Герхард Шредернинг  интервьюси чиқди. Собиқ канцлер интервьюда Россия раҳбарияти фаолиятига бахо берган.

«Россия раҳбарияти мамлакатда демократия ўрнатиш йўлида собитқадамлик билан бормоқда. Россиянинг етакчи сиёсатчилари ўз мамлакатини барқарор, демократик ва ҳуқуқий давлатга айлатиришни хоҳлайдилар» дейди Германия ҳукуматининг собиқ раҳбари Герхард  Шредер ўз интервьюсида.

Унинг фикрича, Россия президенти Путиннинг биринчи галдаги вазифаси Росиядаги вазиятни барқарорлаштириш ва давлатчиликни тиклаш эди. «Владимир Путин бу вазифани аъло даражада бажарди ва бу унинг тарихий ғалабасидир» дея бахо берди Шредер Россия президентининг фаолиятига.

Собиқ канцлер шу билан бирга Россиядаги демократик жараёнларнинг бориши қатор мураккабликларга эга эканини ҳам айтган.

«Россия улкан ҳудудга эга, у ерда юзлаб элатлар, миллатлар истиқомат қилади. Бундан ташқари Россия Ислом терроризмига қарши курашиб келаяпти. Россиядаги барқарорлик Европанинг манфаатларига мос тушади», — деган интервьюда Германиянинг собиқ раҳбари.

Хозирда 68 ёшни қоралаган Герхард Шредер нима учун Путинни демократлар сафига тиркашга уринаётганининг маълум сабаблари бор.  У ўзи канцлер бўлган 1998 йилдан 2005 йиллардаёқ Россия президентини «Менинг яқин дўстим» деб атаган эди.

2005 йилда Балтика денгизи остидан ўтувчи газ қувурларини ётқизиш ишларига Путин ва Шредер биргаликда бош-қош бўлишган, хамда биргаликда «Шимолий оқим» (Nord Stream) деб номланган қўшма корхона хам очишган эди. Хозирда бу корхонанинг 51 фоиз акцияси Россиянинг газ монополисти «Газпром» сейфларида сақланаяпти. Шредер эса айни пайтда «Шимолий оқим» компанияси акциядорлар қўмитаси раиси хисобланади.

Хозирги кунда миллионлаб россияликлар, ўз мамлакатларининг тақдиридан хавотир олишиб, ўзларининг демократия ва эркинликдан тобора узоқлашиб бораётганликлари учун ўз президентлари Владимир Путинни айблаётганидан ва унинг истеъфосини талаб қилаётганидан собиқ канцлер Шредернинг хабари йўқми? Бор албатта.

Гап шундаки, газ ва нефть ҳиди (шунингдек пул ҳиди хам) анқиган худудда Европа сиёсатчилари Инсон ҳуқуқларини бир сонияда унутишади.  Чунки, олдинда қахратон қиш. Кўҳна Европа Россия диктатори олдига ҳозир «Митингга чиққан намойишчиларни озод қилинг!», «Сизни танқид қилаётганларга зулм қилманг!» каби талабларни қўя олмайди. Акс ҳолда ғазабланган Путин газ йўлини тўсиб қўйиши мумкин.

Халқаро матбуот материаллари асосида Улуғбек тайёрлади