Ҳар ғайрнинг бир ноғораси

Ҳар ғайрнинг бир ноғораси
24 views
29 November 2012 - 9:50

Ҳар ғайрнинг бир ноғораси

Ватанимиз қишлоқларида яшовчи аҳоли аллақачон ибтидоий давр яшаш тарзига кўчиб бўлди. Шаҳарлар атрофи, туманлар маркази аҳолиси ҳам қишда газдан умидини батамом узиб, тирикчиликнинг турли йўлларини излашга киришганлар.

Мустақилликнингг неча ҳам йилларики, қишлоқ аҳолиси маҳаллий ўғит ҳисобланган тезакни моллардан қолган чўп, нушхўрдлар билан қориб, деворларига таппи ёпиб, қишга асраш йўлига ўтди. Каримовнинг эркатойи, одамларнинг айтишича, №1 қароқчи Гулнора Каримова “газимизни четга сотиб, миллиардлаган долларларни Швейцария деган мамлакат бонкаларида сақлаяпти эмиш.  Ўзимиз эса қишнинг қора совуғига чидолмай мевали дарахтларни, ипак қуртининг озиғи бўлган тутларни чопиб ёқмоқдамиз. Илож қанча, бу  бир армон бўлса, Худо берган газимиздан айрилганимиз икки армон, юртнинг эгасиз қолганлиги юз армон, ватанда беватанлигимиз минг армонга айланди”.

Нега бундай қаро кунларга тушдик, десак сабабини шарҳлайдиган кимса йўқ. Сал-пал сиёсатни тушунганлар, оппозиция бор-ку, дейди. Номлари бор-у, овози йўқ бир неча қўғирчоқ партиялардан (кўпчилик уларнинг ҳатто номларини ҳам билишмайди) одамларга бир чақалик наф йўқ. Инқироз сабаблари оддий одамлар таърифича бўла қолсин.  Бировлар мустақилликни, бировлар диктатор Президентни, яна бировлар эса халқни айблади…

Бу гапларга тўртинчи ҳокимият шарафига эга матбуотимиз не дейди?..

 

Дарвоқе, Ўзбегим матбуоти

…Халқ манфаатини ҳимоя қилиши лозим бўлган “Мустақил матбуот”имизга нима бўпти дейсизми? Уларми, улар ҳам қаттиқ ишлаяпти. Рўпарасида  тоғ-тоғ муаммолар тургани ҳолда, газламани қўлда тўқиб “тўқ-тўқ” тўқмоқ уриб, попишак (педал) босиб, чанг ютаётган хотин-қизларни атлас кўйлакларда сувратга олиб, ўзи ишонмаган ёлғонига бошқаларни ишонтирмоқдалар.

Аҳли қалам  қўғирчоқбозлар, карнайчилар, сурнайчилар  каштачилар,  пардозчилар, сартарошлар, “гап”чилар, оилавий ғийбатлар, хиёнатлар, майда ўғрилар (йирик ўғри йўқ-да), гиёҳвандлар, тадбиркорлар…  ва ҳар нарса ҳақида истаганича ёзиши ва сўзлаши мумкин, аммо ҳеч қачон ижтимоийлик, эркин фикр, сиёсат, иқтисод, инқироз каби баҳсли мавзуларга тегиниш нари турсин, ҳатто бу ҳақда ўйлаши ҳам мумкин эмас.

Нима ҳам қилсин, ўз аравалари бўлмагач, бировнинг аравасига минади ва то ҳайдаб юборгунларича ўшанинг ноғорасини чалади. Қолаверса, вақти-вақти билан “ҳурматланиб” чақирилиб, “иззатланиб” кузатилувчи беш-ўн чет эллик меҳмондан мақтов интервьюлар олиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Нима, туз-нонингни татиб, зар тўнингни кийган, фақат чиройли жойларни томоша қилган меҳмон бизнинг қандай ўлиб, қандай тирилаётганимизни туш кўрармиди? Агар холис фикрини эшитмоқчи бўлсангиз, дуч келган бир пахта даласига олиб чиқинг, фермалар, мактаблар, касалхоналар, ишлаб чиқариш тармоқларини кўрсатинг, ўрганинг, одамлар билан суҳбатлашинг, ана шунда кўрасиз, ғарб демократиясидан кўнгли тўлмаган  меҳмонингиз “яна нималар деркин”?

Шу йилнинг 15 октябридан ўчган газ келаси йилнинг 15 майигача ёнмаслиги ва ойлаб электр чироқлари ўчиб ётиши ҳақида эшитмаганмисиз? Қишлоқдаги қариндошларингиздан эшитгансиз. Ана сизга масала, мавзу. Олий мажлисгача, Президентгача кўтаринг. Ахир сиз ҳар йили 3 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни, 27 июн Матбуот ва ОАВ куни ва  Мустақиллик куни байрамлари олдидан ўтказиладиган қатор конкурсларда ғолиб чиқиб, турли мукофотларга сазовор бўлмоқдасиз. Халқ дардини (қўғирчоқ депутатларингизни қўяверинг), сиз айтмасангиз, КИМ айтсин?! Йўқ, виждонингиз қийналмаслиги учун кўр-кўрона равишда ҳақиқатга чап берасиз. Начора, тирикчилик деган офатнинг “Олтин қалам” миллий мукофотига алоқаси йўқ, дейсиз-да.

Афсуски, бугун сиз тарғиб қилаётган қолоқ турмуш тарзи – оғир қўл меҳнати, тезак, кўмир, мойчироқ, пилтачироқ ташвишларига бундан ўттиз, қирқ йил муқаддам барҳам берилган эди.  Замонавий техник тараққиётнинг илк одимлари, майда аграр тўқмачилик ўрнини енгил саноат – тўқимачилик фабрикалари эгаллагани ва тўқувчи хотин-қизлар ҳақидаги мақолалар, телекўрсатувлар ҳали унутилгани йўқ. Қаранг, биз қанчалик тубанликка қуламоқдамиз, қўни-қўшнилардан нечоғлик орқада кетмоқдамиз. Кўзимизни каттароқ очсак, дунёда нималар бўлаётганини кўрамиз. Қанақасига кўрамиз, бизда телевизор ишламаса, свет бўлмаса… Бундай кунда кун жойига кирмай туриб, амаллаб қора шўрвани қайнатишга улгурган-у, апил-тапил кўрпага кирганники ҳисоб.

 

“Ўлибдими, Гулнора таппиларимизга тегмас…”

Э-ҳа, айтишларича, электрсиз, телевизорсиз узоқ қишлоқларга ҳам аллақачон эскириб кетган янгиликлардан етиб борган экан. Хитой  чиқиндиларни қайта ишлаб, турли нарсалар яратиб, бизга ўхшаганларга сотяпти эмиш. Ҳамма ёқда ваҳима: “Буни ҳамма эшитса ҳам Президентнинг қизи – қароқчилар бошлиғи  Гулнорахоним эшита кўрмасин?  Ягона ўтинимиз – таппи-тезакларимизни ҳам йиғиб-териб,  Хитойга сотиб юборса-я!”  “Ўлибдими, Гулнора таппиларимизга тегмас”, дермиш қўрқиб кетган бир онахон.

 

Сталин зўрми, Каримовми?

…Империя замонида хом-ашёмиз арзон-гаров кетаётганлиги, ўзимиз фақат пахта билан боғланиб, аграрлигимизча қолаётганимиздан норози эдик, деб ҳикоя қилгандилар университетдаги устозларимиз. Қайта қуриш – 80- йилларнинг ўрталаридаги фикрлар хилма-хиллиги (плюрализми) сиёсати Ватанимиз зиёлилари юрагида йиғилиб ётган асрий армонларни уйғотиб юборганди. Болтиқбўйи республикалари каби биз ҳам собиқ Совет таркибидан ажралиб чиқиш учун ҳаракатлар бошлагандик. Ўша вақтлар матбуотлари айтган ва ёзган фикрларни бугун, мустақил бўлганимиз бир кунда оғизга олиш учун отнинг калласидек юракнинг ўзигина кифоя эмас, ёзаман десангиз ҳаётингизни гаровга қўйишингиз керак бўлади, деб бизни қўрқитгандилар ўзаро хос суҳбатларимизда. Устозимиз рост сўзлаганларига барча битирувчилар бугун гувоҳмиз.

“Мустақиллик дегани ҳамду-саноми?” “Худди шундай!”. Отасини қўйиб қизини, қизини қўйиб отасини мақташ мамлакат бўйлаб оммавий равишда йўлга қўйилди. Айни кунда устидан тинимсиз мағзава қуйилаётган Совет Империясидай катта давлатнинг тарихларда ўқиганимиз – шахсга сиғиниш сиёсати Каримовча шахсга сиғиниш олдида ип эшолмайди. Сталин шахси вафотидан кейин совет томонидан лаънатланган бўлса ҳам, грузин халқи Сталиндек фарзанди билан фахрланишини ҳам биламиз. Чунки Сталин миллатимиз душмани Каримовга ўхшаб, қизининг қўли билан халқ бойлигини чет элларга ташиб кетмаган, ҳатто эшитишимизча, Сталиндек одам оёқ кийимини олти марта яматиб кийган, дейишади. Ҳужжатли фильмларда кўрганмиз, қандай яшаган ўша золим, ҳар ҳолда у ҳам атрофи сонсиз лашкарлар билан тўсилган маҳобатли саройларда яшаши мумкин эди, аммо золим бўлса ҳам, халқнинг ҳақидан парҳез қилган экан.

Аммо диктатор Каримов катта авлодларни йўлдан оздирган бўлса, тарбиясизлик ва қароқчиликда отасидан ошиб тушган қизи Гулнора Каримова эса “Янги авлод” ниқоби йўналиши билан ёш гўдак болаларимизнинг  миллий ғурур туйғусини ўлдирмоқда. Чет эл тарбияси ва ёт маданиятга мукка кетиш ва тақлидга берилиш болаларда ўз тили ва миллатига беписандлик кайфиятини тарбияламоқда. Хушёр бўлмасак, болаларимизни бой беришимиз ҳечмас, эй ватандошлар.

Сув бўғизга етмай туриб, кўзимизни очайлик, Гулнора Каримова  бошлиқ шайтон базмларидан, фестивал отли беҳуда ва бузғунчи ўйин-томошалардан болаларимизни асрайлик. Ялтироқ қоғозларга ўралган икки пуллик ҳадяларга алданишни бас қилайлик, эй ота-оналар. Бошқалар каби биз ҳам ҳур миллат эканимиз, ҳурликка ҳақлилигимиз, мустақиллик йўлидаги дастлабки курашлар ҳақида ҳикоялар сўзлаб, болаларимизнинг миллий туйғуларини чархлайлик.

Биз етмиш йил рус маданиятига чалғиган миллат, шу кетишда кетарканмиз, якин беш-ўн йил ичида, шубҳа йўқки, инглиз ва бошқа ғарб тиллари ва маданиятига мағлуб бўлишимиз тайин. Чунки унинг оддий кўринишлари ҳозир ҳар қадамимизда намоёндир. Фикримизнинг исботи учун Тошкент кўчаларига бир назар ташлашнинг ўзи етарлидир. Ўзбек номлари, атамалари, ёзувлари аллақачон сондан, саноқдан чиқиб, ертўлалардан жой олди.

Биз шунчалар ўзини ўзи хор қиладиган халқмизми?

Саволимизга устозимиз сўзлари билан жавоб берамиз: “Начора, бу юртнинг пешанасига ўзбегим, дейдиган бир раҳбар, порлоқ юлдуз битмас экан, халқимизни бугунги диктатордан ҳам баттарроқ ҳар ғайр навбатма-навбат ўз ноғорасига ўйнатишда давом этавергай”.

Шундай бўлишидан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз.

Абдуқодир Каримов