Кислородда нафас олаётган тузум

Кислородда нафас олаётган тузум
83 views
29 November 2012 - 10:41

Халқини қашшоқликка маҳкум қилган, давлат хазинасини четга ташиб бўшатган, АЙНИ КУНДА РЕАНИМАЦИЯДАГИ БЕМОР КАБИ КИСЛОРОДДА СУНЪИЙ НАФАС ОЛАЁТГАН ҚОНХЎР РЕЖИМ эгаси, мунофиқ Диктатор мамлакатнинг бўшаб қолган хазинасини сал-пал қаппайтиришнинг ва амал-тақал тирикчилик қилаётган халқини талашнинг янги усулини жорий қилди. Бу ЖАРИМА!!!

Шу кунларда жарима ундириш шу қадар оммалашдики, унинг ёзилган ва ёзилмаган қонунларига ҳар қадамда тўқнашасиз. Масъуллар агар истаса, ҳар қандай одамни, ҳатто бутун Ўзбекистон аҳолисини истаганича жаримага тортиши мумкин. Эгри сиёсат, ишсизлик, қашшоқлик ҳукм сурган давлатда энг тўғриман, деганнинг ҳам хатосини топишдан осон иш йўқ. Тошкентнинг бозорларини олинг. Абу Сахий, Бек Тўпи, Фарҳод, Чорсу… дейсизми, фарқи йўқ. Сотувчилардан жарима ундириш учун истаганларича сабаб топишлари мумкин экан. Сабаб учун хатони кутиб, текшириб юриш шарт эмас. Маъмурлар истаган вақтда, истаган обектига истаган жиноятини  “содир қилдира оладилар” бугун мустақил Ўзбекистонимизда.

Сотувчиларнинг кўпчилиги ҳаж амалларини адо этган, аёллари рўмол ўраган, эркаклари намозхон, ҳалол тижорат йўлини тутган инсонлар. Аммо ҳалолликка йўл йўқ. Шулар ҳам ҳозир милициянинг кўзидан жойнамозларини яширишган, аёллар ҳожи рўмолларини ечишган, аниқроғи шунга мажбур қилинган. Биров “ғинг”, деб оғиз очмайди, очолмайди. “Энг яхши сўзлари: “хўп бўлади”, бўлгач, даврон муттаҳамники-да.

Малика ҳожи онадан ҳеч бир ҳужжатсиз икки миллион жарима ундириб кетди, деб ҳикоя қилади сотувчиларга чой-пой ташиб юрадиган бир аёл.  Катта рўмол ўрагани учун икки бор огоҳлантирилган экан, энди учинчи бор бу “катта жиноятини” ҳужжатлаштиргудек бўлса, энг кам ойликнинг  юз баробари миқдорида жаримага тушар экан. Милиса тўрани “отанг яхши, онанг яхши”, ичларида эса “сендан ит яхши”, деб зўрга ҳужжат қилишдан қайтаришибди. “Тўра” эса бу яхшилиги учун икки миллионни (бошқа бировлар айтишича уч миллионни) чўнтагига урибди.

Ҳожилардан, “нима учун ҳамманг бирлашиб қаршилик кўрсатмайсизлар, Президент девони олдига чиқмайсизлар? Сизлар ҳукумат рухсати билан ҳаж қилгансизлар. Ҳаммаси қонуний бўлгани ҳолда, нега Конституциявий ҳуқуқингизни оёқ ости қилдирасизлар?”, деб сўраганимизда улар, “Ўзбекистонни билмагандай гапирасиз, бу айтишга осон. Биз ўзимиздан ҳам бола-чақамиз тақдирини ўйлаймиз.  Бу юртда ёзилган қонунлардан ёзилмаганлари қудратлироқ. Айтиш, намойиш қилиш у ёқда турсин, агар билиб қолишса, ҳатто ўйлаган ўйингиз учун беш-ўн йилни бўйнингизга илишади. Одам кўра-била туриб, ўзини ўтга отиши ҳам ақлдан эмас”.

Жарима дегани бир бало бўлди. Ҳукумат хазинасига миллион-миллионлаб жарималар тушяпти ва ҳукуматга тегиниб кетган кимса борки, бу ёзилмаган қонунлардан яхшигина фойдаланяпти. Мустақиллик бир ҳовуч маттаҳам, сотқинлар учун эканини энди билдик, орқамизда турган бир ҳимоячи куч бўлмагач, жонни асраган ҳам донолик, деган қоидага амал қиламиз-да, деб жавоб беришди.

Зўрға кунини кўриб турган одамлар учун тўғри сўзни айтиш, ҳақ талашаман деб арзимаган сабаб билан уй-жойидан айрилиб қолиш ўлим билан баробар бир ишдир. Бировни қамоққа олиш учун ишхонасидан Қуръон ёки жойнамоз топилиши кифоя. Жойнамоз ва диний китоб Диктатор шотирлари учун гиёҳванд моддалар сотувчидан ҳам хавфлироқдир. Талабаларнинг масжидга чиқиши ўқишдан ҳайдалиши учун етарли. Айниқса, масжидга намозга чиқса террорист, маърака-мавриятда ҳукумат рўйхатидан ўтмаган киши Қуръон (айниқса аёллар) ўқиса диний экстремист…  Бу золимларга Аллоҳ томонидан бир офат етмагунича, бу юртдаги аҳвол шундай давом этаверади, дейишади яна бошқалари.

ЎХҲ мухбири