А.Ҳ.Хоразмий: “Раҳбар из қолдириши керак”

Мутлоқ кўпчилик камбағал, эртага нима ерканмиз, деб ўтирган бир пайтда, кўз-кўз учун қўшиқчи, спортчи, қиммат мураббийларга юзлаб миллион сарфлаш керакми…

А.Ҳ.Хоразмий: “Раҳбар из қолдириши керак”
147 views
01 December 2012 - 8:35

Сурат-1. Нариманов колхози раиси А.Искандаров (ўнгда)

Мен 1985 – 2000 йиллар мабойнида, Хоразмда турли хил лавозимларда ишладим. Совет замонида Хоразмдаги ал-Хоразмий совхози, Нариманов, Москва, Охунбобоев колхозлари каби мамлакатга танилган хўжаликлар иқтисоди ва фаолияти обком бюросида кўрилганида иштирок қилганман.

Бу хўжалик раҳбарлари меҳнат қаҳрамонлари бўлган таниқли ва ҳурматли одамлар эди. Бў хўжаликлар счетида миллионлаган пуллар бўларди. Лекин булар ичида Нариманов колхози счетида ортиқча пул бўлмасди, аксинча давлатдан ссуда (қарз) олиб турли хил қурулишлар ва ободончилик ишларини қиларди.

Нариманов колхози раислари (меҳнат қаҳрамони И.Досов ва СССР ҳалқ депутати А.Искандаров, 1-суратда)нинг бу иш услуби кўпчилик қатори мени ҳам ҳайрон қолдирарди. Йиллар ўтиб мен бунинг маъносини тушундим. Ҳозирга келиб планларини ошириб бажарган миллионер хўжалик раҳбарларини камдан-кам одам эслайди. Лекин ўз даврида ўзи даромад қилган пулларни фақат кўз-кўз қилиш учун йиғиб қўймай, уни хўжаликни социал ривожлантиришга сарфлаган И.Досов ва А.Искандаровларни ҳалқ ҳамон эҳтиром билан тилга олади.

Сурат-2. Боғот сохозининг турли даврлардаги директорлари: Профессор А.Хоразмий ва Ўзбекистон қаҳрамони М.Қувақов

Мен ҳам раҳбарлик фаолиятимда шу йўлдан бордим. Бунинг самараси мамлакатдаги энг катта хўжаликлардан бири бўлган “Боғот” совхозига директор (Сурат-2) бўлганимдан кейин яна-да яққолроқ кўринди.

Давлатга пахта сотиш режасини октябрнинг бошидаёқ биронта хашарчилар (талабаю ўқувчилар)сиз мамлакатда биринчи бўлиб бажарганмиз. Шу муносабат билан совхоз меҳнаткашларини табриклаш учун ҳукумат делегацияси ташриф буюрган совхозга (Сурат-3).

Шунингдек, совхозда жорий қилинаётган янгиликларни ўз кўзлари билан кўриш учун Ҳукумат раҳбарлари ҳам тез-тез ташриф буюришарди (Сурат-4).

Сурат-3. Чапдан ўнга: Ўзбекистон сув хўжалиги вазири К.Сапаев, Обл ижроком раиси Қ.Холимбетов, Ўзбекистон Министрлар Совети раиси ўринбосари Султонова, Хоразм Обкоми 1-секретари (ҳокими) Р.Худайберганова, Боғот Райкоми 1-секретари Р.Қутлимуратов, Боғот совхози директори А.Хоразмий, Партком секретари Ю.Матёқубов. Боғот совхози, 3-октябрь, 1989 йил

Ижод ва санъат аҳлига ҳурматим азалдан баланд бўлганидан бўлса керак, Рўзимбой Ҳасан, Шавкат Болта, Жоббор Роззоқов, Ҳусайин Раҳмонов, Ражаббой Раззоқов Абдурахим ака (“Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журнали бош редактори) каби республикада таниқли журналистлар (Сурат-6), Абдулҳаким Матназаров, Комил Аваз, Эркин Самандаров каби шоир ва ёзувчилар, Қутлимурот Кўшоқов, Ортиқ Отажонов каби санъаткорлар (Сурат-7) совхоз меҳнаткашларининг доимий ва севимли меҳмонлари эди.

Бир куни журналист Рўзимбой Ҳасан мендан интервью олаётиб: “План ва мажбуриятларни ошириб бажараяпсиз. Лекин ҳеч кимдан сўрамасдан чўчқачиликни тугатиб юбориб, ўрнига қўйчилик, асаларичилик каби янги тармоқлар ташкил қилдингиз. Кўпчилик кўрсаткичлар бўйича республикада биринчи ўриндасиз. Ўзбекистон Компартияси МК 1-секретари И.Каримовнинг Хоразмга яқин кунларда бўладиган ташрифида (протокол бўйича) фақат сизнинг хўжалигингизга келиши кутилаяпти.
Сиз бўлсангиз кеча-кундуз тиним билмай, хўжалик режасида йўқ бўлган масжидлар соласиз, амалдаги қонунларни бузган ҳолда ҳар бир ишчига 13-16 сотихдан ер бериб, бутун бошли маҳалла қурасиз, комсомолское озеро барпо қиласиз. Хўжалик режасида бўлмаган бу ишларни қилиш ўрнига бошқа раҳбарларга ўхшаб, курортларга бориб ўз саломатлигингизга қарасангиз бўлмайдими?”, деган саволига: “Раҳбар нафақат хўжалик ёки ташкилот режасидаги ишларни қилиши, шу билан бирга раҳбар из қолдириши керак, бу менинг шиорим”, деб жавоб бергандим. Қаерда ишламай ўз шиоримга содиқ қолдим.

Журналист менинг бу сўзимни “Раҳбар из қолдириши керак” деб сарлавҳага чиқарибди ва бу материал бирнеча газеталарда чоп қилинди.

Сурат-4. Ўзбекистон Олий Совети Президиуми раисининг мувоини Боғот совхозида. 1990

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам раҳбари мутлоқ бўлганидан кейин азиз авлиёлар ором топган жойларни обод қилиш, Имом Бухорий каби алломалар мажмуасини барпо қилиш (сурат-5), ҳазрати Имом (Ҳасти Имом) комплексини яратиш, дарёларга кўприклар қуриб янги темирйўл линияларини барпо қилиш каби қатор ижобий излар қолдиришга улгурди.

Шу билан бирга Ш.Рашидовнинг ташаббуси бўйича лойиҳалаштирилган ва Ўрта Осиёдаги энг баланд бино деб тан олинган, ҳамда Тошкентнинг кўрки деб аталадиган Қизил (мустақиллик) майдонидаги, бирнеча вазирликлар жойлашган 20 қаватли бинони калтайтириб кўримсиз ҳолига келтириши, Сенат биносини қуришга бошқа жой қуриб қолгандай, Сталин даврида қурилган маҳобатли биноларни мухофаза қилиш ўрнига уларни бузиб ташланиши, лайлаклар муляжи қўйилган бачкана арк қуриш билан мустақиллик майдонини бачкана кўринишга келтириш кабиларни раҳбарнинг ижобий из қолдириши, деб бўлмайди.

Сурат-5. Имом Бухорий мажмуасида

Ўрни келганида айтсам, мустақиллик майдонидаги Сталин замонида қурилган маҳобатли бинолар, Рашидов даврида қурилган 20 қаватли осмонўпар бинолар, Каримов даврида қурилган хашаматли биною-кўприкларнинг биронтаси ҳам Сталиннинг ёки Рашидовнинг ё-да Каримовнинг пулига қурилган эмас. Уларнинг барчаси Ўзбекистон ҳалқининг меҳнати ва маблағига қурилган.

Шундай экан, Каримовнинг ибораси билан айтганда, тагини кўрсангиз, ўзидан олдинги раҳбарларнинг номини халқ хотирасидан ўчириш учун, улар даврида ҳалқнинг пулига барпо қилинган архитектура ёдгорликлари ҳисобланадиган биноларни бузиш билан из қолдириш керакмикан?!

Биз ватандан йироқда (Англияда) яшасак-да, Ўзбекистон телевидениеси эшиттиришларини доимий кўрамиз. Президент Каримов ёшлар спорти ҳақида мажлис ўтказаётиб: “Биз ёшларимиз учун ривожланган бой давлатларникидан яхшироқ спорт иншоотларини барпо қилишимиз керак. Ёшларимизга, чет элларнинг таниқли ва қиммат мураббийларини келтириб беришимиз зарур, бунинг учун пулни аямаслик керак”. “Ўзбекистонда ўртача ёш истиқлол шарофати билан салкам 10 йилга ошди”, деди.

Буларни эшитиб 1951 йили “Комсомольская правда” газетасида: “Доҳиймиз И.Сталин туғилган куни шарофати билан товуқлар иккитадан туға бошлади”, деб ёзгани эсимга келди.

Сурат-6. Таниқли ўзбек журналистлари Боғот совхозида, чапдан ўнга: “Ўзбекистон овози”нинг мухбири Рўзимбой Ҳасан, партком секретари Ю.Матёқубов, фотомухбир Қозоқвой, Боғот совхози директори А.Хоразмий, “Туркистон” газетаси бош редактори Ж.Роззоқов, “Боғот садоси” газетаси редактори Р.Роззоқов

Иммунология соҳаси бўйича битта профессор чиқиб: “Ўзбекистон ҳалқининг иммунитети мустақиллик шарофати билан 30 фоиздан кўпроқ ошди”, деди комил ишонч билан.

Буни эшитиб 30.03.2005 да ЦентрАзия вебсайтида Қ.Розиқов ва менинг имзоим билан “Олимларга мурожаат” рубрикасида эълон қилинган “Сиёсатнинг эмас, Ҳақ ва ҳалқнинг олими бўлайлик” номли мақоладаги:

Бизнинг назаримизда, айниқса Ўзбекистонда олимларни қуйидаги 3 хил тоифага ажратиш мумкин:
1.Ўз тадқиқотлари асосида қатъий фикрига ва илмий салоҳиятга эга бўлган ҳақиқий олимлар.
2.Тадқиқот натижаларини ва фикрини сиёсат кўрсатмалари асосида шакллантирувчи лаганбардор олимлар.
3.Илмий салоҳиятга эга бўлмаган олимсифатлар

мисралари эсимга келди. Бу иммунолог олимнинг сўзларидан унинг юқорида келтирилган 2-чи ва 3-чи тоифадаги олим бўлса керак, деган фикрга бордим. Агар бу олимнинг маълумотлари тўғри бўлса, Ўзбекистонда деярли ҳеч ким терапевтик касалликларга чалинмаслиги керак.

Ўзбекистон телевидениесида ватанимиздаги ободончиликларни кўриб, ватандошларимизнинг телевизорда: “Юртбошимизнинг доно сиёсати туфайли юртимизда адолат ва тинчлик ҳукм сураяпти, пахта ва донли экинлардан рекорд ҳосил олинаяпти, нафақат аёллар, ҳатто ҳайвонлар ва товуқлар ҳам иккитадан туғаяпти. Жаҳоннинг мана-ман деган қўшиқчилари, спортчилари, тренерлари ўзбекларнинг хизматида. Инсониятнинг асрий орзуси бўлган коммунизмни кўрай десангиз, Ўзбекистонга келинг”, дейишларидан олам-олам қувонч оламиз.

Сурат-7. Машҳур санъаткор Ортиқ Отажонов Боғот совхозида, 1990

Лекин беихтиёр: “Агар шулар рост бўлса, миллионлаган ватандошларимизнинг оиласини боқиш илинжида дунё бўйлаб қул каби мардикорлик қилиб юришганини қандай тушуниш мумкин? Қишлоқ аҳлининг мутлоқ кўпчилиги ичимлик (водопровод) сувидан бенасиб эканлигини, қиш келди дегунча бутун бошли кўчалар, қишлоқлар газ ва электрсиз қолиб, бошқа қишлоқ ва шаҳарларда яшаётган қариндош ва танишлариникида яшашга мажбур эканини наҳотки телеэкран орқали оғиз кўпиртираётган юртдошларимиз билмаса” деб ўйлайди киши.

Ўзбекистон аҳолисининг мутлоқ кўпчилиги камбағал бўлиб, эртага нима ер эканмиз, деб ўтирган бир пайтида, кўз-кўз қилиш мақсадида, ватандошимизнинг телеэкранда айтган жаҳоннинг мана-ман деган қўшиқчиларига, спортчиларига, президент айтган қиммат мураббийлар-у иншоотларга юзлаб миллион доллар сарфлаш керакмикан…
Ўзбекистон ҳалқи бундай дабдабалар тўқ қоринга ярашади, дейишаяпти. Ўзбекистон ҳукумати раҳбар қандай из қолдириши лозимлиги борасида ҳалқ фикрига-да қулоқ солиши лозим, акс ҳолда…

Ахмад ҳожи Хоразмий
Буюк Британия
Стокпорт шаҳри