Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилган мардикор

Суд мени “Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинсин ва “Ўзбекистон Республикаси Фуқаро Паспорти ИИБда сақлансин” деган мазмунда қарор чиқарди.

Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилган мардикор
112 views
01 December 2012 - 16:54

Мустақил Тожикистон Республикасида 1992 йил фуқаролар уруши бўлиб ўтган эди. Шу урушдан талофат кўрган ўзбек ва тожик фуқаролар бошпана излаб, Ўзбекистон Республикасига келгандилар. Ҳозирги кунда уларнинг асосий қисми, Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Узун, Денов, Олтинсой, Қумқўрғон туманларида истиқомат қилиб келмоқдалар…

 Тожикистон Республикасида бўлиб ўтган фуқаролар урушига ҳам 22 йилча бўлиб қолди шекилли. Кечагина туғилган бола эса, бугун 22 баҳорни қарши олмоқда. Аммо… Лекин…

Уларни бугунги кунда қийнаётган битта масала бор. У ҳам бўлса, “тожик” ёки “ўзбек” миллатларининг фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатдир. Икки давлатнинг юртбошлари эса, ҳалиям бир тўхтамга келган эмаслар. Бу масала ҳамон муаммолигича қолиб кетмоқда…

Куни-кеча, Тошкент шаҳри, “Қуйлуқ” массивида иш излаб келган барваста келишган, тоғни уриб талқон қиладиган азамат йигит келиб биз билан учрашди. У киши Сурхондарё вилоятининг Узун тумани “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи фуқаро Алишер Қаландарович Маҳкамов экан. Бизга у қўйидагиларни сўзлаб берди:

“Мен 1994 йил 1 сентябрь куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида туғилганман. Менинг ота-онам Тожикистон Республикасининг “Регар” шаҳридан 1992 йили уруш вақтида Ўзбекистонга қочиб ўтганлар…

Мен Сурхондарё вилояти Узун туманида туғилганимдан кейин, ота-онам менинг “гувоҳнома”мни расмийлаштириш учун, туман ФҲДЁ бўлимидан “Ўзбекистон Республикасининг Сурхондарё вилояти Узун тумани, “Мустақиллик” маҳалласида туғилган…” деган мазмунда ҳужжат олишганлар…

Орадан 16 йил ўтгандан сўнг, менга “Ўзбекистон Республикаси Фуқаро Поспорти” берилди. Мен ниҳоятда ҳурсанд эдим. Бироқ… Бу ҳурсандчилик кўпга чўзилмади. Мен ўйлаганларимнинг ҳаммаси сароб бўлиб чиқди. Кейин, тушуним етсам, бу ўзбек фуқаролиги қуруқ орзу-истакдан иборат экан…

2010 йил Москва шаҳрига «гастрабайтер» бўлиб ишга бордим. Ўша ерда бир йил ишладим. Руссиянинг “полиция”си мени кўчада тутиб олишди-да, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик паспортимнинг орқасига, «депорт» деган муҳрни босиб, поездга миндириб юбордилар. Мен шу билан 5 йил давомида Россияга киришдан маҳрум этилдим…

Мен шундан сўнг, поспортимни янгиламоқчи бўлдим. Аммо паспорт олиш учун, менга “Мустақиллик” маҳалламиздан “Маълумотнома” керак экан. Мен маҳалламизга борсам, маҳалла раиси менинг паспортимдаги Россия давлатининг “тавқи лаънат” муҳрини кўришиб, “справка” беришдан бош тортди. Шундан кейин, маҳалламиз раиси “маҳалла посбони”ни чақириб олиб, “туман ИИБга олиб борасан-да, ўша жойда тезда муҳокама қилиб, менга ИИБнинг тегишли хатини олиб келасан” деб қаттиқ топшириқ берди. Туман ИИБнинг ходимлари менинг қўлимдаги паспортимни тортиб олишдилар. Мен уларга нега бундай қилмоқдасизлар? десам, “сенинг ота-онанг, Тожикистон Республикасининг фуқаролари. Ўша учун сен ҳам тожик миллатига мансуб бўлганинг учун, Ўзбекистон Республикасининг паспортини олиб қўйдик…” дейишди.

Шундан сўнг, мен туманлараро судга мурожаат қилдим. Суд “фуқаро Алишер Маҳкамов Қаландарович, Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум қилинсин ва унга тегишли бўлган, “Ўзбекистон Республикаси Фуқаро Паспорти Сурхондарё вилояти Узун тмани ИИБда сақлансин” деган мазмунда қарор чиқарди. Менинг қўлимга эса, “тожик” миллати деган қизил рангдаги “вақтинчалик паспорти”ни тутқаздилар-да, “тўрт тарафинг қибла” деб суд залидан чиқариб юборишди. Мен Ўзбекистон Республикасининг Ички Иишлар Вазирлигига шикоят аризалар билан бир неча марта мурожаат қилдим. Натижа бўлмади…

Менинг ичимни кўпдан буён тирнаб келаётган бир савол доим қийнайди. “Мен ўзи қайси миллатнинг фарзандиман???”

дейди биз билан суҳбатлашган мардикор йигит Алишер Маҳкамов Қаландарович.

Биз у кишига, Сиз Аллоҳнинг бандасиз, Одам ато ва Момо Ҳаввонинг фарзандисиз! Иброҳим Ҳалилуллоҳ миллатидансиз! Муҳаммад (с.а.в) нинг умматидансиз!!!” деб айта олдик холос…

Фахриддин Тиллаев
“Эрк” Демократик партияси Марказий Кенгаш аъзоси.
fahriddin71@mail.ru, www.facbook.com/Fahriddin.Tilloev mobi:+998901224581