Маразм аломатлари

Маразм аломатлари
54 views
03 December 2012 - 9:59

Араб тилидаги “маризд” (касал) сўзидан олинган бу калиманинг ўзбекча маъноси “ақлини еган”дир. Бу қариб қуйилмаган сиёсатчиларга ярашадиган таърифдир. Советларнинг сўнгги лидерларидан Леонид Брежневга ўз замонида айнан шу “диагноз” қўйилганди. Чунки у ўзини ўзи турмасдан турли орденлар билан мукофотлар, кўкрагининг ўнг ва чап томонига “Совет Иттифоқи”, “Социалистик Меҳнат Қаҳрамони” юлдузларини қатор қатор қилиб тақиб оларди. Кейин ўзи учрашган давлат арбобларидан, одам айтишга ҳам уялади, лабини лабига қўйиб узоқ бўса оларди. Яъни, Брежнев сиёсий маразнинг типик ўрнаги эди…

Умуман олганда эркинлик ва адолатни бир томонга улоқтириб, ўз мамлакатларини зулм, ёлғон, порахўрлик билан бошқарадиган диктаторларнинг барчасини “маразм” хасталигига дучор бўлган, дейиш мумкин. Масалан, Ливиянинг собиқ диктатори Қоддафий “Мен бўлмасам бу халқ қандай яшайди” (инсонлар қандай нафас олиб берадилар, қандай ётиб турадилар, қандай фаолият олиб борадилар ва ҳк) сўзи билан ўзининг маразм касалига дучор бўлганини исботлаганди. Худди шундай биринчи Туркманбоши “Руҳнома” номли китоб ёзиб (ёки ёздириб) бу китобини “Қуръон” ва Инжил билан ёнма ён қўйишга (яъни астағфируллоҳ ўз китобининг бу илоҳий китобларга тенглигига) фармон берганди. Куни кеча олинган хабарга кўра Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев ўз номига аталган “Ягона ватан, ягона тақдир, ягона раҳбар” кунини (Назарбоев кунини) эълон қилган (centrasia.ru) ва фуқароларини ўз куни билан табриклаган. Ягона ватан балки тўғридир, аммо ягона тақдир асло тўғри эмас, чунки ҳар инсоннинг ўз тақдири бор. Шунингдек, ягона раҳбар иддоаси ҳам бу раҳбар ўлгандан кейин тупроққа кўмилиб кетади…

 

Фурқатбек,
2 декабрь 2012 йил