Гулнора Каримованинг ваколати борми?

Гулнора Каримованинг ваколати борми?
70 views
03 December 2012 - 12:45

ББС ўзбек хизматининг хабар беришича (bbc.co.uk/uzbek) диктатор Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Твиттер ижтимоий тармоғи орқали Халқаро Инқироз Гуруҳининг Брюсселда жойлашган матбуот бўлими директори Андрю Стролайн билан Ўзбекистон қамоқхонларидаги қийноқлар масаласини муҳокама қилган. Зоҳиран мусбат ҳодиса, дея баҳоланиши мумкин бўлган бу воқеанинг катта бир камчилиги бор.

У ҳам бўлса Гулнора Каримова қандай ваколат билан бундай муҳокамага қатнашганидир. Дунёдаги ҳамма касбларнинг ҳаваскор соҳиби бўлган Гулнора Ўзбекистон ҳукуматининг расмий мулозими эмас. Испаниядаги элчиликни ҳам йиғиштириб қўйган. Бунинг сабаби Швецариядаги у ўғрилаган пуллар масаласининг маҳкамада кўрилишидир. Шундай экан, у ҳеч қандай расмий ваколатга эга бўлмасдан қандай қилиб қийноқлар каби “нозик” масалага аралашиши ва ҳатто уларни кўриб чиқишга ваъда бериши мумкин?.

Ёки унинг бу қадами Ўзбекистоннинг диктатор Каримов ва унинг оиласининг мулкига айланганига далилми? Ўзбекистонда ҳуқуқ тартибот органлари, Прокуратура, судлар (маҳкамалар) йўқми? Бутун масала шу ерда: Ўзбекистонда қонун ва ҳуқуқ йўқ, уни ҳимоя қиладиган органларнинг бу масалада ваколатлари йўқ! Бунинг ўрнига Президентнинг эркатой қизи бу масалалар билан шуғулланишни ваъда қилмоқда. Мана буни давлат фожеаси деса бўлади…

 

ЎХҲ Ахборот Маркази
3 декабрь 2012 йил