Ҳамид Исмоилов: Ўқувчисиз адабиётнинг маъноси йўқ

Ҳамид Исмоилов:  Ўқувчисиз адабиётнинг маъноси йўқ
20 views
04 December 2012 - 14:30

Ўтган ҳафта Қирғизистон пойтахти Бишкекда Марказий Осиё халқаро китоб форуми ва адабиёт фестивали бўлиб ўтди. Тадбирда Марказий Осиёда адабиёт ва ноширлик фаолиятини кучайтириш ҳамда ижодкорлар асарларини хорижда тарғиб этиш масалалари муҳокама этилди. Минтақанинг бир қатор шоир ва ёзувчиларини жамлаган фестивалда, хусусан, хориждан ҳам таниқли ижодкорлар иштирок этди.

Ўзбекистонда бадиий адабиётнинг бугунги аҳволи қандай? Ўзбек адибларини хорижда танишадими? Бу борада қандай ишлар амалга оширилган ва оширилиши керак? Бишкекда ўтган форум иштирокчиси, Буюк Британияда яшаб ижод қилаётган таниқли ўзбек адиби Ҳамид Исмоилов билан шу мавзуда суҳбат уюштирдик.

Ҳамид Исмоилов ижодини назмдан бошлаган. 10-12 ёшимда илк шеъримни ёзганман, дейди у.
Дастлаб, ҳарбий билим юртида ўқиб ўқчи-мерган унвонини олган ёш Ҳамид кейинроқ қуролдан кўра қалам тутишни афзал кўрди. Тошкент Давлат университетининг Филология факултетида ўқиб, иш ва ҳаётини бутунлай ижодга бағишлади.

Ҳамид Исмоиловнинг бир қатор шеърий тўпламлари ҳамда насрий асарлари Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Британия ҳамда бошқа Ғарб ўлкаларида нашр этилган. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида ижод қилади. Хорижда чоп этилган асарлари чет эллик китобхон ва мунаққидлар томонидан илиқ кутиб олинган.

Ҳамид Исмоилов Лондонда жойлашган “BBC” телерадиоканалида фаолият юритади. Узоқ йиллар радиоканалнинг ўзбек хизматини бошқарган.

Адибнинг айтишича, ўзбек адабиёти ҳануз ривожланиш босқичида. Бу жараёнда яхши асарлар, янги модерн йўналишлар пайдо бўлмоқда, дейди у.

“Умуман айтганда, бир томондан, анча забардаст асарлар яратиляпти. Йўналишлар ҳам бойияпти. Символик нарсалар яратиляпти. Сюрреалистик нарсалар яратиляпти. Реалистик нарсалар яратиляпти. Лекин адабиётимиз ҳали қотмаган муз. Одатда, адабиёт бир қанча вақт ўтгандан кейин билинади. Келажакдан ўтмишга қараб туриб, адабиёт ҳақида хулоса чиқариш мумкин”, – дейди ёзувчи.

Ўзбек шоир ва ёзувчиларининг жаҳон адабиётида тутган мавқеи ҳақида сўз очган адиб ўзбекистонликлар орасида “Нобел” мукофотига лойиқ асарлар кўп эканини айтади.

“Бундан тўрт-беш йил аввал сурункасига “Нобел” мукофотини нотаниш одамларга беришганда, Францияда катта бир ёзувчи истеҳзо билан ёзган экан: “Энди келаси йил аллақандай Ўзбекистондан бўлган ҳеч ким танимаган бир одамга беришса керак. Чунки у ерда диктатура-да”, деб. Ўшанда аччиғим чиққан эди. Мен, масалан, ўзбек адабиётида камида учта-тўртта, агар шеъриятни оладиган бўлсангиз, 10 тага қадар “Нобел”га лойиқ катта одамнинг номини айтишим мумкин. Яъни, жаҳон адабиётига ҳам бемалол кириб кела оладиган адабиётчиларимиз, шоирларимиз, ёзувчиларимиз кўп”, – дейди Ҳамид Исмоилов.

Адибга кўра, бирор халқ адабиётининг жаҳонда танилмагани унинг жаҳон адабиётига кириш даражасида бадиий савияга эга эмаслигини англатмайди. Жаҳон адабиёти деганда, асосан, инглиззабон адабиётни тушунамиз ва бу тилда чиқмаган асарларнинг халқаро эътироф топиши қийин, албатта, дейди у.

“Афсуски, биз ҳозир жаҳон адабиёти деганда адабиётни инглиз тили билан чегаралаб қўйганмиз, холос, – дейди ўзбек ёзувчиси. – Шунинг учун агар инглиз тилида чиқмаса, жаҳон адабиётига молик эмас экан, деган ёлғон тушунча пайдо бўлган. Аслида, адабиётни ўз тилида мезонлаш керак. Масалан, қирғиз тилида ёзилган нарса қирғиз тилида мезонланиши керак. Швед тилида ёзилган нарса швед тилида. Энди таржима бу бошқа масала. Лекин адабиётнинг мезони ўзининг ёзилган тилида бўлади”.

Демак, халқаро эътироф ва эътиборга сазовор бўлиш учун таржима муҳим. Бу борада аҳвол қанақа?

Халқаро адабиёт майдонидан ўрин олиш учун нималар қилиш керак, дея сўраймиз адибдан.
“Биринчидан, кўнгиллилар пайдо бўлиши керак, – дейди у. – Таржимонлар, ўзбек адабиётига ихлосмандлар пайдо бўлиши керак. Халқаро алоқаларни кучайтириш керак. Масалан, ёзувчи ёзувчи билан учрашгандан кейин бир-бири билан танишади, кўз-кўзга тушади. Китобларини бир-бирига беришади, ўқишади. Бир-бирига қизиқиш туғилади. Чундай алоқаларни анча кучайтириш керак. Ўшанда бизнинг адабиётимизнинг бойлиги секин-секин нафақат ўқувчиларга, балки адабий давраларга ҳам кириб келади. Адабиётшунослар, журналистлар орасига кириб келади. Ўшанда довруғи ҳам бутун дунёга таралиши турган гап”.

Ҳамид Исмоилов яқинда “Жинлар базми ёхуд катта ўйин” номли янги романини ёзиб тугатди. Асар ҳали китоб ҳолида нашр этилмаган, лекин интернетга қўйилган. Унда ўзбек ёзувчиси Абдулла Қодирийнинг чоп этилмаган романи ҳақида ҳикоя қилинади.

“Романнинг бир томони бадиий, бир томони ҳужжатли. Абдулла Қодирийнинг қамалган пайти, қамоқда яшаган ҳаёти ҳужжатлар асосида тикланган. Лекин унинг руҳий кечинмалари, масалан, ҳеч қайси ҳужжатда йўқ. Чундай кечинмалари, романини ўйлаганлари, романини тасаввур қилганлари ёки романнинг ўзи, албатта, ҳеч қаерда ҳужжатга солинмаган нарсалар. Яъни, асар ҳужжат асосида, лекин тахайюлий бир нарса”, – дейди асар муаллифи.
Адабиёт келажаги ҳақида куйиниб гапирган Ҳамид Исмоилов муаммолардан бири сифатида китобхонларнинг камлигини тилга олади:

“Ўқувчилар сони, албатта, камайиб кетяпти ҳозир. Интернет келди, бошқа нарсалар келяпти, деб ўйлаяпмиз. Лекин ўқувчи оиладан тайёрланиши керак, болаликдан тайёрланиши керак. Онанинг болага алла айтишидан бошланади бу тайёргарлик. Бувиси Махтумқулини, “Минг бир кеча”ни ўқиб берган болалардан ўқувчи чиқади, китоб ўқувчилари чиқади. Афсуски, бу нарсалар ҳозир йўқолиб боряпти. Мана, биз маданият деймиз. Маданият деган нарса бу ўстириш дегани. Ғиштма-ғишт бир нарсани ясаб чиқиш деган нарса. Шу нуқтаи назардан, масалан, ўсимликка қандай сув қуядиган бўлсак, суғориб парваришлайдиган бўлсак, шунга ўхшаб ўқув маданиятини ҳам болаликдан бошлашимиз керак. Афсуски, бу нарсалар йўқолиб кетяпти. Бу нарса йўқолар экан, ёзувчиликнинг ҳам маъноси қолмайди”.

 

amerikaovozi.com