Ўзбекистон мудофаа вазирлиги тизимида ЎХҲга қарши сиёсий маърузалар

Ўзбекистон мудофаа вазирлиги тизимида ЎХҲга қарши сиёсий маърузалар
29 views
04 December 2012 - 15:29

Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мамлакат Конституцияси Кунига бағишланган машғулотлар ўтказа бошлади. Бироқ олий зобитлар таркиби учун мўлжалланган дарсларда маърузачилар амалда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатига ва унинг раҳбари Муҳаммад Солиҳга қарши сиёсий тарғибот билан шуғулланмоқда.

Ҳарбий ўқув юртлари ва гарнизонларда ўтказилаётган маърузалар расман “8 декабрь – Ўзбекистон Конституцияси Куни”, деб номланади. Аммо машғулотларнинг режаси (тезисларига) назар ташланса, сиёсий дарсларнинг мухолифатга қарши қаратилганини пайқаб олиш қийин эмас.

Тезисларнинг илк икки банди Конституция куни ва Ўзбекистондаги конституцион тузумга бағишланган бўлса ҳам, қолган тўрт бандида тўлалигича ЎХҲ ва Муҳаммад Солиҳ ҳақида сўз юритилади: “ЎХҲ – мустақил Ўзбекистоннинг конституцион тузумига ва дунёвий ривожланишига таҳдид”, “ЎХҲнинг хорижий дастаклари”, “ЎХҲнинг кучишлатар тизимлардан кўмак қидиришга уринишлари”, “Муҳаммад Солиҳ – 1999 йил 16 февралдаги террористик портлашларнинг ташкилотчиси”.

Ўзбекистон Конституциясининг “бетакрорлиги” ва “тенгсизлиги” ҳамда “мамлакат раҳбарияти танлаган ривожланиш йўлининг тўғрилиги” ҳақидаги қисқа ваъздан кейин маърузачилар дарров машғулотларнинг асосий мавзусига кўчмоқда. Мудофаа вазирлигидан келган маърузачилар мухолифатга қарши қаратилган нутқларини: “Бироқ мамлакатимизнинг конституцион тузумини ағдаришдан манфаатдор бузғунчи сиёсий гуруҳлар ҳам бор. Улардан бири Ўзбекистон Халқ Ҳаракати бўлиб, унга ўзини Муҳаммад Солиҳ деб атайдиган террорчи ва сохта шоир Салай Мадаминов раҳбарлик қилади”, – деган сўзлардан бошламоқда.

Сўнгра улар “Ушбу Ҳаракат раҳбарияти Ўзбекистондан қочиб кетган ватангадо исломийлардан ва террорчилардан ташкил топган”лиги, “ЎХҲ республика кучишлатар тизимларидаги зобитларни ўзига оғдириш ниятида”лиги, “ЎХҲ Ўзбекистонга душман ва ҳасад кайфиятидаги мамлакатлар тарафидан молияланаётган ташкилот”лиги ва ҳоказолар ҳақида оғиз кўпиртиришмоқда. Лекин мудофаа вазирлигидан хизмат сафарига юборилган агитаторлар айнан қайси мамлакатлар Ўзбекистонга душман ва ҳасад кайфиятида эканлиги ва “душман мамлакатлар”дан айнан қайсилари ЎХҲга хомийлик қилаётганини аниқ айтишолмаяпти.

Маърузачилар фақат ЎХҲ тарафидан Ўзбекистон кучишлатар тизимлари ходимларига қарата яқинда қилинган мурожаат ҳақида аниқ тўхталишмоқда. Маълумки, ушбу мурожаатда Ҳаракат ўзбекистонлик кучишлатар тизимлари ходимларини нафақага чиқиш арафасида эҳтиёт бўлишга чақирганди. ЎХҲнинг мазкур мурожаати ҳақида тўхталар экан, маърузачилар: “Бу мурожаат – ғирт ёлғон ва туҳмат бўлиб, ундан ЎХҲнинг кўзлаган асосий мақсадлари мамлакатимиз раҳбариятига нисбатан ишончсизлик уйғотиш ва кучишлатар тизимларнинг шахсий таркибини руҳсизлантириш”, – дейишмоқда.

Ҳарбий тарғиботчилар ЎХҲ лидери Муҳаммад Солиҳни ҳам аллақачон қолип бўлиб қолган иборалар билан таърифлаб, ҳозирги Ўзбекистондаги барча камчиликларда айблашмоқда. “ЎХҲ ҳам, Муҳаммад Солиҳ ҳам халқимиз ва ҳарбийларимиз орасида кўмакчи топа олишмайди!” – дея бонг уратуриб, маърузачилар тингловчиларни: “Сиёсий нуқтаи назардан шундай маъсулиятли пайтда олий зобитлар таркибининг сиёсий онгини ўстиришга, ЎХҲ каби бузғунчи гуруҳларнинг ёвуз ниятлари ҳақида зобитларнинг хабардорлигига яна-да кўпроқ эътибор қаратишимиз зарур!” – деб, огоҳлантиришмоқда.

ЎХҲга қарши ташкиллаштирилган сиёсий маърузалар Чирчиқ ва Жиззахдаги ҳарбий ўқув юртларида ҳамда Ўзбекистонинг вилоят марказларида жойлашган гарнизонларда ўтказилди. Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланган режага кўра, бундай тарғибот машғулотлари шу йилнинг 8 декабригача – Конституция Кунигача ўтказилиши кўзда тутилган.

Афтидан, Ўзбекитон ҳукумати ЎХҲни йирик сиёсий куч ҳисоблаб, бу гуруҳ Ислом Каримовнинг сиёсий ҳокимиятни Гулнора Каримовага мерос қолдириш режаларига ҳалақит қилишга қодир, дея хавотирга тушган кўринади. Мудофаа вазирлиги тизимидаги зобитларга қаратилган кенгқамровли контртарғибот кампаниясининг ташкил қилинганлигига бошқача изоҳ бериш қийин.

 

ЎХҲ Ахборот маркази