Амнистия чиқди, аммо у сиёсий маҳбусларга қўлланилмайди

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганига 20 йил тўлиши муносабати билан Сенат қабул қилган умумий авф тўла матни ҳали жамоатчиликка маълум эмас.

Амнистия чиқди, аммо у сиёсий маҳбусларга қўлланилмайди
97 views
06 December 2012 - 9:02

Ўзбек қамоқхоналарида минглаб сиёсий ва диний маҳбуслар борлиги айтилади

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганига 20 йил тўлиши муносабати билан Сенат қабул қилган умумий авф тўла матни ҳали жамоатчиликка маълум эмас.

Аммо хабар агентликларига кўра, аёл маҳкумалар, балоғатга етмаганлар, ногирон, 60 ёшдан ошган ва хорижий маҳбуслар ҳамда илк бора “террор ҳаракатига қўл урган, бироқ оғир жиноят содир этмасдан, эндиликда тўғри йўлга йирган маҳкумлар” ҳам озодликка чиқарилади.

Мамлакат расмийлари ушбу умумий авф жамиятга бошқа таҳдид солмайдиган шахсларга нисбатан қўлланишини айтганлар.

Бир умрга ҳукм этилган, қасддан одам ўлдирган ва ўта оғир жиноятларни содир этган шахслар авф этилмайди.

Сенат қарори эса матбуотда эълон қилинган кунидан бошлаб кучга киради.

Ўзбекистон ҳар йили Конституция куни маносабати билан умумий авф эълон қилади. Аммо амнистиялар сиёсий маҳбусларга нисбатан деярли қўлланилмайди.

“Бу умумий авфлар, асосан, жиноий ҳаракатлар билан қамалганларга тааллуқли” – дейди Тошкентдан фаол Дилорам Исҳоқова – “Аммо сиёсий маҳбуслар ва 159-модда билан қамалганларнинг муддати тугашига оз қолганида “тартибни бузди” каби иддаолар билан қўшимча муҳлат бериб, қамоқда қолдиришади”.

Ўзбекистон тарихида бир марта – 2003 йилги умумий авф сиёсий ва диний маҳкумларни ҳам қамраб олган эди.

Ўшанда 400 нафарга яқин сиёсий ва диний айблар билан ҳукм этилганлар озод қилинган.

Бироқ бу йил сиёсий ва диний маҳбусларнинг умумий авфга тушиши маълум эмас.

“Ҳукуматнинг “қора рўйхати”да бўлган маҳбусларга нисбатан амнистия қўлланмаслиги ҳозирдан маълум” – деган эди олдинроқ, Тошкентдан фаол Сурат Икромов.

“Чунки уларнинг жазо муддатлари узайтириб қўйилаяпти. Масалан, ишбилармон Рустам Усмонов 65 ёшга кирган бўлишига қарамай, унга 5 йил қўшиб беришди”.

Ўзбекистон расмийлари “сиёсий маҳбус” тушунчасини рад этиб, мамлакат қамоқхоналарида сиёсий маҳкумлар йўқлигини айтишади.

Ўзбек ҳибсхона ва турмалари эса қийноқлар кенг қўлланиши билан дунёга танилган.

Собиқ маҳкумлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, ўзбек қамоқхоналарда жинсий аъзоларга электр токи тегизиш, тирноқларга игна қадаш, қайноқ сувда куйдириш, сув солинган елим бутилка билан калтаклаш, гармдорили сув билан ҳуқна қилиш ва гуруҳ бўлиб зўрлаш каби қийноқ усуллари қўлланади.

Кўп ҳолларда мустақил кузатувчилар Ўзбекистон қамоқхоналарига киритилмайди. Қамоқларни кузатган кам сонли халқаро ташклиотлар учун эса махсус ташкиллаштирилган ташрифлар амалга оширилиши айтилади.

Таҳлилчиларга кўра, бундай ҳолатларда маҳбуслар ҳақиқатни айтишдан чўчийдилар.

bbc.co.uk/uzbek