Ахборот зулмини ўрнатган конституция

Ҳақиқатнинг инсон даҳлсиз ҳуқуқларини камситишга асос бўлган ҳар қандай тимсоли ҳам худди ёлғоннинг ўзидир

Ахборот зулмини ўрнатган конституция
52 views
06 December 2012 - 10:33

Ҳақиқатнинг инсон даҳлсиз ҳуқуқларини камситишга  асос  бўлган  ҳар  қандай  тимсоли ҳам  худди  ёлғоннинг  ўзидир

Тараққиётнинг сўз ва эътиқодда озод, қўрқув ва муҳтожликдан озод  ҳолатини яқинлаштириш, уни ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаро учун ҳаётий борлиққа айлантириш давлат ҳокимиятининг энг масъулиятли бурчидир. Ушбу тамойил тараққийпарвар давлатларда идора тизимига пойдевор сифатида тобора  мустаҳкам ўрнашиб бормоқда. Унинг қонунлар руҳи ва ҳарфида акс этилишидаги тўлалик давлатлараро муносабатларда ишонч омилига айланмоқда.

Ана шу нуқтаи назардан қараб, Ўзбекистон Конституциясининг 29-моддаси руҳи ва ҳарфи қирраларини, пойдеворида ётган ҳақиқат тимсолининг жиҳатларини илғаб олиш фойдадан ҳоли бўлмас.

Конституциянинг иккинчи бўлими «Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари»  деб номланган. Бу бўлимнинг «Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар» бобидаги 29-модда сўз ва эътиқод эркинлигига бағишланган. Унда таъкидланадики:

«Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан  чекланиши мумкин».

Модданинг тўла матнини келтирдик. Кўриниб турибдики, унинг қоидалари моҳиятини илғаб олиш, руҳини аниқлаш анча мураккаб вазифадир. Туб муддао шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар яратишми ёки уларга барҳам бериш эканини фарқлаб олиш осон эмас. Пойдевор ҳақиқат тимсоли пухтагина яширинган.

Матндаги шахсий ҳуқуқ ва эркинликларни санаб ўтайлик. Улар қуйидагилардан иборат: 1) фикрлаш эркинлиги ҳуқуқи; 2) сўз эркинлиги ҳуқуқи;   3) эътиқод эркинлиги ҳуқуқи; 4) фикр юритиш эркинлиги ҳуқуқи;  5) фикрни ифодалаш эркинлиги ҳуқуқи;  6) ахборот излаш эркинлиги ҳуқуқи;  7) ахборот олиш эркинлиги ҳуқуқи; 8) ахборот тарқатиш эркинлиги ҳуқуқи.

«Фикрлаш»  билан  «фикр юритиш»  орасидаги фарқдан қатъий назар, саналиб ўтилган ҳуқуқларни ўз халқи учун яратишга давлат ҳокимияти бурчлидир. Давлат ҳокимиятига бунинг учун лозим бўлган салоҳият ва ҳуқуқлар берилган бўлиши муқаррардир.

Матнда давлат ҳокимиятига тегишли ҳуқуқларга ҳам ўрин берилган. Фақат улар шахсий ҳуқуқлар каби очиқ эмас, балки яширин равишда ифодаланган. Лекин уларнинг, давлат ҳокимиятига берилган ҳуқуқларнинг, шахсий ҳуқуқларни яратишга эмас, аксинча, уларни йўқ қилишга қаратилганини инкор қилиб бўлмайди.

Давлат ҳокимиятига берилган ҳуқуқларни санаб ўтайлик. Уларнинг тўла бўлмаган рўйхати қуйидагича: 1) амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборотни излаш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 2) амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборотни олиш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 3) амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборотни тарқатиш  эркинлигини  йўқ қилиш ҳуқуқи;  4) бошқа ахборотни излаш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 5) бошқа ахборотни олиш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 6) бошқа ахборотни тарқатиш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 7) давлат сирига тааллуқли фикр юритиш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 8) давлат сирига тааллуқли фикрни ифодалаш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 9) бошқа сирларга тааллуқли фикр юритиш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 10) бошқа сирларга тааллуқли фикрни ифодалаш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 11) ечим, ажрим ва ҳукмда исботсизлик ҳуқуқи; 12) танқидий сўз эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 13) танқидий фикрлаш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи;   14) мухолиф эътиқодга эга бўлиш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 15) ўз эътиқодида собит бўлиш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 16) мухолиф фикрни ифодалаш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи;   17)  ҳақиқатни излаш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 18) ҳақиқатни олиш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 19) ҳақиқатни тарқатиш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 20) ёлғонни рағбатлантириш эркинлиги ҳуқуқи; 21) эътироз изҳор этиш эркинлигини йўқ қилиш ҳуқуқи; 22) цензура ўрнатиш ҳуқуқи.

Бу ҳуқуқларнинг дастлабки ўнтаси шахсий ҳуқуқларга мустасно  сифатидаги қўшимчалардан бевосита келиб чиқади. Қолганлари эса асосан матндаги тушунчаларнинг ҳуқуқий жиҳатдан мавҳумлиги билан яратилган. Тушунчаларнинг кўзда тутилган моҳияти изоҳланмаган. Уларга ҳар ким ўзича маъно беради. Асл моҳиятга қонун кучи берилмаган. Моҳият мавҳумлиги мавжуд. Кучнинг ҳақиқатдан устуворлик қилишига замин яратилган. Бу ҳол ҳақиқатнинг қадрсизланишига олиб келиши турган гап.

Давлат ҳокимиятига қўшимча ҳуқуқлар берадиган  «амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот» дейилган мавҳум тушунча устида бироз тўхтаб ўтайлик. Тушунчада конституциявий ҳимояга муҳтож қандайдир «тузум» тўғрисида сўз кетаётгани аниқ. У «ахборот» хавфидан ҳимоя қилинаётгани ҳам аниқ.  Яъники, сўз хавфидан. Оғзаки ва ёзма сўз хавфидан. Умуман сўз хавфидан қандайдир «тузум» муҳофаза қилинаяпти.

Сўзнинг кўплаб жиҳатларидан фақат «амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган»  дейилган жиҳати олинган. Фақат ўша жиҳатгагина конституциявий аҳамият берилган. Сўзнинг ҳақиқатга муносабати ҳам, гўёки, муҳим эмас, муҳими унинг «тузум»га муносабати. Ушбу ўта муҳим муносабат эса «қарши қаратилган» дейилган ўлчамсиз жиҳат билан баҳоланган.  «Конституциявий тузум» деб аталган аниқ бир идора тизимига «амалдаги» дейилган  сифат  бериш билан  сўз эркинлигига бутунлай барҳам берилган деса бўлади. Аниқ сўз доимо мавҳумликка қарши қаратилгандир.

Илгарилари  «конституциявий тузум»нинг «социалистик» дейилгани сўздан ҳимоя қилинарди. Чунки  «конституциявий тузум» нинг ушбу жиҳати ёлғон сўзга, ёлғон ғояга асосланган. Шу туфайли ҳам у ҳақ сўздан доимий ҳимояга муҳтож.  «Социалистик» дейилган сифат берилса демократия ҳам ана шу аҳволга тушади.  «Социалистик демократия» яратган «ўзгаўйлилар  ови» ҳали унутарлик даражада эскирган эмас.

«Конституциявий тузум» нинг «амалдаги»си худди «социалистик»нинг ўзи десак ҳато бўлар, эҳтимол.  Лекин, «амалдаги»  дейилган жиҳат давлат ҳокимиятининг ўзгаўйлиларга муносабатини кўрсатиши аниқ.  Мазкур жиҳат «кейингиси»  ёки  «амал қилмаётгани» ҳам  «конституциявий»  бўлишига шубҳа туғдириш учун ёзилмаган бўлса керак.  Моҳиятан у жиҳатнинг мафкуравий экани аниқ.  Ахборотдан ҳимояга муҳтожлиги шундан далолат беради. Ва бу етарли далилдир. Лекин, Конституция муаллифларининг қалбида  ўрнашган мафкуранинг ўзи очиқ айтилмагани ва унинг сўздан, ҳақиқатдан ҳимояга муҳтожлиги, давлат ҳокимиятининг бу мафкурага садоқати заиф эканини кўрсатиб турибди.

Ахборотнинг эркин муомаладан Конституция талабларига биноан чиқариб ташланадиган  қисми   фақатгина   «амалдаги  конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот» дан иборат эмас. Давлат ҳокимиятига унинг «бошқа»ларини ҳам эркин муомаладан доимий равишда чиқариб туриш ҳуқуқи берилган.

Эркин муомаладан чиқариб ташланишга маҳкум этилган фикрлар ҳам бор. «Давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли»  фикрлар тақдири давлат ҳокимияти қўлида. Улар эркин ҳаракатдан тўхтатилиши мумкин. Чунки матнда «фикр юритиш эркинлиги чекланиши мумкин»  дейилган. Бу қоида давлат ҳокимиятига кенг ҳуқуқлар яратиб беради, албатта. Фикрларнинг эркин юришига каттагина тўсиқ бўла олади. Фикрнинг бирон-бир «сир»га тааллуқли бўлиб чиқмаслигига ким ҳам кафолат бера оларди.

Лекин, янги фикр туғилиши, ривожланиши ва камол топиши учун мавжуд фикрлар муомалада, ҳаракатда бўлиб туриши шарт-ку. Ахир, шундагина фикрнинг тўғриси қалбларга сингиб, эътиқодга айланиши, нотўғриси эса ўз-ўзидан ҳаракатдан қолиб, унутилиб кетиши неча-неча бор синалган ҳақиқат экани Конституция муаллифларига ҳам аён-ку.

Шахсий ҳуқуқ ва эркинликларга тўсиқлар бўлиши ҳар бир жамият учун табиий бир ҳол. Давлат ҳокимиятининг ўз халқи олдидаги бурчи ана шу тўсиқларга барҳам бериш ҳамдир. Конституция эса бу вазифани амалга оширишда асосий қурол бўлиб хизмат қилиши керак. Аммо,  унинг 29-моддаси мисолида кўрдикки, Конституция  давлат  ҳокимиятининг ўзини асосий тўсиқ даражасига кўтариб берган. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар яратишга эмас, аксинча уларга тўсиқ яратишга хизмат қилади. Бу ҳол жамиятни сўз ва эътиқодда озодлик ҳолатига яқинлаштириш ўрнига уни бу ҳолатдан яна ҳам узоқлаштиради.

Ҳар қандай қонуннинг ҳаётийлик мезони амалиётдир. Сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқидан фуқароларнинг қай даражада фойдаланаётгани, 29-модда қоидаларига қай даражада амал қилинаётгани ҳусусидаги ахборотнинг ҳам эркин муомалада бўлмагани  тўла-тўкис ва ишончли мулоҳаза  юритишни қийинлаштиради.

Ўзбекистонда истиқомат қилаётган кишилар ҳаётида инсон ҳуқуқлари тутган ўринга сиёсий баҳо бериш учун бу масалага «Эрк» партияси муносабатини четлаб ўтиб бўлмайди. 1995 йилнинг 23 декабрида қабул қилинган партивий ҳужжатда сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига амал қилиниши холатини «ахборот зулми» деб баҳоланади. «Ўзбекистон давлат ҳокимиятига унинг ўз халқига ўтказаётган ахборот зулми муносабатли «Эрк» партиясининг раддияси» деб номланган бу ҳужжатнинг матнини келтирамиз:

«Давлат ҳокимияти фаолиятида ҳақиқат қадрсизланиб, ёлғон ҳукмдорлиги кучайиши давом этаётгани туфайли халқ бошига келиши эҳтимол бўлган бало-офатлар тасаввуридан  ташвиш билдириб, халқнинг турли эътиқоддаги бўлакчалари устидан ёлғонга таяниб ўтказилаётган зулм демократиянинг умумжахон эътирофини қозонган тимсолига бегона эканидан келиб чиқиб, давлат ҳокимияти ўзига мухолиф бўлган сиёсийлашган гуруҳлар намояндалари устидан уюштирган исботсизлик руҳидаги буюртма судлов жараёнларидан биронтаси қонуний тартибга тҳла риоя қилган ҳолда ўтмагани туфайли судланганлар барчаси зулмнинг аксилконституциявий ноҳақлик шакли қурбони бўлган айбсизлар эканига ишонч билдириб, халқнинг кўпминглик ҳақиқатпараст намояндаларини ўзида уюштирган бир бўлакчаси сифатида «Эрк» партияси фақат ҳақиқатга садоқат туйғусидан маҳрум ёлғонпарастлар учунгина хавф туғдиришини таъкидлаб, ўзининг номига ёки Ўзбекистон халқига ёки ўзининг ҳақиқатга садоқат туйғусига таянган мафкурасига иснод келтирадиган бирон-бир амал қилмагани ҳолда «Эрк» партиси сайловлардан четлатиб, фаолияти тўхтатиб қўйилгани, мулки тортиб олингани, аъзолари қариндош-уруғларигача қувғин-таъқиб қилинаётгани давлат ҳокимиятининг ўз халқига муносабатидаги зулмни кўрсатувчи кўрсатгичлардан эканини уқиб, норозилик ва раддия билдириш эркинлиги ҳуқуқларининг барчасидан ўз фуқароларини маҳрум қилиб қўйган давлат ҳокимияти мазкур раддия муносабатли ҳам қатағон уюштириши эҳтимолини англаган ҳолда, «Эрк» Демократик Партияси ўзининг марказий раҳбар органи сиймосида маълум қиладики, оммавий ахборот воситаларининг барчаси устидан ўз яккаҳокимлиги ва цензурасини ўрнатиш билан, халқни идора қилиш тизими органларининг барчасида ўзига мухолифатсизлик яратиш билан, сўз эркинлиги ҳуқуқларининг барчасидан ўз фуқароларини маҳрум қилиб қўйиш билан, «Эрк» партиси қадр-қиммати ва ҳуқуқларини камситишга қаратилган қора  тамғалар тўқишга мусобақа руҳини бериш   билан, ҳақиқатпараст инсонлар шаъни ва обрўсига «сотқин», «ватанфуруш», «ватан хоини», «мустақиллик душмани», «шуҳратпараст» каби ноҳақ айблар қўйиб тажовуз қилишни рағбатлантириш билан, ёлғонпарастлик аломатлари ва оқибатларини яққол қиладиган далилларни оммага етказишни тақиқлаб қўйиш билан, демократиянинг ҳақиқатдан йироқ бузуқ тимсолини бирёқлама тарғиб-ташвиқот қилишни уюштириш билан, аҳолининг ахборот рационини қашшоқ ва эҳтиёжлар тизими тузилмасидан йироқ аҳволга келтириш билан, ўз халқига ўтказаётган ахборот зулми муносабатли давлат ҳокимиятига норозилик ва раддия билдиради, уни бундай зулмкорликдан тийинишга, қарамсиз ҳаёт йўлининг тараққиёт йўналишига қараб юз тутишга,   унинг таназзул йўналишидан қайтишга чақиради ва бу икки йўналишни фарқлаб берадиган мезон давлат ҳокимиятига бегона эмаслигига умид қилади».

Мазкур партиявий ҳужжатни «Эрк» партияси марказий раҳбар органи имзолаган. Унинг тўлиқ матни 1995-йилда “Озодлик” радиосида ўқиб эшиттирилган.

Ахборот эркинлиги ўрнига ахборот зулмини ўрнатган давлат ҳокимияти тасаввуридаги ҳақиқатнинг  ҳар қандай  тимсоли  пойдеворида бош ҳақиқат ётган бўлиши эҳтимолдан йироқдир. Пойдеворнинг бош ёлғон бўлиб чиқиши, ёлғон диктатурасининг авж олиши эҳтимолга яқинроқдир.

 

Отаназар Ориф
(“Тараққиёт мезони”, 1995, китобидан)