Оила ва давлат

Оила ва давлат
24 views
08 December 2012 - 18:37

Аллоҳ, инсонни Ўзи яратган мавжудотларининг ичида энг афзали қилиб яратди. Яратган Аллоҳ одамларни жуфт бўлиб қовушиб яшашни фарз қилди. Эркак ва аёл қовушиб яшаши учун никоҳдан ўтишлик ҳам фарз бўлди. Никох орқали, оила барпо бўлади. Оила, жамиятнинг асосий ячейкасидир. Ота оилага маъсул ва унга бошлиқ. Ҳалол меҳнат билан даромад топиб ва оилага сарф қилиши отанинг бурчидир. Оилалар , замонига қараб аймоқ, қабила, қавм ва давлат шаклларида бирлашиб яшаганлар. Давлат эса оилани ва унинг аъзоларини ташқи душмандан ва ички тенгсизликлардан ҳимоя қилиши керак бўлган. Бу айтилганларнинг барчаси, Ислом удумларига асосланган оила ва жамият қоидаларидир.

Ислом қадриятлари бузилган оилада ва жамиятда, албатта инқироз содир бўлаверади. Никоҳсиз қовушаётган оилада, ўзаро ҳурмат оз бўлади. Оилавий уруш-жанжал кўп бўлади. Ҳатто эркакнинг аёлга ёки аёлнинг эркакка хиёнати одатий тусга айланиши мумкин. Эркак ва аёл орасида сотқинлик аломатлари кўп бўлган жамиятда, ривож сусаяди. Бунга, бугунги Европа мисолдир. Айш-ишратга берилган ҳар бир инсон, жамиятда ўз ўрнини йўқотади.

Жамиятимизда, бугунги кунда, янги қурилган оилалар орасидаги ажрим, қовушганлар сонининг 50%дан ошади. Мамлакат расмийлари, бунинг сабабини ҳам айтаяптилар. Яъни, ота-оналар балоғат ёшига етмаган фарзандларини турмуш қурдирар эмиш. Мамлакат идеологларининг айтишига қараганда, ёшлар оила мазмунига тушунмасдан ва оилани таъминлай олмасдан ажрашишга мажбур бўлар экан. Кўринишдан тўғрига ўхшаган бу сабаб, аслида режимнинг навбатдаги найрангидир.

Тошкентимизни республикада, иш топилиши мумкин бўлган ягона шаҳар десак бўлади. Вилоятлардан келган мингллаб мардикорлар, ҳар куни, Тошкентнинг олтита бозорида иш топиш илинжида талпинадилар. Қанчадан-қанча студентлар Тошкентда таълим оладилар.

Бу ёшлар оилали бўлсалар, келин-куёвларнинг бирга яшаш учун вақтинчалик ётоқхоналар борми?
Ёшларда, оиласини боқиш учун, доимий иш топиш истиқболи борми?
Ётоқхона ва доимий ишчи ўринларини барпо қилиш учун ким бош қотириши керак?
Ёшларнинг масжидга бориб намоз ўқиши муаммо бўлиб турган мамлакатда, оиланинг муқаддаслигини ким уларга тушунтирмоқчи?
Ёшлар, қадриятларимизни ҳис қилиб, иймон эътиқодга қачон ўрганади?

Иймонли, эътиқодли инсонларгина, оиланинг ҳақиқий маъносига тушуна оладилар. Раҳбарларнинг, давлат ишларига ноқобиллигини яширишга ҳаракатланган, режимнинг мумкин қадар узоқ сақланишини кўзлаган давлат мафкураси бугун, режимнинг ўзи учун ҳам яроқсиз бўлиб қолаяпти.

“Оилам учун, бола чақам учун яшайман”, дейди ҳар бир ўзбек. Ўзбекчилик билан, оиласи учун тер тўкади. Ҳар ишга қўл уради. Азоб чекади. Оилани боқишга ва бошқаришга ҳаракат қилади. Айниқса бугунги кунда жамиятимизнинг айрим қатлами вакилларининг бу ҳаракатлари, одоб ва қонун нормаларини ҳам бузиб ўтаяпти. Бу ачинарли ҳол, мамлакат иқтисодига катта талофат етказаяпти. Мамлакатимизда содир бўлаётган талон-тарож ишлар, айрим мутасадди раҳбарларга қўл келаяпти. Уддабурон раҳбарлар, ўзгаларнинг ҳисобидан, ноқонуний бизнесларини кенг йўлга қўйганлар. Савол туғилади: Энди ўзбекчиликка барҳам бериш керак экан-да? Ўзбекчиликнинг негатив томонларга бурилиши, жамиятимият ахлоқий нормаларининг сиёсатчилар тамонидан бузилиши оқибатидандир. Чунки, қонунлари ишламаган мамлакатда, давлат рахбарлари, қароқчига айланади.

Мен, Джуманиязов Н.Р. Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 34 моддасига биноан, мустақил мардикорлар касаба уюшмасини тузишда актив қатнашганим учун, маҳкама тарафидан 7.235.500 сўм жаримага тортилганман. Касбим инженер-конструктор. Шу кунгача ҳалол мехнатим билан ҳаёт кечирганман. Мен, оилам (аёлим ва қизим) билан ижарага квартирада истиқомат қиламиз. ЎХҲ нинг аъзосиман. Шунинг учун мени, тепанинг буйруғи билан, оилам билан яшаётган ижара квартирадан чиқиб кетишга мажбурлаяптилар. Тошкентда яшаш учун ижарага квартира кўп. Лекин оиламни сарсон қилиш амаллари янги квартирада ҳам тўхташига кафолат йўқ. Чунки, режим катталарининг кўзлаган ҳаром ниятлари, фуқароларни гаровда ушлаб туриш билан амалга оширилади. Каримов тўғрисида “ортиқча” гапирсак:

-ишдан бўшатиламиз,

-жаримага тортиламиз,

-квартирадан ҳайдаламиз,

-судга бериламиз.

Қисқаси, оиламизни қийин аҳволга солиб қўямиз. Бу амаллар, Каримовнинг, режимни бошқаришдаги “кўзирной” картасидир.

Ўн саккиз минг оламни яратган Аллоҳ ҳамма нарсага қодир. Каримов танлаган бошқарув усули ўз ниҳоясига етиб қолди. Халқ гаровда турган ертўладан, секин-аста, соф ҳаводан нафас олишга, ташқарига чиқаяпти. Ўйлайманки, Каримовнинг катта ва кичик ёрдамчилари ҳам, бу режимнинг Каримовлар оиласидан бошқа ҳеч кимга керак эмаслигига тушуниб қолдилар. Каримов, президентлик амалининг ниҳоясида режимни Гулнора Каримова вариантида қолдиришга ҳаракат қилаяпти. Чунки, дунё диктаторларнинг истакларидан бири, “Барча яхши нарсалар фарзандларимиз учун”, деган тушунчаларидир. Диктаторнинг тахти, отадан қизига мерос қолишини, халқимиз аллақачонлардан бери кутаяпти. Тахт “ворисининг” бахтига қарши, бу режанинг амалга ошмайдиган томонлари жуда кўп.

-Отаси, Каримовни 80% фуқаро ёмон кўрса,

-Қизи, Каримовани 100% фуқаро ёмон кўради. Афтини бужмайтиришади.

– Каримова амалга “илашгач”, халқ ичида обрў топишга ҳаракат қилади. Бунинг учун у, отасини ҳам аяб ўтирмайди. Халқни мен эмас, сен эзгансан. Яхшиси, бўйнингга сиртмоқ, дейди отасига.

-Каримовдан зада бўлган, лекин тош отолмаган халқ , Каримова томонга тош отиш эҳтимоли жуда катта. У режимни ушлаб тураолмайди.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати, ўзининг дастури амаллари билан, халқимизни адолатли жамият қуришига етакламоқчи. Мамлакатни югурдаклар билан ёки оилавий пудрат билан бошқариб бўлмаслигини, биз эркчилар жуда яхши тушунамиз. Мамлакатимизни, етук кадрлар билан, урф одатларимиз таъсирида, дунё сиёсатига мослашган ҳолда, қадриятларимиз асосида тузилган, миллий ғоя билан бошқаражакмиз.

Эй бор Худоё, халқимизни золим подшодан халос қилиб, одил подшога муяссар қилгайсан. Парвардигоро, яхши ниятларимизнинг амалга ошишига Ўзинг мадад бергайсан. Омин.

 

Джуманиязов Н.Р.
ЭРК ДП аъзоси
Тошкент 06.12.2012

uzbekistanerk.com