Миллийлик ва миллатчилик

Миллийлик ва миллатчилик
26 views
12 December 2012 - 15:32

handshakeЎХҲ 2 қурултойида чет эллик радиолардан бирида ишлайдиган журналист ҳамюртимиз ўзаро суҳбатда мени танқид қилиб қолди. У “Ўзбекистонда ирқчилик муаммоси йўқ, назаримда сиз ирқчилик нималигини билмасангиз керак”, қабилида гаплар айтди. Мен у билан тортишиб ўтирмадим, аммо ёнимизда турган қурултой иштирокчиларидан бири бу журналистга “Қирғизистон воқеалари ирқчилик эмасми?”, дея савол берди. Бу саволдан бироз эсанкираб қолган танқидчим “Бу қабилачиликнинг натижаси”, дея ўзини ҳимоя қилди…

Зоҳиран қараганда у ҳақли, аммо масаланинг моҳиятига назар ташлайдиган бўлсак, ирқчиликми, миллатчиликми, қабилачиликми, мана шу “чиликлар” турли замонларда ва турли маконларда катта фожеаларга сабаб бўлгани ҳақиқатдир. Гитлер фашизмининг Оврупода қилган жиноятлари, яқин ўтмишда серб жаллодларининг Боснияликларни қатлиом қилиши, худди шундай Қирғиз фашистларининг бу давлатда яшайдиган ўзбекларга қарши қилган қонхўрликлари….Бу ваҳшийликлар фақатгина бир миллатнинг бошқасидан устунлик ғоясига асосланганми ёки бу ерда турли миллатлар ёки қабилаларни ўзаро тўқнашувларга олиб келадиган бошқа омиллар ҳам борми? Масалани ўрганиш мана шу жиҳатдан аҳамиятлидир, унинг номини қўйиш жиҳатидан эмас менимча…

Муаммонинг Ўзбекистонга ҳам алоқаси борлиги барчага тушунарли бўлса керак. Бугун Каримов диктатураси ижтимоий ҳаётни бўғиш орқали бирор муаммони ҳал қилаётгани йўқ, аксинча жамият ва давлат ҳаётидаги барча муаммоларни, шу жумладан миллатлараро муносабатлардаги муаммони ҳам ёпиқ, яъни хавфли шаклда газаклашига сабаб бўлмоқда. Дейлик, эртага бу диктатура асфалософинга кетадиган бўлса, миллат ва миллатлар орасидаги муаммолар тўсатдан шишиб кетган кўз каби жамиятнинг “пешонасида” пайдо бўлиши мумкин…

Мен албатта бу ерда ирқларнинг ва миллатларнинг келиб чиқиши ва бу ҳақдаги турли назариялар ҳақида тўхталмоқчи эмасман. Бу ерда диктатурадан эркинлик ва адолатли жамиятга ўтишда миллий масалада ва миллатлар орасида муносабатлар масаласида ўз фикрларимни билдиришдан иборатдир.

Аввало шуни айтмоқчиманки, миллат калимасининг араб тилидаги маъноси бизнинг “миллат” тушунчамиздан фарқлидир. Миллат араб тилида дин ёки динга мансублик маъносини билдиради. Яъни бу тилдаги “миллат”нинг маъноси биздаги қавм, яъни бир тилда гаплашадиган маълум халқ маъносини англатмайди. Бу сўзнинг ўзбек тилидаги маъноси русча “нация”дир. (Инглизча nationality, арабча جنسية жинсият). “Миллат”нинг сиёсий ва ирқий талқинлари ҳам бор. Масалан, Америка халқи сиёсий маънода бир миллатдир. Ўзбек халқи эса этногенез, яъни келиб чиқишига кўра бир миллатдир. Шу билан бирга миллатлар ўзаро яқин, яъни умумий этногенезга ҳам эга бўлишлари мумкин.

Масалан, славлар яъни рус, белорус, украин, серблар умумий миллий қадриятларга (тил яқинлиги, ўхшаш урф одатлар) эгалар. Турк қамвлари, яъни онадоли (туркия турклари), ўзбеклар, қозоқлар, татарлар, туркманлар, қирғизлар, озарбойжонлар, бошқирдлар ҳақида ҳам шундай дейишимиз мумкин. Бу қавмларнинг ўзаро яқинлаштирадиган ёки узоқлаштирадиган омиллар сифатида миллий давлатга эга бўлиш, умумий ёки айри ҳарфга эга бўлиш, сиёсий иттифоқ ёки тарқоқликни айтиш мумкин.

Миллийлик тил, адабиёт ва санъат, тарих ва урф одатлар таъсирида шаклланади. Фақат миллийлик бир шахс учун ҳал қилувчи омил ҳисобланмагани каби, бир халқ учун ҳам фақат миллий омилларга таяниб тараққий қилиш ягона ҳаёт йўли ҳисобланмайди. Бир миллатга оид шахслар турар жойининг ўзгариши ёки шунга ўхшаш сабаб билан ассимилацияга (миллий хусусиятларини йўқотиш жараёнига) дучор бўлиши мумкин. Бундай ҳолни ҳозирги кунда иқтисодий инқироз ва глобаллашув сабаблари билан ўз туғилган жойларини ташлаб, бошқа давлатларга, хусусан, ғарб давлатларга кўчиб келган ўзбекларнинг ҳаётида ҳам кўриш мумкин. Бундан 10 -15 йил олдин мамлакатларини тарк этганларнинг чет элда катта бўлаётган ёки бу ерларда туғилган болаларининг миллийликнинг асосий унсури бўлган она тилларини унутиб бораётганлари бир ҳақиқатдир…

Миллийлик инсоннинг фитрий хусусияти эканлигини ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Яъни, инсонлар яратилишдан бир миллатга мансубдирлар. (Ҳужурот сураси 13 ояти ва тафсирига қаранг). Амалий ҳаётда бу омил муҳим аҳамият касб этишини ўз тажрибамдан айтишим мумкин. Дунёнинг бир неча давлатларида яшаб ва турли халқлар вакиллари билан мулоқот қилган киши сифатида ўзим тушунишим ва ўзимни тушунтиришим энг қулай бўлган кишиларнинг ўзбек миллатига мансуб бўлганлар эканлигини бу ерда эътироф қилишим керак.

Мусулмон биродарлар сифатида мароккашлик, покистонликлар, араблар ва бошқа миллат мансублари билан ўзаро мулоқотда муаммо бўлмаса ҳам, уларга ўзимни тушунтириш ёки уларни тушуниш ўзбеклар билан мулоқотда бўладиган тушуниш ёки тушунтириш даражаси билан бир хил эмаслигини доимо сезиб билиб турдим. Бундай таассурот албатта миллатчилик (фашизм) билан эмас инсоннинг яраталиш фитратида бир миллатга мансублиги билан изоҳланади.

Шунинг учун ҳам миллийлик (маълум миллатга мансуб бўлиш) юқорида таъкидлангани каби инсон учун ҳал қилувчи омил бўлмасада инсонларнинг ўзаро муносабатларида муҳим омил ҳисобланади . Чунки инсонларнинг бир тилда гаплашишлари, бир миллатга мансуб бўлишлари улар ҳар доим ҳам айни мақсадни кўзлайдилар ёки улар ҳар доим ҳам ҳаётга алоқадор турли масалаларда айни фикрда бўладилар, деган маънони билдирмайди. Фикр бирлиги у ёқда турсин, миллийлик инсонлар орасида ўзаро душманликка тўсиқ бўла олмаслиги ҳам тарихий ҳақиқатдир. Масалан, бир мўмин ва бир мушрик ёки мунофиқ кимсанинг бир миллатга мансуб бўлиши, бир маҳаллада яшаши ва ҳатто бир оиланинг аъзолари бўлиши билан уларнинг дунёқарашлари ва энг муҳими ўзаро муносабатлари ўзгариб қолмайди.

Мўмин киши саҳиҳ (соғлом) имоннинг (эътиқоднинг), яъни тўғриликнинг, адолатнинг, ибодат ва итоатнинг, яхши ахлоқ, маънавий ва моддий тозаликнинг тамсилчисидир. Мушрик ва мунофиқлар эса бунинг зидди, яъни эътиқодсизликнинг (ёки эътиқодий бузуқликнинг), ёлғоннинг, зулмнинг, фитна ва бузғунчилик, ёмон хулқ ва фуҳш ишларнинг тамсилчиларидир. Бу ҳақиқат оддий инсонларнинг эмас, Аллоҳнинг пайғамбарлари ҳаётларида ҳам ўрин олган. Иброҳим (ас) билан отаси, Нуҳ (ас) билан ўғли, Муҳаммад (сав) билан у киши тарбия қилган амакилари турли эътиқодий жабҳаларда ўрин олган эдилар.

Бундан чиқариладиган хулоса, инсон учун миллийликнинг муҳим, эътиқоднинг эса асосий хусусият эканлигидир. Чунки инсондан аввал талаб қилинадиган жиҳат бирор тилда гапириш ёки бирор жойда яшаш омили эмас, инсонийликдир. Яъни, саҳиҳ бир эътиқодга эга бўлиш миллийликнинг асосий безаги ҳисобланади…

Бу маънода миллий мафкура дейилганда, фақатгина “миллийлик” эмас, аввало эътиқодий, сўнгра миллий ва умуминсонийликнинг инсонийлик жиҳатларига ўрин бериш зарурийдир. Бу масалада мустақил Ўзбекистоннинг бир қадам ҳам олға кета олмаганини эътироф қилишга мажбурмиз. Чунки Каримов диктатураси ўтган йигирма бир йил давомида инсонларимиз ҳаётида саҳиҳ эътиқод, миллий қадриятлар (тил, адабиёт, тарих ва ҳк) ва умумийинсонликнинг ижобий жиҳатларининг халқимиз ҳаётида ўрин олишига зарра қадар ҳисса қўшиш у ёқда турсин, аксинча халқимизни бу қадриятлардан кучи етганича узоқлаштиришга ҳаракат қилиб келмоқда. Бу шаклда жамиятнинг тараққиётига тўсиқ бўлиш бўлиш бирга амалга оширилган алифбо ислоҳотини (крилл ҳарфларидан лотин ҳарфларига ўтишни) ўлганнинг устига чиқиб тепиш, дея баҳолаш мумкин.

Баъзилар Каримов диктатураси даврида эътиқод, миллийлик, адабиёт ва маънавият соҳаларида ҳеч қандай ўзгариш бўлмади, яъни лотин ҳарфлари жорий қилингани билан барибир бу ҳарфлар халқимизнинг на олдинга кетишига на да орқага қолишига таъсир қилмади, дейишлари мумкин. Аслида эса бу ҳарф ислоҳоти шундайига ҳам диктутура зулмидан карахт бўлган инсонларимизни қилич каби икки жабҳага айириб ташлади, Яъни, ота оналар тушунган нарсаларни уларнинг болалари, фарзандлари тушунган нарсаларни эса уларнинг ота оналари тушунмайдиган ҳолга келдилар. Бундай карахтлик эса бир халқнинг қайта тирилишига хизмат қилмаслиги ўз ўзидан аён бўлса керак.

Миллийликка оид муаммо бўлган миллатчилик (фашизм) инсониятнинг энг қадим ва унинг бошига катта фожеелар келтирган муаммодир. Миллатчилик алоҳида ғоявий ва сиёсий куч шаклида ҳам, бир мамлакатда яшайдиган турли миллатга мансуб инсонлар орасида турли кўринишдаги низолар шаклида ҳам мавжуд бўлиши мумкин. Миллатчилик бир миллат вакилларининг ўзга миллат вакилларидан устунлиги ғояси ёки шунга амалий уриниш шаклида ўртага чиқади. Шунингдек, миллатчилик тил ва урф одатлар фарқлилиги, бу фарқлиликларга асосланган ижтимоий тафовутлар, ўзаро камситишлар, миллатчиликка асосланган ижтимоий тенгсизлик (таълим тарбияда, иш билан таъминлашда ва ҳк)да намоён бўлади. Миллатчилик бундай тафовутлар ва низолардан, Қирғизистонда бўлгани каби, қонли тўқнашувларга қадар узайиб кетиши мумкин…

Миллатчилик тиб тили билан айтганда халқлар орасида мавжуд бўлган “хроник” касалликдир. Иқтисодий тараққиёт, ижтимоий таъминот, замонавий илм ва фан ривожланаши ҳам бу касалликни тамоман даволай олмагани маълум ҳақиқат ҳисобланади. Бунинг далили ғарб давлатларида кейинги вақтларда миллатчиликнинг (фашизмнинг) қайта кун тартибига келаётганидир. 2011 йилда норвегиялик миллатчи (фашист) Андерс Брейвикнинг 77 ёш инсонни фожеали шаклда қатл қилиши бунинг ўрнакларидан биридир…

Қадим Туркистонда туркий халқлар билан бирга бошқа миллат вакилларининг, хусусан тожик миллатига оид инсонларнинг яшаши маълум. Тарихнинг баъзи саҳифаларида турк ва форс тиллари бу халқларнинг умумий тиллари ҳам ҳисобланган. Советлар даврида ҳам иккитиллилик ўртага чиққан, яъни рус ва ўзбек тиллари мамлакатимизда қўлланилар эди. Ҳозирги кунда Ўрта Осиёдаги мустақил давлатларнинг ҳар бирида давлат тиллари устунлиги эълон қилинган. Аммо бу минтақада турли тилда ёки айни тилнинг турли лаҳчаларида гаплашадиган инсонларнинг бир маконда (давлатда, вилоятда, туманда ва ҳатто маҳалаларда) яшашлари ҳам бир ҳақиқатдир. Минтақа асосан диктаторлик тарафидан бошқарилаётгани учун турли ижтимоий муаммолар, шу жумладан миллатлар ораси муносабатлар масаласи ҳам яширик касаллик ҳолини олганлигини ушбу мақоланинг бошида таъкидлаган эдик.

Сиёсий зўровонликнинг бироз юмшаши билан миллатлар ораси муносабатлар кун тартибининг илк саҳифасига ўтириши ва бу муаммонинг миллатчилик шаклини олиб, ўзаро қонли низоларга сабаб бўлишини Қирғизистондаги қирғиз ва ўзбеклар орасидаги қонли воқеалар далил ҳисобланади. Албатта миллийлик масаласида муаммоларнинг чиқиш эҳтимолига фақатгина сиёсий зўровонликнинг (диктатуранинг) “хроник” ҳолга келиши асос бўла олмайди.

Миллатчилик алоҳида ижтимоий муаммо бўлиб кўринсада, аслида унинг заминида инсонлардаги эътиқодсизлик ёки эътиқодий бузуқлик (турли бидъат ва хурофотлар, ботил эътиқодлар), сиёсий зулм (диктатура) ёки сиёсий барқа рорсизлик, иқтисоднинг инқирози ва миллатчи кимсаларнинг сиёсий, бадиий ва санъат соҳасидаги фитналари ётади. Демак, миллий масалани ва миллатлар орасидаги муносабатларни йўлга қўйиш ҳам бир одим билан эмас, аста секинлик билан турли ижтимоий соҳаларда тўғри ислоҳотларни амалга ошириш билан бўлади.

 

Намоз Нормўмин, 12 декабрь 2012 йил.