Ўзбекларга кредит эмас, эркинлик зарур!

2012 йил хам якунига етиб келди. Дунёнинг хар бурчида бўлган ўзгаришлар, инқилоблар ва хар хил бўҳронлар Ўзбекистон ва ўзбекистонликларни четлаб ўтди.

Ўзбекларга кредит эмас, эркинлик зарур!
41 views
15 December 2012 - 12:15

Uzbek-money2012 йил хам якунига етиб келди. Дунёнинг хар бурчида бўлган ўзгаришлар, инқилоблар ва хар хил бўҳронлар Ўзбекистон ва ўзбекистонликларни четлаб ўтди. Мамлакатнинг мутлоқ хокими, диктатор Ислом Каримовнинг ўзбек фуқароларидан тортиб, йирик “демократик” давлатларнинг президентлари бурнига ўтказиб олган иплари бу йил хам узилмади. Иплар, аксинча пўлат симларга айланди.
Дунёдаги барча хуқуқ химояси билан шуғулланувчи ташкилотлар Ўзбекистон президенти сиёсатини репрессив деб аташни давом этдирдилар, унинг номини “энг, энг, энг” ёмонлар рўйхатига тиркадилар. Хаттоки француз судяси Ўзбекистон президенти номи олдига қўрқмасдан “Диктатор” атамасини қўшишга расман рухсат берди. Лекин, ажабки, бу харакатлар диктатор Каримов билан хамкорликка интилган давлатлар сонига таъсир қилмади. Бу давлатларнинг рахбарлари бугун ўзбек миллатининг кушандасига айланган Ислом Каримов билан ўзларининг гох яширин гохида эса ошкора хамкорликларини давом эттирмоқдалар. Бу хаммага маълум хақиқат.
Дунё банклари эса, асосий ишга яроқли фуқаролари бошқа мамлакатларда мардикорлик қилаётган Ўзбекистонга кўп миллионли кредитларни кўш қўллаб тутқазаяпдилар. Мамлакатимизда диктатор Каримов оиласи бор экан, бу кредитлар хеч қачон сўралган мақсадлар учун сарфланмаслиги аниқ. Ўзбек халқининг елкасидаги татуировка сингари ўчмайдиган сиёхларда ёзилган “ҚАРЗ” деган ёзувлар эса бу йил янада кўпайди.
Биргина мисол: Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистонга 17 йил мобайнида 3 ярим миллард доллар миқдорида кредит берибди.
Кредитларнинг хаммаси жуда хам мухим жабхалар учун олинган. Масалан, 2010 йилда Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонни Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан боғловчи барча йўллар таъмири учун 600 миллион доллар кредит ажратган ва ўша йилиёқ ушбу кредитнинг 115 миллионли биринчи транши Ислом Каримов учун ўтказиб берилган.
Бироқ хозиргача, айтиб ўтилган йўлларнинг реконструкцияси бошлангани хақида бирон жойда хабар чиққани йўқ…
Осиё Тарақиёт банкининг кўнгли бўш директорлари, бечора ўзбекларнинг ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 2010 йилда 140 миллион доллар ажратишган экан.
Сув таъминоти учун Ўзбекистон деярли хар йили турли банклардан кредитлар, грантлар олсада, хозиргача республика вилоятларида тоза ичимлик сувининг танқислиги сезиларли ўсган. Хохлаган вилоятда яшайдиган дўст биродарларингиз, таниш билишларингиз буни тасдиқлаши мумкин.
Хар йили қишда совуққа қотиб, ўтин кўмир қидирадиган ўзбекларимиз, 2010 йилда яна ўша Осиё Тараққиёт банки, Ўзбекистонга, газда ишлайдиган (Марказий Осиёда фақат Ўзбекистонда!) Электр токи ишлаб чикарувчи корхона қуриш учун 350 миллион доллар ажратганини билишармикин?
14 декабр куни Ўзбекистоннинг расмий ахброт воситалари шоша пиша мана бу хабарни тарқатишди:
“Осиё Тараққиёт банки Ўзбекистонга 220 миллион доллар ажратди! ОТБнинг директорлар кенгаши 10 декабр куни Ўзбекистон хукуматига, миллий автойўллар қуриш учун 220 миллион доллар кредит беришга қарор қилди”. Хабарда, бу қарз 25 йил муддатга берилгани хамда, дастлабки 5 йил учун устама олинмаслиги хам айтилади. ОТБга кўра, пуллар “Тошкент-Ўш” автойўлининг 75 километрини цемент ва бетон асосидаги 4 қаторли йўлга айлантириш учун сарфланади.
Умуман, ОТБ Ўзбекистондаги йўлларни таъмирлаш учун 1 миллиард доллардан кўпроқ маблағ ажратибди.
Куни кеча, ўзининг шахсий автомобилида Андижон ва Тошкент оралиғида йўловчи ташиб тирикчилик қиладиган бир дўстимиз билан интернет орқали гаплашар эканмиз, “Қамчиқ довони жонга тегди, йўлида юриб бўлмайди, хар қадамга “яма”лар, хар қадамда авария…Йўлга чиқсам, юрагим безиллайди, таъмирлашса бўлмайдимикин?” деб ёзғириб қолди.
Дўстимнинг хабари хам йўқ шекилли, Ўзбекистон хукумати Осиё Тараққиёт банкидан “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнов” хамда “Тошкент-Андижон” йўлларини таъмирлаш учун ўтган йили аллақачон 500 миллион доллар қарз олганидан…
Ўзбекистонга кириб келаётган кредитлар оқими кўпайиб бораяпти. Нуфузли банкларнинг Директорлар кенгаши, Ўзбекистон хукуматининг хар қандай лойихаси учун миллионлаб долларларни миқ этмай ўтказиб беришяпти. Улар хам анойи эмаслар, билишадики, бу кредитлар вақти келиб фоизлари билан қайтарилади.
Афсуски бу қарзларни, ўзлари учун саройлару, қўнгилочар масканлар қуришга, хориждаги мухолифларини жисмонан йўқ қилишга, хамда ўз халқини қирғин қилиш учун қурол яроғ сотиб олишга сарфлаганлар эмас, қишда электрсиз ва газсиз яшаб, эркинлик ва иймон излаган фарзандлари қамоқларда йўқ қилинаётган оддий ўзбек халқи тўлайди.

Қани энди, имкони бўлсаю, ўша халқаро банкларнинг директорлар кенгаши йиғилиши ўтаётган залга кириб бора олсак… Мамлакатимиз келажаги ва тараққиётини таҳлика остига қўяётган бўлар бўлмас кредитлар лойихаларини тўхтатиб қуя олсак, қани эди…
Ва ўша ерда ишшайиб ўтиришган директорларнинг башарасига қараб:
“Ўзбек халқига Сизларнинг миннатли кредитларингиз эмас, эркинлик ва демократия зарур! Сиз дунёнинг энг вахший диктатори Ислом Каримовнинг умрини, халқимизнинг келажак авлодларни қарзга ботириш хисобига узайтираяпсиз!”… дея олсак…
Мана шундай хаёллар билан ўтирсам, Озодлик радиосидан хабар келиб қолди.
«Жаҳон банки Ўзбекистонга 82 миллион доллар ажратади. Бу маблағ Бухоро вилоятининг Олот ва Қоракўл туманларида сув таъминоти тизимини яхшилашга сарфланади. Лойиҳа амалга ошгач, Олот ва Қоракўл туманида 220 минг аҳолининг сув билан таъминлаши яхшиланади»
Сарфланар экан ва яхшиланар экан…
Лекин, сарфланармикин? Яхшиланармикин?
Осиё Тараққиёт банки 1998-99 йилларда Жиззах вилоятида ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун 20 миллион доллар кредит берган эди. Пуллар қаёққадир сарфланди, лекин Жиззах шахрида тоза ичимлик суви хозирга қадар яхшиланмади. Пулларни ўзлаштиришда бош қош бўлган ўша пайтдаги вилоят хокими Шавкат Мирзиёев эса, бугун Ўзбекистон Бош вазири! Ана сизга, Осиё Тараққиёт банки кредитининг кучи!
Демак, Бухоро вилояти хокими хам, катта сакрашга тайёргарлик кўраяпти…..

 

Улуғбек Хайдаров, (Канада)