Марказий Осиё раҳбарлари “туркман модели”га интилмоқда

Марказий Осиё раҳбарлари “туркман модели”га интилмоқда
77 views
15 December 2012 - 15:16

hanamov«Новая» — Казахстан» (“Новая газета”нинг Қозоғистондаги нашри) билан мулоқотида Туркманистон режимига мухолифатда бўлган Республика партиясининг сургундаги лидери, Марказий Осиё Демократик Конгресси Раиси муовини Нурмухаммад Ханамов минтақадаги аҳвол ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Биз шу суҳбатни қисқартирилган ҳолда таржима қилдик.

—Сиёсатчи сифатида Ўрта Осиёда бўлаётган воқеаларнинг асосийлари нималардан иборат деб ўйлайсиз. Қирғизистондан бошласак?

— Бу мамлакатда бўлаётган воқеалар янгилик эмас. Бу ерда бир неча марта инқилоб бўлди ва Қирғизистон яна “қалтирайдиган” бўлса, бу оддий ҳол ҳисобланиши керак. Ҳукумат аҳволни барқарорлаштира олмаяпти, ўзини ҳар томонга уриб кўраяпти: баъзи корхоналарни ёпади, баъзиларининг эгаларини алмаштиради. Ҳозир олтин қазиш конлари учун Русияга берилган рухсатномаларни бекор қилишди. Иқтисоддаги аҳволни тузатишга уринишмоқда, аммо тўғри йўлни топиша олгани йўқ. Аксинча, бундай ўйинлар иқтисодий аҳволни янада оғирлаштириши мумкин. Бишкекда инсонлар майдонга чиқдилар, парламент биносига ҳужум қилишди, бу ишга депутатлар ҳам аралашдилар. Эски режимни ўзгартиришди, халқ ҳукуматни сайлади, аммо ҳукумат халқ билан алоқани тиклай олмади.

Призедент Атамбоев маълум даражада барқарорликка эришган бўлсада, бу халқнинг кўнглини олиш даражасида эмас. Мен унга жуда оғир мерос қолганини тушунаман, у мукаммал бўлганда ҳам ҳамма нарсани қисқа вақтда тузатишининг имкони йўқ. Инсонларга бир икки йилда аҳволни ўзгартирадиган яхши дастур бериладиган бўлса, улар ҳукуматнинг мақсадини тушунган бўлардилар. Фақат Қирғизистонда бу йўқ, шунинг учун инсонлар ҳукуматга ишонишмайди…

— Ўзбекистонда нималар бўлаяпти. Энг муҳим нарса ОДКБдан ҳақиқатда чиқиш эмасми?

—Агар мустақилликдан кейин ўтган 20 йилни таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистоннинг Русия ва АҚШ ўртасида саргардон бўлиши ҳеч кимни ажаблантирмайди. Каримов бу ишни қайта қайта такрорлади. Агар унга бир томон ёқмайдиган бўлса, ҳеч иккиланмасдан иккинчи томон билан апоқ чапоқ бўлиб кетади. Кейин эса бунинг зиддини қилади. Агар у эртага АҚШдан юз ўгириб, Русия томонга оғадиган бўлса, мен бунга ажабланмайман.

— Каримов октябрь бошларида Ашхободда бўлганди. Норасмий маълумотларга қараганда у Бердимуҳамедов билан суҳбат чоғида Москвага нисбатан дипломатияга зид равишда сўзлар айтган, ҳамда Бердимуҳамедовга Русиянинг манфаатларига эргашмасликни тавсия қилган…

—Менда бундай маълумотлар йўқ, фақат менга келган хабарларга кўра Каримов Тожикистонга қарши Қозиғистон ва Туркманистон билан иттифоқ тузиш учун қаттиқ уринган ва бунга гидроиншоатлар қурилишига қаршилик қилишни асос қилиб кўрсатган.

—Тожикистонда 2012 йилда ҳукумат қўшинлари билан дала қўмондонлари орасида қаттиқ жанглар бўлди, аммо ҳозирда у ердан келаётган маълумотларга кўра ҳукумат ва қўзғолончилар келишганга ўхшайдилар. Бу минтақада Афғонистонда макон топган ЎИҲ жангарилари эркин ҳаракат қиладилар. Бу мамлакатдаги аҳволни қандай баҳолайсиз?

— Ҳақиқатан ҳам ҳукумат кучлари тоғли Бадахшонда жангарилар билан урушди. Бу гуруҳлар учун диний омил асосий ҳисобланади. Бу жуда жиддий масаладир. Чунки бу омил бир вақтлар фуқаролар урушига олиб келганди. Урушдан кейин тарафлар музокаралар ёрдамида муносабатларни йўлга қўйдилар ва сўнгги йилларда аҳвол тинч эди, энди эса зўровонлик яна бош кўтарди ва бу катта муаммога айланди. Аммо ён босиш тажрибаси йўлга қўйилган ва менинг фикримча Президент Раҳмон яна маълум ён босишларни қабул қилиши мумкин. Чунки бу минтақа мамлакат учун кераксиз илова кабидир, у ер ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан жуда орқада қолган, аммо ҳукумат аҳволга жиддий муносабатда бўлса, энг камида маҳаллий аҳоли диний экстремистларга қарши туриши мумкин. Акс ҳолда Тожикистон яккаланиб қолади ва бу амалда мамлакатнинг парчаланиб кетишига олиб келади.

— Энди Қозоғистонга келсак. Жанаозан фожеаси 2011 йилда содир бўлди, аммо бу фожеа 2012 йилда ҳам маҳкама жараёнти, бу ишга ҳукуматнинг пала партиш муносабати ва жамият турли қатламларининг муносабати сифатида давом этди. Бу туркман мухолифатининг кайфиятига қандай таъсир қилиши мумкин. Чунки қўшни давлатдаги қизғин жараёнлар Туркманистонга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин?

— Ҳақиқатан ҳам Жанаозен воқеаларидан кейин Қозоғистонда рўйхатдан ўтмаган партиялар ва ноҳукумат ташкилотлари йўқ қилинди. Айтайлик Козловни мен яхши танийман, у билан ОБСЕ йиғилишларида кўп учрашганман. Ҳукумат бундай кишиларни сиёсат саҳнасидан йўқ қилишга қарор қилди. Бу ишда Назарбоев, кейинги вақтларда Марказий Осиёнинг бошқа раҳбарлари ва ҳатто Русия раҳбарияти “туркман” моделига амал қилмоқдалар. Улар Бердимуҳамедовга ҳавас қилмоқдалар, чунки Ашхободда ҳокимиятга ҳеч ким ва ҳеч нарса таҳлика солаётгани йўқ. Бу ерда Козловлар ҳам, Болотной майдонидаги намойишлар ҳам, Помирдаги жангариларнинг қўмондонлари ҳам, Бишкекдаги парламентни босиб олишлар ҳам йўқ.

Туркманбоши қилган ишларни Марказий Осиё раҳбарлари такрорламоқдалар. Туркманистонда байроқ байрами нишонланди ва бу байрам кейинчалик Ниязов туғилган куни сифатида расмий байрамга айланди. Энди қаранг: Бу йил 1 декабрда Қозоғистонда Биринчи Президент куни байрам қилинадиган бўлди. Нодавлат ташкилотларининг, газеталарнинг, телеканалларнинг ёпилиши ёки Русияда бўлгани каби чет давлатлардан ёрдам олган жамоатчилик ташкилотларининг жазолантирилиши ҳақида гапириб ўтирмасак ҳам бўлади. Туркманбоши аллақачонлар хориждан ҳар қандай ёрдам олган ташкилотларни ёпиб қўйиш тизимини жорий қилганди…

—Ўзбекистонда ҳам ботқоқлик борга ўхшайди. Фақат у ерда Каримов мероси ва бойликни бўлиб олиш учун қўл остидан турли гуруҳларнинг кўзга ташланмайдиган сиёсий кураш олиб бораётгани маълум. Туркманистонда ҳам шунга ўхшаш жараён борми?

— Мутлақо йўқ. Ҳамма нарса бир одамнинг қўлида ва мамлакатда ҳеч қандай гуруҳларга ўрни йўқ. Халқ қўрқитилган.Мен бу ерда мамлакатимиздан келган одамлар билан учрашаман, улар хорижда ҳам сиёсат ҳақида шивирлаб гапиришади..

— Сиз Туркманистонда 2002 -2003 йилларда мухолифат тор мор қилингандан кейин мамлакатда қатъий ўзгаришларни кутмаслик кераклиги ҳақида қайта қайта гапиргансиз. Лекин бундай ўзгаришлар мухолифларнинг уриниши натижасида Қозоғистон ва Ўзбекистонда содир бўлса, бу Туркманистонга ҳам ёйилиши мумкин.

— Шубҳасиз, бу мамкалатларда мавжуд режимларга қарши жиддий ҳаракатлар бошланса, бу Туркманистонга ҳам кучли таъсир қилади. Буни яширишнинг ҳам имкони бўлмайди. Ҳатто араб дунёсидаги воқеалар ҳақида, Туркманистонда ҳеч қандай маълумот берилмаган бўлсада, инсонлар хабар топдилар. Агар халқ ҳаракатга кечадиган бўлса, бизнинг фаолиятимиз осонлашади. Лекин Қозоғистон мухолифати кейинги пайтда заифлашиб қолди. Жанаозен воқеаларидан кейин ҳокимият халқнинг овозини ўчира олдими ёки бунинг акси бўлдими, менинг бу ҳақда бир нарса дейишим қийин. Фақат мухолиф кучларнинг бирлашишида ўзбеклар одинда бормоқдалар. Улар аввал Берлинда, кейин Прагада турли ташкилотларни Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сафларида бирлаштирдилар. Бу катта сиёсий жараёндир. Чунки ЎХҲ турли ташкилотларни ўз сафига олиш билан фаолиятини кенгайтирди ва бу ҳаракат мамлакат ичида қўллаб қувватланмоқда. Шу тарзда янги сиёсий куч ўртага чиқди ва бу кучнинг яқинда ўз таъсирини кўрсатишига шубҳа қилмайман.