Ғазабнок Путин Ўрта Осиёга шарт қўйди

Ўрта Осиёнинг диктаторлари, аниқроғи, Ислом Каримов Россиянинг, аниқроғи, Путиннинг жонини хиқилдоғига келтирганга ўхшайди.

Ғазабнок Путин Ўрта Осиёга шарт қўйди
138 views
18 December 2012 - 11:26

tsЎрта Осиёнинг диктаторлари, аниқроғи, Ислом Каримов Россиянинг, аниқроғи, Путиннинг жонини хиқилдоғига келтирганга ўхшайди.

Акс ҳолда президент Путин, ўзининг Федерал Кенгашга қилган йиллик мурожаатида, уларга қарата “Божхона Иттифоқига аъзо бўлганларгина, Россия ҳудудига бемалол кира олади” деганга ўхшаш гап қилмаган бўларди.

Россиядек улкан ва қудратли давлатнинг “Салтанат васвасаси”дан, бугун Марказий Осиё мамлакатлари диктаторлари молиявий ва сиёсий фойда олиш ҳаракатидалар.

Улар баъзан атайлабдан Кремлнинг ғашини келтириш учун, Европа мамлакатлари, АҚШ, Канада сингари энг ривожланган мамлакатларнинг лидерлари билан  висир-висирларини бошлашади.

Ора-сирада, Пентагонданми, Бундесверданми кўп юлдузли погон таққан генераллар ҳам  Тошкент, Бишкек, Душанбе ва Ашхободга серқатнов бўлиб қолишади.

Буни кўриб эсхонаси чиқиб кетган Кремл, Ўрта Осиё диктаторларининг кўнглини олишга тушади:  минтақадаги инсон ҳақларининг бузилиши фактларига кўз юмади, у ердаги диктаторлар ўз халқини қирғин қилса ҳам “Улар диний экстремистларни йўқ қилишди” дея халқаро майдонда гувоҳлик беради, минтақадаги бахсли қурилишларга ҳамда махаллий диктаторларнинг бошқа “оламшумул лойиҳалари” (“оилавий лойиҳалари” деб ўқиса ҳам бўлади) учун кам фойзли ёки умуман еб кетарга, катта кичик кредитларни ташлашни бошлайди.

Натижада, кечагина “Россия бизни фалон йил мустамлака қилган!” дея шаллақиларча чинқираётган Ўрта Осиё диктаторлари, бугун сохта бир донишмандлик билан “Бизнинг келажагимиз Россия билан!” деб баёнот беришади.

Шундай дейишади-да, океан ортига кўз тикишади: Бу сафар қанча беришар экан? дея…

Мана 20 йилки, Ўрта Осиё диктаторлари мана шундай усул билан пул ишлаб топишмоқда ва ўз жонларини сақлашмоқда.

Кремлдаги диктаторлар ҳам анойи эмаслар. Ўрта Осиёнинг субутсиз диктаторларини бир йўла жиловлаш учун улар турли ҳарбий ва сиёсий блоклар тузишиб, Тошкент, Бишкек, Душанбе ва Ашхобод хўжайинларини  мана шу тузилмалар ичида сақлашга уринишяпти.

Ўз фаолияти давомида ўзбек халқига нисбатан геноцид сиёсатини олиб бораётган Ўзбекистон диктатори Ислом Каримов эса, “дўппи тор келадиган” вақт яқинлашгани сари ўз ҳаётини Европа ёки Америка сақлаб қолиши мумкинлигини тушуниб қолди. Тўғрироғи,  океан ортидан келган погонли амакилар унга тушунтиришди чамамда…

Кремлнинг талаби балан, Коллектив Хавфсизлик шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзо мамлакатлар ҳудудига хорижий ҳарбий базалар киритилиши таъқиқланганидан сўнг, Каримов бу ташкилотда бошқа қиладиган иши қолмаганини сезди ва КХШТни тарк этди.

Москва Ислом Каримовнинг бу қилиғига кўз юмгандек кўринса-да, арқонни узун ташлаб қўйди ва яна бир “козир карта”сини ишга солди: Россия президенти Путин Ўрта Осиё диктаторларини Божхона иттифоқига аъзо бўлишга чақирди.

У 13 декабр куни мамлакат Федерал Кенгашига йиллик мурожатида, Марказий Осиё ҳукмдорларининг қон босимини оширадиган бир сўз айтди:

“Собиқ Иттифоқ республикаларининг фуқаролари энди Россия ҳудудига, хорижга чиқиш учун бериладиган паспортсиз киритилмайди” деди у ўз мурожаатининг қоқ ўртасида.

“Бизда ҳозиргача шундай амалиёт борки, бунга кўра, МДҲнинг баъзи давлатлари фуқаролари ҳудудимизга ўзларининг миллий паспортлари билан кириб келишади. Ахир бунақада, яъни бошқа давлат фуқаролари ўзларининг паспортлари билан бизга келишса, самарали миграция назорати қаерда қолади? 2015 йилга қолмасдан, Россияга кириб келиш, бошқа давлатларнинг ички паспорти эмас, хорижга чиқишда ишлатиладиган паспортлари билан амалга оширилади, деб ўйлайман ” деди Путин.

Унинг бу сўзлари ўзбек  диктатори Ислом Каримовни бир қалқитган бўлса ҳам керак. Чунки, ҳозирда Ўзбекистон аҳолиси асосан Россиядаги мардикорлар жўнатаётган пуллар ҳисобига жон сақлаяпти. Миллионлаб ўзбеклар Россия кенгликларида ўз ризқларини теришяпти, оила боқишяпти ва шу билан биргаликда, Ўзбекистондаги даромад ҳақидаги расмий статистик кўрсаткичларни яхшилаб беришяпти. Россияга бораётган ҳар бир ўзбекнинг қўлига хорижий паспорт тайёрлаб беришни эса мамлакат иқтисоди кўтармайди.  Ишсиз, оч ва юпун фуқароларининг мамлакат ичида қолиши, жамиятдаги норозилик кайфиятини кучайтиришини, бу эса кутилмаган оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигини  Ислом Каримов жуда яхши тушунади.

Буни Путин ҳам яхши тушунади ва у шунинг учун, Федерал Кенгашга килган йиллик мурожаатида, бу тартибни четлаб ўтиш йўлини ҳам айтиб ўтди…

“Божхона Иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудуд ичида эса, шубҳасиз, бундай қоидалар жорий қилинмайди.  Бу ташкилотга аъзо бўлган давлат фуқаролари Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудудида аввалгидек ички паспорт билан юришлари мумкин” деди Путин. Яъни, “Бизнинг иттифоққа қўшилсангиз, кўчангизга байроқ кўтариб чиқадиганлар бизнинг мамлакатда банд бўлишади” деди Путин…

2010 йилда Кремлнинг сайъи ҳаракати билан тузилган ва АҚШ раҳбарияти томонидан «Совет Иттифоқининг енгиллаштирилган варианти» деб номланган “Божхона Иттифоқи”га Белорус , Қозоғистон ва Россия аъзо бўлган.  Бу иттифоқнинг энг йирик ва бақувват аъзоси Россия ва табиийки, Божхона иттифоқида унинг айтгани айтган, дегани деган бўлади. Шунинг учун бўлса керакки, икки йирик собиқ шўролар давлати Украина ва Ўзбекистон бу иттифоқ доирасига киришга рўйхушлик беришмаяпти.

Бироқ, Россиялик сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, Каримов Россия таъсири остидаги турли иттифоқлар ва ҳарбий тузилмалар доирасидан бутунлай узоқлашиб кетишмайди. Унинг атрофидаги бошқа ҳамкасблари ҳам шу йўлни тутишади.

Кутилганидек, минтақадаги ОАВлари Қирғизистон ва Тожикистоннинг Божхона иттифоқи ва Ягона иқтисодий ҳудудга қўшилишга тайёр эканлиги хақида хабар беришяпти.

Ислом Каримов ҳам Путиннинг «таклифи»ни рад қила олмайди. Ва у кўрсатган ҳар қандай иттифоққа аъзо бўлади.

Акс ҳолда, унинг қизи Гулнора аралашган турли коррупцион ва ва бошқа можаролар Россия матбуотида очиқланадики, МТС ширкати ва Швейцария банкларидаги олтинлар билан боғлик ғавғолар бунинг олдида холвага айланади.  Масалан, Обид қори Назаров ҳаётига қасд қилган ёлланма қотил Юрий Жуковский  Россия матбуотида чиқиш қилиб, воқеа тафсилотларини ошкор қилиши ҳам мумкин…

Бу эса Каримовга нуқта қўйиш дегани…

 

Улуғбек Ҳайдаров (Канада)