Жамият ва технология

ЎХҲ сайтининг, 6-декабр 12 йилда босилган “Алданган авлод вакиллари: Жавобларга қараганда саволлар кўпроқ,” номи билан босилган мақолага шарҳ сифатида ёзаяпман.

Жамият ва технология
16 views
19 December 2012 - 10:50

Imported from TIFF image: d:notesdatadominohtmlimGLOBE0GLOBE.TIF.origЎХҲ сайтининг, 6-декабр 12 йилда босилган “Алданган авлод вакиллари: Жавобларга қараганда саволлар кўпроқ,” номи билан босилган мақолага шарҳ сифатида ёзаяпман. Ёшларимиз идеология ва технология муаммоларининг айрим сабаблари ва ечимлари тўғрисида фикр юритган эканлар. Ёшларимизнинг ватан келажаги ҳақидаги фикрлаш савиялари мени жуда хурсанд қилаяпти. Уларнинг фикрларига ҳурматли ҳамфикримиз Намоз Нормўмининг содда ва аниқ қилиб берган жавоблари менда катта қониқиш ҳосил қилди. Мен ҳам жамият ва технология муаммолари ечимини, тафаккурим чегарасида таҳлил қилмоқчиман.

Инсон фаолияти учун керакли бўлган қурулмани ишлаб чиқариш жараёни технология, деб аталади. Масалан, самолёт ёки челак ишлаб чиқариш технологияси. Кўпчилик ватандошларимиз замонавий технология соҳасида биз ўзбеклар қолоқмиз, деб ўйлашади. Ачинарлиси шунда-ки, кўпчилик технологик қолоқликни миллатимизга хос хусусият, деб ҳам тушунишади.

Азиз ўқувчилар! . Бу ўта нотўғри фикр! Ал Беруний, Ал Хоразмий, Алишер Навоий ва бошқа кўпгина буюк алломаларимиз жаҳон илм хазинасига ва жамият тарақиётига ўзларининг тенгсиз ҳиссаларини қўшишган. Лекин бугун миллатимиз дунё технология тараққиётидан нега бунчалар орқада қолиб кетди? Бу муаммо сабаблари кўпчиликни қизиқтираяпти. Жамият ривожи ва фан тараққиёти бир бирига чамбарчас боғлиқдир. Жамиятнинг ривожланиши, танланган идеялогияга боғлиқдир.

Юртбоши мана 23 йилдан бери давлатчилик ва технология ривожи учун жўялик бир иш қилмаган. Масалан,иттифоқ даврида барпо бўлган, ишлаб чиқариш корхоналаридаги технологик линиялар талон торож бўлганидан яроқсиз ҳолда ётибди. Буларни қайта тиклаш учун ҳеч ким бош қотирган эмас.

Бу ишларни бажариш учун лавозим жавобгарлиги тўғридан тўғри Каримов зиммасига юкланади. Негаки у Министрлар Маҳкамасиниг раиси. Аммо у “Ўзбекистон-келажаги буюк давлат” деб, ўз манфаатини кўзлаб, тахтда ўтириб олган ва қўйиб берса ҳали бери кетгиси йўқ. Мамлакатни ўз одамлари билан ишғол қилиб, ўзбошимчалик билан ҳукмронлик қилаётган бўлса, жамият қандай ривожлансин?.

ОАВнинг хабарларига кўра, унинг “бенуқсон” кўрсатма ва маслаҳатларига риоя қилган ҳар бир фуқора корхоналарда бетакрор сифатларга эга бўлган маҳсулот ишлаб чиқараётган экан. Ана холос, Каримовнинг насиҳати турганда, менга ўхшаган ва бошқа мутахассисларнинг ишлаб чиқаришда кераги ҳам йўқ экан-да?!

Халқимиз орасида истеъмол молларига талаб жуда катта бўлишига қарамасдан, халқ истеъмол молларини ишлаб чиқарувчи технологик линиялар сони мамлакатимизда ниҳоятда оз. Ишчи ўринларини кўпайтириш, асосан давлат ёки хусусий тадбиркорларнинг ишидир.

Давлат корхонасининг, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришда ёки хусусий тадбиркорнинг пулини сарфлаб, ишчи ўринларини барпо қилишда ҳар хил қонуний ва ноқонуний тўсиқлар мавжуд. Аввалги тўсиқ катта рахбарларнинг мамлакат муаммоларини ечишдаги нўноқликлари бўлса, катта тўсиқ мамлакат масштабида кенг авж олган, порахўрлик ва коррупция амалларидир.

Ишлаб чиқариш корхоналаридаги ишчи ўринларга универиситетлар, институтлар ва коллежлар, бошланғич кадрларни таёрлаб берадилар. Маҳсулот ишлаб чиқараётган жорий ишчи ўринларида технологик муаммолар ва техник камчиликлар албатта топилади.

Бу дунёда, бандасининг ақли ва қўли билан ишланган ҳар бир меҳнат маҳсулида, камчилик бўлиши муқаррар. Беайб фақат Аллоҳнинг ўзидир. Технология камчиликлари эксперимент ва фан ёрдамида бартараф қилинади. Технологияда ҳам жамиятдагидек, бир камчилик ечилса, яна янги муаммолар пайдо бўлаверади.

Технология муаммоларини ўз вақтида кечиктирмай ечиш жамияти ривожланган мамлакатларга хос ишидир. Бу муаммолар билан бизда махсус илмий марказлар, институт кафедралари ва махсус илмий гуруҳлар шуғулланадилар. Илмий жамоаларнинг амалий жараёнларида фан номзодлари ва фан докторлари етишиб чиқадилар. Бу узлуксиз, илмий жараён Фанлар академиясининг зиммасига юкланган. Соҳа вазирликлари қошидаги илмий марказлар ҳам технология тараққиёти муаммолари билан шуғулланадилар.

Кўраяпмиз-ки, қоғозда тасдиқланган илмий текшириш ишларини бошқариш методикаси ўзимизда ҳам, жаҳон андозаларига мос экан. Дабдабали кўринишга эга бўлган Универиситетлар, илмий марказлар ва ишлаб чиқариш корхоналари, ўз зиммаларига юкланган буюртмаларни қониқарсиз бажараяптилар. Масалан: Бош Вазир қорамоғида “Фан ва технология давлат қўмитаси” яъни, ГКНТ деб аталадиган катта идора бор.

Бу идора ўзининг тегишли илмий муассасаларига ҳар жорий йилда ўзи тасдиқлаган тартибда грандлар кўринишида илмий ва ишлаб чиқариш темаларини тарқатади ва молиялаштиради. Илмий муассасалар, берилган темаларни маълум муддатда тайёр технологик лойиҳага айлантиришлари керак.

Ажратилган вақт тугаши билан бажарувчилар ГКНТга ҳисобот беришлари керак. Лекин кўпгина сабабларга кўра, кўпгина темалар лойиҳага айланмайди. Йўқ лойиҳага, пул (пора) эвазига ҳисобот беришга тўғри келади. Шу билан қарабсиз-ки, қоғоздаги фаннинг чала ишланмалари ахлатхонага тўкилади. Технологик қолоқликнинг яна бир асосий сабаблари кадрларни:

-танлаш,

-таёрлаш,

– ва тайинлаш амаллари. Бизнинг ўта коррупциялашган мамлакатимизда бу амаллар порахўрлик, ошна-оғайнигарчилик ва шахсий “садоқат” йўллари билан амалга оширилади. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда, бугунги кўпчилик илмий жамоаларда хўжа кўрсинга иш олиб борилаяпти. Мен фақат фан ва технология муаммосининг кўриниб турган қисмининг бир бўлагини айтдим. Фаннинг ҳам, жамиятнинг ҳам ботқоқ остида қолган қисмлари янада каттадир.

10-15 асрларда муқаддас заминимиздан етишиб чиққан олиму уломаларнинг буюк номлари инсоният тарихида бугун ҳам фахр билан тилга олинади. Аждодларимиз яшаган жамиятда маориф ва таълим тарбия системасида илм фаннинг ривожи учун тўла имкониятлар бўлган. Бажарилган илмий тадқиқот ишларига ҳамиша талаб бўлган.

Жамиятда илмли одам қадр топган. Ҳар бир илм толиби илм ўрганишни, муқаддас китобимиз Қуръони Каримни тиловат қилиб, мазмунини тушунишдан бошлаганлар. Диний илмлар дунёвий илмлар билан баробар ўрганилган. У замонлардаги маориф сохасида, бугунгидай коррупция амаллари бўлмаган. Нега-ки, Худодан қўрққан инсон бошқа бир инсон билан ўз маънавий хусусиятларининг яхши тамонлари билан муомала қилади.

Жамият тараққиёти масалаларини пайғамбаримиз Расули Акром(сав) ва олимлар мўминларга ўргатиб кетганлар. Аллоҳ улардан рози бўлсин. Агар биз ўтмишимиз тарихини ўрганиб, қадимги маънавий ва маданий меросимизни бугунги жамиятимизда қўлласак, биз албатта янги дунё цивилизациясида ўз ўрнимизни топажакмиз, инша Аллоҳ.

 

Джуманиязов Нураддин

ЭРК ДП аъзоси

Тошкент 10.12.12