У эл билан – эл ҳам у билан бирга

У эл билан – эл ҳам у билан бирга
75 views
19 December 2012 - 18:41

Муҳаммад Солиҳ 63 ёшда. Ўзбекларда бу ёшни “Пайғамбар ёши” деб улуғлашади ва бундай ёшга ҳамма ҳам етавермас экан. Ўзбекистон Мустақиллиги учун курашган ва Мустақилликдан сўнг Ватанда иқтидорга келган репрессив режимга қарши сиёсий кураш майдонига тушган Муҳаммад Солиҳнинг таваллуд куни, яъни унинг 63 ёшга тўлиши санаси яқинлашди.

Муҳаммад Солиҳ – таниқли ўзбек диссиденти, шоир ва сиёсатчи. 1949 йилнинг 20 декабрида Ўзбекистон Республикасининг Хоразм вилояти Урганч шаҳрида туғилган. 1977 йилда унинг илк шеърий тўплами нашр этилган ва бу тўплам янги адабиёт оламига кириб келаётган шоирга катта шуҳрат келтирганди. Муҳаммад Солиҳ ижодида Ватан озодлиги, инсон ҳурлигининг тарғиботи яққол кўриниб туриши билан ўз замонасининг бошқа шоирларидан ажралиб турарди. Шоир ўз эли озодлигининг куйчиси бўлиб танилди ва элни озодлик учун курашга даъват этарди. Ундаги бу иштиёқ, бу кураш йўли шоирга нафақат шуҳрат, балки юмшоқ қилиб айтганда, муаммолар ҳам келтирди.

Муҳаммад Солиҳ ҳеч қачон Коммунистик партия аъзоси бўлган эмас. Унинг сиёсий фаолияти 1980 йилларда бошланди. Ўзининг биринчи сиёсий манифестини эса 1984 йилда ёзганди. Манифест Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг миллий адабиётга, тил ва миллий тарихимизга нисбатан қўллаб келаётган сиёсатига қарши қаратилганди. Манифестни 53 нафар ёш шоирлар имзолашганди. Совет Иттифоқида бошланган “Қайта қуриш” даврида эса Муҳаммад Солиҳ Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати асосчиларидан бўлди (1988 йил), 1990 йилда “Эрк” демократик партиясини ташкил этди. Бу партия тайёрлаган Узбекистоннинг Мустақиллик Декларацияси 1990 йил 20 июн куни Олий Кенгаш тарафидан қабул этилди.

1991 йилда Ўзбекистонда ўтказилган илк президентлик сайловларида у ўша даврдаги Компартия Марказий Қўмитаси секретари бўлган Ислом Каримовга ягона муқобил номзод сифатида иштирок этди. Овозлар сохталаштирилди, аммо шунга қарамай ҳукумат матбуоти  “М.Солиҳ 12.7 фойиз овоз олди” деб ёзишга мажбур булди. 1992 йилнинг 2 июлида депутатлик мандатидан воз кечган Муҳаммад Солиҳ таъқиб ва таъзйиқлар остида қолди. Ва 1993 йилнинг апрель ойида ватанни тарк этди.

Умрини озодлик йўлидаги курашга бағишлаган шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ бугунги кунда “Эрк” демократик партияси раиси, шу билан бирга 2011 йилда таъсис этилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг (ЎХҲ) раиси ҳамдир.

Муҳаммад Солиҳни биз, унинг сафдошлари ва дўстлари 63 ёшга тўлиши муносабати билан қутлаймиз ва унга тансиҳатлик, метин ирода ҳамда сиёсий мужодала майдонидаги сайъ-ҳаракатларига муваффақиятлар тилаб қоламиз! Ишонамизки, Муҳаммад Солиҳ ёлғиз эмас. У эл билан бирга – эл эса у билан бирга.

Ўзбекистон Халқ Ҳаракати