Охир замонга тайёрмисиз?

Бугун 2012 йилнинг 21 декабри. Бугун охир замон бошланармиш.

Охир замонга тайёрмисиз?
113 views
21 December 2012 - 11:56

etot-dalekij-uzbekistanБугун 2012 йилнинг 21 декабри. Бугун охир замон бошланармиш.

“Охири замон  бир ҳафта давом этади”, “икки ҳафта давом этади” дегувчилар ҳам бор. Энди бизда “Майя” илми бўлмагани учун бўлса керак, бу борада бирор аниқ фикр ҳам айта олмаймиз. Хуллас, сиз “охири замонга” тайёрмисиз?

Айтишларича, охир замон бўлганда қуёш нури тугаб қолармиш ёки нури сўнармиш, хуллас шам, фонарларни ғамлаб олаётганлар ҳам кўп. “Охир замон ” аптечкалари ҳам савдога чиқарилган ва унда бир бурда нон, туз, яна алламбалолар бормиш. Айниқса Россия ва Украинада. Россия аҳолисининг 4 фоизи бугун бошланадиган “охир замонга” ишониб ўтиришибди. Руслар қанчалар ақлли бўлсалар ҳам, бизчалик бўла олишмайди. Улар биздан ортда қолишган. Биз охир замонга тайёргарликсиз кирганимизга йигирма йилдан ошди.

Бундан йигирма йил олдин ҳали шундай кунлар келади, сув етишмай қолади деганлар қанча эди? Марҳамат, мана охир замоннинг йигирманчи йилида унга ўзимиз гувоҳ бўлаяпмиз. Ҳар қалай, “Майя” қабиласи айтганми, ёки йўқми, охир замонда газ ҳам бўлмай қолармиш ва одамлар 21 декабрь куни, айни қишнинг чилласи олдидан ўтин, кўмир ҳам топа олмай қолармиш, деб айтган бўлсалар керак. Бироқ биз бун билмаймиз.

Россияда бозори чаққон бўлиб қолган “Озир замон аптечкаси”даги маҳсулотлар Ўзбекистонимизда аллақачонлар йўқ бўлиб кетган. Масалан сув, нон ҳам анқонинг уруғи бўлиб бўлди. Кейин, негадир аптечкада кўзда тутилмаган неъмат, яъни бензин ҳам бизда йўқ. Демак, охир замонда бирор жойни ўт олмайди. Жуда бўлмаса, Ўзбекистонни. Охир замонда электр тақчил бўлиб қолиши ҳақида ҳам балки ўша “Майя” қабиласи айтиб ўтгандир. Ваҳоланки, уларнинг ўзлари электр нима эканлигини тасаввур эта олишмаган бўлишса-да. Лекин улар охир замон айнан 2012 йилнинг 21 декабрида киришини тўғри башорат қилишган экан.

Қизиқ, Колумб Американи кашф қилиши, ўзларидан ном нишон ҳам қолмаслиги, бир куни келиб ерларида Португалияликлар, Ирландияликлар ўрнашиб олишини билишмаган, аммо охир замон қачон бўлишини башорат қила олишган экан.

Менимча, ўша “Майя” қабиласи бизнинг ўзбеклардан фарқ қилмаган бўлса керак. Мана, кўриб турганимиздек, биз ўзбекларнинг охир замони бундан йигирма йил олдин бошланган. Демак биз бунга бардошлик эканлигимизни бот-бот кўрсатиб келаяпмиз. Бизнинг  ўзимизга хос “Майя” қабиламизнинг бошлиғи Ислом Абдуғаниевич охир замоннинг мавҳум қилиб қўйган. “Буюк келажак” деган. Унинг айтган мана шу сўзини аслида ўзбекларнинг охир замони деб тушунсак бўлади, лекин у қачон келишини қабила бошлиғимиз айтмаган, аймоқчи ҳам эмас.

Хўш, охир замоннинг йигирма йилини ўтаб қўйган ўзбеклар, сизлар охир замоннинг сўнги кунига тайёрмисизлар? Биз сизга аптечка сотиш ниятимиз йўқ, аммо битта маслаҳатларимиз бор. Маслаҳат эса бу: Охир замонингизни кутиб жимгина ўтиринглар. Ҳукмдорга кўпроқ ялтоқланинглар ва унда мўлтираб кўзларига тикилинглар. Охир замон олдида қама-қамалар  кўпайиб кетиши ҳақида ҳам балки ўша майялар айтиб ўтишгандир. Айтишмаган бўлишса, мана биз айтамиз: сизнинг охир замонингиз олдидан ватанингиз бутунлигича катта қамоқхонага айланади ва сиз буни жимгина қабул қилинг. Ҳеч нарса деманг! Чет элларга чиқиб олганлар ҳам сукут сақланг, ваҳоланки охир замонингиз яқин қолди.

Дошқозонларни кўпайтиринг. Қабила бошлиғингиз сизни қайнатиши учун қозон излаб сарсон бўлмасин. Сизни савалайдиган дубинкаларни ҳам ўз пулингизга харид қилиб қўйсангиз, нур устига аъло нур бўлади.

Хуллас, охири замонингиз келмоқда ва уни ёруғ юз билан кутиб олинг.

 

Тўлқин Қораев,
Швеция