Путин россиялик етимларни гаровга олди…

Путиннинг катта матбуот анжуманини кузатдим. 4 соат 33 дақиқа давом этган анжуманда Путин, 1200 журналистнинг 81 саволига жавоб берди.

Путин россиялик етимларни гаровга олди…
112 views
23 December 2012 - 10:32

putin1Россия президенти Владимир Путиннинг катта матбуот анжуманини кузатдим. 4 соату 33 дақиқа давом этган анжуманда Кремлнинг хўжайини, 1000 тадан ортиқ россиялик ва 200 нафар хорижий журналистларнинг 81 саволига жавоб берди.

Адашгани хам йўқ, тутилиб хам қолмади, “хмммм”, “аааа”, “даааа” каби “паузалар”ни хам ишлатмади русларнинг юртбошиси. Ўзи ва ўзининг доираси учун қалтис туюлган саволларга эса “контрзарба” шаклида жавоб бериб, журналистни шошириб қўйган жойлари хам бўлди.

Халқаро матбуот, дунё геосиёсатига бевосита ва билвосита таъсир ўтказиш кучига эга бўлган Владимир Путиннинг ушбу матбуот анжуманига совуққина муносабат билдирди холос. Эртасига чиққан баъзи халқаро нашрлар “Россия президентининг жавоблари олдиндан маълум эди, бирон бир сенсациябоб жавоблар бўлмади” қабилидаги гапларни ёзишибди. Эхтимол, тўғридир…

Россия президенти аввалдан ОАВ вакиллари билан шу каби учрашувларни ўтказиб келади. У бундай анжуманларда ўзи бошқараётган улкан худуднинг хар бир ахоли пунктидаги хар қандай муаммо ва ютуғини билишини намоиш қилади. Бу сафар хам шундай бўлди.

Анжуманда журналистлар томонидан берилган саволларнинг, менимча, энг оғири ва “аччиғи”, Россия Думаси қабул қилган ва Путин имзосини кутаётган “Дима Яковлев қонуни” хақидаги саволлар бўлди.

Шу ерда эслатиб ўтсам: 2009 йилда, Москвадаги «Матросская тишина» қамоқхонасида, ўз судини кутаётган Сергей Магнитский исмли юрист вафот этади. Давлат амалдорларининг талон тарож билан боғлиқ жиноятларини фош қилишга уринган юрист Сергей Магнитскийнинг қамоқхонада қазо топиши, Америка хамда Европа томонидан инсон хақларининг ўта қўпол бузилиши дея хисобланди. АҚШ Давлат департаменти, шу жиноят иши билан боғлиқ бўлган 60 нафар россиялик амалдорларнинг АҚШ банкларидаги маблағларини музлатиб,  уларнинг мамлакатга киришини таъқиқловчи қонун қабул қилди ва уни «Магнитский қонуни» деб атади. Шу йилнинг сентябр ойидан бошлаб шунга ўхшаш қонунни Буюк Британия хам қабул қилди. Хозирда Европа Иттифоқи парламенти Магнитский ишига боғлиқ россиялик амалдорларга жазо санкцияларини қўллаш ниятида турибди.

Шу йилнинг 14 декабрида «Магнитский қонуни» АҚШ президенти Барак Обама томонидани имзоланди. Ана шундан кейин Россия хокимиятининг коридорларида «АҚШнинг эсини киргизиб қўйиш» хақида гап сўзлар болалай бошлади. Ва россиялик депутатлар бирданига, сўнгги йиллар давомида Америка фуқаролари томонидан асраб олинган россиялик болакайларнинг ўлимини эслаб қолдилар.

Кремлга бўйсунувчи Россия матбуоти ўта тезкорлик билан Америкада қазо топаётган россиялик етимлар мавзусини «гуриллата» бошлади.

Халқаро майдонда ўзига нисбатани хар қандай танқидни, мамлакат хавфсизлигига таҳдид сифатида кўрувчи Россия хукмдори Владимир Путин Американинг бу қонунига нисбатан «ассиметрик жавоб» бериш кераклиги хақида айтди ва нихоят, ўтган хафтада Россия давлат Думаси депутатлари «Дима Яковлев қонуни» (Асраб олган америкалик ота оналарининг айби билан ўлган икки ёшли россиялик боланинг исми шарифи) деб ном олган актни қабул қилишди. Унга кўра, Америкаликлар энди Россиялик етим болаларни асраб ололмайдилар. Думадаги деярли хамма депутатлар бу қонунни ёқладилар, иккинчи ўқиш давомида эса, жазавага тушган депутатлар, бу хужжатни россияликлар хуқуқини бузаётган хар бир давлатга нисбатан қўллаш хамда АҚШ томонидан молиялаштирилаётган барча нодавлат ташкилотларни таъқиқлаш сингари қўшимчаларни қўшиб, уни тасдиқладилар. Россиянинг қатор таниқли шахслари, журналистлари ва оддий россияликларнинг кўпчилиги Думанинг бу қонун лойихасини қаттиқ танқид қилдилар. Бу хужжат россияликлар орасида норасмий равишда «Аблахлар қонуни» деган ном олди.

Бутун дунёга тўғридан тўғри олиб кўрсатилган 20 декабрдаги Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтган медиа мулоқотдаги энг эсда қоларли саволлар ва жавоблар, «Дима Яковлев қонуни» мавзуси атрофида янгради.

Президентга, «Сноб» нашрининг журналисти Ксения Соколова берган савол билан матбуот анжумани бошланди.

«Россия давлат Думасининг, россиялик етим болаларни америкалик боқиб олувчиларга бермаслик хақидаги қонуни инсоний мезонларга қанчалик мос келади? Болалар, бўлганида хам энг химоясиз ва хуқуқсиз етимларнинг сиёсий курашда қурол сифатида ишлатилиши Сизни уялтирмайдими?» деди журналист Соколова.

Владимир Путиннинг юзидаги бирон бир мускул қимирлаб хам қўймади бу саволнинг зарбидан.   Аввалига Путин АҚШнинг Россияга нисбатан носоғлом позицияси хақида гапирди. «Уларда (АҚШда) бизга дўстона бўлмаган қонуний акт бор эди. Энди у бизда хам бор» деди у.

 Давлат Думаси бу қонунни эмоцияга берилиб қабул қилганини тан олган Путин, бундай таъқиқ кераклигини хам айтди.

«Россия қамоқхоналаридаги махбусларнинг хақ хуқуқлари билан боғлиқ муаммоларни фош қилаётган америкаликларнинг ўзларида бундай муаммолар йўқми? Уларда биздан хам кўпроқ. Гуантанамо қамоқхонасини беркитамиз деб айтишганига анча бўлди, бироқ у ишлаяпти. У ерда махбуслар худди ўрта асрлардаги каби оёқ қўллари кишанланган холда юришади!» деди Россия президенти.

Путинга кўра, давлат Думаси депутатларининг ушбу қонунни қабул қилишларига Америкада россиялик болалар билан юз берган фожеали воқеалар туртки бўлган. «Боқиб олинган россиялик болаларга нисбатан жиноий харакатлар қилганларни АҚШ судлари жазодан озод қилаяпти. Бу хали хаммаси эмас. Бўлаётган судларни кузатишга борган Россия вакилларини эса, хаттоки махкама жараёнига қўйишмайди» деди яна Путин.

19 декабр куни давлат Думаси қабул қилган «Дима Яковлев қонуни»ни қуюшқондан ташқари ва одамхўрлар қонунига ўхшатган «Аргументы и факты» нашрининг журналисти Александр Колесниченкога, Россия хўжайини энди анча юқори охангда жавоб берди.

«Мен яна қайтариб айтаман, америкаликлар ўзларидаги муаммоларга бизнинг кузатувчиларимизни яқинлаштиришмайди, хаттоки судларга киритишмайди. Мен буни тўғри дея олмайман. Сизнингча бу нормал холатми? Агар сизни пастга уришса, буни нимаси нормал экан? Ёки сизга бу ёқадими? Сиз садомазохист эмасмисиз мабодо? Мамлакатимизни пастга уриш керакмас. Ўзимиздаги тизимни такомиллаштириш кераклиги, бу хақиқат. Ва бундан ташқари, биз етим болаларни асраб олишни барча хорижликлар учун таъқиқлаётганимиз йўқку?! Қўшма штатлардан ташқари бошқа давлатлар хам бор» деди ғазабланган Путин.

«Россия»  телеканали журналисти Сергей Брилёв эса, Россия давлат Думасида ўтирган 450 депутатлар «Дима Яковлев қонуни»ни қабул қилишибдими, демак уларнинг хар бири иккитадан етим болани асраб олишлари керак деди киноя билан.

«900 нафар етим бола ота онали бўларкан, лекин ўтган йили америкаликлар Россиядан 956 нафар етим болани олиб кетишган эди» деди яна журналист Сергей Брилев.

Матбуот анжуманида кўтарилган бошқа мавзулар мени унча қизиқтирмади. Фикримча, бу анжуманни ёритган халқаро ОАВ хам «Дима Яковлев қонуни» хақидаги саволлар ва жавобларга эътибор қаратишди холос.

Россияни Путин ва унинг командаси бошқаришни бошлаганидан буён, мамлакат ичида сиёсий зўравонлик, инсон хуқуқларининг бузилиши, коррупция каби иллатлар урчиб бораяпти.

Сўнги пайтда эса сиёсий шантаж Росия рахбарларининг халқаро майдондаги оддий ўйинига айланди.

2011 йилнинг ёз ойларида, Россия харбий самолёти Афғонистондан қайтаётганида Тожикистон харбий хаво кучлари томонидан кўнишга мажбур қилиниб, борт ичи текшириб кўрилганида, ундан контрабанда топилган ва икки россиялик учувчи Душанбеда хибсда сақланган эди. Ана ўшанда хам Россия хукумати, мамлакатда мардикорлик қилиб, қашшоқликда яшаётган яқинларини боқаётган тожик фуқароларини депортация қилиш билан расмий Душанбени очиқчасига қўрқитган ва жараённи бошлаган хам эди. 

Миллионлаб ишсиз фуқароларнинг мамлакатга қайтиши, қашшоқ Тожикистонни ижтимоий жарга қулатишини яхши тушунган Имомали Рахмон, учувчиларни қайтариб беришга мажбур бўлганди.

Ўзининг харбий учувчиларини (баъзи манбааларга кўра – жосусларини) қайтариб олганидан кўнгли тўлган Россия хукумати, бундан бир неча йил аввал Россияда йирик миқдордаги гиёхванд моддалар билан қўлга тушган тожик президентининг куёвини Тожикистонга қайтариб бергани хақида хам матбуотда хабарлар чиққан эди.

Путин хукумати Ўрта Осиёлик яна бир «подшох», диктатор Ислом Каримов ва унинг оиласи чангалидан, Россияга қарашли МТС уяли алоқа компаниясини қутқариб қолди.

Сал кам 10 миллионли телефон абонентларига эга бўлган Ўзбекистондаги энг йирик МТС ширкати Ислом Каримов қизининг «бизнес нигохи»га рўпара келгани ортидан, ширкат рахбарлари мамлакатдан қувилди, хибсга олинди. Ширкат хисоб рақамидаги пуллар давлат хисобига ўтиб кетишига бир бахя қолди. Не не Россиялик сиёсатчилар Тошкентга келиб бу масалани Оқсаройда, Ташқи ишлар вазирлигида кўтаришди. Каримов оиласи хеч кимга қулоқ солмади.  

Бу орада, Швецияда яшовчи машхур имомнинг жонига қасд қилган киллер «бирданига» Россия пойтахти Москвада қўлга олингани хақида хабарлар тарқади.

Орадан қисқа вақт ўтар ўтмас, МТС ширкати устидан очилган жиноий ишлар тўхтатилди. Акс холда, қўлга тушган киллер тилга кириши хам мумкин эдида…

Путин ва унинг доирасидагилар хар доим хам ўзларига қарашли бўлган юқори мартабали ўғрилар, қотиллар ва халқаро террорчиларни қўллаб келишади ва бу йўлда хар қандай усулларни «Буюк Россия равнақи учун!» каби шиорлар билан ниқоблашади.

20 декабр кунги Матбуот анжуманидаги Путиннинг кайфиятидан шу нарса маълум бўлдики, россиялик етим болалар америкалик фарзандсеварлар саховатидан тамоман махрум бўлишди.

Фақат энг ноинсоф кимса ота онасиз болаларни саховат ва ғамхўрликдан махрум қила олади.   Россия президенти Владимир Путин мана шундай тоифага киришини амалда исботлади…..

Улуғбек Хайдаров
Канада