Ҳақиқатнинг қисқа изоҳлари

Ўзбекистондаги Каримов диктатурасига қарши мухолиф шахсларнинг рўйхатини келтириш имконсиздир. Бу бир неча миллион ва ҳатто ўн миллиондан ошиқ рўйхат ҳолида бўлиши мумкин.

Ҳақиқатнинг қисқа изоҳлари
17 views
24 December 2012 - 11:50

Мухолиф инсонлар ва мухолиф ҳаракат ҳақида

Ўзбекистондаги Каримов диктатурасига қарши мухолиф шахсларнинг рўйхатини келтириш имконсиздир. Бу бир неча миллион ва ҳатто ўн миллиондан ошиқ рўйхат ҳолида бўлиши мумкин. Чунки Ўзбекистон аҳолисинин аксарияти Ислом Каримов диктатурасига ҳам, унинг эркатой қизи Гулнора Каримовага ҳам қаршидир. Фақат бу золим режимга қарши курашаётган сиёсий куч (ҳаракат, партия ва ҳк) сони нечта?

Бу муҳим масала чунки яккаҳолдагиларнинг, улар ўн миллион киши бўлса ҳам, Каримов диктатураси каби режимга қарши қўлидан бирон иш келиши қийин. Тарихда ҳам кураш доимо биргалашиб (ҳаракат, фирқа, жамоат, жамият ва бошқа шаклларда) олиб борилган. Шундай экан, Ислом Каримов диктатурасига қарши курашда бу курашга қўшилишни истайдиганлар бирлашадиган сиёсий ҳаракат ҳеч шубҳасиз Ўзбекистон Халқ Ҳаракатдир (ЎХҲ). Бунинг асосларига келадиган бўлсак:

1. ЎХҲ халқимизнинг миллий, эътиқодий ва замонавий тараққиётнинг мусбат қадриятларини (сўз, фикр, матбуот, сайлов эркинликлари, иқтисодий эркинликлар ва ҳк) ўзида мужассамлаштирган.

2. ЎХҲдан бошқа ҳаракатлар ё фақат ғарб қадриятларини ёки фақат бир неча кишини пул билан таъминлаш ёки сотиб олиш орқали сиёсий кучга айланишни орзу қилмоқдалар. Мухолиф ҳаракат номини олган баъзи ташкилотлар эса хорижда инсонларимиз орасида фисқу фасод тарқатиш билан эса тўғридан тўғри Каримов режимига ҳам хизмат қилмоқда.

3. Инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган ташкилотлар ҳам бор фақат улар мустақил сиёсий ташкилот ўрнида кўрилмайди…

Шундай экан ҳозирги вазияда Каримов диктатурасидан норози бўлганлар бирлашадиган сиёсий ташкилот ЎХҲдир. Бу бизнинг ташкилотимиз мукаммал ва хатолари бўлмаган ташкилот деган маънони билдирмайди, албатта. Иш бор жойда камчилик бўлади. Шунга қарамасдан асосий сиёсий мухолиф куч бўлган ЎХҲ да бирлашишга сизларни даъват қиламан.

Истамайдилар… жоҳил ва золим бўлганликлари учун!

Диктаторлар ўз халқига эркинлик ва адолат беришни айнан шу сабаб туфайли истамайдилар. Уларнинг фикр доираси тор, улар манман, худбин, ҳамма нарсани фақат мен биламан ва мен қила оламан иддоасига муккасидан кетганлар. Улар эркин фикрдан, эркин ташаббусдан, имон йўлидан ва соғлом ақлга асосланган тараққиётдан ўлгудек қўрқадилар. Уларда инсонийлик, кимлар биландир дардлашиш, маслаҳатлашиш, бировнинг фикрига эътибор бериш, яъни ўзини инсонлар ичида инсон ҳис қилиш туйғуси ўлгандир. Шунинг учун ҳам улар фақат ўзларини инсон ҳисоблайдилар, ўзгаларни эса қадри бир тийинга қиммат ашё ўрнида кўрадилар…Ким у, дейдилар инсон ҳақида улар такаббурлик билан, “пошел он… (пошла она…)”, уларнинг ҳар бир инсонга берган баҳоси шундан иборатдир…

Бу золимлар халқни сурув, мамлакатни ўз томорқаси ва давлатни ўз шахсий идораси ўрнида кўрадилар. Халқни мен боқаяпман, мамлакатни мен елкамда кўтариб турибман, мен бўлмасам бу давлат бўлармиди, дея мақтанади бу жоҳил ва нодон тоифалар. Диктаторлар ва уларнинг малайлари ўзларини зодагон, халқни эса пасткаш тоифа ўрнида кўрганликлари учун юқоридан пастга қараётгандай кўринадилар доимо…

“Отам дейди”, диктаторнинг қизи “ҳамма нарса қўлидан келадиган инсон, у йигирма беш йилдир давлат идораларида ишлаган, яна йигирма беш йил давлатни бошқариб келмоқда”. Сен ўзинг кимсан, дея сўрашга имкон берилмайди бу мажлисда. Отанг ноқонуний Президент, у бундан ўн беш олдин, яъни ўн йил Президент бўлгандан кейин лавозимини тарк қилиши лозим эди. Аммо у ўзи ёзган (ёздирган) Конституцияга, адолатга ва халқнинг истагига зид равишда золимлик билан Президентлик мақомини эгаллаб ўтирган Жоҳил бир раҳбардир. Сен мана шу жоҳил ва золимнинг қизисан, ўзингни тутишинг, ахлоқинг, халқ назарида ҳурматинг отангникидан ҳам беш баттар…Сен ўзи кимсан? Аммо ҳақиқатни фош қилиб ташлайдиган бу савол ва ҳақиқатни ифодалайдиган “Сен ҳеч кимсан” жавоби бу пасткашлик мажлисида жарангламайди….

Ҳолбуки у ҳам эркинлик, имон, ҳуқуқ ва адолат устун бўлган жамиятда бошқалар каби бир аёл, бир она, бир уйнинг бекаси ёки ўзи эплай олган соҳада обрўли ходима сифатида ҳурматли инсон бўлиши мумкин эди. Аммо у жоҳил ва золимнинг қизидир, жоҳиллик ва золимлик у танлаган йўлдир. Инсон беихтиёр баттар бўл, дейишдан ўзини тия олмайди…

Шундай, бугун бир халқнинг ҳаётида, тарихи маърифат ва илм билан шарафланганган халқнинг ҳаётида диктаторлик, жоҳиллик ва зулм ҳукмрондир. Шундай аммо бугун шундай…Эртанги кун диктаторнинг куни эмас, келажак ҳам диктаторнинг қули эмас. Умид, эркинлик, адолат, имон, инсонийлик бу диктаторга ҳеч қачон бўйин эгмагандир. Шунинг учун ҳам келажак уларникидир…

 

Намоз Нормўмин,
24 декабрь 2012 йил.