Ўлик моддалар ёки “Запрет”лар мамлакати

Ассалому алайкум «ҳурматли» Президентимиз “Ислом ота”!
Сизга ота, деб мурожаат қилганимга ҳайрон қолманг, менинг тенгдошларим Сизни Ислом ота, деб катта бўлганмиз.

Ўлик моддалар ёки “Запрет”лар мамлакати
47 views
25 December 2012 - 11:39

Ассалому алайкум «ҳурматли» Президентимиз “Ислом ота”!
Сизга ота, деб мурожаат қилганимга ҳайрон қолманг, менинг тенгдошларим Сизни Ислом ота, деб катта бўлганмиз.

23Сўзимнинг бошида сизга хат ёзишимнинг сабабини айтай. Биз “Одноклассники” сайтига кириб турамиз. Шу ерда сиз йўлини ёпиб қўйган интернет сайтлари ва электрон газеталарга (турли проксилар орқали) киришнинг йўлини ҳам билиб олдик. Нима учун эркин матбуотга йўл қўймаслигингизни ҳам тушуниб етдик. Биз авваллари сизни ҳақлисиз деб ўйлардик. Бизни терроризм, ҳар хил оқимлардан ҳимоя қилиш учун бизга “дунёни запрет” қилдириб қўйибсиз, деб ишонардик. Афсус, сиз фуқароларингизни ақлий қашшоқлаштириш учун шундай йўлни танлаган экансиз. Ҳозир бизда ақлий қашшоқлик моддий қашшоқликдан ҳам ёмонроқдир. Бу эса сизнинг халқингизни алдамоғингизни янада осонлаштирмоқда.

Мақолалардаги сизнинг номингиз ёнидаги “Масхарабоз”, “Лўттибоз”, “Диктатор”, “сиёсий фоҳиш” каби ҳар хил қўшимчаларни ўқиганда, аввало роса уялдик. Ахир биз сизни “маънавий ота”миз деб ишонар эдик-да.

Ўзбекистон конституциясининг 45-моддасида “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир”, дейилган экан. Қани, ўзингиз айтинг-чи, бизда вояга етиш 12 ёшданми ёки 18 ёшданми? Агар 18 ёшдан бўладиган бўлса, 3-, 4- синфдан бошлаб пахтада, далада ишлайдиган болаларнинг ҳуқуқини ким ҳимоя қилади?

Қишлоқ болалари ўн ёшидан бошлаб ота-оналари билан далада, катталар қатори меҳнатга солинади. Сиз пахта даласини ҳеч кўрганмисиз? Болалар эгатда эмаклаб юриб ёввойи ўтларни юлишади. Ёмғир ёғиб ер қотиб қолса, яна эмаклаб юриб қатқалоқ юмшатади. Қишлоқ болалари ўқиш ўқимайди. Илм-фан ҳақида баҳс-мунозаралар қилмайди, миясини чархламайди. Даладан сулайиб қайтган болалар оёқ- қўлини ювишга ҳам ярамай қотиб ухлайди. Улар учун ҳеч бир фаннинг қизиғи йўқ. Биз россиялик болаларнинг билим мусобақаларини кўриб ўзимиз билан солиштиришга уяламиз.

Агар билсангиз, сиз ҳар куни фахрланиб гапирадиган қишлоқ коллежларингиз россияликлар учун арзон-гаров гастербайтерларни етказиб бермоқда. Такрор айтаман, ҳозирги қишлоқ коллежларингиз Россия учун тайёр қулларни етказиб бермоқда! Сиз бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрдингизми, жаноб президент бобомиз? Сиз севиб такрорлайдиган “Келажаги буюк Ўзбекистон”нинг эгалари шу ёшлар эканига ўзингиз ишонасизми, ёки ёшингиз ўтиб хом хаёл (узр) бўлиб қолдингизми? Ёки қизингиз Гулнора хонимнинг камолотчилар билан ўтказаётган кўзбўямачи тадбирларига ишонасизми? Агар у хоним ҳақиқатан ҳам ёшларнинг камолоти ҳақида қайғурса, ишни қоронғу, совуқ, зимистон қишлоқлардан бошлаган бўларди. У ҳам сизнинг қизингиз-да, қандай қилиб ўзбекнинг боласига раҳми келсин?

Хуллас, Конституциядан вояга етмаганларни оғир меҳнатдан ҳимоя қилишга кучи етмайдиган ўша 45-моддани, интернет сайтларига қўйдирган “запрет”ларингизни олдириб ташласангиз, бир тўғри иш қилган бўлардингиз.

Адолат Нур