Оила қуришдан нафратланаман

Менинг ёшим 27 да. Айни кунларда мен ҳам “Зулфияхоним номидаги Давлат мукофоти”нинг лауреатлари қаторида бўлишим керак эди, лекни мен эгри йўлдан юришни ҳоҳламадим.

Оила қуришдан нафратланаман
103 views
25 December 2012 - 12:09

Менинг ёшим 27 да. Айни кунларда мен ҳам “Зулфияхоним номидаги Давлат мукофоти”нинг лауреатлари қаторида бўлишим керак эди, лекни мен эгри йўлдан юришни ҳоҳламадим.

Менинг сиёсатга бўлган қизиқишим, айни мана шу мукофотга тавсия қилиниб, аро йўлда “қолиб кетган” кунимдан бошланган. Мавзудан чалғиб кетмаслигим учун мукофотга доир порахўрликлар, маънавий қашшоқликлар ҳақида батафсил ёзиб ўтирмайман. Фақат битта таклифим бор, шуни айтиб ўтмоқчиман. Ҳурматли (марҳума) шоирамиз Зулфияхонимнинг руҳи шод бўлиши, қизларимизнинг ҳар қандай шон-шуҳратга тўғрилик билан эришиши учун мукофотнинг таркибини қайта кўриб чиқиш (унинг имтиёзларини бекор қилиш) шарт деб ҳисоблайман.

Шахсингизга ишонч билан улғайган болалик ва ўсмирлик йилларим ҳурмати (бугунда ишончим парча-парча бўлган бўлса ҳам) Сизга мактуб ёзишга қарор қилдим. Мен кўпинча техника янгиликларига, дунёдаги буюк аёллар ҳаётига қизиқардим, ҳозир ҳам. Бунга оилада ўтган асрнинг “зарбдорчи”ларидан бўлган бувим, кино ва классик адабиёт, мактабда талабчан устозимиз, тарих ўқитувчимиз сабабчи бўлган. “Спартак”, “Индира Ганди”, “Шерюрак” ва шунга ўхшаган филъмлар Ўзбекистонимиз ва Дунё ҳақидаги фикрларимни улғайтирди. Мен турмуш қуриш, фарзанд кўришни хоҳламай қолдим… Нега? Чунки биз бахтсиз халқ эканмиз. Нима учун менинг оилам, фарзандим ўша бахтсизликнинг давомчилари бўлиши керак?
Ватанимиз бахтли ва эркин бўлмагунича турмуш қурмайман, деб аҳд қилдим. Менинг тенгдошларим бир бурда нон ёки яхши яшаш учун пул топаман, деб дунёнинг турли жойларида ўзларини, кучларини, соғликларини, керак бўлса, энг даҳшатлиги миллий ғурурини сотмоқдалар. Нега, нега, нега ахир?

Миллий ғурур оғриғи ҳаммадан ҳам, Ислом ота, Сизга кўпроқ таъсир қилиши керак эди. Ёки Сиз ўз халқингизни ёмон кўрасизми? Наҳотки Сизни ўзбекистонлик қулларнинг тақдири қизиқтирмаса?! Ахир Сиз Президент бўлган кунингиздан бошлаб Ўзбекистон халқига “маънавий ота”ликни зиммангизга олгансиз. Шунинг учун ҳам биз боғча болалари ва мактаб ўқувчиларига Сизни Ислом отамиз, деб ўқитишган.

Бувимдан эшитишимча, бурунги замонларда ор-номусли бойлар ўз маҳалласининг камбағалини қўшни маҳалланинг бойлари ишлатиб ҳақини бермагудек бўлса, бойлар ўртасида низо келиб чиқар экан. Ғурурли бойлар ўз ҳудуди камбағалларидан вақти-вақти хабар олиб турар эканлар. Бу худди эртакка ўхшайди. Бугунги кунда фуқароларингизнинг чет элларда ҳимоясизлиги, меҳнатига ҳақ ололмаслиги, камситилиш ҳолларига гувоҳ бўлганимизда сиздек президентимиз борлигидан афсусланганмиз.

Аллақачондан сизга ишонмай қўйганмиз. Бу алданиш, ўзимни, қобилиятимни кўрсата олмаслик, кураша олмаслик азоби эканини ҳам биламан. Кимга нима ҳам деб бўлади, бу Ватанда. Тўғри сўз учун эгри йўл билан қамашади, ҳатто ўз уйимда ҳам менга, сиёсатга муносабат билдиришни ман қилишади. “Жим бўл, сен нимани ҳам билардинг, тилингни суғириб олишади, ўзингни Жанна Д Аркдек оловда куйдиришади”, дейишади. Лекин менинг йўлим аниқ.
Мен Ватанимиз табиати, бойликлари ҳақида маълумотлар билан озми-кўпми танишдим. Бизда бор бойликлар дунёнинг неча мамлакатларида йўқ. шундай бўла туриб, нега биз бу қадар қашшоқликка юз тутдик? Одамларнинг ўзаро суҳбатлари, ўзимнинг кузатишларим, интернетдаги маълумотларга қараганда Мустақиллик бир гала мансабдорлар учун роҳат, фуқаро учун азоб бўлмоқда. Бизнинг ахборот воситаларимизда жиддий мавзулар ёритилмайди. Амалдорларнинг фаолиятлари муҳокама қилинмайди. Россиядагига ўхшаб телекўприклар берилмайди, мухолиф партиялар, иқтисодчилар, илм-фан олимлари телевизорга чиқиб, қонунларнинг амал қилишига доир баҳслар ўтказмайдилар? Сиёсий шархловчилар йўқ. Сони бор, сифати йўқ ўйинчоқ партияларингиз халқимизнинг бўйнига осилиб олган бир юк бўлиб, Сизни ким ўзарга мақташ учун тузилганлиги уларнинг юриш-туришидан маълумдир.

Мана, биз интернетга кириб чет эллардаги ўзбек мухолиф партиялари фаолиятлари билан танишмоқдамиз. Айниқса “Эрк”, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати, “Бирдамлик” халқ демократик партиялари каби бир қанча сиёсий ҳаракатлар фаолиятига қизиқиб қолдик. Агар сиз ўзингизни бизга ўргатганларидек демократ санасангиз, нега ўша партиялар, муҳожир ватандошлар билан халқ кўзи олдида тортишмайсиз? Уларни ҳақ гапни айтганлари учун ватанга сиғдирмагансиз? Халқингизнинг Конституцияда кафолатланган фикр эркинлигини бўғиб қўйгансиз. Халқ билиб айтади, ким сизга ҳақиқатни айтмоқчи бўлса, жонидан умидини узаверсин экан.

Лекин менинг жонимдан умидим бор. Мен тирикчилик учун чет элларда касалликка чалинаётган, миллий ғурури топталаётган ёшларимизнинг қисматида сизни айбдор, деб санаганим учун ҳам ушбу хатни ёздим. Биламанки, бундай хатларни сизга етказишмайди. Етказишганида, сиз менинг бешта хатимдан ҳеч қурса биттасини олган бўлардингиз. Сизга етадиган хатлар бўлакча – сизга невара, эварасининг номини Исломбек, Нурислом қўйган кишилар хат ёзишади. Аниқроғи, ҳокимларингиз бундай хатларни ташкил қиладилар ва сиз уларни табриклаб совғалар юборасиз…

Қисқаси, ёлғон билан ўтаётган ҳаётингиздан бир кун келиб виждонингиз қийналиши аниқ. Ана ўшанда ўзингизни қандай овитар экансиз? Балки бойликларингиз ёрдам берар? Биз ўша кунларнинг тезроқ келишини жуда-жуда истаймиз…

Адолат НУР.