Гулнора отасидан тахтни бўшатишни талаб қилган(ми)?

22 декабр куни, номи Европада номи чиққан коррупция жиноятларига алоқадорлиги тобора маълум бўлиб бораётган Гулнора Каримова Тошкентда ўзининг яна бир ҳашамдор тадбирини ўтказди.

Гулнора отасидан тахтни бўшатишни талаб қилган(ми)?
24 views
25 December 2012 - 12:54

Fawaz Gruosi Birthday Party "Black Forever" im Club Billionaire in Porto Cervo, Sardinien am 08.08.201122 декабр куни, номи Европада номи чиққан коррупция жиноятларига алоқадорлиги тобора маълум бўлиб бораётган Гулнора Каримова Тошкентда ўзининг яна бир ҳашамдор тадбирини ўтказди. M&TVA тақдимот маросими деб номланган бу тадбирда, мусиқа, телевидение, кино ва видеоарт бўйича тилга тушган санъаткорлар мукофотланди. Гулнора Каримовага қарашли бўлган барча ОАВ маросимни кенг ёритди, ва Форум ТВ орқали намойиш ҳам қилинди.
Етти йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинаётган бу тадбир, диктатор Каримовнинг қизи Гулнора томонидан уюштирилади ва ундаги мукофотлар ҳам “очофат малика”га қарашли жамғарма томонидан таъсис этилади.
Тадбирни интернет орқали томоша қиларканман, қалбимга оғир бир тош чўккандек бўлди. Ўзбек санъати ва маданияти устидан ҳеч қачон бугунгидай кулишмаган эди, хеч қачон миллий санъатимиз бу қадар топталмаган эди..
“Севги” сўзини “Шевги” дея куйлайдиган аёл, 2012 йилнинг энг яхши аёл хонандаси бўлди куни кеча…
Ўзбек санъатига зид бўлган бир йўналишда “гапириб” куйлайдиган бир йигитча эса “Йилнинг энг яхши эркак хонандаси” эмиш…
Бир қанча халқаро кинотанловларда нуфузли хайъат назарига тушган ўзбекларнинг “Паризод” фильмини биров эсламади бу “костюмлар ва ялтироқ башаралар” маросимида. Чунки, Гулнора Каримова, Юлдуз Усмонова, Муножот Йўлчиева, таниқли театр режиссери Наби Абдураҳмонов ва машҳур телебошловчи Шахноза Ғаниевалардан иборат ҳайъат аъзолари “Йилнинг энг яхши фильми” деган номни бачкана ва енгил-елпи “Менинг дадам бўйдоқ” фильмига лойиқ кўришди.
Ҳамма тик туриб қарсак чалди ўша куни “ғолиблар” шарафига. “Ғолиблар” эса, худди Оскар мукофотини олишаётганидай, ясама бир хайрат билан юзларини беркитишиб, (ёки уялганлариданмикин?), қалбаки бир энтикишлар билан “Энг, Энг, Энг…”ларнинг қаторига кўшилдилар..
Мени хайрон қолдирган яна бир жиҳат шу бўлдики, тадбирни тасвирга олаётган видео ва фото тасвирчилар, маросим бошидан охиригача Гулнора атрофида гирдикапалак бўлишди. Зар ва тиллага бурканган “очофат малика”нинг ҳар турли кўринишлари ўша захотиёқ пешма-пеш интернет саҳифаларида кўриниб турди.
Жаҳон миқёсида пул ювиш, кўп миқдорда пора олиш каби айбловларга нишон бўлиб, ҳозирда мамлакатдан чиқа олмаётган малика, шу тариқа ҳаммага: “Мана кўринглар, мен эмин эркин юрибман, менга жин ҳам ургани йўқ!” деётганига ўхшади назаримда.
Швейцариядаги банкларнинг биридаги Гулноранинг музлатиб қўйилган ва келиб чиқиши ноъмалум бўлган ҳадсиз бойликларга алоқадор шахслардан бири Рустам Мадумаровнинг туғишган укаси Алишер Мадумаров эса ушбу тақдимот маросимининг сўнгига қадар Гулнора Каримова билан ёнма-ён ўтирди.
“Рустам жиноятчи эмас, акс ҳолда унинг укаси мен билан бирга ўтирардими?” деяптими диктаторнинг қизи?
Яна бир қизиқ ҳолат юз берди Гулноранинг бу маросимида…
Маълумки Гулноранинг “қарамоғи”даги турли қўшиқчилар ва актерларни кўпчилик олдида очиқчасига танқид қилишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди…
Ўша маросимда эса, Алишер Мадумаров саҳнага чиқиб, бугунги ўзбек қўшиқчилари ва актерлари устидан бемалол кулди.
“Хозиргина Тошкентдаги 6 сонли туғруқхонадан хабар келди: Ўзбекистонда 30 миллионли чақалоқ туғилибди. Лекин, таниш акушеркаларни айтишларича, бу чақалоқ дунёга келган заҳоти “Небо молчит” қўшиғини куйлабди! Демак, узоққа боради!” деди у масхараомуз оҳангда.
“Куни кеча автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчасида машинамга бензин қуйиб юрган бола, бугун таниқли кино актери… Ўтган куни эса мен бир жойда… майли қаердалигини айтмай қўяқолай,.. кўриб қолган қиз, бугун эстрада хонандаси! Яшанглар! Ўзбекистон аҳолиси 30 миллион бўлса, шундан 25 миллиони қўшиқчи бугун. Қолган 5 миллионига жуда ҳам қийин. Бечоралар! Улар нима билан шуғулланишади дерсиз? Улар ҳаммаси кино ишлашади!” деди Алишер Мадумаров…
“M&TVA мукофотига лойиқ кўрилган композиторлар рўйхатини кўриб, йиғлагим келди” деди яна собиқ “ДАДО” гуруҳи солисти ва Гулноранинг фаворити…
Буниси ҳам майли…
Тақдимот маросимида ҳаммани қўрқитган бир ҳолат юз берди! Гулнора саҳнага чиқди ва “Сочларимни майда ўринг отажон, Истасангиз минг ўғилнинг ўрнини босай” дея куйлаб юборди!

Истасангиз минг ўғилнинг ўрнин босай,
Бир лаҳзалик шодлигизга жоним осай.
Кечирдингиз ҳатто ота гуноҳ қилсак,
Бахтимизга доимо соғ бўлинг, отам…

дея куйлади диктатор Ислом Каримовнинг қизи Гулнора…
Бу қўшиқ нимага ишора? «Сизга енгил бўлсин деб, ҳаттоки президентлик юкини елкамга ортишга тайёрман, ота» деганимикин?
Яқиндагина, «Мияси ишлайдиган ва амбицияга эга ҳар бир одам президент бўла олади» дея интервьюлар берган Гулнора Каримова, отасининг ўрнини олишга астойдил ҳаракатни бошлаган кўринади.
Акс ҳолда унинг эски-тускилари ва ундан ортган суяклар билан кун кўрувчи бир сиқим «журналистлар», «актерлар» ва «қўшиқчилар» халқаро жиноятчи деган ёрлиқ эгаси бўлишига бир қадам қолган Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилишмаган бўлар эди.
Бироқ, пихини ёрган диктатор Ислом Каримов ҳокимиятни қаттиқ севади ва уни бегона тугул, ҳаттоки ўз фарзандига ҳам бермоқчи эмасга ҳам ўхшайди. Акс холда Гулнора ўз ниятларини отасига қўшиқ сифатида билдириб, ҳамманинг олдида томоша ҳам кўрсатиб ўтирмасди.

Улуғбек Хайдаров
(Канада)