Ўзбекистонда ўқитувчилар диктатура режимининг қулларидир

Маълумки табибларнинг хатоси бир онда, ўқитувчиларнинг хатоси эса вақт ўтиши билан ўртага чиқади. Яъни, ўқитувчилик касби ва ўқитувчиларнинг роли жамиятда ниҳоятда каттадир.

Ўзбекистонда ўқитувчилар диктатура режимининг қулларидир
59 views
27 December 2012 - 16:53

yangiyulgif1Маълумки табибларнинг хатоси бир онда, ўқитувчиларнинг хатоси эса вақт ўтиши билан ўртага чиқади. Яъни, ўқитувчилик касби ва ўқитувчиларнинг роли жамиятда ниҳоятда каттадир. Шунинг учун ҳам инсонлар ўз устозларини ота-оналари каби бўлмаса ҳам уларга яқин даражада ҳурмат қиладилар. Бунинг сабаби ўқитувчилар жамиятнинг илмий ва маънавий ижодкорлари ҳисобланади. Мамлакат келажагини белгилайдиган ёшларнинг тафаккури айнан мактабда, яъни ўқитувчилардан ўрганган илмлар туфайли шаклланади..

Шундай экан, бугунги Ўзбекистонда мактаб, лицей ва коллежлардаги ўқитувчиларнинг аҳволи қандай? Улар ўзлари қилаётган ишлардан мамнунларми? Ўзларининг ижтимоий ҳоларидан, яъни жамият ва давлат тарафидан меҳнатларининг қадрланишига қандай қарайдилар?

Ўзбекистондаги режимнинг ғайриинсоний эканлиги мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳақиқатдир. Бугунги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари паймол қилинаётган, яъни инсон қадри ерга урилаётган энг қолоқ давлатлардан биридир. Афсуски, диктатура сиёсати ижтимоий ҳаётнинг бутун соҳаларига ўз заҳарини сочган. Бу заҳардан насибини олган ижтимоий гуруҳлардан бири ҳеч шубҳасиз ўқитувчилардир…

Ўзбекистон мустақилликга эришгандан кейин янги давлат тизимини яратиш ва ижтимоий соҳаларни бу тизимга кўра шакллантириш каби муҳим масала ўртага чиққанди. Албатта, бу вазифанинг бажарилиши учун сиёсий истиқрор ва кучли иқтисодий заминга эҳтиёж бор эди.

Шу билан бирга шахс, жамият ва давлат тараққиётининг мафкуравий асослари, ҳар бир соҳа мутахассисларининг бу соҳанинг тараққиётига ҳисса қўшиши учун эркинлик ва адолатга асосланган шарт шароитларни вужудга келтириш муҳим эди. Айнан мана шу нуқталарда Каримов диктатураси фуқароларнинг ва ижтимоий тоифаларнинг бутун умидларини пучга чиқарди. Яъни, сиёсий барқарорликни сақлашнинг зўровонлик (авторитар) йўли танланди. Янги жамиятнинг соғлом мафкуравий асосларини яратиш у ёқда турсин, жамиятда бунинг учун лозим бўлган ҳурфикрлилик ва ижод муҳити йўқ қилинди. Натижада таълим тарбия соҳаси “бошсиз” қолди, ўқитувчилар ўқитиш ишидан сунъий равишда узоқлаштирилдилар.

Яъни, ўқитувчилар ўз касбларининг ғоявий асосларини йўқотдилар, бу эса ўз ўрнида она тили, адабиёт, тарих, жамиятшунослик каби ўқувчиларнинг шахсиятида миллий, маънавий ва ахлоқий хусусиятларни шакллантирадиган фанлар моҳиятининг йўқолишига олиб келди. Крилл ҳарфларидан лотин алифбосига ўтилиши, бу йўлдаги қарорсизлик эса ўлганни устига чиқиб тепиш натижасини берди.

Каримов диктатурасининг бутун жамиятга, шу жумладан таълим тизмига берган яна бир зарбаси эски социалистик иқтисод шаклидан янги бозор иқтисодига ўтиш жараёнида ўзига “хос ва мос” сиёсат олиб борганидир. Бу ишда ҳам аниқ сиёсат ўтказилмади, на социалистик иқтисод сиёсати тарк қилинди, на да хусусий мулкчиликка ва эркин иқтисодий муносабатларга асосланган бозор иқтисоди жорий қилинди.

Натижада шундайига ҳам йўлини йўқотган таълим тизими ва унинг ходими бўлган ўқитувчилар мактабларда, лицейларда, коллежларда ва олий таълим даргоҳларида ўз билганича “ўқитувчилик” қила бошладилар. Тўғрироғи ўқитувчилар ўқитувчи бўлишдан чиқишди, таълим даргоҳларида порахўрларга, шаҳар кўчаларида таксичиларга, шаҳар бозорларида мардикорларга, пахта далаларида теримчиларга, ўз томорқаларида эса деҳқонларга айландилар. Каримов диктатураси бу шаклда ҳоли вой бўлган ўқитувчилик касбининг қадрини янада кўпроқ ерга уриш учун қўшимча “тадбирларни” ҳам унутмагандир.

Масалан, ўқитувчилар бюджет аҳли эканлиги маълум. Режим уларга ўлмаслик даражасига маош беради, аммо ўқитувчнинг маошидан ёқмаган электириги ва гази учун пул ушлаб қолинади. Маош ҳисобга жўнатиладиган жойларда бечора ўқитувчи маошини ўзи ололмайди, унга маошини олиб берадиганлар эса маошнинг 10-15 % га шерик бўлади. Ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг айтишича уларга энг алам қиладиган нарса шунча хўрликлардан кейин яна уларга диктатор Каримовнинг маъносиз “асарларини” ўрганишлари ва ўқувчиларга ўргатишга мажбурланишларидир…

Бугун Ўзбекистонда ўқитувчилар моддий ва маънавий жиҳатдан мана шундай аянчли ҳолдалар. Улардан бир қисми аллақачон бу шарафли касбни тарк этиб, мамлакатимизда ва хориж давлатларда қора ишчиликни танлаганлар. Бошқалари эса чор -ночор номигагина бўлса ҳам ҳар куни мактабларга бориб қайтадилар. Чунки қадрсизланган касбларини хўжакўрсинга давом эттирамасалар, бола чақалари оч қолиши мумкин. Яъни, қуллик занжирини истамасалар ҳам жаранглатиб юришга мажбурдирлар…

Ўқитувчилар ҳаётида изоҳ қилиб бўлмайдиган ишларга уларнинг шаҳар кўчаларини тозалаш, қурилиш ишларига мажбурий шаклда жалб қилиш, давлат қуриб бераётган уйларни сотиб олишга мажбурлаш, бу уйларнинг қурулишида бепул ишлаб бериш каби ҳолларни мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин.

Жамиятдаги умумий инқироз ва таназзул афсуски ўқитувчиларнинг кундалик ҳаётида ҳам порахўрлик, ароқхўрлик ва бошқа маънавиятсизликлар кўринишида акс этгандир.

Бу айтилганлар бугунги Ўзбекистонда инкор қилиб бўлмас ҳақиқатлардир. Бундай инқироз ва жоҳилият манзараси учун ҳеч шубҳасиз унга асос солган Диктатор бош айбдордир. Шу билан бирга жамиятнинг умумий аҳволи учун ҳамма қатори ўқитувчиларнинг ҳам масъулияти бор. Чунки ўқиш, ўқитиш, жоҳилиятга, зулмга, ахлоқсизлик ва маънавиятсизликка қарши чиқиш энг аввало ўқитувчиларнинг вазифасидир.

Бу маънода айниқса ёш ўқитувчилар Ўзбекистоннинг мавжуд режимдан қутулиши учун ўз ҳиссаларини қўшишлари шартдир. Бунинг учун эса ҳар бир ўқитувчи режимнинг зулми ва ҳаётнинг бутун қийинчиликларига қарамасдан аввало ўз шахсида илм, эътиқод, эркинлик, адолат, маърифат, инсон ҳуқуларига амал қилиш каби шахсни ва жамиятни тараққиётга етаклайдиган хусусиятларга эга бўлиши керак.

Мавжуд шартларда халқимизнинг диктатурадан қутулиши учун барча ўқитувчиларимиздан бундай жасоратли қадам отишларини кутиш балки нотўғридир. Аммо озчилик, айниқса ёш ўқитувчиларнинг, ўзларининг, оилаларининг ва ватанимизнинг келажагани ўйлаган ҳолда, зулм режимга қарши туриш вазифалари эканлигини эсда тутишларини истардик.

 

Намоз Нормўмин,
27 декабрь 2012 йил.