МУНОЖОТ

Тангрим афу этгил, аламзадаман,
Бир хунук ғам етди дилнинг тубига.
Барчага тик боқиб ўсган бандаман
Нокаслар юртида, Хорлар юртида.

МУНОЖОТ
74 views
02 January 2013 - 21:20

Shuhrat Shok

Тангрим афу этгил, аламзадаман,
Бир хунук ғам етди дилнинг тубига.
Барчага тик боқиб ўсган бандаман
Нокаслар юртида, Хорлар юртида.

Руҳимни бодларга чулғаб яшадим,
Дарахтлар дардини илғасин бир дам.
Бошимдан зиёда бўлса ҳам дардим,
Ҳаром оғушларга бўлмадим маҳрам.

Баъзан гуноҳ қилдим, қулоқ солмадим
Кўксимда титраган дил фарёдига.
Тавба қилсам фақат ўзингга қилдим,
Ёлворсам, ёлвордим сенинг пойингда.

Букун эрта тонгдан ҳасратга тўлиб,
Чорладим етти ёт ҳаловатларни.
Кимга ташлай ахир бошимдан олиб,
Бошимга ёғилган маломатларни?..

Тангрим, афу этгил аламзадаман,
Ҳеч кимга ишонмай дил фарёдини,
Барчага тик боқиб ўсган бандаман
Фақат сенга айтиб муножотимни.

* * *

Ўзим билан ўзим қолдим дафъатан,
Мени тушунганлар йўқолди изсиз.
Эвоҳ, афтодаҳол турган дарахтлар,
Ҳеч қачон сиз мени англаёлмайсиз.

Ўзи нима гуноҳ қилдим, эрта кеч
Бир бутун кўнгилни қилгандим орзу.
Худодан ўзгага сиғинмадим ҳеч,
Ҳеч кимга ёмонлик соғинмадимку.

Кўксимни титратган бир дардчил садо
Бўғзимни куйдирди, мардона турдим.
Бир соҳиби кўнгил бўлсайди, ҳатто
Этагида минг йил намоз ўқирдим.

Тобора тубанлаб бормоқда қадрим,
Нечун яшолмадим бир зум хотиржам.
Мен уни ҳаммадан кўпроқ севардим,
Уни деб ўксиниб йиғлолмасам ҳам.

Бир кўнгил қолмади борсам дараклаб,
Кўксимга бошини қўйгувчи сўзсиз.
Эвоҳ, афтодаҳол турган дарахтлар,
Ҳеч қачон сиз мени англаёлмайсиз.

* * *

Тирилдим тупроқнинг қат қабатида
Илдизлар тўлғониб кўз ёрар кунлар.
Кечдим бир умрлик ҳаловатимдан
Қалбим чулғаганда муаззам нурлар.

Тирилдим, юрагим улғаяр, ё Раб,
Титроққа тўлдирар жону жисмимни.
Бедор кечаётган тунларга қараб,
Эслайман дарбадар, кўр кечмишимни.

Бу кўзлар бунчалар ғамгиндир,эвоҳ,
Осойиш топмасман энди тупроқдай.
Суйдим бу кўзларни худойим гувоҳ
Илдизлар тўлғониб кўз ёрар чоғда.

Энди юрак ютиб, ичарман қасам,
Такрорлаб муаззам дарахтлар исмин.
Қиёматга қадар умид узмасман,
Умид узилгунча жоним узилсин.

Боқарсан, кўзларинг гирён бу дарддан,
Лабларинг шивирин тинглаюрман жим.
Сен йиғлама, шаҳват, шароратлардан
Зада бўлган маним қалбим йиғласин.

Бу нурлар покдомон, бу нурлар алвон,
Йироқдир ғаюрлар, ёт нигоҳлардан.
Қонимда гизламас энди қаҳратон,
Халосман урҳолар оҳу воҳлардан.

Энди ўлмай туриб кетмасман йироқ,
Майли ҳаловатсиз кечса ҳам тунлар.
Қиёматга қадар порласин бироқ
Қалбимни ёритган муаззам нурлар…

* * *

ЎТИНЧ

Бўғзимда шамолнинг ёзғириғидай
Бир нидо уйғонар, оташин нидо.
Овозимни бўғманг бир бор қичқирай,
Менинг йўқсил қалдим бўлмасин адо.

Қўрқманг, сокин осмон кетмайди титраб,
Юлдузлар тўкилиб кетмайди нохос.
Йиртилса қақраган бўғзим йиртилар,
Йиртилса сукунат йиртилар холос…

———–
Шухрат Шокир
(Тожикистон)