Зиёли (интеллигенция)нинг моддий турмушини мардикор даражасига кўтариш лозим.

Мардикорни эса зиёли (интеллигенция) даражасига маънан тенглаш керак.

Сарлавҳани ўқиган “миллат интеллигенциясининг аксарияти юртида-ям,мусофирликда ҳам мардикор даражада-ку…Яна қанақасига уни бу мақомга кўтариш мумкин” дейиши табиий.

Зиёли (интеллигенция)нинг моддий турмушини мардикор даражасига кўтариш лозим.
73 views
04 January 2013 - 10:16

Мардикорни эса зиёли (интеллигенция) даражасига маънан тенглаш   керак.

Сарлавҳани ўқиган “миллат интеллигенциясининг аксарияти   юртида-ям,мусофирликда ҳам  мардикор даражада-ку…Яна қанақасига уни бу мақомга кўтариш мумкин” дейиши табиий.

Айнан шу фикр катта хато.

Мардикорнинг луғавий маъноси “Мардикор – яъни бировнинг корига мардлик билан яровчи” дегани.Шундайми…

Мардикор шундай сифат эгаси бўлгани учун у меҳнатига яраша  пешона тери қотмай  иш ҳаққини нақд олади.Яна таъкидлайман “меҳнатига яраша нақд хақ олади”.

Энди бошқа соҳа вакилларини олиб кўринг.Касби кори коррупционердан бошқа қайси касб ёки ҳунар эгаси жонажон юртимизда меҳнатига яраша нақд хақ олган.Тўғри заргар,косиб,темирчи тандирчи ва шунга ўхшаш бошқа ҳунар эгалари ҳам хаққидан қуруқ қолмайди.Лекин миллатнинг қадр-қимматини  кўтарадиган,олим-у шоир,ёзувчи-ю маърифатпарвар зиёлиларимиз-чи ? Тўғри,амалдаги ҳукумат учун зиёли аҳли  беҳуда яроқсиз бекорчи сарқит-чиқинди хисобланади.Шунинг учун-ам олиму-фузалоларнинг иқтисодий аҳволи мардикордан қиёслаб бўлмайдиган даража жуда паст.(исм-шарифини келтирмайман: қанча халқ шоири-ю,ёзувчи,давлат мукофоти эгалари мухтожликда кун кўрябди ва кун кўрмай ўтиб кетишган)

Дастлаб Н.Жуманиёзов ташаббуси билан “Мардикорлар Мустақил Ташкилоти”ни тузишга киришгани  менга анча эриш туюлганди.Сабаби Нуриддинакани шахсан таниганим ўзи ақлан яхши фикр эгаси бўлгани билан назаримда у табиатан содда ва соддадил,гўл,ҳамма нарсага ишонаверадиган лақмадек туюларди.Энди бундай қарасам унчалик мен ўйлагандек бўлиб чиқмаябди.

Аввало у тўп-тўп кўзлари олазарак,ҳадиксираб оч-нохор юрган мардикорлар орасига кириб бу таклифни уларга бериши ва шу ишни амалга оширишга астойдил киришиб жонбозлик кўрсатганига энди ҳавас қилябман.Хатто “нега шу фикр мени калламга келмади”  деб бир қадар хасадим келябди.

Ҳукумат Н.Жуманиёзов кўтарган муаммони кечиктирмай ижобий ҳал этишдан ҳукуматнинг ўзи манфаатдор бўлишини англаши  керак. “Бизга нима,мардикорми- мардикор. Сандирақлаб кунини кўриб юравермайдими” деса,унда ҳукумат қайнатилмаган сут эмганни ишини қиб,сурункали ичбуруғ касалига мубтало бўлиши мумкин.Чунки оғир-ночор турмушнинг шу кетишида мардикорларни “маска”ликлар автоматда бостириб келиб ҳам қўрқита олмай қоладилар.Чунки ундаги ахвол “ўладиган айиқ болтадан ҳайиқмайди” қабилида бўлади.

Зиёлиларни  ММТ (Мустақил Мардикорлар Ташкилоти)га аъзо бўлишни таклиф этишнинг ўта принцпиал сабаблари бор.

Биринчиси : Тинчликни таъминлаш мақсади:

Агар мардикорлар сафида зиёлилар бўлса,мухтожлик эт-суягидан ўтиб кетаётган мардикорларнинг сабр косаси тошиб туғёндан “ур аломон”га кетиши олди олинади.Тўғри гурас-гурас мардикорлар тўдасини подадек тирқиратиб хайдаб юрадиган  милиционер-у ва бошқа хизмат эгалари тўлиб тошиб ётибди.Лекин вазият шундай бўлиши ҳам муқаррар-ки, ўша миршабларнинг ўзи пайти келса мардикорлар сафига кериб кетиши ҳеч гапмас.Шахсан ўзим қанча формалини  оғзидан “агар бирор кори-хол бўлса формани ечиб халқ орасига қўшилиб кетамиз”дейишган.

Иккинчидан :  Пролетарият диктатурасини ишчилар синфи ўрнатган.Мардикорларни ўша даврдаги ишчилар синфидан қаери кам.Чунки мардикорлар-ам қанчадан-қанча ақл истеъдодли тадбиркор олим ва бошқа касб кишиларининг уйида ёнланиб меҳнат қиладилар.Овқат устида улар сухбатидан бахра олиб,шу баҳона бир қадар таълим олишган.Зиёлиларнинг мардикорлар сафига кириши уларнинг маънавий маълумотини янада ошишига хизмат қилади.Исломда ҳар жума масжидда маъруза бўлади.Харбийда хар шанба сиёсий машғулот куни бўлади.Мардикор бозорда ҳар якшанба ахлоқий-маънавий сухбат ўтказиб турилса нимаси ёмон?Чидаймизми йўқми мамлакатимиз мардикорлар юрти ёки мардикор етиштирадиган юрт.Шундай экан энди уларнинг таълими билан ҳам шуғулланиш керак эмасми?

Учинчидан : Мардикорлар сафига қанчадан қанча диплом олиб иш томполмай юрган ҳуқуқшуносларни жалб этиш керак.Бу билан юристларда ўзларини ҳам мардикорларни ҳам ҳуқуқий ҳимоя қилиш имконияти юзага келади.

Тўртинчидан : Мардикорларни зиёлиларга мадади: Қанчадан-қанча қалам ҳаққини ололмай юрган,манглай терисига яраша ҳақ ололмай юрган зиёлилар тўлиб-тошиб ётибди.Мардикорлар орасида айниқса Россия тарафларда мардикорларни  ҳаққини еб бермай кетганларни ҳаққини олиб бераётган жасоратли гурухлар мавжуд.Ўзбекистондан етишиб чиққан миллий мардикор гурухлар ўзимизда ҳам мавжуд.Буларни туғёнга кетадиган оломон қилиб эмас ҳақ-ҳуқуқларини қонуний йўл билан ундириб оладиган қилиб етиштириш керак.Яъни сафга жалб этилган юристлар айнан ўша харомхўрларни хусусий тергов қилади.Фактга асосан айбини бўйнига қўяди ва товон тўлатади.(яъни,диктофонга ёзиб олиш, суъратга олиш,гувохлар орқали ва бошқа исботлаш усуллари билан) Зиёлиларни хаққини еётган рахбар ва рахбарчалардан  айни шу усулда ҳаққни ундиришдан бошқа чора кўринмаябди…Тўғри Ўзбекистонда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳақида қонун бор.Лекин амалда бу қонун муаллифларнинг ўзига қарши қўлланилади.Ҳа шунақа, ёзилган қонуний ҳуқуқ  амалда зиёнга ишлайди.

Агар юқорида келтирилган тавсиялар қонунан амалий ижобий хал этилмаса,куни келиб мамлакатдаги иқтисодий ўта ночор вазият мардикорлар ё халқ тарафидан “ур аломон”ни  юзага келтиради,ё бўлмаса Дўкчи Эшон,Номоз Полвон,Юсуф Ялангтўш,Робин Гудга ўхшаш мохир халқ қасоскорларини етиштиради.

ММТ ҳақидаги қонун яна шунинг учун ниҳоятда зарур-ки,турмушнинг шу кетишида давлат ғазнаси шипшийдон бўшайди.Бу ҳукумат куни келиб,халқ ғазнасида сичқонлар очликдан шишиб ўлаётганда қуённи қувлаб қолиш эхтимоли бор.Ана ўша пайтда ҳукуматнинг ўзи “биз қиладиганимизни қилиб қўйдик.Энди мардикорлар ўзлари ҳукумат таъсис этиб хокимиятни ола  қолсинлар”дейишдан бошқа иложлари қолмайдиган кун муқаррар содир бўлишини ҳисобга олиб ММТга оқ йўл тилашлари шарт.

Ва ниҳоят ўзимга келсак.,Қонунлари фақат халқ зиёнига қўлланиладиган жамиятга норози бўлган  кўп норасмий ташкилотлар,партиялар,ҳаракатлар,Гумманистлар(калла-почахўрлар)га ўхшаш гурухлар мавжуд.

Камина қулингиз драматург Санжарали Имомов шуларнинг ичидан ММТ(Мустақил Мардикорлар Ташкилоти)га аъзо бўлишни афзал деб билдим.

Махкамабозлар мени “Бу зиёлиларни  афтодахол нотавон кўрсатиб хукуматни номус қилмоқчи шекилли” деган фикр айтсалар ажабмас.Йўқ ундай эмас…Хукуматни номус қиладиган ери қолмаган,буни биламан.Хусусан мен турмушим,топиш-тутишимдан нолишга ҳаққим йўқ.Дилором Исҳоқава таъбири билан айтганда “ҳаққимни еганни бошини ёриб бўлса ҳам ундириб оладиганлар тоифасидан” эканман.(жа-а-а унчалик эмас-у,лекин  опани  гапида озгина жон бор).

Яна кимдир балки “бу одам мардикорга тенг бўламан деб намунча ўзини ерга урмаса… Ё, бу драматург саҳна асари  ёзавериб-ёзавериб эси айнаб қолганмикин?”деб ўйлаши ҳам мумкин.

Йўқ…Ишонтириб айтаман-ки миям ниҳоятда тиниқ-равон ишлаб турибди.Муҳими шуни  аниқ биламан-ки.,Ким-ки ўзини паст олса Оллох унинг даражасини шунча юқори кўтаради.Аксинча,киши кибрдан қанча ҳаволанса Яратган Робби уни шунча тубан туширади.

Шундай экан Нуриддин Жуманиёзовдан мазкур мақоламни мени ММТга аъзо бўлиш ҳақидаги аризам сифатида қабул қилишини сўрайман.Ва барча ўзбек зиёлиларини ММТга аъзо бўлишга таклиф этаман.

 

Санжарали Имомов.
04.01.2013 йил.