New Yorker: Гулнора Каримованинг бизнесларни тортиб олиши борасида янги даъво

АҚШда чоп этиладиган “The New Yorker” журналида “Диктаторнинг қизи: Гулнорадан твитлар” сарлавҳаси остида мақола чоп этилган.

New Yorker: Гулнора Каримованинг бизнесларни тортиб олиши борасида янги даъво
96 views
04 January 2013 - 16:35

130104121019_gulnara_twitter_512x288_bbc_nocreditАҚШда чоп этиладиган “The New Yorker” журналида “Диктаторнинг қизи: Гулнорадан твитлар” сарлавҳаси остида мақола чоп этилган.

Мақола муаллифи Биби-сининг Марказий Осиё бўйича собиқ мухбири Наталья Антелава.

Наталья Антелава мақолада яқинда Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан Twitter микроблог тармоғида бошланиб кетган “айтишув”лари асосида келган кузатувлари билан ўртоқлашган.

Мақола Гулнора Каримова томонидан “Менга нисбатан диктаторнинг қизи, деган аҳмоқона иборани ишлатманг, менинг ҳам сизга ўхшаб исмим бор, Наталья!” дея Twitterда ташланган луқма атрофида ёзилган.

Наталья Антелаванинг ёзишича, журналистлар учун Гулнора Каримованинг Twitterдаги хабарлари Ўзбекистон каби “ичига кириб бўлмас” давлатга назар ташлаш имконини яратмоқда.

“Гулнора Каримова тез-тез хабарларда тилга олинса ҳам унинг ўзи билан шахсан суҳбатлашиш деярли имконсиз. Охирги маротаба мен у билан 2008 йили суҳбат ўтказишга ҳаракат қилган вақтим Москвадаги бир “воситачига” юзлаштирилгандим. У менга аввалдан тайёрланган саволлар ва 20 минг доллар эвазига 30 дақиқалик суҳбатни уюштириб беришини айтганди. Мен унга қайта телефон қилмадим”, дея эслайди мақолада Наталья Антелава.

Шунингдек у 2008 йили Ўзбекистонлик бир ишбилармон билан суҳбатлашган вақти Гулнора Каримова томонидан бизнеси олиб қўйилганлигини айтган шахс ҳодисасини ҳам тилга олади.

Биз Наталья Антелава билан боғланиб, айнан ана шу ҳодиса тафсилоти борасида суҳбатлашдик.

Наталья Антелава: Мен у билан бир неча йил аввал учрашгандим, у эндигина Ўзбекистондан чиқиб келганди ва учрашувимиз Олма-ота шаҳрида 2008 йилнинг бошларида бўлиб ўтди. Мен унинг асл исмини ошкор қилмай Алишер, деб атайман. Унинг менга айтишича, янгигина очилган ресторанига бир куни Гулнора Каримова ўзининг қўриқчилари билан келибди. Худди ўша куни кечқурун Адишерга нисбатан босим бошланган. Унга ресторанга эгаликни топшириши кераклиги борасида айта бошлашган. Шуни айтишим керакки, кечаги Твиттер айтишувимизда Гулнора Каримова бу ҳодисани бутунлай ёлғон, деб атади. Лекин менга бу ҳодисанинг шахсан ўша йигитнинг ўзи айтиб берган ва бутун бизнесидан маҳрум бўлганини гапириб берган. Ўшандан бери унинг тақдири нима кечгани ҳақида менда ҳеч қандай маълумот йўқ.

Би-би-си: Гулнора Каримованинг Ўзбекистонда бизнесларни тортиб олиши ҳақида жуда кўп иддаолар тарқалган. Сиз бу каби ҳодисалар ҳақида ололган ягона гувоҳликми бу?

Наталья Антелава: Йўқ, бу каби ҳодисалар ҳақида яна бир неча кишидан эшитганман. Лекин шахсан ўз бизнесини йўқотганлардан фақат шу йигитдан бевосита эшитганман.

Би-би-си: Сиз Twitterдаги хабарларингиздан бирида Гулнора Каримова сизни “ёлғончи” деб атаганини айтгансиз. У сизнинг журналдаги мақолангизга шундай расмий раддия бердими, ё шахсан ўзингизга?

Наталья Антелава: Декабр ойининг бошларида мен Twitterда Гулнора Каримованинг Халқаро Инқироз гуруҳидан Эндрю Штролайн билан “суҳбатлашаётгани”дан хабар топдим. Мен Ўзбекистондан туриб ишлаганим ва у ердан яқиндагина депортация қилинганим учун “нима учун мени депортация қилдилар, сабабини айта оласизми?”, дея савол йўлладим. Ҳайратланарли равишда у менга жавоб ёзди ва ўшандан бери Twitterда ижозат берилган қисқа хабарлар орқали ёзишма бошланиб кетди. Гулнора Каримова менга электрон почтаси адресини бериб, менинг депортациям ҳодисасини текшириб кўришга ваъда берди. Эндрю Штролайнга ҳам адресини бериб, у кўтарган қийноқлар масаласини ҳам кўриб чиқишни ваъда берди. Биз иккаламиз ҳам тафсилотлар билан электрон почта орқали мактублар жўнатдик. Кўринишича, Гулнора Каримова “New Yorker” журналидаги мақолани кўрган ва мендан ҳеч қандай мактуб олмаганлиги, шунингдек, мақолада мен ёлғон гапирганлигимни айтиб яна Twitter орқали хабар юборди. Мен суҳбатлашган ишбилармон ҳодисаси мутлақо уйдирма эканлигини айтди. Бунинг ортидан Twitterда Гулнора Каримованинг тарафдорлари “унга қарши чиқишга қандай ҳаддинг сиғди” қабилидаги хабарларни жўната бошладилар.

Би-би-си: Унинг тарафдорларидан бири “ҳар қандай Пиар яхши Пиар” дея Твит қилган. Гулнора Каримова нима учун Twitterда бу каби фаоллик кўрсатмоқда деб ўйлайсиз?

Наталья Антелава: Билмадим. Чунки бу унинг обрўсини ошириш йўлида бирон ижобий рол ўйнаяпти, деб ўйламайман. Бу ёзишмалар Ўзбекистонда ўта йирик шахс сифатида кўрилган Гулноар Каримова шахсиятига назар солиш имконини яратмоқда. У ўзига эътиборни қаратмоқчидир, мулоқотга киришмоқчидир, лекин жиддий масалаларга ёндошмасликни афзал кўрмоқда. Кеча мен ундан Ўзбекистонда аёлларни мажбуран бичиш масаласи ҳақида сўраганимда “мен соғлиқни сақлаш вазири эмасман”, дея жавоб берди.

bbc.co.uk/uzbek