«TeliaSonera иши»: Швеция ТИВ Ўзбекистондан келаётган норозилик номаларига жавоб бермоқчи эмас

Ўзбекистон ҳукумати Швеция ТИВни TeliaSonera шубҳали олди-сотдилари атрофидаги жараёнга аралаштиришга уринмоқда.

«TeliaSonera иши»: Швеция ТИВ Ўзбекистондан келаётган норозилик номаларига жавоб бермоқчи эмас
37 views
04 January 2013 - 17:09

Ўзбекистон ҳукумати Швеция Ташқи Ишлар Вазирлигини TeliaSonera телекоммуникация ширкатининг Ўзбекистондаги шубҳали олди-сотдилари атрофидаги жараёнга аралаштиришга уринмоқда.

Тошкентдагилар бу ишнинг ОАВда ёритилиш тарзидан норозилар.

Бироқ, расмий Стокгольм швед судларининг, тергов органлари ва ОАВнинг фаолиятига аралашмоқчи эмас. Бу ҳақда Dagens Nyheter нашрининг “Нодемократик давлатлардаги швед компаниялари” рукни остидаги хабарида айтилади.

Ўзбекистон фуқароларидан бирининг (нашр унинг исмини ошкор этмаган) манфаатларини швед Аппеляция судида ҳимоя этаётган адвокат Томас Ротпфеффер (Tomas Rothpfeffer), судга икки дипломатик норозилик нома нусхаларини тақдим этди. Бу номалар Ўзбекистон ТИВ тарафидан Швеция Ташқи Ишлар Вазири Карл Бильдт номига юборилган (номаларнинг сўнггиси 2012 йилнинг 17 декабрида келиб тушган).

Ўзбекистондан юборилган ҳужжатларда прокурор Гуннар Стетлернинг (Gunnar Stetler) ҳатти-ҳаракатларидан ҳамда швед ОАВнинг “жанжалли ва провокацион мақолаларни чоп этишда давом этаётганидан” норозилик билдирилади.

Эслатиб ўтамиз, Швеция прокуратураси TeliaSonera компаниясининг икки менежерини ҳамда Ўзбекистонлик уч фуқарони TeliaSonera ва Takilant ширкатлари орасидаги тижорий муносабатларда “пул ювиш”да айблаб келади.

Мазкур фирма Гулнора Каримованинг энг яқин ёрдамчиси Гаянэ Авакян исмли шахсга тегишлидир.

Швед матбуотида кўпмиллионлик олди-сотди ишларини шахсан Гулнора Каримова бошқаргани,  TeliaSonera юқори менежерлари эса “ўзбек малика”сига пора бергани ҳақида янги ва янги тахминлар пайдо бўлмоқда.

Швед матбуотидаги хабарларга кўра, бу давлат Ташқи Ишлар Вазирлиги ўзбек тарафининг иддаоларига ҳануз жавоб билдирмоқчи эмас.

Швеция ТИВ матбуот котиби Андерс Йўрле (Anders Jörle) журналистларга билдиришича, “номаларга бизнинг тарафимиздан бирор жавобий ҳаракат бўлмади”, дея ёзади Dagens Nyheter.

Айни пайтда, DN.Se газетасининг ёзишича, TeliaSonera ширкатидагилар мобил алоқага лицензия олишда Гулнора Каримованинг роли ҳақида хабардор бўлганлар.

Бошқача қилиб айтганда, TeliaSonera ширкатига мазкур “бизнесни лицензиялашда диктаторнинг қизи асосий шахс бўлганлиги” маълум бўлган.

gulyanew2013Нашр TeliaSonera топ-менежерлари орасидаги 2007 йилдаги бир электрон ёзишма нусхасини келтиради.

Хатда Гулнора Каримова ва синглиси Лола Каримова зикр этилади, 24 мартдаги номада эса, швед тадбиркорлари Гулнора Каримова билан учрашувни режалаётгани айтилади.

«Gulnar» мавзуси остидаги мактуб матни эътиборга моликдир: “Бу Гулнора Каримова, ўзбек шеригимиз ҳақидаги маълумот. Улар сармояни қайси компания орқали амалга оширишини билдирмадилар. Сиз Bank Credit Standart Group банкига “шамсия” сифатида ишора қилишингиз мумкин”.

“Шамсия” сўзи молиячилар жаргонида “қалқон”, “ҳимоячи” маъносини англатади.

Шуни таъкидлаш жоизки, 2012 йилда «Кредит-Стандарт» тижорат-ҳиссадорлик банки Ўзбекистонда энг яхши банк дея тан олинган, аммо йил охирига келиб эса Марказий Банк бу банкдан хорижий валютада иш юритиш лицензиясини тортиб олган эди.

TeliaSonera расмийлари 2013 йил январь ойи охиригача натижалари эълон қилинажак ўз махсус тергов юритаётганини сабаб қилиб, янги маълумот ва миш-мишларни изоҳламаётирлар.

fergananews.com сайтидан ЎХҲ таҳририяти таржимаси