Қандай келганинг эмас, қандай ўтганинг муҳим

Ҳиндистонда исми ошкор қилинмаётган 23 ёшли талаба қизнинг аччиқ қисмати ва унинг ортидан бошланган халқ норозилиги дунё оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида турибди.

Қандай келганинг эмас, қандай ўтганинг муҳим
97 views
05 January 2013 - 10:35

cicle_of_lifeҲиндистонда исми ошкор қилинмаётган 23 ёшли талаба қизнинг аччиқ қисмати ва унинг ортидан бошланган халқ норозилиги дунё оммавий ахборот воситаларининг диққат марказида турибди. Аҳоли зичлиги билан дунёда  Хитойдан кейин иккинчи ўринда турадиган бу мамлакатда ижтимоий муаммолар ҳам керагидан зиёд. Тағин бу ерда болалар меҳнати эксплуатацияси ҳам Ўзбекистондагидан-да ортиқ. Лекин негадир Ҳиндистон деганда, биз ўзбеклар ҳинд кинофильмларида кўрадиган ҳаётни тасаввур этишга одат қилганмиз. Ахир у мамлакатда ҳамма ёппасига актер ва актриса эмас ва оддий ишчилар, деҳқонлар, қолаверса ишсизлар, саводсизлар…

Бу барча муаммолар Ҳиндистонда тиббиёт институти талабасининг автобусда зўрлангани ортидан ўлгач, чиққан хабарлар оқимидандир. “Бобби”, “Амрапали”, “Қасос ва қонун” каби минглаб фильмлар бу мамлакатда илдиз отган ижтимоий муаммоларни яшириб келгани эндиликда сир бўлмай қолаяпти. Ҳиндистон биз ўйлганчалик ер юзининг жаннати эмас экан.

Бироқ кишини шод қиладиган томони эса, халқининг аксар қисми саводи бўлмаса-да, ўз ҳукуматидан қонунларни ўзгартириш талабини қўяётганидир. Талаба қизни зўрлаган 6 нафар йигит полиция томонидан ушланган ва тергов олиб борилаётган бўлса-да, халқ уларга ўлим жазоси қўлланилишини талаб қилаяпти. Ажиб бирдамлик!

Совет давридан мактабларда ўқиб юрарканмиз, Зарница сингари ўйинлар ўтказиларди. Ҳар бир синф бир команда бўлиб саф тортиб, мусиқа садолари остида марш қиларди, улардан ҳар бирининг ўз шиори ҳам бор эди. Команда капитани пионервожатийга рапорт бераркан, овозини борича чинқириб: “Бизнинг шиор…” дерди. Сафда турганлар жўр бўлиб шиорни  айтишарди. Аксарида шоир шундай бўларди: “Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун”!

Ҳиндистондаги бугунги манзарани кузатарканмиз, ҳамма бир киши учун, номуси топталиб зўрланган ва унинг ортидан Сингапур клиникасида оламдан ўтган қиз учун курашмаётгандек. Аслида шундай, ва шундай эмас ҳам. Бундай аянчли қисмат кўплаб ҳинд қизларининг бошига тушиши мумкинлигидан барча ҳиндистонликлар баробар ташвишга тушишган ва ҳукуматдан қонунларни тартибга солишни, фарзандларининг хавфсизлигини таъмин этишни талаб қилмоқда. Ҳа, улар уйғоқ миллат ва уйғоқ халқ эканки, шу талабни илгари суришаяпти.

Бундан роппа роса бир йил илгари Ўзбекиистонда ҳам зўрланган опа-сингиллар ҳақида бир шов-шув кўтарилганди. Бугун кимлардир эслайди буни, кўпчилик аллақачон унутган бўлса керак.  Қамоққа олиниб, 12 нафар милиция хизматчиси томонидан зўрланган сурхондарёлик опа-сингил Соатовалар ва улардан бири, Райҳон Соатованинг турмада она бўлгани ўзбек милициясининг шармандали юзини дунёга кўрсатганди. Вақт эса ҳамма нарсага даво экан. Милиционерларимиз бу жанжалдан оппоқ бўлиб чиқишди, Райҳон Соатованинг  эса қамоқхонада қандай қилиб ҳомиладор бўлиб қолганлигига ҳам аниқлик киритилмади. Эл эса сукутда, мум тишлагандек, “сен кўр, мен кўр” деб ўтираверди.

Ўзбекистонда ҳам зўрланаётган қизлар кам бўлмаса керак. Лекин одатда уларни милиция ходимлари, прокурорларнинг эрка ўғиллари каби “шумтакалар” зўрлашади. Бундай ҳаракатлар эса доимо “ёпди, ёпди” қилинади. Қолаверса, нон топиш илинжида қанчадан-қанча қизларимиз дунёнинг турли мамлакатларида фоҳишалик ҳам қилишмоқда. Ҳаттоки халқ норозилиги намойишлари кечаётган ўша Ҳиндистонда ҳам ўзбек қизлари фоҳишалик айби билан қўлга олингани бор. Бу ҳақида ҳам оммавий ахборот воситаларида эълон қилинганди.

Нега энди Ҳиндистонда халқ уйғоқ, лекин бизда осуда уйқуда? 2015 йилда Ўзбекистон президенти лавозимини эгаллайдиган Гулнора Каримованинг порахўрлиги бутун Европани ғазабга солди, лекин куни мардикорлигу, фоҳишаликка қолган бизнинг эл сукут сақлашда. Ҳаттоки бир оғиз савол билан “бу нима қилганинг энди?” дейишга ҳам ҳадди сиғмайди.

Қизиқ халқимиз бор, ўз бахту-тахтини бойликда кўради. Пул бўлса бўлди, тағин шунақа мақоли ҳам бор: “пул кетса кетсин, обрў кетмасин”. Аслида ўша кетмай қолаётган нарса обрў эмас. Такаббурлик, эл олдидан ўтиш ва шунга ўхшаш иллат, бидъатлар холос. Фалончи ўлди. Фалончининг қариндошлари бировдан қарз олиб бўлса-да, ўликнинг обрўсини жойига қўйиши шарт. Масалан,   ювғучиларга сарпо қилиб бериши, бир неча қўй сўйиб элни тўйдириши шарт. Фалончи тўй қилиб қолса-ку, унинг гарданига бундан ҳам оғир юк тушади. Лекин элнинг бир қизини 12 нафар милиция зобити зўрлаб, туғдириб қўйса ҳам эл ташвишланмайди.

Совет даврини эсланг, ўзбеклар. Ўша Ҳиндистон бизга ҳавас қиларди. Ҳинд йигитлари, қизлари Тошкентддаги олий ўқув юртларида билим олиб, ўз ватанларига қайтишарди. Қандайдир бир йигирма йил ичида шунчалар тубан кетдикки, энди биз уларга ҳавас қиламиз. Улар биз каби ғафлат босиб ётганлардан эмас, бу уйғоқ эл экан.

Биз узоқни кўзлаб оқил ва доно сиёсат олиб боради дея алқаб ўтирган раҳбаримиз Ислом Каримовнинг раҳнамолиги остида шу кунга тушмадикми? Шундан кўра ўша ўзимиз билган Шўро ҳукумати қанчалар яхши эди. Эсланг, газ, сув, электр деб қийналмасдингиз. Эсланг, эртага рўзғоримизда қозон қайнармикан деган ташвишингиз ҳам йўқ эди. Лекин бугунги аҳволингизга қаранг, ҳолингиз нима ва эртага нима бўлади? Бу ҳар бир ўзбекнинг ташвиши.

Кимлардир айтиши мумкин: муаллиф ўша Шўро даврини соғиниб қолибди, демак у халқимиз ўз мустақил давлатига эга бўлишини нотўғри деяпти. Азизлар, мустақиллик биз учун эмас экан. Биз мустақил мамлакат қура оладиган халқ эмас эканмиз ва энди ҳолимизга маймунлар йиғлаяпти. Мустақиллик даврида “гастарбайтер” деган бир унвони “олийга” сазовор бўлдикки, энди уни ювиб ташлаш учун бир неча авлод курашмоғи керак. Лекин курашиш учун элда журъат йўқ.

Совет даврининг ошкоралик йилларида тўпаланг қилардик: “йигитларимиз стройбатларда қул каби ишлатиляпти!!!”. Бор-йўғи икки йил стройбатда қул бўлишарди бу йигитлар. Эндичи? Энди Совет армияси ҳам йўқ, лекин йигитларимиз Россияда қул. Нима ўзгарди? Муддатлик қулликдан муддатсиз қулликка ўтдик. Ютуқми шу? Ҳа,  ютуқ, фақат ҳукуматда ўтирган порахўрлар учун катта ютуқ бўлди. Эл учун эса йўқлик сари сафар бошланди.

Негадир биз ўз-ўзимизга душманлик қиладиган миллатлар туриданмиз. Ўзбек мухолифатининг фаолиятини бирлаштириш учун бир ҳаракат бошланса, кимлардир дарров қарши чиқади. “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати – диний экстремистлар гуруҳи” дея қичқиради Каримов ҳукумати. “Худди шундай!!!” дея яна қанчадан-қанча “мухолифатчилар” ҳам жўр бўла бошлайди. Ўтган йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоятида “Бирдамлик” харакатининг раиси Баҳодир Чориевнинг 70 яшар отаси устидан суд бўлиб ўтди. Баҳодир Чориев ва яқинлари Вашингтонда норозилик акцияларини ўтказишди. Фақат ўзлари, уларни бошқа гуруҳлар қўллагани йўқ. Нега дейсизми? Негаки, Баҳодир Чориевнинг ўзи бошқаларни қўлламайди. Швецияда таниқли имом Обид қори Назаровни отиб кетишди. Ким қайғурди? Фақат имомнинг яқинлари. Қолганлар сукутда, “менга нима?” деб қўл қовуштириб ўтирибди.

Азизлар, бу аҳволда ўзбек деган миллат буткул тугаб битади. Бу аҳволда қолаверадиган бўлса, куни келиб бир кун бошқа халқлар бир-бирларини “ўзбекка ўхшамай ўл” деб ҳақоратлайдиган бўлади. Шу даражага қараб бораяпмизми?

Бизга бошқа миллат ва бошқа халқлардан хўжайинлар керак. Унга вафодор бўлиб хизмат қиламиз. Айримлар учун хўжайин араблардан бўлса, бошқа биров учун яҳудийлардан. Яна кимилардир ўрисдан хўжайин топгиси келади. Компартия бу элни сонга кирита олмаганди, Ислом дини ҳам сонга кирита олмади. Нега биз бунчалар ўзимизга ҳам бефарқ миллатмиз?   Нега душманга бўлса ҳам, қул бўлиб кетаверамиз. Гап қандай яшашда эмас, қандай ўлишда эканлигини қачон ҳис этамиз? Билинг, азизлар, миллатимиз ўғлонлари шу миллат учун жон беришга ҳам тайёр бўлган кундан ўзбекнинг порлоқ келажаги бошланади. Ҳаётимиз мазмуни, қандай ўлим топишимиз билан ўлчанади! Биз учун Толибон ҳам, Араблар ҳам, АҚШ ва Исроил ҳам, Россия ҳам ўрнак бўладиган мамлакатлар эмас, ўзимизнинг ўзлигимиз бўлиши зарур. Биз ўзимизни ўзимиз ҳурмат қилмас эканмиз, бизни бу дунёда ҳеч ким ҳурмат қилмайди. Демак биз билан биров ҳисоблашмайди ҳам. Ўйланг, азиз ватандош, дунёдан ғурурсиз бир қул бўлиб кетасизми, ёки Эрк учун курашиб қурбон бўлиб кетасизми?

Ахир инсоннинг ҳаётга қандай келгани эмас, унинг қандай яшаб ўтгани ва мана шу ҳаётдан қандай кетгани муҳим эмасми?

Тўлқин Қораев
Швеция