TeliaSonera иши юзасидан суд ҳуки келгуси ҳафта чиқади

Маблағларни музлатиб қўйиш талабини Швеция Коррупцияга қарши Кураш Бўлинмасининг Бош прокурори Гуннар Штетлер илгари сурган.

TeliaSonera иши юзасидан суд ҳуки келгуси ҳафта чиқади
64 views
10 January 2013 - 13:38

130109090652_gulnara_teliasonera_512x288_bbc_nocreditШвеция Аппеляцион Маҳкамаси TeliaSonera мобил телефон ширкатининг Ўзбекистонда фаолият юритиш учун лицензия олиш жараёнида пора берганми йўқлигини текшириш жараёнида 300 миллион доллар маблағ музлатилиши юзасидан 16 январ куни қарор чиқариши кутилмоқда. Маҳкаманинг бугунги мажлисида қатнашган журналистга кўра, қораловчи томон анчайин қатъий далилларни келтирган. Маблағларни музлатиб қўйиш талабини Швеция Коррупцияга қарши Кураш Бўлинмасининг Бош прокурори Гуннар Штетлер илгари сурган.

Жаноб Штетлер TeliaSonera ва Ўзбекистондаги ҳамкор ширкат ўртасида эришилган келишувга мамлакат президенти Ислом Каримовнинг яқинлари билвосита алоқадор эканликларини кўрсатувчи қатор ҳужжатларни маҳкамага тақдим этган. Стокгольмдаги Аппеляцион маҳкамага тақдим этилган бу ҳужжатлар Ўзбекистондаги жозибали телекоммуникациялар бозорига кириб боришда TeliaSonera қандай ҳаракатларни амалга оширганлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилишга ёрдам беради. Бу ҳужжатларда Ўзбекистонда қудратда бўлган доиралар TeliaSonera билан эришилган битимдан манфаатдор ва ширкатнинг ўзи ҳам бу йўлда олиб борилган музокаралардан хабардор бўлганлиги бўлиши мумкинлигидан далолат беради.

TeliaSonera Ўзбекистондаги лицензияга эришиш йўлида пора берганлиги ҳақидаги даъволарни рад этиб келмоқда. Ширкатнинг айтишича, тўланган пуллар Ўзбекистонга сармоя ётқизишнинг таркибий қисми сифатида қонунуий ҳамкор – “Takilant” ширкатига тўланган ва бошқа ҳеч қандай шахс бу битимдан манфаатдор бўлмаган. TeliaSonera ушбу даъволар юзасидан мустақил текширув жараёни ўтказиши ва ноқонунуий амаллар аниқланса тегишли чоралар кўришини маълум қилган. Маҳкама ўрганиб чиқаётган ҳужжатлар орасида 2007 йили TeliaSonera бошқарувчилари ва маслаҳатчилари билан Ўзбекистондаги мобил телефон ширкатини (мазкур ширкат ўша вақтга қадар АҚШда жойлашган ширкатга тегишли бўлган) сотиб олиш борасида олиб борилган электрон почта орқали ёзишмалар бор. Баъзи мактубларда Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан учрашувлар режалаштирилаётгани ҳақида айтилган. 2007 йили март ойида йўлланган мактублардан бирида, TeliaSoneraнинг етакчи бошқарувчиларидан бири мобил телефон ширкатини сотиб олиш учун асос яратиш мақсадида Ўзбекистонга сафар режалаётгани ҳақида ёзади.

Ушбу матубда Ўзбекистонда иш юритишнинг “икир-чикирларини билиш муҳим эканлиги”, агентлик раҳбари “анчайин тажовузкор шахс эканлиги” ва расмий доираларда ким Россияга иттифоқдош-у ким қарши эканлигини айтиш мушкул эканлиги тилга олинган.

Шунингдек, ушбу мактубда телекоммуникациялар соҳасини юргизувчи президент Каримовнинг одамлари билан учрашувлар режаланаётгани ва Туркия собиқ раҳбари Сулаймон Демирел томонидан жаноб Каримовга мактуб уюштирилгани ҳам айтилади.

Бундан ташқари Ислом Каримовнинг “1- қизи” ва “унинг телекоммуникациялардаги ҳамкорлари” билан учрашув эҳтимоли ҳақида сўз юритилади.

Кейинчалик мактубда Алоқа вазирлиги билан учрашувдан аввал Каримова хоним билан учрашиш мақсадга мувофиқроқ эканлиги айтилади.
“Чунки Ўзбекистондаги ҳамкорни яратиш йўлида у ўта муҳим ролни ўйнаши” тахмин қилинади.

2007 йил май ойидаги мактубда эса Гулнора Каримова “Ўзбекистондаги ҳамкор” дея, тилга олинган ва унинг бошқа ширкатларда мавжуд бўлган бизнес манфаатлари рўйхати келтириалди. Ушбу рўйхатда Гулнора Каримованинг ЎЗбекистондаги камида яна икки мобил телефон ширкати ҳиссаларига эга эканлиги айтиб ўтилган. Бу тафсилотларни электрон почта орқали Қозоғистондаги маслаҳатчи йўллаган.

Мактубларда шунингдек, Ўзбекистон Президентининг “2- қизи” Лола Каримова билан ҳам учрашиш эҳтимоли мубоҳиса этилган.

Швеция Коррупцияга қарши Бўлинмаси Бош Прокурори маҳкамага шунингдек, АҚШнинг ЎЗбекистондаги элчисининг Wikileaks вебсаҳифасида чоп этилган маҳфий мактубини ҳам тақдим қилган.

Бу мактубда TeliaSonera билан эришилган битим тилга олинган ва ширкатнинг шаҳобчаси Каримова хоним манфаатлари йўлида ҳаракатлар қилгани айтилади.

Ҳозирда Швециядаги жараёнда беш шахс гумон остига олинган. Улардан иккиси TeliaSonera ходимларидир ва бири ушбу электрон мактублар йўлланган шахсдир.

Гумон остидаги яна уч шахс Ўзбекистон фуқароларидир. Улар орасида Гулнора Каримовага яқин кўрилган Гаяне Авакян ҳам бор.

Гаяне Авакян TeliaSonera билан битимга эришган “Takilant” ширкатининг эгаси.

Ноқонунуий пулларни ювиш ва пора бериш-олиш даъволари ортидан “Takilant” нинг Швеция ва Швецариядаги баъзи маблағлари аллақачон музлатиб қўйилган.

Гаяне Авакяннинг маҳкама томонидан тайинланган Швециядаги ҳимоячиси Томас Ротфеффер Би-би-си билан суҳбатда ўзбекистонлик гумон остидаги шахслардан биронтаси ҳали сўроққа тутилмагани ва Гаяне Авакян билан ҳам алоқа ўрнатишга муваффақ бўлмаганлигини айтди.

Томас Ротфеффернинг шунингдек айтишича, ўзбекистонлик гумондорларнинг Швециядаги маҳкама ўнгида пайдо бўлишлари эҳтимоли жуда кам ва унинг ўзи Ўзбекистон Президентининг қизлари TeliaSonera билан эришилган битимга алоқадор эканликлари ҳақидаги даъволарнинг “биронта қатъий далилини” ҳозирча кўргани йўқ.

Айни вақтда Ўзбекистон расмийлари ҳам Швеция Прокурори томонидан илгари сурилган даъволарга қарши норозилик билдирганлар.

Ўзбекистон Алоқа ва Ахборотлаштириш Агентлиги баёнот чиқариб, “бу борадаги ҳар қандай айбловлар асоссиз эканлиги ва TeliaSonera га лицензия бериш жараёни мамлакат қонулари ва қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда амалга оширилган”лигини маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги ҳам Швеция Ташқи Ишлар Вазирига икки маротаба мактуб йўллаб, Швеция матбуотида бу хабарларнинг ёритилиши ва Коррупцияга Қарши Бўлинма Прокурори амалларидан шикоят қилган.

TeliaSonera ширкати ҳам баёнот чиқариб, битимга эришган вақти “Takilant” ширкатини батафсил ўрганиб чиққанини билдирган.

Ширкатнинг билдиришича, “Takilant” ортида Гулнора Каримова тургани борасида миш-мишлар мавжуд эди лекин текширувлар натижасида ширкат Гаяне Авакяндан бошқа ҳеч кимга тегишли эмаслиги аниқланган.

TeliaSoneraга кўра, олиб борилажак текширувлар ҳеч кимга пора берилмаганлиги ва ноқонунуий пулларни ювиш жараёнида иштирок этмаганлигини исботлашига ишончи комил.

Ширкат томонидан буюртма берилган мустақил текширув натижалари шу ой охирларида чоп этилиши кутилмоқда.

Гулнора Каримованинг ўзи бу айбловлар борасида бирон маротаба шарх бермаган.

Айни вақтда TeliaSonera ва Швеция ҳукумати ўртасида ушбу иш юзасидан танглик вужудга келаётгани белгилари намоён бўлмоқда.

Швеция Молия Бозорлари вазири Питер Норман гумон остида бўлган TeliaSonera ширкатининг икки бошқарувчисини текширув жараёни мобайнида ўз вазифаларидан четлатиб турилишларини таклиф қилди. Вазирга кўра, бу амал ширкатга ҳиссадорлар ишончини сақлаб қолиш учун муҳимдир.

Лекин TeliaSonera бу қадамга бормаслиги ва гумон остида бўлган ходимларини вақтинча ишдан четлатмаслигини маълум қилди.

bbc.co.uk/uzbek