“Гулнорахон, бўйлорингдан, Гулнор….”

Ўзбекистон маданият вазирлигидаги манбаага кўра, март ойининг ўрталарида пойтахт Тошкентда бўлиб ўтадиган расмий тантаналарга хозирдан тайёргарлик бошланган.

“Гулнорахон, бўйлорингдан, Гулнор….”
77 views
14 January 2013 - 13:56

Ўзбекистон маданият вазирлигидаги манбаага кўра, март ойининг ўрталарида пойтахт Тошкентда бўлиб ўтадиган расмий тантаналарга ҳозирдан тайёргарлик бошланган.

Барча вилоятларнинг ҳокимлиги қошидаги маданият бўлимларига Тошкентда бўлажак тадбирнинг сценарийси топширилган. Ҳар бир вилоятдан борадиган санъаткорлар ижро этадиган номерларнинг дақиқаларигача кўрсатилган бу сценарийда, ҳар йилгидек, фольклор гуруҳларининг чиқишларига урғу берилган.

Манбаанинг айтишича, бу йилги Наврўз тантанасининг Тошкентдаги томошаларида, диктатор Ислом Каримов билан бирга, унинг тўнғич қизи Гулнора хам қатнашиши, бош майдонда бўлиб ўтадиган расмий концерт репертуарига ҳам сезиларли таъсир этган.

Масалан, тантанада мусиқа ортидан ўқиладиган шеърлар ва монологларнинг асосий қисмида Гулноранинг номи улуғланади. Унинг ўтган 2012 йилдаги лойиҳалари кўкларга кўтарилади, хусусан, “1000та тўй” лойиҳаси доирасида оила қурган келин-куёвлар саҳнага чиқишиб, диктаторга салом беришади.

Тантананинг иккинчи ярмида, Самарқанд вилоятидан келган фольклор гуруҳи Гулнорани даврага тортади. “Очофат малика” бир оз рақсга тушади ва сўнгра, сценарийга кўра, бир қўшиқ ижро этади. Бу сафарги байрам тантанасида хонанда Юлдуз Усмонова ҳам иштирок этади ва ўзининг “Гулисан” қўшиғини ижро этади.

“Бош майдонда бўлиб ўтадиган Наврўз байрами концертидаги номерларнинг ярмидан кўпроғи, президентнинг қизи номи билан боғлиқ ва бу сафар ТВ ходимларига хам уни йирик планда кўпроқ кўрсатиш топшириғи берилган” дейди Ўзбекистон Маданият вазирлигидаги манбаа.

Исмини сир сақлашни сўраган бир хонандага кўра, Тошкентдаги “Пантерра” овоз ёзиш студиясида шу кунларда, айнан майдондаги асосий Наврўз байрами концертида янгровчи бир қўшиқ устида иш якунланган.
Гулнорага тегишли бўлган бу студияда ёзилган қўшиқ фольклор усулида бўлиб, 1930 йилларда уни Халима Носирова ижро этганди. “Фабриканинг йўлидан рўмолча топиб олдим” деб бошланадиган бу қўшиқ матни бутунлай ўзгартирилган ва Гулнора Каримова учун мослаштирилган. Қўшиқни Фарғоналик фольклорчилар ижро этишган.

Маҳалламнинг йўлидано рўмолча топиб олдим,
Маҳалламнинг йўлидано рўмолча топиб олдим.
Топиб олди деманглар, мехнатга сотиб олдимо,
Гулнорахон, бўйлорингдан Гулнор…
Уйда тиккан каштамдано Гули ҳиди келоди,
Уйда тиккан каштамдано Гули ҳиди келоди.
Ўзбегимнинг дардидаё дунё бўйлаб елодиё,
Гулнорахон уффорингдан, Гулнор…
Дунё кўрган либосларинг, душман кўзинг олоди,
Дунё кўрган либосларинг, душман кўзинг олоди.
Қўшиқларинг ўзбегимнинг қалб тўрида қолодиё,
Гулнорахон халқнинг қизи, Гулнор…

Қариб бораётган диктатор, тахтга қизини тайинлаб кетиши хақида турли гаплар юрибди. Ўзбекистонни бошқараётган кучлар, ўзбек халқи кутаётган давлат тизими, ва у орзу қилган президентнинг қудратга келишига, табиийки қарши.

Мамлакатдаги диктатура тузумининг йиқилиши ўзини ва оиласини жарликка қулатишини англаган диктатор Ислом Каримов, 20 йиллик тахтини ўз оиласи вакилига топшириш йўлида ҳаракатини бошлаган кўринади.

Сўнги пайтда диктаторнинг қизи Гулноранинг Ўзбекистондаги ОАВда номи бот-бот тилга олинаётганлиги, унинг ижросидаги қўшиқлар тўхтовсиз радио ва ТВ эфирларида айланаётганлиги, ўзбек халқи орасида хам “Гулнора президент бўлармиш” каби миш-мишларни кўпайтираяпти.

Ўтган асрнинг 30 йилларидаги машхур халқ қўшиғини уялмай нетмай ўз шахси учун мослаштириб олиб, уни сахнада куйлашга мажбур қилаётгани рост бўлса, демак Гулноранинг ҳам президентлик йўлида от қамчилагани бор гапга ўхшайди…

Улуғбек Ҳайдаров
(Канада)